Доира шаклидаги харита – Қошғарий тафаккуридаги Япония қандай эди?


Сақлаш
15:59 / 19.12.2025 11 0

Инсон аждодлари ер юзида яшай бошлаган кезларданоқ теварак-атроф билан танишувга киришган. Ушбу танишувнинг биринчи қадами унга ном қўйишдан бошланган. Шунинг учун теварак-атрофга қўйилган номлар йиллар ўтиши билан ўзгаришига қарамасдан маълум маънода тил луғат бойлигининг нисбатан эски қатлами ўлароқ баҳолаш имкониятини беради. Шу жиҳатдан бизгача етиб келган ҳамда топономик маълумотлар акс этган ёзма манбалар муайян минтақанинг тарихи, халқнинг географик тафаккури ва тасаввурларини ўрганишда айрича аҳамият касб этади.

 

Минтақамизда IX асрдан бошлаб ижтимоий, табиий, географик фанлар бўйича тадқиқотлар яратиш ишлари кучая бошлади. Айниқса, X асрнинг иккинчи ярмидан ҳокимиятни идора қилиш қорахонийлар сулоласидан бўлган ҳукмдорлар қўлига ўтиши билан маълум муддат сўниб қолган ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётда яна жонланиш, ривожланиш бошланди, дунё саҳнасида туркий қавмларнинг мавқеи қайтадан ўса борди. Ана шу кезлардан Евроосиё қитъасида қорахонийлар номи билан тарихга кирган йирик империяга асос солинди. Бу эса туркий халқларнинг нуфузининг ортишига ва бошқа элларнинг туркий тилни ўрганишга эҳтиёжининг ошишига сабаб бўлди. Юзага келган ана шу эҳтиёжни қондириш йўлида XI асрнинг довруғли алломаси Маҳмуд Кошғарий “Девону луғатит турк” (“Туркий сўзлар девони”) асарини яратди. Асар ҳижрий 466 йили (мелодий 1074 йилда) ёзиб тугалланган. Кунимизгача Девону луғатит туркнинг битта қўлёзмаси сақланган. Уни ҳижрий 664 (мелодий 1266) йилда котиб Муҳаммад ибн Абубакр ибн Абдулфатҳ ас-Савий ад-Дамашқий кўчирган. Котибнинг ёзишича, мазкур қўлёзма Маҳмуд Кошғарийнинг ўз қўли билан битилган нусхасидан кўчирилган.

 

Филологик тадқиқот бўлишига қарамасдан асарда турли фанларнинг маълумотларига дуч келиш мумкин. Айниқса, турли-туман географик маълумотлар ва китобдаги ер шари харитаси кишини ҳайратга солади. “Девону луғатит турк” асарининг муқаддимасида “Турк табақалари ва қабилаларининг баёни ҳақида” деган бўлим бор. Ушбу бўлимда муаллиф ғарбдан бошлаб шарққа ёйилган туркий қабилалар тўғрисида хабар бера туриб, “бу қабилаларнинг турар жойларини бу доирада кўрсатдим” деган қизиқ бир маълумотни келтиради [1]. Асар қўлёзмасида ҳам доира шаклидаги ер юзининг шарқий ярим шарига тўғри келувчи жуғрофий харита берилади. Кошғарий яна бир ўринда ана шу доира шаклидаги харитага ишора қилиб, “Рум ва Мочингача бўлган турк шаҳарларининг ҳаммасининг бўйи беш мингдан саккиз минг фарсаҳгача етади. Бу шаҳарлар ўрнини аниқлаш мақсадида уларнинг ҳаммасини ер шаклидаги доирада кўрсатдим”, дейди [2]. Маҳмуд Кошғарийнинг ушбу харитаси ҳозиргача дунё фанида маълум бўлган туркий халқларнинг географик тасаввурлари асосида яратилган энг қадимги хариталардан бири сифатида тан олинади [3].

 

Харитада ер юзи томонларининг жойлашуви ниҳоятда қизиқ: юқори қисмида шарқ – кунчиқар, пастда ғарб – кунботар, ўнгда жануб ва чапда шимол томони жойлаштирилган. Бу эса энг қадимги туркий халқларнинг оламнинг жойлашуви ҳақидаги “тўрт бўлунг” (тўрт томон) тўғрисидаги тасаввурлари билан боғлиқ. Туркий қавмларнинг дунё томонлари билан боғлиқ тушунчалари қадимги туркий битикларда яхши келтирилган [4]. Харитада томонларнинг бу кўринишда берилиши ҳам шарқ мусулмон географик билимларидан ажралиб туради. Мусулмон халқларининг географик тафаккурида асосий томон сифатида “ғарб, мағриб, кун ботар, қибла” олинади. Кошғарий харитасининг юқори қисмида “Аш-Шарқ (шарқ, кунчиқар)” деб кўрсатилган.

 

Шу ўринда харитада келтирилган бир географик ном мисолида Маҳмуд Кошғарий ва туркий халқларнинг юксак географик тафаккур ва тасаввурларини таҳлил этсак. Маҳмуд доира деб атаган хаританинг шарқ томонининг энг шарқий чеккасида Čabarqa деган топоним берилади:

 

Харитадаги “Аш-Шарқ (шарқ, кунчиқар)” деб кўрсатилган ва Čabarqa топоними берилган жой.

 

Ушбу топоним остида аждоларимиз шарқдаги энг олис давлат кун чиқар юрт – Японияни назарда тутишган деган фикрлар илм аҳли орасида юради. Ушбу топоним анча йиллардан буён тадқиқотчиларни ҳам қизиқтириб келади. Ўз даврида В.Бартольд ушбу ном остида қадимги туркий халқлар ҳозирги Япония мамлакатини кўзда тутган деган, кўзқарашни илгари сурган эди.

 

Ундан кейин немис шарқшуноси А.Герман ва тарихчи И.Умняков ҳам В.Бартольд фикрини қувватлаган [5]. Бироқ айрим олимлар ушбу фикрга шубҳа билан қарашган. Чунончи, мусулмон шарқ тарихий геграфик мероси бўйича йирик олим И.Ю.Крачковский мазкур фикр у қадар ишонарли эмаслигини қайд этган [6]. Ўтган асрнинг 60-йилларида Čabarqa топоними остида қадимги туркий халқлар ҳақиқатдан ҳам, айнан, Японияни назарда тутганини ўзбек олими, тарихий география бўйича таниқли олим Ҳ.Ҳасанов ёзма манбалар асосида исботлашга ҳаракат қилган [7].

 

Юқоридаги тадқиқотлардан келиб чиққан ҳолда Čabarqa топоними Японияга тўғри келишини бешта омилга асосланиб таҳлил этиш мумкин. Биринчи, японияликлар ўз юртларини “Ниппон” деб аташади. Хитойликлар мазкур топонимни “Жибень (кун чиқар)” иероглифи билан беришади ва унга “го (мамлакат, давлат)” лексимасини қўшиб, Жибеньго (Япония) деб аташади. “Жабарқа” ва “Жибеньго” бир топинимнинг икки ҳил фонетик вариантидир.

 

Иккинчи, қадимги туркий халқларнинг географик билимлари юқори даржада бўлиб, кунчиқарда Čabarqa номли юрт борлигини аниқ-таниқ билишган. Чунки VI асрдаёқ туркий қавмлар Шарқий чегараси Корея ярим оролига туташ Сариқ денгиздан Ғарби – Қора денгизга қадар чўзилган улкан салтанат – Турк хоқонлигига асос солган эди [8]. Тарихдан туркий хоқонликнинг қаноти ва ҳимояси остида яшаган қавмлардан бири киданларнинг Японияга бориб турганлари тўғрисида ҳам қайдлар учрайди [9].

 

Учинчи, Аждодларимиздан ҳозирга қадар етиб келган ва бизнинг она тилимизда ёзилган энг эски ёзма ёдгорликлардан бири қадимги туркий-рун хатида тошларга ўйиб ёзилган туркум ёдгорликлар. Ёдгорликларнинг асосий қисми VI–VIII асрларда битилган. Мазкур ёзма обидаларда туркий халқларнинг географик тафаккури билан боғлиқ қимматли маълумотлар учрайди. Чунончи, иккинчи кўк турк хоқонлигининг асосчиси Элтариш хоқоннинг кичик ўғли, шаҳзода Кул тигин вафоти муносабати билан 732 йилда ўрнатилган битиктошда туркий аждодларимизнинг шарқ томон билан боғлиқ жуғрофий тасаввурлари келтирилган. Мана ўша матн: “İlgärü kün toğsuqa, birgärü kün оrtusïŋaru, qurïğaru kün batsïqïŋa, yïrğaru tün оrtüsïŋaru, аntа ičräki bоdun qо[p] m[äŋ]ä kör[ür...]n bunča bо[dunuğ] qop itdim. Оl аmtï аñïğ yоq...” – “Олдинга – кун чиқарга, ўнгга – жанубга, орқага – кун ботарга, чапга – шимолгача бўлган оралиқдаги халқ бутунлай менга қарайди. Шунча халқни шод этдим. У энди ёвуз эмас”. Битик муаллифи фикрини давом эттириб ёзади: “İlgärü Šаntuŋ yаzïqa tägi sülädim, tаluyqa kičig tägmädim” – “Шарққа – Шантунг даштига қадар лашкар тортдим, денгизга бир оз етмадим” [10]. Энди ана шу жумлани таҳлил этсак. Матнда келган “Шантунг” топоними Хитойнинг энг шарқида Сариқ денгиз бўйида жойлашган ҳозирги Шаньдун провинциясидир. Мисолдаги tаluyqa kičig tägmädim жумласини “денгизга бир оз етмадим”, деб ўгириш мумкин. Бу ердаги tаluy – “денгиз” дейилганда, ҳозирги Сариқ ва Шарқий Хитой денгизи назарда тутилган. Мазкур ҳудудни яққолроқ тасаввур қилиш учун бу ҳудуднинг харитасини беришни ўринли деб биламиз:

 

Турк хоқонлиги қўшинлари ўрнашган ҳудуднинг ҳозирги харитада кўриниши.

 

Матндан шу далил келиб чиқадики, Турк хоқонлигининг қўшинлари шарқда – Шаньдун провинцияси ҳудудларини босиб олган ва хоқонликнинг энг шарқий чегараси сифатида ушбу ҳудуд қайд этилган. Туркий халқларнинг қўшинлари ана шу ҳудуддаликларида Шаньдун провинциясидан кейинги Сариқ ва Шарқий Хитой денгизидан сўнг қуруқлик ҳудудлари борлигини эшитган бўлиши ва Япония тўғрисидаги ўзларида мавжуд географик билимларни ўша кезларда мукаммалаштирган бўлишлари мумкин. Чунки мазкур ҳудуд аҳолиси Япония мамлакати тўғрисида яхшигина маълумотга эга бўлган. Илк ўрта асрлардаёқ IV–VI юзйилликларда Хитой ва Япония ўртасида маданий, маърифий алоқалар яхши йўлга қўйилган бўлган. Хитой иероглифик ёзувининг ёки буддавийлик динининг шу ҳудуд орқали Японияга кириб бориши бу фикрларимизни тасдиқлайди. Рус японшуноси В.Гривниннинг тадқиқотларига кўра дастлабки босма китоблар ҳам VIII асрдан бошлаб Шаньдун провинцияси орқали кириб борган [11].

 

Юқоридаги маълумотлардан туркий халқларнинг Ислом дини кириб келгунга қадар ҳам географик билимлари юқори бўлгани ва Ислом дини кириб келиши билан Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари Марказий Осиёдан кейинги Шарқ томондаги мамлакатлар, хусусан, Япония тўғрисидаги географик билимларни, айнан, туркий халқлардан ўрганган. Бунинг исботини кейинчалик яратилган асарларда аниқ кўрамиз.

 

Тўртинчи, Маҳмуд Кошғарий харитасининг маркази саналувчи Боласоғундан (ҳозирги Иссиқкўл атрофлари) Япониягача бўлган масофа билан Африкадаги Эфиопиягача (Билоди Ҳабаш) оралиқ масофа тенг. Ҳозирги замонавий хариталарда ҳам ушбу масофалар деярли тенг.

 

Бешинчи, энг асосийси, Кошғарийнинг девонда келтирган ўз изоҳи: “Čabarqa ликларнинг узоқда туриши, Māsīn билан уларни катта денгиз айириб тургани учун уларнинг тиллари билинмайди” (таъкид бизники – Қ.О.) [12].

 

Шу ўринда: Кошғарий девонда келтирган жой номларини қандай мезон асосида берганини ҳам изоҳлаб ўтган. У ёзади: “Китобда кўрсатилган тоғ отлари, кўл, водий, денгиз отлари фақат мусулмон шаҳарларидаги номлардир. У номлар ҳар вақт қўлланадиган ва машҳур бўлганлари учун ёздим. Машҳур бўлмаганларининг кўпларини тушириб қолдирдим. Мусулмон бўлмаганларидан баъзиларининг шаҳар номларини ҳам ёздим, баъзиларини қолдирдим. Машҳур бўлмаганларини ёзишдан фойда йўқ” (таъкид бизники – Қ.О..) [13]. Ушбу изоҳдан чиқадиган хулоса шуки, девондан ўрин олган “Жабарқа” топоними қадимги туркий қавмлар орасида машҳур бўлган ва бу ном остида ер юзининг энг шарқий қисмида жойлашган кун чиқар юрт – Япония тушунилган.

 

Айни ўринда Ғарб олами Япония тўғрисидаги дастлабки маълумотларни итальян сайёҳи Марко Полонинг асарлари орқали билганлигини ҳам қайд этиш ўринли. Марко Поло кунчиқар юрт тўғрисидаги маълумотларни Ҳубилайхон саройида эшитган. У 1266 йили хоқон саройида яшаган. Тарихдан бизга яхши маълумки, Ҳубилайхон саройдаги асосий мулозимлар ва хоқон маслаҳатчилари туркий қавмларнинг вакллари эди. Шу боис, Марко Поло ҳам Япония номини туркий талаффуз асосида “Чипангу” шаклида ўз саёҳатномасига киритган. Демак, Маҳмуд Кошғарий Марко Полодан икки юз йил олдин ўз харитасида Čabarqa топонимини келтирган ва кунчиқар юрт тўғрисидаги маълумотлар билан шарқ мусулмон олами вакилларини таништирган.

 

Умуман, илк ва ўрта асрларда Марказий Осиёда яшаган аждодларимизнинг географик билимлари ва тасаввурлари ниҳоятда юқори даражада бўлиб, унинг ёрқин намунасини, айнан, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асарида учратамиз. Ҳатто, кейинчалик Ислом дини кириб келиши билан Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари Марказий Осиёдан кейинги Шарқ томондаги мамлакатлар, хусусан, Япония тўғрисидаги географик билимларни, айнан, туркий халқлардан ўрганган.

 

Қудратулла ОМОНОВ,

ТДШУ биринчи проректори, филология фанлари доктори, профессор

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 26088
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//