Большевиклар Тошкентда 1918 йил 30 апрель куни Туркистон АССР тузилганини эълон қилади. Минтақада ТАССР билан бир қаторда, Бухоро халқ шўро жумҳурияти ва Хоразм халқ шўро жумҳурияти ташкил этилади. 1924 йилнинг 27 октябрь куни мазкур давлатлар ўрнида Ўзбекистон ва Туркманистон ижтимоий шўро жумҳуриятлари пайдо бўлади.
Янги ташкил топган Ўзбекистон ССРнинг раҳбарлик лавозимлари – Инқилобий» қўмита раислигига Файзулла Хўжаев, Марказий Ижроия қўмитаси раисилигига Йўлдош Охунбобоев сайланади.
1922 йилда давлат идорасининг олий органи съездлари оралиғида фаолият юритадиган СССР умумиттифоқ Марказий Ижроия Қўмитаси (МИҚ) ташкил этилади. Шуниси эътиборлики, МИҚнинг ягона раиси йўқ эди. МИҚни иттифоқдош республикалар раҳбарлари ҳамраис сифатида бошқарган.
Энг қизиғи, Ўзбекистон МИҚ раиси Йўлдош Охунбобоев бўлишига қарамай, Ўзбекистондан Файзулла Хўжаев СССР МИҚ ҳамраиси бўлади.
1936 йил қабул қилинган Конституциядан сўнг СССР Олий Совети Президиуми ташкил этилади ва унинг биринчи раҳбари этиб Михаил Калинин сайланади. Энди, иттифоқдош республикалар Олий Советлари Президиумининг раислари бир вақтнинг ўзида СССР Олий Совети Президиуми раисининг ўринбосари этиб сайланадиган бўлади. Йўлдош Охунбобоев ҳам СССР Олий Совети Президиуми раисининг ўринбосари лавозимида 1938 йилдан 1943 йил 28 февралга қадар фаолият юритади.
Бир вақтлар кўкларга кўтарилган сиёсий арбоблар ҳақида кейинчалик турли салбий фикрлар айтила бошланди, айримлари аста-секин унутилди. Шу каби арбоблар орасида совет Ўзбекистони ташкил этилишида бевосита иштирок этган, халқ томонидан «Ота», «Оқсоқол», ҳатто «Биринчи президент» дея таърифланган Йўлдош Охунбобоев ҳам бор. Хўш, аслида у ким эди?
Йўлдош ота 1885 йил 13 июль куни Марғилон уездига қарашли Жўйбозор қишлоғида, камбағал деҳқон оиласида туғилган. У ўн ёшидан бойларнинг эшигида хизматкорлик қилган. 1901 йил, 16 ёшида отаси вафот этган. Ёш Йўлдош шундан кейин Марғилон пахта тозалаш заводига юк ташувчи бўлиб ишга киради. Кейинчалик, 1904 йилдан 1914 йилгача Ўзган шаҳрида бир бойнинг уйида хизматкор, мардикор бўлиб ишлайди.
Ғафур Ғулом Охунбобоев ҳақида 1939 йилда ёзган «Президентимиз» номли очеркида: «Унинг Марғилондан Ўзганга қочиб келишига сабаб юз эллик сўм қарзи бўлди. Қарздор бўлишига сабаб эса отасининг ўлими бўлди. Йирик жуссали, яғриндор бу йигит Абдуғани баззознинг қароли эди», деб ёзади.
1914 йилда у Марғилонга қайтиб келади ва маҳаллий аксилроссия гуруҳлари сафига қўшилади.
1916 йилги мардикорликка қарши қўзғолонларда Охунбобоев фаол иштирок этади. Шу сабабли Чор охранаси томонидан қўлга олиниб, икки ой қамоққа ташланади. Октябрь тўнтаришидан сўнг Йўлдош Охунбобоев большевиклар сафига қўшилади.
Туркистон ўлкаси ўрнига ташкил этилган Туркистон мухтор социалистик совет республикасини қўллаб-қувватлайди. 1917 йил Марғилон туманида большевиклар ташкил қилган қишлоқ кенгаши оқсоқоли бўлади
«1918 йилнинг кеч кузи эди. Жўйбозорга қайтиб келган Йўлдошбой, шу қишлоқлик бир кишининг ерини суғурмоқда эди. Бирданига ер этагидаги йўлдан истиқлолчилар билан курашиб юрган қизил аскарлар тўдаси келиб қолади. Командир Обухов Йўлдошбой олдида тўхтайди.
– Сен кимсан?
– Йўлдош Охунбобо ўғли.
– Ҳунаринг нима?
– Батраклик.
– Босмачимисан?
– Йўқ, босмачига қаршиман.
– Бу ерларни биласанми?
– Битта бу ерни эмас, бутун Фарғонани кафтимнинг чизиқларидай биламан.
– Қани, юр бўлмаса!
Шу кундан бошлаб, батрак Йўлдошбой Йўлдош Охунбобоевга айланди», дея ёзади Ғафур Ғулом.
Охунбобоев 1919-1921 йилларда Марғилон уездидаги «Қўшчи» ишчи-деҳқон уюшмасининг раиси бўлади. Большевикларга ақллилар эмас, юқорининг топшириғини сўзсиз бажарадиган саводсиз батраклар керак эди. Шу боис 1921 йилда Йўлдош Охунбобоев большевиклар партияси сафига қабул қилинади. Партия аъзоси дегани мансаб пиллапояларидан кўтарилиш дегани эди. Шу тариқа у Ўзбекистоннинг энг олий органи раҳбари даражасигача бўлган йўлни босиб ўтади.
Йўлдош Охунбобоевга баҳо берилгудек бўлса, унинг фаолиятида ижобий ва салбий ишлар бўлганини айтиб ўтиш керак. Иттифоқ раҳбарлари Кремль қош-қовоғига қарамай, ўз билганича сиёсат юритгудек бўлса «қатағон машинаси»нинг остида қолиб кетишлари аниқ эди.
Йўлдош Охунбобоевнинг уруш йилларида йирик ишлаб чиқариш корхоналари, маданият муассасалари, ўқув юртларини ташкил этишда оз бўлсада ҳиссаси бор. Партия чақириғига «лаббай» деб жавоб берган Охунбобоев ҳамиша халқ ичида бўлишга ҳаракат қилди. Унинг Катта Фарғона канали қурилишида иштирок этиши, Иккинчи жаҳон уруши вақтида кўчириб келинган аҳолини уй-жой, иш билан таъминлашда жонбозлик кўрсатганини эслатиб ўтиш жоиз.
Ҳатто, у таниқли шоира Анна Ахматовага катта эътибор бергани айтилади. Унинг уруш йиллари Тошкентга кўчириб келинган авиация заводини оёққа туришига оз бўлсада ҳиссаси борлигини унутиш керак эмас. У тез-тез цехларига келиб турар, ишчилар билан суҳбатлашар, заводнинг моддий техника базаси яхшиланишига ёрдам берар эди.
Абдулла Қодирий 1926 йил «Муштум» журналида чоп этилган «Йиғинди гаплар» мақоласида «Ана бу мияси ачимаганнинг гапига қаранг энди! Худоға шукр, қорнинг тўқ, қайғунг йўқ, бас, тинчгина фаройизхонлик қилмасдан оқсоқоллиғингни қилаверсанг бўлмайдими, уста Йўлдош!» дея Йўлдош Охунбобоевни ҳам танқид қилади. Шу мақола туфайли Абдулла Қодирий қамоққа олинади ва ҳукумат раҳбарларини обрўсизлантиришда айбланиб, икки йил озодликдан маҳрум этилади.
Айтишларича, айнан Йўлдош Охунбобоевнинг бевосита аралашуви билан муаллиф жазодан озод қилинган.
Шунингдек, Омоний Аравоний номли исмли зиёли, қишлоғи Аравонда замонавий мактаб очади. Болаларга она тили, ҳисоб, география, табиат ва рус тилидан сабоқ беради. Унинг лотин ва араб имлосида чиройли безаклар билан ёзилган шиорларини «юқоридан» келган қандайдир комиссия раҳбари кўриб, «бунақа чиройли ёзувни қишлоқда яшаган одам ёзолмайди. Бу одам Туркиянинг жосуси бўлса керак», дейди ва Омонийни зудлик билан қамоққа олишга буйруқ беради.
Бу хабарни эшитган Йўлдош Охунбобоев Омонийни қамоқдан озод қилдиради. Кўриниб турибдики, Йўлдош Охунбобоев ҳам Омонийни жуда яхши билар ва қадрларди. Шунинг учун ҳам у кейинчалик Омонийдан Тошкентда Алишер Навоийнинг «Хамса»сини нашрга тайёрлашга қатнашишини сўрайди. Аммо Омоний «Хамса» тўлиқ бўлмаган шаклда нашрга тайёрланаётганини билгач, «Мен Навоий руҳидан қўрқаман», дея таклифни рад этади.
Охунбобоев 1937-1938 йиллардаги қатағонлар вақтида миллат зиёлиларини қатлиомдан сақлаб қола олмагани ҳам ҳақиқат. Бу вақтда ҳокимият тўлалигича партия Марказий қўмитасига ўтган, Олий Совет Президиуми раисининг қўлидан ҳеч нарса келмасди. Ҳатто «Умумиттифоқ оқсоқоли» Калининнинг рафиқаси ҳам бу даврда қамоқда эканини унутмаслик керак.
Қатағон йилларида унинг саводсизлиги ас қотган. Агар саводли бўлганида у ҳам Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Султон Сегизбоев каби Ўзбекистон арбоблари қаторида «ўлим машинаси»да янчилиши аниқ эди.
Яна Ғафур Ғуломнинг ёзган очеркига қайтадиган бўлсак, адиб шундай ёзади: «Йўлдош Охунбобоевни кўп кишилар «Ўрта Осиёнинг тирик қомуси» деб атайди. Негаки, у биргина Ўзбекистоннинг эмас, балки Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистоннинг тарихи, халқи, ери, суви, иқлими – барча-барчаси тўғрисида истаган маълумотни сизга айтиб бера олади. Айниқса, Ўзбекистоннинг унга таниш бўлмаган бирор бурчаги йўқ...
Отага бунчалик муҳофаза қувватини турмуш тажрибалари ва халқ бағишлаган».
Кўпчилик минтақадаги чегараларни белгилашда Йўлдош Охунбобоев, Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромов сусткашлик қилганини танқид қилади. Аммо, минтақа харитаси Туркистон компартияси раҳбари Ян Рудзутак бошчилигидаги комиссия томонидан тасдиқланганини, бу вақтда ўзбек раҳбарлари ҳокимиятда эмаслигини эслатиб ўтиш керак.
Чегаралар белгиланишида ЎзССР раҳбарларидан бири Исаак Зеленскийнинг ҳам хизматлари катта эди. Айнан у бир неча йил Ўзбекистон компартияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби бўлган эди. Асака шаҳри бир муддат унинг шарафига Зеленск деб аталгани, халқ душмани бўлгач Ленинск деб ўзгартирилганини кўпчилик билмаса керак.
Шунингдек, Ўзбекистон коммунистларига бир муддат раҳбарлик қилган «Кремлнинг қулоғи» бўлмиш Владимир Иванов ҳам давлат ва ҳукумат ишларига аралашиб турган.
Миллий республикалар тузилиб, уларнинг чегараларни белгилашда Иосиф Варейкис, Павел Дибенко, Иван Межлаук каби сиёсий арбоблар қаторида шарқшунос олимлар Бартолд, Андреев, Малиский, Поливанов, Магидович, Зарубин ва бошқалар ҳам катта роль ўйнаган.
Кўпчилик Йўлдош Охунбобоевнинг 1943 йил 28 февраль куни кутилмаганда, 57 ёшида вафот этганига шубҳа билан қарайди.
Замондошларининг сўзларига қараганда, Йўлдош Охунбобоев давлат раҳбари бўлсада, камтарона кун кечирган. Ҳамма билан бир хил муомала қилган. Шу сабаб бўлса керак, халқ Охунбобоевга меҳр қўйган. Унинг ўлимини одамлар мотам билан қарши олди.
Йўлдош Охунбобоев сиймоси бир нечта кинода гавдаланган. 1955 йилда «Мосфилм» ва Тошкент киностудияси ҳамкорликда суратга олган «Амирликнинг қулаши» фильмида Охунбобоев бир неча эпизодда кўриниш беради.
Шу ўринда савол туғилади: фильм воқеалари Бухорода юз беради, фарғоналик Йўлдош Охунбобоев қандай қилиб у ерга бориб қолди?
Шунингдек, «Уполномочен револютсией» (Инқилоб ваколат берган), «41 йил олмалари фильмларида Йўлдош Охунбобоев образи мавжуд.
Охунбобоев аввалига, ҳозирги Санъат музейи орқасида жойлашган қабристонга дафн этилган. 1962 йилда бу ерга баланд стелла ўрнатилади ва «мангу олов» ёқилади. 2000 йилда стелла ва «мангу олов» бузилади, қабрлар бошқа жойга кўчирилади. Жумладан, Йўлдош Охунбобоев, Ҳамид Олимжон хоки Чиғатой қабристонига қайта дафн этилади.
Ўзбекистон тарихида кўплаб давлат ва сиёсий арбоблар ўтди. Улар у ёки бу маънода мамлакатимиз, халқимиз тақдирига таъсир кўрсатди. Шулар қаторида Йўлдош Охунбобоев ҳам бор. Бу инсоннинг яхши томонлари ҳақида гапирувчи инсонлар йил сайин камайиб, ёмон томонини кўрувчилар сони кўпайиб бормоқда.
Яхшими, ёмонми сиёсий арбобларни ёддан чиқаришимиз керак эмас. Улар ҳақида имкон қадар маълумот бериб, йўл қўйган хатоларидан хулоса чиқариш лозим. Тарихдан улар номини суғуриб олиб бўлмайди. Тан олиш керак, Йўлдош Охунбобоев совет ҳукуматига, коммунистик мафкурага хизмат қилди. Лекин унинг 1925 йил февралидан 1943 йил февралига қадар 18 йил Ўзбекистоннинг расмий давлат раҳбари бўлгани факт. Унинг номини Ўзбекистон тарихидан олиб ташлаб бўлмаса керак.
Шароф Тўлаганов
Oyina.uz
Тарих
Жараён
Мафкура
Тарих
Жараён
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ