Ўзбек тилининг изоҳли луғатига кўра мол, ҳайвон ёки паррандага бериладиган овқат “хўрак” дейилади. Яна бу сўз кўпроқ салбий-камситувчи контекстда келади, “маърамай ўлгурнинг охурига хўрак ташлаб қўй”, дейишади-ку.
Сўнгги йилларда бу сўз рақамли инфомуҳитга ҳам трансформация бўлди. Фақат роллар тақсимоти бошқачароқ. Хўрак энди одамлар – ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари олдига ташланяпти. Мақсад уларнинг оғзини ёпиш эмас, қармоққа илинтириш.
Инфо-хўракларнинг тури кўп. Унга ҳар ким ўз муддаосидан келиб чиқиб “дам солади”. Дейлик, экстремистлар “айбдорлик туйғусини уйғотувчи” ем тайёрлайди (Ғазода болалар ўлаётганига ўзини айбдор санаб жиҳодга чоғлансин учун), Х-бетчилар ўрамига “ҳашамат” деб ёзилган ширинлик тарқатади (каллаварамлар дабдабали контентга алданиб қип-қизил қиморбозга айлансин учун) ва ҳоказо.
Ҳозир одамларда ғазаб, нафрат, тоқатсизлик ёки агрессив кайфият пайдо қилувчи “хўраклар” урфда. Чунки арзон ва универсал. У ҳамма учун: обуначи сонини оширишни кўзлаган оддий инфо-олибсотардан тортиб, бутун бошли техногигантлар учун ҳам бирдек “рентабелли”. Шундан бўлса керак, Британиянинг дунёга машҳур Оксфорд инглиз тили луғати “Ragebait”ни йил сўзи сифатида эътироф этди. Бу ибора сўзма-сўз таржима қилинса, айнан “ғазабни қўзғатувчи хўрак” деган маънони англатади.
Янги рақамли валюта
Clickbait (кликбейт) тушунчаси “сариқ матбуот” орқали яхши таниш. Бу атама одатда пост ёки мақола моҳиятини очиб бермайдиган, аммо одамлар эътиборини қаратувчи ўйноқи, ясама ва чалғитувчи сарлавҳаларга нисбатан ишлатилади. Дейлик, қайсидир сайт “Вазир яна халқни алдади” деган сарлавҳа қўйса, амалдорларимиз яна нимани бошлабди, деган ўйда ҳамма хабарни ўқишга тушади. Қараса, Эквотариал Гвинеяда бирон каттакон “ҳол” қўйган бўлиб чиқади.
Ragebait (рейжбейт) атамаси илк бор аср бошларида, орқадан келиб сигнал чаладиган асаббузар ҳайдовчиларга нисбатан айтилган. Кейинроқ, ижтимоий тармоқлар оммалашуви туфайли кўпроқ медиасферага хос сленгга айланди. У кликбейтнинг ёвуз версияси. Бунда қасддан ҳақорат, туҳмат, нафрат уфириб турган контент (сарлавҳалар, мемлар, фикрлар, ауди-видео материаллар ва ҳ.к.) яратиш орқали фойдаланувчиларнинг чинакамига жаҳлини чиқариш, норозилигини очиқ билдириш учун “триггер” бериш кўзда тутилади.
Бунинг учун аксарият ҳолларда контекстдан узилган, кесиб-қирқилган, провокацион инфохўраклар тайёрланади, уларнинг ҳақиқийлиги муҳим эмас, асосийси аудиторияни маълум реакция кўрсатиш: улашиш, лайк/дизлайк босиш, ўз ҳиссий ҳолатини ифодалаш (платформалар тақдим этган эможилар орқали), изоҳ ёзиш, ҳеч бўлмаганда диққатини ўша контентда кўпроқ ушлаб туришга мажбурлаш.
Дейлик тасмангизда “Шукур Бурхонов ким?” деган саволга ўтган-қайтган ёш-яланг “ҳоким ўринбосари”, “вайнер” ёки “фитболчи бўлса керак” қабилида жавоб бераётган сўровнома (шаксиз, тўғри жавоб берганлар кўп, аммо улар монтажда кесилиб, фақат хўрак қолдирилган) лавҳаси чиқди. Табиийки тутақасиз, дизлайк босасиз. Алгоритмлар нафратли изоҳ ёки ғазабнок эможи акс этган контентни жуда севади, дарров трендга чиқаради, натижада янада кўпроқ одам кўради, обуначилар ва қўшимча даромад ошади. Шу тариқа: “хўрак – реакция – оммалашув – манфаат” спирали юзага келади.
Интернетда кишиларни асабийлашишга мажбур қиладиган контент яратиш сердаромад соҳага айланган, деб ёзган эди британиялик журналист Даниел Хант шу йил бошида эълон қилган “Рейжбейт ижтимоий медиани ўлдирмоқда” сарлавҳали мақоласида. Шунингдек мақолада: “Бундай контентнинг мақсади ахборот бериш эмас, балки кескин ҳиссиётларни қўзғашдир. Асосий “валютаси” ғазаб бўлган онлайн муҳитда ахлоқий чегаралар ва сифат энг охирги ўринда[1]”, дейди у.
Платформалар фойдани максималлаштиради: ҳатто у қон эвазига бўлса ҳам
Facebook собиқ ходими Фрэнсис Хауген 2021 йилда компаниянинг ички ҳужжатларини оммага фош этади (Washington Post). Унда жуда қизиқ ва айни пайтда хавотирли фактлар айтилган. Дастлаб контентнинг фаоллигини белгиловчи асосий ўлчов бирлиги “лайк” тугмаси бўлган. Кейинроқ тармоқ муҳандислари лайклардан кўра эможилар (айниқса “жаҳл” эможиси) фаолликни беш баробар ошириши, бошқача айтганда кўпроқ изоҳ, улашиш ва такрорий киришларга сабаб бўлишини аниқлайди.
Шу боис 2017 йилдан бошлаб “Нравится”нинг олдида ҳиссиётларни ифодаловчи белгилар пайдо бўлади, алгоритмлар эса айнан улар, кўпроқ қовоғидан қор ёғадиган ғазабнок тугмачалар сонига кўра постларга устуворлик беради. Фрэнсиснинг қайд этишича, 2019 йилда муҳандислар бошлиқларни “Ғазаб эможиси билан қўллаб-қувватланган постларнинг фейк, токсик ва паст сифатли янгиликларни ўз ичига олиш эҳтимоли жуда юқори” эканидан огоҳлантирган. Бу шуни англатадики, компания ғазабни рағбатлантириш орқали зарарли контентни тарқатаётганини билган, бироқ тармоқ учун ўзининг муқаддас эътиқоди – фойдани максималлаштириш ҳар нарсадан устун, ҳатто у реал ҳаётда қонли тўқнашувларга ҳисса қўшса ҳам.
Хаугеннинг иддаосича, 2021 йилда роҳинжа қочқинлари номидан Метага
қарши 173 млрд долларлик жамоавий даъво аризаси берилган. Унга кўра, Мьянмада роҳинжа мусулмонларининг қирғин қилинишига алгоритмларнинг нафратни оммалаштириши, зўравонлик улуғланган постларни трендга чиқариши, “мусулмонларнинг қурол тўплаётгани” ҳақидаги ёлғон даъволар модерация қилинмагани сабаб бўлган[2].
Яқинда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатган: Мета ўз-ўзига зарар етказадиган контентни, дейлик кимдир ўзини геликка бостириб трюк кўрсатса, ўчирмайди (яъни гайдлайнида кўрсатилган қоидага ўзи амал қилмайди), ҳатто шундай видео оладиган профилларни бир-бири билан боғлашга уринади[3]. Фақат Мета қора, бошқалар оппоқ эмас. Мисол учун, ўтган йили ВВС мухбири Марианна Спринг ғазаб учун хўрак ташлаган айрим Х (Твиттер) фойдаланувчиларига платформа минг доллардан санаб берганини аниқлаган[4]. Тикток эса янгиликлар тасмасида тез-тез чиқадиган хўракларни камайтириш учун “Мени қизиқтирмайди” деб белгилаган фойдаланувчига бу турдаги контентни (аксинча) икки карра кўпайтиради[5].
Бизга хўракни ким ташлаяпти?
Уларнинг тоифаси кўп. Бири сиёсий, бошқаси моддий, яна кимдир виртуал авторитетини ошириш илинжида “орқадан сигнал чалиш” манипуляцион тактикасига ёпишиб олган.
Масалан, инстаграм ёки телеграмда юз минглаб аудиторияга эга кўнгилочар-янгилик каналларда деярли барча хабарлар “Даҳшат”, “Кўнгли бўшлар кўрмасин”, “Шок хабар”, “Ана холос” каби хэштеглар билан берилади. Японларнинг одам гўштидан стейк тайёрлаши ёки бананга ОИТС вируси юборилиши ҳақидаги фейк-хўраклар айниқса қадрланади. Бундай каналларнинг рекламадан бошқа дарди йўқ...
Кейин рақамли трайблар (замонавий контекстда умумий ғоялар, манфаатлар ва турмуш тарзига эга бўлган одамлар гуруҳи), масалан ўзини либерал қадрият тарафдори сифатида кўрсатадиганлар тескари фикр эгаларини (ёки аксинча) ёқимсиз сўзлар, лақаблар билан сийлаши кўп кузатиляпти. Алгоритмлар табиийки ғазабни оммалаштиряпти, янги тарафдорлар қўшиляпти, фильтр қобиғи нафрат ва бўлинишни кучайтиряпти.
Яқинда тиктокда муфтийнинг “тиббий ниқоб исломга зид” деб гапирган видеоси чиқди. Аслида аксинча, диний уламо коронавирус даврида тиббий ниқобга қарши бўлганларга раддия берган. Контекстда бу яширилган. Шундай қилинмаса, одамларда нафрат, қаҳр пайдо бўлмайди-да. Яъни, радикал гуруҳлар ҳам вақти-вақти билан ғазаб учун хўрак отиб турибди.
Бундан ташқари, миллий медиамаконда виждонсиз маркетологлар, савиясиз, бақироқ блогерлар, эътибордан четда қолган отарчилар ҳам айни тактикага тез-тез мурожаат қилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Биз жазавага тушяпмиз – улар байрам қиляпти.
Бир нарсани тўғри тушуниш керак. Юқорида фақат рейжбейт – одамларнинг жаҳлини чиқариш орқали маълум манфаатни кўзлайдиганлар ҳақида гапирдик, давлат органлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги, дейлик ҳавони тозалаш учун тандирларни бузиш “операцияси” ортидан инфосферада кўтариладиган табиий ғазаб ҳақида эмас. Бу энди айрим амалдорлар тафаккури билан боғлиқ ғайриоддий феномен ва бошқа мавзу.
Оқибатлар: умидсизлик, бўлиниш ва десенситизация
Буюк Британиянинг “Social switch” лойиҳаси таҳлилига кўра, агрессив реакция уйғотадиган контент руҳий саломатликка таъсир қилади, стресс, хавотир ва умидсизлик ҳиссини оширади. Ғазаб “ундириш” учун кўп ҳолларда душманона оҳангга таянилади, бу эса жамиятда бўлинишларга сабаб бўлади, конструктив мулоқотни камайтиради, фойдаланувчилар ўртасида адоватни кучайтиради.
Бундан ташқари, тадқиқотда қайд этилишича, доимий равишда провокацион контент кўриш одамларни десенситизация ҳолатига туширади. Яъни, кишиларда ижтимоий муҳим масалаларга нисбатан бефарқлик пайдо бўлади. Содда тушунтирганда, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ёки қурғоқчилик каби мавзулар, масалан, битта аҳмоқнинг янги йил арчасини ёввойиларча болталаётгани акс этган видеоси фонида пистапўчоққа айланади[6].
“Рейжбейт оқибатида кучли эмоциялар таъсирида юриш фойдаланувчиларни руҳан толиқтиради”, дейди Мичиган университети доценти Ариэл Хейзел. У фикрини шундай давом эттиради: “Бу ҳол уларни соғлом ахборот ва янгиликлар муҳитидан онгли равишда чекинишига ёки ундан узилиб қолишига сабаб бўлади. Яна бир хавотир шуки, ўсиб келаётган авлодда ғазаб ва нафрат тилига нисбатан нормал муносабат шаклланиб қолиши мумкин[7]”.
Бунга йўл қўймаслик ўз қўлимизда. Кимдир ғазаб уйғотиш учун хўрак ташладими, дарров “бетинг қурсин” деб изоҳ ёзмасдан (бу қилиғингиз билан кимнингдир ноғорасига ўйнаётган, айни пайтда уч-тўрт техномиллиардернинг чўнтагини қаппайтиришга қаратилган виждонсиз, аммо пухта ўйланган стратегияни қўллаб-қувватлаётган бўласиз) ўша ғаламисни блокланг ёки яширинг, онлайн платформалар тақдим этган воситалардан фойдаланиб шикоят юборинг. Хуллас, ахборот асридаги энг қимматли ресурс – эътиборингизни авайланг. Ҳар ҳолда биз одамлармиз, дуч келган хўракка искаланадиган лаққа эмас.
Дилшод НУРИЛЛОҲ
[1] https://mancunion.com/2025/02/05/ragebait-is-ruining-social-media/
[2] https://en.wikipedia.org/wiki/Rage-baiting
[3] https://mancunion.com/2025/02/05/ragebait-is-ruining-social-media/
[4] https://www.bbc.com/news/articles/c4gp555xy5ro
[5] https://mancunion.com/2025/02/05/ragebait-is-ruining-social-media/
[6] https://www.thesocialswitchproject.org.uk/
[7] https://www.bbc.com/news/articles/c4gp555xy5ro
Тарих
Жараён
Тарих
Жараён
Мафкура
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ