Темур даврида бахшиларнинг ахборот пропагандасидаги миссияси


Сақлаш
16:54 / 17.12.2025 5 0

Тарихнинг чанг босган саҳифаларини варақларканмиз, ҳар бир буюк давлатнинг қудрати нафақат қилич, балки, сўз кучига ҳам таяниб барпо этилганига гувоҳ бўламиз. Амир Темур ҳукмронлик қилган XIV аср охири ва XV аср бошларида Ўрта Осиё нафақат сиёсий ва ҳарбий қудрати билан, балки маданий-маънавий юксалиши билан ҳам бошқа даврлардан ажралиб турган. Бу даврда давлат бошқаруви, ҳарбий юришлар, иқтисодий ривожланиш қаторида маънавий ҳаётга ҳам катта эътибор берилган. Айниқса, халқ оғзаки ижодининг ривожланишида муҳим роль ўйнаган ижодкорлар – бахшилар ўзига хос мавқега эга бўлган ва ўз даврининг оғзаки тарихчилари, маданият тарғиботчилари сифатида тан олинган.

 

Муиниддин Натанзийнинг “Мунтахаб ут-таворихи муиний” асарида келтирилишича, Амир Темур даврида барча ҳарбий юришлар тафсилотлари ҳамда ҳар бир жангнинг баёни ўз вақтида бахшилар (битикчилар) томонидан туркий тилда уйғур ёзувида ёзиб борилган. Бахшиларнинг асосий вазифаси тарихий воқеаларни достон қилиш, халқ орасида тарқатиш бўлган. Бу ҳолат ёзма манбалар етарлича тарқалмаган даврда оғзаки тарихни сақлаб қолишда муҳим восита бўлиб хизмат қилган. Айниқса, Амир Темурнинг Тўхтамишхон устидан ғалабаси, Ҳиндистонга юриши, Осиёнинг турли ҳудудларига қилган сафарлари ҳақида бахшилар томонидан яратилган достонлар ўша воқеаларнинг халқ орасида сақланишига сабаб бўлган.

 

“Зафарнома”да келтирилишича, сарбозлар сафарбар қилингач, бахшилар жангчилар қаторида қўрқувсиз, ҳиссиз ҳолда ҳар бир юриш тафсилотини кунма-кун, ҳодисама ҳодиса баён қилиб, воқеликни қоғозга тушириб борган.

 

“Сўз жангчилари”

Шу ўринда савол туғилади: Ўша даврда бахшилар қандай танлаб олинган? Бу тартиб қай тариқа амалга оширилган? “Зафарнома”да Темур бахшиларни эҳтиёткорлик билан танлагани, уларга расмий ва норасмий ахборотни етказиш вазифаси юклатилгани кўрсатилган. Аммо бундай юксак вазифага ҳар ким ҳам даъвогарлик қила олмаган. Бахшиларни танлаш жараёни ўша даврнинг энг нозик ва масъулиятли ишларидан бири саналган ва бу жараён босқичма-босқич амалга оширилган. Ҳар бир босқичда номзоднинг нафақат овози, балки хотираси, сўзга бўлган меҳр-муҳаббати синчиклаб тўрт босқичда текширилгани баён қилинган.

 

Унга кўра, биринчи босқичда истеъдоднинг уйғунлиги синовдан ўтказилган. Темур амрига биноан, энг аввал истеъдод эгалари юрт бўйлаб излаб топилган. Дастлаб номзод бахшилар ўз достонини ёки халқ орасида машҳур бўлган бир асарни ёддан айтиб берган. Бу жараёнда сўзларнинг уйғунлиги, оҳанг тингловчининг юрагига тегиши, воқеани ўз кўзи билан кўраётгандек ҳис қилдириш маҳорати текширилган.

 

Иккинчи босқичда хотира ва билим даражасига қаралган. Бахшидан фақат шеър, достон ёдловчи эмас, балки халқ хотирасини тирик сақловчиси бўлиш талаб этилган. Шу боис номзоддан қадимий ривоятлар, шажаралар, тарихий воқеаларни мукаммал айтиб бериш сўралган. Унга турли юртлар, қаҳрамонлар ёки қадим жанглар ҳақида тўсатдан саволлар берилиб, жавоблар мазмун ва бадиий ифода даражасига кўра баҳоланган.

 

Учинчи босқичда руҳий таъсир кучи текширилган. Темур учун бахши бу –нафақат санъаткор, балки жангчи қалбига ишонч ва ғурур солувчи руҳоний куч бўлган. Шу сабаб номзод бир неча аскар ёки халқ олдида чиқиш қилиб, уларни руҳлантириши талаб этилган. Агар тингловчиларнинг кўзи чақнаб, юзида илҳом учқуни порласа, бу синовдан муваффақият билан ўтганининг белгиси сифатида қаралган.

 

Ниҳоят тўртинчи босқичда садоқат ва одоб-ахлоқ қоидалари ўрганилган. Темур саройидаги бахшига халқнинг овози бўлиш билан бирга, ҳукмдорнинг шаъни ва давлатнинг обрўсини ҳимоя қилувчи шахс сифатида қаралган. Шу боис номзоднинг садоқати, ҳалоллиги, сўзга бўлган масъулияти ҳам синаб кўрилган. Ана шу тўрт босқичдан муваффақиятли ўтганларгина Темур саройига қабул қилиниб, юрт тарихининг овозли китоби бўлиб хизмат қилган.

 

“Разведкачи” бахшилар

 

“Зафарнома”да ёзилишича, Темур юришга отланишидан аввал ўша мамлакатнинг тупроғи, аҳолиси, қўшини ва қалъалари ҳақида маълумот тўплаш учун хабарчиларни юборган. Бу хабарчилар одатда, савдогар, сайёҳ, элчи, санъаткордан иборат бўлган. Айниқса бахшилар, достончи ва қўшиқчилар халқ орасида тез сингиб кетгани учун жуда қулай восита бўлиб хизмат қилган. Улар ёв юртида халқни йиғиб, қаҳрамонлик достонлари айтиб, қўшиқ куйлаш баҳонасида одамларнинг кўнглини олиб, турли сирларни билиб олган.

 

Соҳибқирон Ганг дарёси урушидан қайтиб, “ўшул замон кўчуб Туғлуқпур мавзеъи сори юруб, анда етиб тунги якшанба кечаси, ойнинг тўртида (12.01.1399) ярим кечада Аллоҳдодбекдин ва Боязид Қавчин ва Олтун Бахшийдинким, булар қаровуллуққа бориб эрдилар, икки киши келиб арз қилдиларким, “Пек яхши гузар топиб, сувдин ўтуб дарёнинг нари юзида қалин киши габрлардин барча от ва яроғ била кўрдилар. Таҳқиқ қилиб билдиларким, Муборакхон турурким, қалин киши жамъ қилиб, урушмоққа тайёр турубтурлар”, дея келтирилади. Бу каби майда, аммо ҳал қилувчи маълумотларни оддий жосус эмас, балки халқ ичида ҳурмат қозонган ижодкорларгина олиб келиши мумкин бўлган. Бахшилар ўзининг достонларида “Уч қаватли деворлар билан ўралган юрт”, дея куйлаганида, Темур бу орқали қалъанинг мустаҳкамлигини тушуниб олган. Ёки “Ўн икки баҳодир жангчи бир лашкарга раҳбарлик қилур” деган сатр аслида ўша ҳудуддаги қўшин тузилмаси ва саркардалар сони ҳақида ишора бўлган.

 

Бахшилар фаолиятини таҳлил қилиш орқали уларнинг Темур давридаги юришларда энг ишончли ва кўзга кўринмас куч сифатида хизмат қилганини, соҳибқирон ўзининг ҳар бир юриши ва сиёсий қарорини ҳеч қачон аниқ маълумот ва пухта разведка ишларисиз амалга оширмаганини ва бу жараёнларда бахшиларнинг ўрни ўта муҳим бўлганини билишимиз мумкин.

 

Мансурбек ЖАББОРОВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Санъат

16:12 / 12.12.2025 0 48
Насриддин Афанди қози бўлганми?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 25864
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//