Ўрхун-Энасой битиктошларидаги Тошкент шеваси


Сақлаш
16:25 / 17.12.2025 9 0

Деярли 50 миллион киши сўзлашадиган ўзбек тили бошқа туркий тиллардан ўзига хос бир неча жиҳатлари билан ажралиб туради. Кўпчилик қардош эллар – уйғурлару татарлар, қозоқлару қирғизлар, туркияликлару озарбойжонлар, аксар туркий эл-улуслар ўзбек тилидан ўзига яқин сўзларни топади. Уйғурлар қарлуқ лаҳжасида сўзлашувчи ўзбекларнинг тилини ўз тилидан деярли ажрата олмаса, қозоқ, қорақалпоқ, қирғиз, татар каби қипчоқ лаҳжа сўзлашувчилари ўзбек қипчоқчасида ишлатиладиган сўз бирликлари ва ясалишига қараб, “бу тил бизга бунчалик яқин бўлмаса” деб ўтмишни титкилай бошлайди. Хоразм ўзбекларининг ўғуз лаҳжасини тинглаб кўрган туркман, озарбойжон ва туркиялик қардошлар эса “ўзбеклар яқинимиздаги қипчоқ туркларидан кўра бизга яқин сўзлашар экан-а” деб ажабланадилар. Шунингдек, сўзлашувдаги яқинликни узоқ манзилдаги Онадўли ва Озарбойжон туркларида, Волгабўйидаги қозон татари ва бошқирдлар, Кавказ ва Қора денгиз бўйидаги қумиқ, қорачой-болқорлар, қирим-татарлари, гагаузлар, бундан бир ярим минг йилча илгари ота-боболаримиздан айро тушган олтойлик ва сибирлик туркийлар тилидан ҳам топа оламиз. Бундай ўзига хосликни ўзбек тилининг қарлуқ тармоғидан бўлмиш Тошкент шеваси ўрнагидаёқ кўрса бўлади.

 

Биламизки, ўзбек тилининг ўнлаб шевалари орасида “ада” сўзи “ота” англамида тошкентликлар томонидан қўлланилади. Бу сўзни қўшниларимиз ё яқинроқ яшайдиган қардошларимизда эмас, хакасларда тошкентликлар каби “ада” (ота), “ада чир-суу” – “ота ер-сув, ота юрт” кўринишида учратиб, “Бунинг илдизи нимада экан-а?” деб изландим [қар. Хакасско-русский словарь 1953: 17].  Қизиғи шундаки, ўзбек тили ва унинг тармоқларидаги қариндош-уруғчиликни ифодаловчи “дада” (ота) сўзи ҳам кўзга ташланади. Бугунги кунда ҳудуд танламай қолган “дада” биргина тошкентликларда “дåда” (дода) кўринишида “бобо” (отанинг отаси) маъносида қўлланилади [ЎХШЛ 1971: 339]. ХI юзйилликда қоғозга туширилган илк туркий сўзлик – “Девону луғатит турк”да қариндош-уруғчилик билан боғлиқ сўз ва атамаларни келтирар экан, Маҳмуд Кошғарий “дäдä – дада, ота (ўғузча)” деб очиқлама берганига кўзимиз тушади [Кошғарий 1963, III: 238]. Бу сўз қўшниларимизда деярли учрамайди, Онадўли туркларида “дада (деде)” кўринишида учрайди ва тошкентликлар каби “бобо” (отанинг отаси) англамини беради. Шу ўринда, Маҳмуд Кошғарий ўғузча деб очиқлаган мазкур сўз қипчоқ ва ўғузларга қараганда ўзбекларда кўпроқ қўлланилиши эски турк тили тармоқларидан бири бўлмиш ўғузчанинг биргина Хоразмда эмас, Тошкентда ҳам, бошқа вилоятларимизда ҳам анча кенг сақланиб қолганини кўрсатади.

 

Ўрхун-Энасой битиктошларида бўлсин, ундан кейинги бир нечта ёзма туркий манбаларда бўлсин, ўтган замон биринчи шахс кўплик қўшимчаси – “-димиз, -дымыз, -дӱмӱз, -думуз” бугунги кун туркий тиллари орасида кўпроқ Тошкент шевасида шу кўринишда (-димиз) ёки шунга яқин кўринишда (“-дивуз”, “-дувуз”) сақланиб қолган. “Бордик”, “келдик” англамидаги эски туркча “бардымыз”, “келдимиз” сўзлари Тошкентчада “бåрдимиз, бåрдивуз”, “келдимиз, келдивуз” кўринишларида қўлланилади [Кошғарий 1960, I: 314; Абдураҳмонов, Рустамов 1982: 72; Решетов, Шоабдураҳмонов 1978: 34-35]. Масалан, Тунюқуқ битиктошида турк эллари турмуши ҳақида қуйидагича ёзилган: “Кейик ейу, табишқан ейу ўлурур эртимиз, бўдун бўғзи тўқ эрти – кийик ея, товушқон ея, ўтирар эдик, бўдун (халқ) томоғи тўқ эди” [Абдураҳмонов, Рустамов 1982: 72].

 

Эски туркча “-дағ” кўринишидаги ўхшатиш қўшимчаси ўзбек адабий тили ва тармоқларида “-дай” бўлса, Тошкент шевасида “-дåғ, -дåқ” тарзида қўлланилишига гувоҳмиз, унинг яқин ўхшашини энг кўп уйғурларда кўрамиз. Масалан, “ундоғ – ундай”, “бундоғ – бундай”, “шундоғ – шундай”. Маҳмуд Кошғарий “ уш мундағ қыл – худди шундай қил” деб келтирган ёзув тошкентликлар мулоқотида ишлатиладиган бу қўшимчанинг негизи анча қадимийлигини кўрсатади [қар. Кошғарий 1950, I: 72]. Кези келганда айтиб ўтиш керак, Ўрхун-Энасой битиктошларида “тег” (тäг, тäк) тарзида учрайдиган ўхшатиш олмоши бошқа туркий тилларга қараганда кўпроқ ўзбек тилида яхши сақланган бўлиб, “-дег”, “-дай”, “каби” кўринишлари бор. Бу қўшимча қипчоқча сўзлашувчи туркийларда “дей”, “дай”, ўғузларда эса “гиби” (Онадўли т.), “кими” (Озарбойжон т.), “ялы” (янглиғ) (туркман) кўринишларида қўлланилади. Демак, бундан бир ярим минг йилча олдин “тег” (тäг) ўхшатиш олмоши (ёрдамчиси) [Абдураҳммонов, Рустамов 1982: 50] орадан беш юз йилча ўтгач, “-дағ” бўлган бўлса-да, туркий тилларнинг айримларида бироз ўзгаришга учраб, “-дай”, “-дей”га айланган, ўғуз туркларида эса анчайин унутилган. Ўзбек тилида ҳар иккала босқични: ҳам Ўрхун-Энасой битигтошлари босқичи, ҳам “Девону луғатит турк” ёзилган кезлардаги босқичнинг излари яхши сақланганини кўрамиз.

 

Эски туркчада яқин қариндошларни эркалатиш учун қўшиб айтиладиган “-қы” қўшимчаси туркий тилларда деярли сақланмаган бўлса-да, Тошкент шевасида унинг айрим изларини учратамиз. Маҳмуд Кошғарий “ қы – яқинлик, қариндошлик маъносидаги исмлар охирига қўшилиб, севги ва хайрихоҳлик маъносини англатувчи қўшимча. атақы – отагинам,  анақы – онагинам каби” деб ёзган [Кошғарий 1963, III: 230]. Ўзбек қарлуқ лаҳжасининг Тошкент ва Фарғона тармоқларида “åпåқи” (опоқи) сўзлари учраб, “опа”, “бобо” маъноларида келади [ЎХШЛ 1971: 333; Ҳошимов Ғ., Комилова 2021: 29]. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, Тошкент шевасида қариндош-уруғларни ҳурмат, эркалаш англамида “-ги” қўшимчаси ҳам учраб, бизнингча, бу эски туркча “-қи” қўшимчасининг юмшатилган кўринишидир: “адамгилар”, “онамгилар”, “опамгилар”, “окамгилар”. “-лар” кўплик қўшимчаси ўзбек тилида, айниқса, Тошкент, Фарғона, Қарши каби қарлуқ тармоғида ҳурмат маъносида қўлланилади. Кўпроқ Тошкент шевасига тегишли мазкур ҳолат Туркияда ҳам сўзлашув тилида учраб, “аннемгил” (онам), “бабамгил” (отам) кўринишида ҳурмат кўрсатиш англамларида келади [MerhanAdamović 2014: 71-73].

 

Мазкур тадқиқотимиз ҳам эски туркчага, ҳам бугунги қардош тилларига хос айрим нодир сўзлар ўзбек тилида ва шеваларида, айниқса, тошкентликлар сўзлашувида анча яхши сақланиб қолганини кўрсатди. Тошкент шеваси туркий тилларнинг улкан тармоғи – ўғузчадан ҳам ўзида намуналар сақлаб келаётгани-да эътиборли. Шу билан бирга, бу шева ўрта асрларда деярли бутун туркийлар учун ёзма адабий тил вазифасини бажарган “хоқония туркчаси”нинг издошларидан бири экани англашилмоқда. Айниқса, туркий тиллар орасида Тошкент шевасининг ўзига хос ўрни борлигининг бош кўрсаткичларидан бири – бу Ўрхун-Энасой битиктошларида қўлланилган ўтган замон биринчи шахс кўплик қўшимчасининг қандай бўлса шундайлигича сақланганидир.

 

Ғайбулла БОБОЁР,

тарих фанлари доктори, профессор

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Санъат

16:12 / 12.12.2025 0 48
Насриддин Афанди қози бўлганми?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 25853
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//