Туркистон ва Хитойда аёлнинг мавқеи: ўхшашлик ва фарқлар


Сақлаш
18:04 / 16.12.2025 15 0

19-юзйиллик охирига келиб бутун дунёда аёллар масаласи кун тартибидаги муҳим масалалардан бирига айланди. Мамлакатларда давлат бошқаруви, фан, техника ва маданий соҳадаги ўзгаришлар аёлларнинг жамиятдаги мавқеига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Бу даврда Туркистон минтақаси ва Хитой ҳудудидаги аёлларнинг оила ва жамиятдаги ўрни диний қоидаларга қараб белгиланар, кўп ҳолларда уларнинг ижтимоийлашувига йўл қўйилмас эди. Буюк хитой файласуфи Конфуций аёлнинг оиладаги ўрни ва хулқ-атвори қоидалари ҳақида гапирганда, унинг отасига итоатли бўлиши, турмушга чиққанидан кейин эрига бўйсуниши, эри вафот этганидан кейин эса ўғилларига итоат этиши лозимлигини таъкидлаган бўлиб, бу таълимот Туркистон минтақасидаги диний уламоларга ҳам хос эди. Туркистон минтақаси жамиятида ҳам аёлларга болалигидан шу қоидалар сингдириларди. 

 

Хитойда гендер тенгсизлиги аёлнинг эркакка бўйсунган ҳолатини янада кучайтирган. Эркаклар канизаклар олиш ҳуқуқига эгалиги ҳолда, аёллар иккинчи бор турмушга чиқишдан маҳрум бўлган. Иккинчи бор эрга тегиш шармандалик ҳисобланган ва қаттиқ қораланган.

 

Хитойда аёлларга болалигиданоқ жисмоний қийноқ жорий қилинган бўлиб, бу қадимдан маълум бўлган “оёқни боғлаш” анъанаси эди. Қиз бола 14–18 ойлик бўлгач, “оёғини боғлаш” амалга оширилган. Тан сулоласи даврида бу одат оқсуяклар орасида тарқалган бўлса, Мин сулоласи даврига келиб, оддий халқ орасида ҳам оммалашган эди. Цин сулоласининг сўнгги даврида ушбу анъанани тақиқлаш учун амалий ҳаракатлар бошланган. Хитой Халқ Республикаси ташкил топгандан кейин эса оёқни боғлаш анъанаси бутунлай йўқ қилинган.

 

19-юзйиллик охирида “Осмонли оёқ жамияти”нинг ташкил топиши билан “оёқни боғлаш” одатидан воз кечиш бошланган.  “Тянцзу” (“табиий оёқлар”) атамаси кенг тарқалган ва бутун Хитой жамияти аёлларнинг оёғини боғлашни тўхтатишга чақирилган. Цин даври ислоҳотчиларидан Кан Ювэй шахсий эркинликка, тенглик ва мустақилликка ишонган аёллар озодлигини қўллаб-қувватлаган ва бу йўналишда катта саъй-ҳаракат олиб борган. Шунингдек, Лян Цичао ҳам аёллар миллат тараққиётига катта ҳисса қўшишига ва миллатни мустаҳкамлашига, эрларига ёрдам бериши ва болаларни тарбиялашига ишонган ҳолда бу ғояларни қўллаб-қувватлаган. 1920-йиллардаги “Фанцзу” (“Оёқларни озод қилиш”) ҳаракати ҳамда Республика давридаги ташаббуслар бу муаммони маърифат орқали ҳал этиш ва уни бутунлай йўқотиш йўлидаги илк муҳим қадамлардан бўлган.

 

Шу даврдан Хитойда аёлларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий жараёнларда фаол иштироки бошлаганини ҳам таъкидлаш лозим. 19-асрнинг иккинчи ярмида бўлиб ўтган “Тайпинлар қўзғолони”да Ли Синмэй исмли аёл алоҳида жасорат ва матонат кўрсатган бўлиб, унинг икки минг нафардан иборат ҳарбий бўлинмаси бўлган. Тайпинлар эркакларни аёлларга нисбатан тенг, опа-сингиллардек муносабатда бўлишга чақирганлар.

 

Айни шу даврда Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонлигида шариатга кўра тўрттагача хотин олишга рухсат берилган. Аёллар жамоа ишларига жалб қилинмаган. Уларнинг иқтисодий харажатлари дастлаб отаси, сўнгра эри ва фарзандлари томонидан қопланган. Хитой жамиятидан фарқли равишда хонликларда эри ўлиб бева қолган хотин иккинчи марта турмушга чиқиши мумкин бўлган. Турмушга чиққанда қиз болага 150 танга, жувонга иккинчи бор оила қурганда 75 танга шахсий харажатлари учун маҳр (никоҳ қилинган пайтда келинга бериладиган молиявий ҳақ) берилган. Аёллар соғлом фарзанд туғиб, вояга етказувчи сифатида қаралган. Хонликларда хотин-қизларнинг кўчада ўраниб юриши мажбурий бўлган. Жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси ва етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий Истанбул, Қоҳира, Дамашқ шаҳарларида аёлларнинг юзлари очиқ ҳолатда юришлари, масжидга бориб намоз ўқишлари, ўз уйларидек тикиш тикиб ўтирганларини кўриб ҳайратга тушган. Бозорларда эркаклар билан баробар савдо билан шуғулланаётган аёлларнинг ўз ишининг устаси эканлигига гувоҳ бўлган. Барча соҳаларда ислоҳотлар қилишни ёқлаб чиққан Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жамиятидаги аёллар мавқеи олдингидек сақланиб қолиши тарафдори бўлган ва аёллар масаласида анъанавийлик фикрида қолган: “... Масалан, хотунлар масаласини ҳозир ўртадан чиқармоқ керак. Мана бул бутун Туркистонни ихтилофига сабаб бўлуб, дўстларимиз бағрини қон ва душманларимизни хурсанд этар. Бизни иттифоқимизни хоҳлаганлардан рижо этармизки, хотунлар масаласидан ҳозир баҳс этмасунлар ва муваққат замонға ҳавола этсунлар”.

 

Ўз даврининг етук уламоларидан бўлган Бухоро амирлиги муфтийси Домла Икром аёл киши ички зийнатини кўрсатиши мумкин бўлганларни уч гуруҳга бўлади. Биринчиси, эри бўлиб, у маҳрам ҳисобланади ва унга аёлнинг ҳамма жойи ҳалол ҳисобланади. Иккинчиси, ўғли, отаси, ака-укалари, бобоси, эрининг отаси,  бир қориндан туғишганлари, гўдаклар бўлиб, уларга аёлнинг сочига, кўксига, болдирига, тирсагигача қарашларига рухсат берилган. Муаллиф учинчи гуруҳга кекса ёшдагилар, ақли заифлар ва аёлга хизмат қилувчи қулларни киритади. Аммо бу гуруҳга кирувчилар олдида аёл ёш бўлса, танасини тўлиқ тўсиб турувчи узун кийим билан ўтириши керак, деб ҳисоблайди.

 

Хитойда оддий табақага мансуб аёллар таълим, малака ва ҳунардан маҳрум бўлган ва эркакларга тўлиқ тобеъ ҳолатда яшаганлар. Фақат юқори табақага мансуб аёлларнинг таълим олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган. Бу даврда Туркистон минтақаси хонликларида қиз болалар отинойи ва бибихалфалар томонидан ташкил қилинган мактабларда ўқиш, ёзиш, ҳисоб ва турли ҳунарларни ўргатишга жалб қилинган. Диний билимлар ўргатилган. 20-юзйиллик бошларига келиб, жадидлар аёлларнинг дунёвий билим олишларини ёқлаб чиққанлар. Абдурауф Фитрат фарзанд тарбияси билан оналар шуғулланганлиги учун уларнинг замонавий билим олишлари муҳим деб ҳисоблаган: “Модомики, илм олиш ҳар бир одам учун диний ва дунёвий мажбуриятларга кирар экан, аёллар ҳам илм ўрганишлари шартдир”.

 

Хитойдаги аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний зўравонликка қарши кураш, хотин-қизлар таълимини оммавий равишда йўлга қўйиш учун ҳаракатларда шанхайлик ислоҳотчилар етакчилик қилган. Машҳур ёзувчи Сюэ Шаоухэй ушбу ҳаракатнинг йирик намояндаси ва етакчиларидан бўлган. У 1897 йили аёллар таълими учун дастур ишлаб чиққан. Унда тўрт асосий жиҳатга эътибор қаратган:

 

                    Фудэ – аёл фазилати;

                    Фуян – аёл сўзи;

                    Фугун – аёл меҳнати;

                    Фужун – аёл кўриниши.

 

Сюэ Шаоухэй  аёллар таълим дастурига география ва тарих фанини ўқитишни ҳам киритишни тавсия қилган. Унинг фикрича, хотин-қизлар география фани орқали  “беш қитъа кенгликлари” ва “Хитой тоғу дарёлари ҳамда уларнинг гўзаллиги” ҳақида билимга эга бўлишлари мумкин бўлган. Тарих фанини ўқиши натижасида асрлар давомида аёлларнинг хулқ-атвори қандай мезонлар билан баҳоланганини билиши мумкин бўлган. Шунингдек, ёзув (каллиграфия) ва рассомлик санъатини ўрганиш аёлларда бадиий дид ва эстетик ҳисни ривожлантиришга қаратилган; тиббиёт асослари эса аёллар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлашга ёрдам беришини кўзлаган.

 

Шанхайлик таниқли ёзувчи Чжан Чжицзюн ҳам ислоҳотчилик ҳаракатида фаол қатнашган ҳамда аёлларни зулм ва тазйиқларга қарши курашишга даъват этган. Асарларида аёллар азоб-уқубатлари ва ҳаётдаги қийинчиликларини ёритиб берган ижодкор сифатида танилган.

 

Туркистон минтақасида эса қизларни эрта турмушга бермаслик, дунёвий билимлар ва чет тилларини ўргатиш зарурати, кўпхотинликка қарши даъватлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро жадидлари томонидан илгари сурилган. Маҳмудхўжа Беҳбудий хотин-қизларга чет тилларни ўргатиш кераклигини таъкидлаб, “Тараққий этган миллатларни оналари ўқитар экан, биз аввал онамизни ўқутуб, анга тил ўргатмоқимиз керак. Чунки бизни илм ва тилсизлигимиз алардандир”, деган бўлса, Абдурауф Фитрат диний ва дунёвий билимларнинг аёллар учун муҳимлигига тўхталиб ўтган: “Модомики, илм олиш ҳар бир одам учун диний ва дунёвий мажбуриятларга кирар экан, аёллар ҳам илм ўрганишлари шартдир”, дейди.

 

Тошкент, Қўқон, Фарғона аёллари томонидан миллий матбуотда қизларни мактаб ва мадрасаларда ўқитиб, ўзи истаган касби билан шуғулланишига рухсат бериш, уларни оила қуришга тайёрлаш билан чекламаслик масаласи кўтарилган. “Жалилова” имзоси билан чоп этилган “Хонимлар товуши” мақоласида кераксиз одат ва маросимлардан воз кечиш, қиз бола туғилгандан бошлаб сандиқ-сандиқ сеп йиғиш ўрнига тартибли мактаблар очиб уларни ўқитиш, диний билимлар билан бирга дунёвий билимларни ўргатиш, аёл муаллималар, муҳаррирлар, қозилар, шифокорлар етиштириш вақти келгани таъкидланади.

 

Хитойда 1897 йил 6 декабрда илк марта “Цюй сюэхуэй” номли аёллар илмий жамияти ташкил этилган. Унинг таркибида 122 нафар аъзо бўлиб, шулардан 100 нафари аёллар, 12 нафари эркаклар бўлган. Аёллар орасидаги иштирокчиларнинг асосий қисмини ислоҳотчиларнинг қариндошлари ташкил этган. Биринчи мажлис хайрия йиғимларини ташкил этиш ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокамаси билан очилиб, адабий чиқишлар билан ҳамроҳ тантанали банкет билан якунланган. Банкет вақтида илк аёллар журнали асосчиларидан, муҳаррир ва 1898 йили очилган мактаб ўқитувчиси Цзян Лан ўзининг аёллар таълимини ривожлантириш режаси баён этилган “Мукаммал ва айбсиз” деб аталган эссесини тақдим этган. Унда у нафақат стипендиялар кўринишидаги моддий ёрдам зарурлигини, балки аёлларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш муҳимлигини ҳам таъкидлаган.

 

Ушбу мажлис натижаси ўлароқ Цзин Юаншан тадбир иштирокчилари томонидан ёзилган йигирма учта шеърни жамлаб, “Фикрлар тўплами”ни (1898) яратган.  Шу йилнинг ўзида замон руҳи ва аёлларнинг таълимга интилишини кўрсатувчи  “Синвэн бао” (1898), “Нюй сюэбао” (1898) ва “Ванго гунбао” (1898) каби йигирма бешта шеърий асар чоп этилганини ҳам қайд қилиш жоиз.

 

1898 йил 31 май куни Хитойда илк қизлар мактаби очилган ва унда 16 та ўқувчи таълим олган. Бир ойдан кейин уларнинг сони 20 тага етган. Мактаб очилишига оид “Вақтинчалик низом”да мактабда фақат нуфузли оилаларнинг қизлари ўқиши белгиланган бўлиб, шу йилнинг кузида яна бир мактаб ташкил қилинган. Бу  икки йиллик фаолият давомида 70 нафар қизларга таълим берган. Мактабда 16 та фан ўқитилган бўлиб, кимё, физика, география, математика шулар жумласидандир. Қизларга санъат ва қўл меҳнати билимлари ҳам ўргатилган.

 

Ли Жун, Хуан Цзинюй ва Ли Хуэйсян каби аёл-журналистлар 1898 йил 24 июлда илк бор “Нэйсюэбао” (“Аёллар таълими”) газетасига асос солганлар. Газетанинг биринчи сонида мақолалар муаллифларининг фамилияларига “нюйши” – яъни “аёл олим”, “зиёли аёл” деган унвон қўшиб ёзилган. Газетанинг асосий мақсади 200 миллион хитойлик аёлни қутқариш ва улар учун тенг ҳуқуқларни қўлга киритиш бўлган.

 

19-асрнинг охирларидан бошлаб аёлларнинг аҳволи миллатнинг умумий ҳолатини кўрсатувчи кўрсаткич сифатида қарала бошланган ва бу Хитойнинг жаҳон саҳнасидаги мавқеи учун муҳим аҳамият касб этарди. Шу вақтгача анъанавий аёл образи фаол тарзда тарғиб қилинган бўлса, энди унга қарши равишда “янги аёл” – билимли, саводли, ватанпарвар ва мустақил шахс образи илгари сурила бошланган.

 

1900-йиллари Хитой жамиятида аёллар масаласи бўйича муҳокамалар пайдо бўлишига Ма Цзюнюн (1881–1940) томонидан Европа олимларининг Герберт Спенсернинг “Аёллар ҳуқуқлари”, Джон Стюарт Миллнинг “Эркинлик ҳақида” ва “Аёлнинг бўйсундирилиши” асарларидан қилинган таржималар ҳам сабаб бўлганини қайд этиш жоиз. Бу нашрлар аҳоли, айниқса ёшлар орасида “эркак ва аёл тенг ҳуқуқли”, “тенглик” каби тушунчаларнинг кенг тарқалишига хизмат қилган.

 

1907 йилга келиб, Хитой ҳукумати қизлар мактаби ташкил қилишга рухсат бериши муносабати билан “Убэн қизлар мактаби”, “Чэндун аёллар мактаби”, “Цзунмэн аёллар мактаби”, Цай Юанпэйнинг “Ватанпарвар аёллар мактаби” очилган. 1908 йил июлда Цзинши аёллар педагогика мактаби ташкил этилган бўлиб, 1912 йили Пекин аёллар педагогика коллежига, 1919 йили эса Олий педагогика мактабига айлантирилган.

 

1911 йилга келиб Хитой аёлларининг ҳарбий соҳада ҳам иқтидорга эга эканликлари маълум бўлган. Аёллар Синхай инқилоби ҳамда Учанг қўзғолонида фаол иштирок этганлар. Гэ Цзинхуа ташаббуси билан аёллар ҳарбий қисми тузилган бўлиб, унинг қўмондони этиб катта нуфуз ва ҳурматга эга бўлган аёл – Чжан Чжаохан яъни Чжан Можун тайинланган. У Шанхай ҳокими Чэн Цимейга йўллаган мактубида шундай деб ёзган эди: “Биз ҳамфикр аёлларни йиғиб, ватандошларимизни қутқариш ва асосий кучларни қўллаб-қувватлаш мақсадида адолатли қўшин тузишга қасам ичдик”. Ўн кун ичида 100 нафар аёл ихтиёрий равишда бу қисмга қўшилиш истагини билдирганини тарихий ҳужжатлар тасдиқлайди. Хитойда аёлларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик уларнинг қаттиқ иродали бўлишларига сабаб бўлган.

 

Синхай инқилобидан сўнг аёлларнинг эмансипацияси (тобеликдан холи бўлиш) масаласи янги босқичга кўтарилди. Инқилоб даврида тузилган Гоминдан партияси фаолиятида аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари учун кураш янги босқичга чиққан. Чэн Дусю ва Лу Син каби сиёсий арбоблар феодал одоб-ахлоқ ва фанатизмга қарши фаол кураш олиб борганлар. “Аёллар иттифоқи”, “Янги аёллар” каби уюшмалар ташкил этилган, шунингдек, “Ёш аёллар газети”, “Аёллар газети”, “Аёллар ва оила масалалари”, “Аёллар ҳаракати озодлик газети” ўз фаолиятини бошлаган. Газеталарда эркак ва аёллар тенглигига чақириқ, аёллар учун мажбурий таълим ҳуқуқи, овоз бериш ҳуқуқи, меҳнат шароитларини яхшилашга бағишланган мақолалар мунтазам чоп этилган. Аёлларга ғарб таълим тизимлари, ипакчилик, тўқимачилик ва бошқа касбларни ўрганиш, шунингдек турмуш ўртоқни танлаш ҳақида маълумот берилган. 1912-1913-йилларда ўғил ва қизларнинг биргаликда таълим олишига рухсат берувчи қонун қабул қилинган. Бу каби ишлар аёлларнинг аҳоли орасида сиёсий таъсирини мустаҳкамлашга хизмат қилган.

 

19-юзйиллик охирларида бошланган ислоҳотлар учун курашлар натижаси ўлароқ 1917 йилга келиб Хитойда коллеж ва мактабларда таълим олаётган қизлар сони тахминан 200 минг нафарга етган.

 

20-юзйиллик бошларига келиб Хитой аёллари жамият ҳаётида ўз ўрнини топиб, жамоатчилик фаолиятига қўшила бошлаган. Ҳукумат буни қонунийлаштиришга қарор қилган ва аёлларнинг фаолияти қўллаб-қувватланган. Энди аёллар уюшмаларга бирлашиб, эркакларга бериладиган бепул таълим ҳуқуқини, шунингдек шахсий ва оилавий ҳаётларини мустақил тартибга солиш ҳуқуқини талаб қилиши мумкин бўлган. Янги қонунга кўра, эркак ва аёллар тенглиги қонуний равишда мустаҳкамланган. Аёлларга олий ўқув юртларида таълим олиш ҳуқуқи ҳам берилган ва 1920 йили Пекин университети илк бор 9 нафар қиз талабани қабул қилган[1].

 

Айни шу даврда Туркистон Автоном Республикаси, Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти, Хоразм Халқ Шўролар Жумҳуриятида хотин-қизлар масаласи кун тартибидаги муҳим вазифага айланган. Қизларнинг таълим олиши, эрта турмушга бермаслик, давлат ва жамоат ишларига жалб қилиш ишлари амалга оширила бошланди. Илк бор ўзбек қизлари Россия ва Германияга олий ва ўрта-махсус таълим олиб келиш учун юборилган.  Улардан бири тошкентлик маърифатпарвар бой Мажидхон Жалиловнинг қизи Хайринисо Мажидхонова (1905–1938) бўлиб, 1922 йил кузида Германияга ўқишга юборилган. 1924–1926-йиллари Дармштадт шаҳрида Ўқитувчилар семинарийсида, тиббиёт курсларида ўқиган. Немис тили ва адабиётини пухта ўрганган. 1928 йили Ўзбекистонга қайтиб, 1937 йил 13 сентябрга қадар шифокор бўлиб ишлаган[2].

 

Яна бир ўзбек қизи, “Ёш хиваликлар” ҳаракатининг фаол иштирокчиларидан маърифатпарвар Мулла Жуманиёз оиласида туғилган Марям Султонмуродова (1905–1971) 1922 йили Германияга таълим олиш учун кетган. Дастлаб Дармштадт шаҳрида Берлин университети қошидаги немис тили курсини тугатган. 1924 йили Дармштадтга бориб, 1926 йилгача ўқитувчилар семинарийсида ўқиган. 1927 йил Берлинга келиб, бир йил амалий машғулот ўтаган. 1928 йил ўқишни тугатиб, Ўзбекистонга қайтган.

 

Бир нарсани таъкидлаш жоизки, бармоқ билан санарли бу иқтидорли қизларнинг мустамлака шароитида Германияда таҳсил олиши осон кечмаган. Хайринисо Мажидова 1922 йили Тошкентда тузилган “Кўмак” жамиятининг ҳомийлигида ўқишга кетган бўлса-да, унинг моддий таъминоти отаси томонидан қоплаб борилган – Хоразм Халқ Совет Республикасидан ўқишга борган, аммо ҳукумат томонидан моддий ёрдам берилмаган. Бу ҳақда ўша вақтда Германияда таҳсил олаётган Саттор Жабборнинг: “Орамизда Марямхон, Хайринисо, Саодатхон отлиқ ўқиш учун мамлакатимиздаги тўсиқларга қарши Оврупога отилган фидокор қизларимиз ҳам бор. Уларнинг ўқишлари яхши. Бироқ, хивалик Марямхон моддий томондан яхши таъмин қилинмагани учун йўлларида кўп чатоқликлар кўрадир. Чиндан ҳаёт хотини бўлмоқ ва Туркистонда қолган опа-сингилларининг истиқболи учун ҳеч ким кўрсатмас қаҳрамонлик қилиб келган қийматлик қизимизга Хоразм Жумҳуриятининг шундай совуққонлик билан қарашига Туркистон ёшлиги таассуф айтмай тура олмайдир”, деб ёзган маълумотлари орқали билиб олиш мумкин.

 

Бу каби қийинчиликлар қизларнинг иродасини бука олмаган, улар ўқишни тамомлаб ўз юртига қайтган.

 

1924 йил 8 мартда Хитой аёллари илк бор 8 март Халқаро аёллар кунини нишонлаганлар. Бу ташаббус Гоминдан партияси Марказий қўмитасининг Аёллар бўлими томонидан илгари сурилган. 5 март куни Гуанчжоудаги “Republic Daily” газетасида қуйидаги эълон берилган: “8 март Халқаро кун бўлиб, дунё бўйлаб аёллар бирлик намойишларини ўтказадилар. Хитой аёллари узоқ вақтдан бери зулмга учраганлар, шу куни озодлик учун кураш олиб бориши керак. Гуанчжоу аёллари ҳам шу куни оммани уйғониш ва бирлашишга чақириш учун чиқиши лозим!”. 8 март куни соат 10:00 да Жисин мактаби, Олий педагогика мактаби, Туцян мактаби, Аёллар касб таълими институти ва бошқа 20 дан ортиқ таълим муассасаларидан тахминан минглаб талаба қизлар, “Аёллар федерацияси” ташкилотлари вакиллари Гуанчжоу Биринчи боғида йиғилганлар. Партиянинг фаол аёллари Хэ Сяннин ва Цзэн Син нутқ сўзлаб, аёлларни Миллий инқилобда фаол иштирок этишга чақирганлар.

 

Байрамда қуйидаги муҳим шиорлар илгари сурилган: “Аёллар меҳнат ҳуқуқи, тенг таълим, тенг маош ва овоз бериш ҳуқуқини талаб қиламиз!”, “Биргаликда яшаш ва кўп хотинликни бекор қилайлик!”, “Аёллар ходимларни ҳимоя қилиш, она ва бола ҳимояси ҳақида қонунларни қабул қилишни талаб қиламиз!”, “Қулларини ушлашни тақиқлайлик!”, “Ёш қизларни никоҳга берувчи тизимни бекор қилайлик!”, “Қотиллик ва хотин сотиш тизимини бекор қилайлик!”, “Саккиз соатлик иш кунни жорий қилайлик!”. Бу шиорлар аёлларнинг манфаатига хизмат қилгани учун Хитой жамиятининг барча қатламларидаги аёлларда катта қизиқиш уйғотган ва қўллаб-қувватланган.

 

Аммо аёлларнинг эркинлиги ва тенглиги бутун Хитой ҳудудида бир хил амал қилмаган. Фақатгина Хитой Халқ Республикасининг тузилиши билан аёллар масаласи узил-кесил ҳал қилинган. 20-юзйилликнинг ўрталарига келиб аёлларга оилавий ҳаётда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи, жинслар тенглиги, ҳокимият органларига овоз бериш ва сайланиш ҳуқуқи ҳамда бошқа ҳуқуқлар берилган. 

 

Хитойда аёлларнинг ижтимоий мавқеи босқичма-босқич яхшиланиб бориши жараёнида айни шу даврда Туркистон минтақаси аёллари учун оғир кечганини тарихий манбалар тасдиқлайди. 20-йилларда Туркистон, Бухоро ва Хоразм Республикаларида республика, вилоят, туман ва маҳаллаларда хотин-қизлар бўлими ташкил қилинган. Ҳар бир хонадонга кириб, аёллар учун ўқув курслари ташкил қилингани жуда эҳтиёткорлик билан тушунтириб чиқилган. Савод чиқариш курслари, махсус хотин-қизлар клублари, артеллар ва дўконлар ташкил қилинган. Бу ерга ташриф буюрган аёлларга ҳунар ўргатиш, саводини чиқариш фонида паранжи ташлаш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилган.

 

3-4 йиллик тарғибот сезиларли натижа бермагач, 1926 йил сентябрда Ўрта Осиё партия комитетларининг хотин-қизлари бўлимлари ходимлари иштирокида кенгаш ўтказилган ва аёллар бўйича олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш ҳамда уни мажбурий равишда ўтказишга қарор қилинган. Бу мажбурий тадбир “Ҳужум” деб аталган. Гўёки ҳужум услубида аёллар муаммосини ҳал қилишга киришилган. 1926 йили бу кампанияни амалга ошириш учун Ўзбекистон ССРда махсус комиссия тузилган.

 

1927 йил 8 март куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида юзлаб митинглар ташкил қилинган ва минглаб аёллар паранжи ташлаган. Бу тадбирни ўтказишда ислом анъаналари, ўзбек оиласидаги эркак ва аёл муносабатлари, миллий урф-одатларимиз инобатга олинмаган. Расмий ҳужжатларда 1927-1928-йиллари Ўзбекистонда 2,5 мингдан ортиқ паранжи ташлаган аёллар ўлдирилгани кўрсатилган. Аёлларнинг ўлдирилиши ортидан 1928 йили 671 киши қамоққа олинган ва турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган, 7 киши отувга ҳукм қилинган.

 

“Ҳужум” натижасида Фарғона водийсида кўплаб оммавий чиқишлар юзага келади. Биргина Наманганда 500 киши иштирокида норозилик чиқиши юз беради. Бу каби норозиликлар большевиклар томонидан қурол кучи билан тўхтатилади.

 

Хулоса қилиб айтганда, 19-юзйиллик охири 20-юзйиллик бошларида Туркистон минтақаси ва Хитойда аёлларнинг ижтимоий мавқеида ўхшашликлар ва ўзига хосликлар мавжуд бўлган.

 

Дилноза ЖАМОЛОВА,

ФА Тарих институти илмий ишлар бўйича

директор ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор



[1] Bailey P.J. Genderand education in China. Abingdon, 2007. P. 108.

[2] Ш.Турдиев. Улар Германияда ўқиган эдилар. Тошкент, 2006. 115–122-бетлар.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Санъат

16:12 / 12.12.2025 0 47
Насриддин Афанди қози бўлганми?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 25763
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//