Афсонанинг фильмга айланиши – “Тоҳир ва Зуҳра”га янгича илмий назар


Сақлаш
12:33 / 16.12.2025 15 0

Бундан роппа-роса 80 йил муқаддам, 1945 йилнинг 21 октябрида ўзбек достони – “Тоҳир ва Зуҳра” асосида яратилган шу номли фильм 15 дан ортиқ собиқ совет иттифоқи республикалари ва хорижий кинотеатрларда намойиш этилиши учун расман Москвада тасдиқдан ўтди. Уруш йилларида олиб борилган 3 йиллик тинимсиз ижодий меҳнат натижаси ўлароқ мазкур асар ўз даврида ҳам ва ундан кейин ҳам соф муҳаббатнинг тимсоли ифодаланган бетакрор санъат асари сифатида тарихда қолди. Кино санъати пайдо бўлганидан эллик йил ўтар ўтмас, чекланган молиявий, маънавий ва техник имкониятларга қарамай, кўпмиллатли давлат, халқ ва чет эл томошабинлари миқёсида  эътироф этилган мазкур асарнинг муваффақият калити қаерда? Oyina.uz колумнисти киношунос ва фольклоршунос Шоҳида Эшонбобоева шу масала ҳақида мушоҳада юритади.

 

Адабий асос

 

Ўзбек киноси тарихида “Тоҳир ва Зуҳра” фильми халқ достонининг биринчи  экран муқобили ҳисобланади. Достон мазмунида ишқ мотиви устун бўлганиданми, ҳар қалай у туркий халқлар орасида севиб тингланган энг машҳур достонлардан биридир. “Тоҳир ва Зуҳра”нинг эртак, ривоят, қисса каби вариантлари бўлиб, достон улардан кейин пайдо бўлгани тўғрисида тахминлар мавжуд.

 

“Тоҳир ва Зуҳра” гоҳ китобий достонлар туркумига, гоҳ ошиқ-романик достонлар туркумига киритиб келингани, унинг бир неча версия ва вариантлари мавжудлиги маълум. Ана шу турли вариантлар асосида Ўзбекистон халқ шоири, драматург Собир Абдулла ёзган “Тоҳир ва Зуҳра” драмаси кинофильм яратилишида ҳам асос пойдевор вазифасини ўтаган. Драматург ўзининг “Тоҳир ва Зуҳра”ни қандай ёздим мақоласида “Тоҳир ва Зуҳра” эртакларининг бир неча вариантларини тинглагани, ёзма вариантларини ҳам ўқиб ўргангани ҳақида шундай дейди: “...Энди қайсинисини олиш керак. Оғиздан эшитиб келганларим ҳар хил, аммо ёзма “Тоҳир ва Зуҳра” турмушга яқин, воқелироқ, фактлироқ. Бу материалларнинг ҳаммаси ҳам асар ёзиш учун ёрдам берар дедим... Бу асар устида шундай қилиб роса 3 йил ишладим”. Маълумотларга кўра С.Абдулла Сайёдийнинг “Тоҳир ва Зуҳра” достони ҳамда халқ оғзаки ижодида кўп тарқалган достоннинг турли вариантларидан ижодий фойдаланган ҳолда драма сюжетини яратган.

 

1941 йилда Муқимий номидаги ўзбек мусиқали театрининг очилиши муносабати билан саҳналаштирилган спектакль томошабинлар томонидан қизғин кутиб олингани ва катта шов-шувга айлангани ортидан ҳукумат томонидан мазкур спектаклни кинофильмга айлантириш таклифи берилган эди. Лекин саҳнага мўлжалланган драматик асарни тўғридан тўғри экранга кўчириш мумкин бўлмаганидек, янги киносценарий яратиш ҳам осон бўлмади. Фильм режиссёри Наби Ғаниев бошчилигидаги жамоа имкон қадар халқ оғзаки ижодидаги ҳикоя йўналишини  фильмда сақлаб қолишга ва драмадаги яхши-ёмон характерларнинг таъсир кучини янада бўрттириб кўрсатишга ҳаракат қилдилар. Шунингдек, достоннинг шаҳрисабзлик Зоҳир шоир Қўчқор ўғлидан ёзиб олинган варианти ҳам мазкур фильм сюжетига кўп томондан мос келганини кўриш мумкин. Фильмнинг бир неча сценарий варианти яратилгани ҳақидаги ҳужжатларга қараганда, режиссёр Н.Ғаниев халқ оғзаки ижодида устун бўлган мифологик сюжетлар, образлардан атайин воз кечиб, экран асарини кўпроқ реаллаштириш тарафдори бўлган. Бир томондан уруш замони шуни тақозо этгани важидан ҳам бундай ёндашув тўғри эди.  Бошқа томондан, халқ оғзаки ижодининг асл манбасида Тоҳир, Зуҳра ва меҳнаткаш халқ образи шоҳ Бобохон, вазир, унинг ўғли Қоработирларга қарши ифодаланганлиги киносценарийнинг тубдан ўзгаришига эҳтиёж қолдирмаган.

 

Режиссёр ва бахши: ўхшаш вазифалар

 

Аслида, бахши билан режиссёр ўртасида ўхшашлик бисёр. Жумладан, бахши учун ҳам, режиссёр учун ҳам аудитория бўлиши шарт! Тингловчи ва томошабин бор экан, бахши достон куйлайди. Достон айтаётган бахшининг репертуар тузиши, вақт ва аудитория талабига кўра қисқа ёки узоқ ҳикоя қилиши ёки эпоснинг композицион таркибини аниқлаши каби жараёнлар кўп ҳолларда у куйлаётган вақтда ўз-ўзидан содир бўлиши мумкин.

 

Асрлар аро сақланиб, ижро этилиб келинаётган эпослар мазмуни қачонлардир қадимий оғзаки ижро тизимига асосланиб, дунёнинг қайси юртида бўлмасин, бахши, ижрочи, халқ қўшиқчиси томонидан қатъий қоидалар билан куйланган. Достонлар мазмунидаги ўхшаш мотивлар, сюжетлардан фарқли ўлароқ, бахши ҳар бир достон ижросида анъанавий клишелардан фойдаланиб келган. Бу худди кинодраматургия жанрлари, режиссёр услуби каби кинематографик қоидалар кабидир. Поэтик ижро, шўх-шодон ижро, насиҳатомуз ижро, сокин ижро – булар бахшиларнинг ўзига хос қўшиқ айтиш услубларидир.

 

Бахши ўз даврининг режиссёри сифатида тингловчилар қаршисида достон ижро этар экан, образга кириш – томошабинни воқеликка олиб кириш, ишонтириш ва қаҳрамон тақдирига бефарқ бўлмасликка чақириш унинг ижро жараёнидаги энг бирламчи вазифасидир. Кино тилида “саспенс” (инглиз тилидан – хавотир, ваҳимали кутиш маъносида) деб аталувчи бу ҳолат, кино пайдо бўлганидан кейин эмас, қадимги юнонлар театри томошалари пайтидаёқ мавжуд бўлган. Қаҳрамоннинг қувончига шерик, қайғусига ҳамдард бўлиш жараёнини ҳосил қила билиш ҳар қандай ижодкорнинг бош мақсадидир. Саспенс ҳодисаси содир бўлмас экан, бахши, қўшиқчи, ҳикоячи, актёр, режиссёр билан аудитория ўртасида ҳам муносабат риштаси ўрнатилмайди. Режиссёр А.Миттанинг фикрича, “Саспенс – айни пайтда ва ҳозирнинг ўзида содир бўлаётган ҳодисага аудиториянинг муносабатидир. Аудитория билан персонажнинг ахлоқий қадриятлари умумий бўлиб, персонаж ва томошабин орасидаги ҳиссий заряд бир хил бўлсагина (у қўрқмоқда, мен ҳам ундан ҳавотир олаяпман; у қотилни топмоқчи, мен ҳам қотилни топишларини истайман) саспенс пайдо бўлади. Агарда аудитория қаҳрамон – ўлмаслиги, енгилмаслиги учун қайғурса – саспенс пайдо бўлади”. Бундай ҳодиса бахши ва режиссёр ўртасидаги ижодий ўхшашликнинг зоҳирий кўринишидан биридир.

 

Маълумки, достон айтилиши чоғида ҳикоя этилаётган воқеага бахши ўзининг шахсий изоҳини бермайди. У сўз орқали тасвирий макон яратади ва тингловчининг хаёли бузилишини, бахши олиб кирган  макондан чиқишини истамайди. Аниқроғи, бу мумкин ҳам эмас. Агар бахши дўмбирасини тўхтатиб, воқеаларни изоҳлаш ёки муносабат билдиришга тушиб кетса, тасаввур қобиғи ёрилиб ишонч, хаёлан тасаввур яратиш – кўра билиш имконияти тўхтайди.

 

Режиссурада ҳар қандай эртак ёки эпосни суратга олиш режалаштирилганда илк манбанинг жанрий хусусиятини инобатга олиш муҳим ҳисобланади. Кўп ҳолларда қаҳрамонлик эпосларининг яратилишида фантастик-саргузашт жанрга мурожаат этилади. Ошиқ туркумига кирувчи фольклор асарларини экранлаштиришда эса драма, поэтик драма, мелодрама жанрига таянилади. Баъзида кинорежиссёрнинг ўзига хос нуқтаи назарига асосан жанрлар қоришуви асосида ҳам суратга олиш тажрибаси мавжуд. Камдан-кам ҳолларда фольклор асарларининг соф ғоявий талқини намоён бўлган, лекин бирламчи манба асл ҳолида сақланиб қолган киноасар яратилиши мумкин. Бу маънода “Тоҳир ва Зуҳра” фильмида бирламчи манбаларда устун турган мотивлар кетма-кетлигини сақлаб қолишга эришилган.

 

Худди соф режиссура санъатида бўлганидек, бахши – ҳикоянавис сифатида воқеаларга ҳам, образларга ҳам ўзининг субъектив мулоҳазасини билдирмайди. У монолог ёки диалогларни айтаётган пайтда характерларнинг турли кўринишларини турли ҳолатларда ёритади. Тасаввур этиш мумкинки, ҳар бир қаҳрамон тилидан куйлаш вақтида бахшининг ўзи ҳам образга кирган ва  томошабин қаршисида гоҳ Зуҳра, гоҳ Тоҳир, гоҳ Қоработир, гоҳ Қорахон, вазир, канизак каби қиёфаларни айнан сўз ва товуш ёрдамида турлича ифодалаб келган.

 

Халқ достонлари драматургияси хилма-хил сюжетлар ривожи, образлар тўқнашуви, макон ва замон алмашинуви беҳисоб диалог ва монологлар тугаллигига қурилган. Буларни ёд олган бахшининг ижро маҳорати сирли мўъжиза бўлиб, алоҳида актёрлик маҳорати ҳамда импровизация иқтидорига эга бахшигина йирик эпик достон мазмунига томошабин диққатини узоқ муддат тортиб туриши, умуман, ўз томошабини тасаввурида достоннинг мазмунини ярата олиши мумкин. Демак, муболаға қилиб айтадиган бўлсак, асрлар давомида бахшининг якка ўзи ҳам муаллиф, ҳам режиссёр, ҳам актёр вазифаларини бажариб келган ва келмоқда. Унинг киноижодкорлардан фарқи шундаки, бахши ўз хотираси, билими, қувваи ҳофизаси ва узоқ йиллик тажрибасига таяниб, кўп сонли аудитория диққатини ўзига тортиб туради. Овоз, тингловчини интуитив ҳис этиш қобилияти, бадиҳагўйлик иқтидори юқори бахшилар анъанавий мотивлар, эпик клишелар, мисралардан иборат катта поэтик манба мактабига таяниб, достон куйлайдилар. Айтиш керакки, маълум бир достон асосида суратга олинган фильмнинг асл яратувчиси ҳам аслида бахшидир. Кинорежиссёр эса қанчалик ажойиб, бетакрор фильм суратга олишидан қатъи назар, у достонни ярата олмайди, аксинча, бахшининг асарини экранлаштиради, холос.

 

Афсона – сценарий – фильм

 

Сценарий расман А.Спешнев ва С.Абдулла ҳамкорлигида яратилган, деб қайд этилган бўлса-да, режиссёр Н.Ғаниев, сценарист В.Швейцернинг хизматларини инкор этиб бўлмайди. Шунингдек, 1942 йилда бошланган ижодий жараёнда Тошкентга эвакуация қилинган россиялик киноижодкорлар ҳам ўз маслаҳатлари билан иштирок этганлар. Бу тўғрида фильм юзасидан ўтказилган кўплаб муҳокамалар сценограммалари,  Ўзбекистон Давлат архиви фондида сақланаётган ҳужжатлар гувоҳлик беради. Хусусан, сценарийнинг дастлабки вариантларини ёзишда иштирок этган В.Швейцернинг фикрича, “Тоҳир ва Зуҳра” поэтик жиҳатдан олий даражадаги халқ афсонасидир. Сценаристларнинг асосий вазифаси XIV асрда яратилган афсона воқеаларини ҳаётий ҳақиқатга айлантиришдан иборат бўлиши керак. Тарихий ҳақиқатни эмас, психологик, инсоний ҳақиқатни ифодалаш керак”.

 

“Тоҳир ва Зуҳра” кинофильмида афсонанинг асл манбасида акс этган “Шикорга чиқиш”, “Дарвешнинг олма бериши”, “Подшо ва вазир аҳдлашуви”, “Тоҳирнинг чўлга ташлаб кетилиши” каби мотивлар йўқ. Фильм тўғридан-тўғри Бобохоннинг фарзанд кўргани ҳақида жарчининг хабари билан бошланади. “Тоҳир ва Зуҳра” достонининг айрим вариантларида Тоҳирнинг отаси подшонинг вазири бўлиб келади. Туркиялик фольклоршунос Ф.Туркменнинг “Тоҳир ва Зуҳра” достони вариантларини ўрганишга бағишланган асарида келтирилишича, “Оилаларнинг ижтимоий қурилиши: барча вариантларда Зуҳранинг отаси, баъзан ҳукуматдаги ва мамлакатда аниқланган оддий подишоҳ, баъзи вариантларда эса бадавлат бир одам, вазир ва бек бўлган одам сифатида тақдим этилмоқда... Тоҳирнинг отаси йигирма тўрт вариантдан ўн иккитасида Зуҳранинг отаси вазиридир... Оғзаки вариантларда подишоҳнинг қариндоши бўлиши баробарида, фақир бир инсон, Родоп вариантида Зуҳранинг отаси чўпони, Арнавут вариантида эса хизматкори сифатида кўрсатилгандир”. Бу фикрдан англаш мумкинки, ўзбек кинофильмида Тоҳирнинг отаси фақир киши бўлиб кўрсатилгани тўқима образ бўлмай, бу образнинг эпик асоси мавжуд. Иккинчи томондан давр талабига кўра ҳукмрон синф – салбий, мазлум синф – ижобий ифодаланиши шарт бўлган драмада Тоҳирнинг отаси оддий жангчи этиб кўрсатилиш табиий эди.

 

Дастлабки эпизодларда Бобохон ва унинг жангчиси Боҳир бир кунда фарзанд кўрадилар. У Бобохоннинг фармонига мувофиқ  ўғлини хоннинг саройига олиб боради. Йўлда Бобохоннинг душмани Сардор (халқ йўлбошчиси) Боҳирни тўхтатишга уринади: “Сендан бўлак ҳеч ким боласини олиб бораётгани йўқ, сенга ўхшаган қулларнинг боласи саройда барака топмайди. Ҳар қанча хатарли бўлса ҳам сенга шуни айтгали келдим”.

 

Айнан Сардор образини ХХ асрнинг 40-йилларида собиқ совет тузуми бадиий ижодида устун турган социалистик реализмнинг меваси дейиш мумкин. Чунки халқ оғзаки достонларидаги мотивлар афсонавий эпик клишелар асосига қурилса-да, моҳиятан ёлғон  структурадан холи ҳисобланади. Драма ва фильмдаги Сардор образи эса социалистик реализм методи талабларига кўра ҳукмрон кучлар билан меҳнаткаш халқ ўртасидаги бўрттирилган конфликтнинг умумлашма кўринишидир.

 

Достонда Тоҳир вазирнинг ўғли бўлиб, Тоҳир ва Зуҳра саройда биргаликда улғаядилар, бирга мактабга борадилар. Сарой аёнларининг қутқуси сабаб Бобохон Зуҳранинг отасини шикорда отиб ўлдиради. Фильмда Боҳир хоннинг фармони билан ўлимга ҳукм қилинган Сардорни қочириб юбориб, ўзи дор остига боргани сабабли Бобохон уни шикорда отиб ўлдиради. Қиёсий ўрганилса, вербал матндаги мазмун билан визуал тасвир орасида катта фарқ йўқдек. Иккисида ҳам Бобохон Тоҳирнинг отасини шикорда отиб ўлдиради. Лекин драматургия жиҳатидан фильмдаги конфликтнинг сабаби аввалига номаълум бўлса ҳам, кейинги сюжетларда очиқлана боради. Достонда эса хон бошқаларнинг гапига кириб вазирини ўлдириши моҳиятан конфликтнинг “пишиб етилмаган” ҳолда ифодаланганини кўрсатади.

 

Кинофильмда шоир-бахши образида намоён бўлган Нозим ҳам ўзи ҳикоя этиб бошлаган ўтмиш воқеаларнинг фаол иштирокчисига айланади. Бобохоннинг сўзи билан чақалоқларга Тоҳир ва Зуҳра исмини у қўяди, шикорда кузатувчи бўлади ва кейинроқ, Тоҳирнинг энг яқин маслаҳатчиларидан бирига айланади.

 

Достоннинг Муқимий мусиқали драма театрида саҳналаштирилган вариантида айтилган ариялар ҳам халқимизнинг севимли куй-қўшиқлари қаторига қўшилган. Бунга яна бир сабаб уларнинг “Тоҳир ва Зуҳра” кинофильмига киритилганидир. Чунки достоннинг кинематографик талқинида Тоҳир ва Зуҳра учун махсус саҳна яратилиб, актёрлар театр саҳнасидагидек турғун ҳолатда эмас, қўшиқнинг ҳар бир мисрасига мосланган кадр композициясида эркин ҳаракатланиб қўшиқ айтадилар. Актёрлар учун яратилган мизансаҳналар фильмнинг бетакрор миллий руҳ касб этишида муҳим ўрин тутган.

 

Тоҳир кеч тушишини кутиб, Зуҳранинг кўшки олдига келиши лавҳасида  Зуҳра боғ ичкарисида:  “Қаламлар тафсифингда мадҳилар доим талошингда, Чиройлилар чекиб саф буйруғинг кутмоқда қошингда”, деб қўшиқ айтиши,  ўз навбатида Тоҳир: Эй, қуёш, Эй қуёш, кўрсат юзинг, Тунда бағир қонланмасин, Тун қароси ёру зулфидек Паришонланмасин”, деб куйлаши фильмнинг мусиқий безаги бўлиб қолмай, балки драматургик жиҳатдан сюжетни ривожлантирган – икки ёш ва соф муҳаббат шайдоларининг кўнгил кечинмаларини юксак поэтик тасвирларда ифодалаган. Бу қўшиқлар ҳанузга довур халқнинг энг севимли лирик ашулалари қаторидан жой олган. Холбуки, бу қўшиқлар матнини драматург С.Абдулла ёзган, мусиқаси эса бастакор Т.Жалилов томонидан басталангандир.

 

Достондаги айни шу лавҳа ҳикояси билан фильмдаги  кадрлар бир-биридан вербал ва визуал тасвирий ифодаси билан фарқ қилади, холос. Икки асар ҳам драматургик структурасига мос равишда ўз тингловчиси, ўқувчиси ва томошабини кўз ўнгида етарли даражада визуал тавсирларни ярата олган. Келтирилган мисоллардан кўринадики, бахши айтиб келган достонларда кейинчалик кинодраматургияда ривож топган услуб, шакл, мажозий ифодалар қўлланиб келинган.

 

Фильмда анъанавий эпик тизим достондагидек айнан кўрсатилмаган. Лекин Тоҳирнинг синовлардан ўтиши босқичлари етарли даражада реаллаштирилган. Айниқса, уни сандиққа солиб, дарёга оқизиш лавҳаси фильмнинг энг кульминацион эпизодларидан биридир. Достонда ҳам сандиққа солиб оқизилган дамларни ҳикоя қилишда бахши юқорида айтиб ўтганимиздек, тингловчини “саспенс” ҳолатида ушлаб туради. Тингловчининг тасаввурида Тоҳирнинг онаси монологи, ўғилнинг онага мурожаати, бу ҳолатга бефарқ жаллодлар образи, дарё бўйига келган Зуҳранинг кўз ёши, ҳаракатлари ва ҳоказо элементлар жонланади. Фильмда ҳам айнан шундай манзара майда деталларигача реал ёритилган. Шу ўринда сценарийнинг биринчи варианти муҳокамасида режиссёр Н.Ғаниев айтган фикрларини келтириш ўринли: “Тоҳир сувга ташланаётганда хоннинг ёнида Зуҳра турибди. Бу яхши эмас. Хон ҳеч қачон ўлим жазоси адо этиладиган жойга қизини олиб келмаган бўларди. Ундан ташқари, қонунан бу мумкин ҳам эмас. Агар Зуҳрани бу жойга чопиб келаётгани ва отасидан ўлим жазосини маън этишини сўраётгани кўрсатилса, қизиқарли бўларди. Нимадир қилиш керакки, томошабин Зуҳрани яхши кўриб қолсин”. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, режиссёр Н.Ғаниев ўз халқи оғзаки ижоди ва маданиятини яхши билгани у яратган асарларнинг барчасида, шу жумладан, “Тоҳир ва Зуҳра” фильмида аниқ кўриниб туради.

 

Фильмнинг шон-шуҳрати

 

Драматург Собир Абдулла хотирлашича, у 1945 йилда Германиядан бир мактуб олади. Мактуб мазмунида, келгусида ёзувчи бўлиб танилган жангчи Мирзакалон Исмоилий Берлиндаги кинотеатрлардан бирида  “Тоҳир ва Зуҳра” номли ўзбек фильмини томоша қилганини, фильм хорижда совет аскарлари учун ғалабага муносиб совға бўлганини, томошабинлар ўзбек достони асосида яратилган ўзбек фильмини катта ҳаяжон билан қарши олганини ва бу ҳолатдан  мактуб эгасида фахр ва ифтихор туйғуларига тўла миннатдорлик ҳисларини  ифодалаган эди.

 

Ҳақиқатан ҳам 1945 йилнинг май ойида, ҳали бу фильм расман тасдиқдан ўтмай туриб, унинг бир неча нусхаси зудлик билан чет элларда кўрсатилишига рухсат берилган. Афсуски, фильм тайёр бўлганида, урушнинг тугашига саноқли кунлар қолганда – мазкур асарни суратга олиш ташаббусини биринчи бўлиб илгари сурган ўзбек генерали Собир Раҳимов ҳалок бўлган эди.

 

Ўзбек халқ достони экранларда дунё кезиши, жаҳон халқлари меҳрини қозониши, бугунги кунда ҳам ижодий мактаб вазифасини сценарийнавислар С.Абдулла, А.Спешнев, постановкачи режиссёр Н.Ғаниев, режиссёр Й.Аъзамов, рассом В.Еремян, операторлар М.Краснянский, Д.Демуцкий, М.Крюков, В.Морозов, композитор А.Козловский, овоз оператори К.Бўрибоев, яккахон қўшиқлар мусиқаси бастакори – Т.Жалилов, монтажчи – Р.Шор, маслаҳатчи археолог, тарихчи олим Яҳё Ғуломов ҳамда бош ва етакчи роллар ижрочилари Тоҳир – Ғ.Аълоев, Зуҳра – Ю.Ризаева, Қоработир – Ш.Бурҳонов, Бобохон – А.Исматов, Вазир – О.Жалилов, Нозим – Р.Ҳамроев каби актёрлар ансамблидан иборат ижодий гуруҳнинг хизмати катта.

 

Қисқа муддатда собиқ совет республикаларида катта муваффақият қозонган “Тоҳир ва Зуҳра” фильми ва унинг ижодкорлари дунёга танилди. Ҳақиқий миллий ўзбек кинофильми сифатида тарихга кирган фильм чет эл томошабинига намойиш этилишидан сўнг, ўзбек кинорежиссёри Н.Ғаниев Голливуд студиясига таклиф этилгани ҳақида киношунос Х.Абулқосимова шундай ёзган эди: “Тоҳир ва Зуҳра”... чет элда шов-шувга сабаб бўлди. Н.Ғаниевнинг истеъдодини намойиш этган бу асарнинг бадиий даражаси режиссёрни Голливуд студиясига, “Минг бир кеча” фильми постановкасига таклиф этди. Лекин “совуқ уруш”нинг бошланиши туфайли четга чиқишнинг тўхтатилиши бунинг амалга ошишига имкон бермади”.

 

“Тоҳир ва Зуҳра” кинофильми хусусида сўз юритилганда кўпинча режиссёр маҳорати ва актёрлар ижросига кўп тўхталамиз. Аслида, кадр ортидаги ижодкорлар – рассом, оператор, бастакор, монтаж устаси, овоз оператори каби ижодий гуруҳ аъзоларининг меҳнати ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Хусусан, рассом В.Еремян декорацияларда акс эттирган сарой муҳити, актёрлар либоси эскизлари, оператор Д.Демуцкий натурада суратга олган Самарқанддаги Регистон майдони, Ургут, Шоҳимардондаги мизансаҳналар, “Родина” кинотеатри биносидаги павильонларда суратга олган кадрларнинг ҳар бири алоҳида таҳлил қилиб, ўрганишга арзийди. Шу билан бирга яккахон қўшиқлар мусиқасини басталаган Ўзбекистон халқ артисти  Тўхтасин Жалилов маҳорати ва ўзбек халқ куйига мос равишда мусиқа ёзган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор Михаил Козловский мусиқалари ҳам катта бир тадқиқот объекти сифатида ўрганилишга муҳтож.

 

Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Санъат

16:12 / 12.12.2025 0 47
Насриддин Афанди қози бўлганми?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 25758
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//