Совет режимига қарши олиб борилган қуролли ҳаракат (1918–35 йиллар) мавзуида сўнгги йилларда кўплаб илмий тадқиқотлар қилинди, дастлабки бадиий асарлар дунё юзини кўрди. Хусусан, қуролли ҳаракатнинг йирик намояндаларидан бири Муҳаммад Иброҳимбек лақай образи бир неча асарда қаламга олинди. Мазкур асарлар таҳлилига ўтишдан аввал ушбу тарихий шахс таржимаи ҳолига оид муҳим маълумотларни келтириб ўтсак.
Муҳаммад Иброҳимбек лақай – Шарқий Бухоро минтақасида, кейинчалик Ўзбекистон ССР ва Тожикистон АССРнинг тоғли ҳудудларида қизил армияга қарши жанг олиб борган йирик қўрбошиларидан бири. У 1889 йили Душанбе яқинидаги Кўктош қишлоғида, лақай уруғининг эсонхўжа шахобчасига мансуб амалдор Чақабой тўқсабо хонадонида туғилган (Ражабов Қ. Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш. Т., “Маънавият”, 2002, 31-бет). Сиёсатшунос Насриддин Назаров “Муҳаммад Иброҳимбек лақай” китобида ёзишича, Чақабой тўқсабо тўрт хотиндан олти ўғил ва олти қиз кўрган. Фарзандларининг барчаси турли ёшда вафот этиб, фақат кенжа ўғил Иброҳим омон қолган. У мусулмон мактабида ўқиб савод чиқарган, мадрасада таълим олган.
1919 йилда Ҳисор беги уни қоровулбеги унвони билан тақдирлаб, Кўктош лақайларидан закот йиғишга мутасадди этиб тайинлаган (Назаров Н. Муҳаммад Иброҳимбек лақай. Т., 2006, 14-бет). 1921 йил сентябрда ўтказилган Бухоро қўрбошиларининг қурултойида Иброҳимбекка “Ислом лашкарбошиси” деган унвон берилган (Ўзбекистон тарихи. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида. Иккинчи китоб. Масъул муҳаррир: М. Жўраев. Т., “Шарқ”, 2000, 254-бет). Иброҳимбек қизил армияни Бухоро тупроғидан ҳайдаб чиқариш, Бухоро амирлигини тиклаб, собиқ амир Саид Олимхонни қайта тахтга ўтқазиш йўлида 1926 йилгача қизил армияга қарши омонсиз курашган. Ўрта Осиё ҳарбий округининг асосий ҳарбий кучлари унга қарши ташлангач, кучлар нисбати тенг бўлмагани сабабли Афғонистонга ўтиб кетишга мажбур бўлган. Иброҳимбек 1926-27 йиллари Кобул яқинидаги Қалъаи Фотуда Бухоро амири Саид Олимхоннинг қароргоҳида яшаган. Афғонистон давлати унга беш юз эллик кобулий рупия ойлик маблағ тайин этган (Амир Саййид Олимхон. Бухоро халқининг ҳасрати тарихи. Т., “Фан”, 1991, 15-бет).
Иброҳимбек 1928 йил охирида Шимолий Афғонистонга бориб ўз мавқеини мустаҳкамлай бошлаган. 1929 йилда саркарда йигитларининг сони 4000 нафарга етган (“Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш”, 37-бет). Иброҳимбек 1930 йил апрелдан то 1931 йил июнгача қизил армияга қарши қақшатқич зарбалар берган. Аммо у 1931 йил 23 июнда ОГПУ жангчилари ва совет чекистлари томонидан Боботоғда қўлга олиниб, 1932 йил 31 августда қатл қилинган.
Саййид Таваккалхоннинг 2009 йил Душанбе шаҳрида чоп этилган “Муҳаммад Иброҳимбек” қиссаси шу мавзуда. Асарни ёзишда Я.Нальскийнинг уч жилдлик “Шарқий Бухоро тоғларида”, сиёсатшунос олим Насриддин Назаровнинг “Муҳаммад Иброҳимбек Лақай” асарларидан ва ёзувчи Набижон Боқий тақдим этган архив ҳужжатларидан фойдаланилган. Шунингдек, муаллифга Муҳаммад Иброҳимбек билан бир сафда жанг қилган Элмурод бобо, Субҳонқул ботир бобо, Мулло Абдураҳим бобо, Ўроқ бобо каби ўндан ортиқ гувоҳнинг хотиралари асқатган.
Саййид Таваккалхон Иброҳимбек жанг олиб борган ҳудудда ўсиб улғайгани боис жой номлари, оғиздан оғизга кўчиб юрувчи афсона ва ривоятларни ўринли ишлата олган. Лекин қиссада Иброҳимбек образини идеаллаштиришга уриниш ҳам мавжудки, буни зукко китобхон илғаши тайин.
Муаллиф бош қаҳрамон қиёфасини бундай тасвирлайди: “Бек бобо узун бўйли, қотма, бурунлари эниб келган, қошу кўзи қора, қора соқол, тиниқ, оқ юзли, ёноқларида камроқ қизиллик акс этиб турар, хушбичим одам эди”.
Қиссада, шунингдек, Амир Олимхон, афғон амири Омонуллахон, қоратегинлик Фузайл махсум, туркиялик Анвар пошо, Азим қўрбоши, Асадуллобек, Эгамберди ботир, Субҳонқул ботир, мулло Абдураҳим (Иброҳимбекнинг мирзаси), Қаюм парвоначи, эшони Исохон бобо, Путовский, Сталин, Калинин каби тарихий шахсларнинг номи келтирилган.
Асарда қизил армиянинг қишлоқларга ўт қўйиши, аҳолининг аёвсиз таланиши, Иброҳимбекнинг стратегияси ва жанг тактикаси, марказнинг нуфузли кишиларни вакил қилиб юбориб саркардани таслим этишга урингани ва у лақай уруғини қирғиндан сақлаб қолиш учун душманга ён бергани каби нозик жиҳатлар қаламга олинган.
Муаллиф Иброҳимбек тақдири мисолида ўта мураккаб ва зиддиятли тарихий даврни тасвирлаган. Совет режимига қарши қуролли ҳаракатни тугатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, бу мақсадда барча сиёсий ва ҳарбий чоралар кўрилган эди. Курашга совет аппарати ва қуйи партия органлари ҳам жалб этилган. Ҳукумат жойларда тарғибот-ташвиқотни кучайтирган, маҳаллий аҳолидан милиция ва кўнгиллилар отрядини тузиб, улардан қўрбоши гуруҳларига қарши курашда фойдаланган. Истиқлолчилар томонига ўтиб кетмаслиги учун кўнгиллилар отряди вакилларини коммунистик руҳда тарбиялашга эътибор қаратилган, улар моддий таъминланган.
Таниқли ёзувчи Тоғай Муроднинг 1994 йил “Шарқ” нашриётида чоп этилган “Отамдан қолган далалар” романи иккинчи бобида қизил армияга қарши курашган мужоҳид Ақраб қўрбоши ҳақида сўз боради. Қолаверса, романда Иброҳимбек қўрбошиларнинг сарбони, унинг қўл остида жанг қилган Ақраб қўрбоши эса ватанпарвар, мард ва зукко шахс ўлароқ тасвирланган. Ақраб қўрбоши полковник Чанишевни баҳсда енггани, давлат арбоби Куйбишев, совет саркардаси Фрунзе қаршисида отдан тушмаган полковник Ақраб қўрбошига ҳурмат юзасидан отдан тушгани таъсирчан ифодаланган. Ақраб қўрбоши тилидан айтилган “Қизиллар келди, қизил ранг бу – қон ранги, бу яхшилик аломати эмас”, деган фикр орқали ёзувчи Ўзбекистоннинг совет даври тарихига мухтасар, аммо мазмундор баҳо беради.
Шунингдек, романда тарихи, маданияти, тили, дини ҳамда урф-одатлари муштарак бўлган ягона Туркистон ўлкасини бўлиш сабаблари қаламга олинган. 1924-25 йилларда Ўрта Осиёда амалга оширилган миллий-ҳудудий чегараланиш сиёсати оқибатида туркий халқлар бўлиниб кетди. Бизнингча, бундан кўзланган мақсадлардан бири Ўрта Осиёда Иброҳимбек, Ёрмат Махсум, Фузайл Махсум, Жунайдхон сингари йирик қўрбошиларнинг совет режимига қарши қуролли ҳаракатини тугатишдан иборат эди.
Қизил армияга қарши кураш иштирокчилари ўртасидаги зиддиятлар, бир ёқадан бош чиқармаслик, хоинлик, мансабпарастлик, қолаверса, совет ҳокимиятининг ўлкада юритган адолатсиз сиёсати китобхонни мушоҳада қилишга ундайди. Демак, мазкур мавзудаги бадиий асарлар ёш авлодни ватанпарварлик, миллатсеварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Феруз БОБОЕВ,
ЎзФА Тарих институти
катта илмий ходим-изланувчиси
“Tafakkur” журнали, 2015 йил 2-сон.
“Саркарданинг фожеий қисмати” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Холбой
12:01 / 01.01.1970
Узбек кахромони , номини улуглаб, кучалар , бинолар иншоотларга номини куйишни тавсия этаман. Якинда Узбекистон олий суди тамонидан окланди. Номи абадийлаш биз авлодларга олий вазифа.