Туркистоннинг дастлаб Чор империяси, кейин эса большевиклар томонидан истило қилиниши минглаб инсонларни муҳожирлик номли оғир тақдирга дучор этди. Ҳар бир тонг уларнинг олдига янги синовларни, забт этилиши лозим улкан довонларни рўбаро қилди. Бироқ улар чекинмадилар. Ана шу чидам, сабр ва қатъиятнинг ортида Туркистонга бўлган чексиз муҳаббат ётарди.
Тарихчи олимлар Шодмон Ҳайитов ва Немат Собировларнинг қайд этишича ўзбек муҳожирлари тарихини 3 даврга бўлиш мумкин. Бу даврлар қуйидагичадир:
– 1917 йил октябрь тўнтаришига қадар хорижга кетиб қолган ўзбек ватандошлар;
– ХХ асрнинг 20–30-йилларида хорижга кетган ватандошлар;
– II жаҳон уруши йилларидаги жангларда иштирок этиб, сўнгра турли сабабларга кўра хорижда қолиб кетган ватандошлар. Бизнинг ушбу мақоламиз иккинчи даврга бағишланган.
ХХ асрнинг 20–30-йилларида совет ҳукумати томонидан амалга оширилган ер-сув ислоҳоти, “қулоқлаштириш” жараёнлари, 1931–1933-йилларда минглаб хусусий хўжаликларни тугатиш ҳисобига миллионлаб одамларни колхозларга зўрлаб киритиш сиёсати, шунингдек “Миллий Иттиҳод” ва “Наркомпрос” каби сохталик билан уюштирилган ўнлаб жиноий ишлар сабаб кўплаб миллий зиёлилар, савдогарлар, ҳунармандлар, оддий деҳқонлар ўз ватанларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Ўша оғир йилларнинг аччиқ таъмини татиб кўрган Шаҳобиддин Яссавий ўз суҳбатларидан бирида шундай деган эди: “Келажакни башорат қилиб, ҳақиқатни айтган боболаримиз олдида уч йўл бор эди: бири – ҳақ йўлида жонни фидо қилиш, иккинчиси – истибдодга кўниб, тақдирга тан бериш, учинчиси – тарки дунё қилиб, ғариблик жандасини кийиб, ватандан бош олиб кетмак. Не тақдирки, бизларнинг оталаримиз учинчи йўлни танлашган”.
Ватандан кетишга мажбур бўлган минглар ватандошларимиз Афғонистон, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Арабистон ва бошқа яна кўплаб мамлакатларга ҳижрат қилдилар. Хўш, уларнинг кейинги аҳволи қандай бўлди, бошларидан қандай азоб ва уқубатлар кечди? Қуйида шу ҳақда.
Маълумки, туркистонлик муҳожирлар хорижда туриб ҳам Ватани ҳуррияти учун тинимсиз кураш олиб борди. Хусусан, улар томонидан “Янги Туркистон”, “Миллий Туркистон”, “Ёш Туркистон”, “Садойи муҳожирин”, “Туркистон саси” каби ўнлаб журналлар чоп этилиб, саҳифаларида большевикларнинг ватанда олиб бораётган ёвуз сиёсати фош этиб борилди. Айни шу нашрлардан “Ёш Туркистон”да турли мамлакатларга бориб жойлашган туркистонлик муҳожирларнинг ватанни тарк этиш даҳшатлари ва кўчиб борган манзилларидаги турмушига доир муҳим маълумотлар чоп этилган.
Жумладан, ушбу журналнинг 1934 йил 55-сонида Туркистон муҳожирларининг маънавий раҳнамоси, тараққийпарвар уламо Муфтий Садриддинхоннинг (1878-1946) бир хотираси чоп этилган. Муаллиф Ориф Каримий, Ҳибатуллоҳ, Иброҳим, Айюб, Ислом исмли кишилар ва ўзининг большевиклар томонидан ўлим билан таҳдид қилингач Туркистонни тарк этишга мажбур бўлганини таъкидлаб, йўлда учраган машаққатлари хусусида қуйидагиларни ёзади: “Қоратегиннинг қорли тоғларида яёв йўлға тушғон замонимизда ёнимдан марҳум Ориф Каримийдан бошқа Иброҳим, Ҳибатуллоҳ, Айюб, Ислом деган зобит татар туғонларимиз бор эдилар. Орқамизда рус кучлари бизни таъқиб этмакда эди. Мен тоқатим етмай юролмай қолдим. Ёнимдағиларға ижозат бердим. “Менга қарасангизлар барчамиз тутиламиз. Ҳар ҳолда бандани Аллоҳга ҳавола этиб, сизлар тез-тез илгари юринглар. Мен эсам бир чора кўрарман”, деганимда, марҳум Орифбек “Муфтий афанди, сиз бу сўзларни кимга айтасиз! Ўйланманг, ҳеч истиҳоласиз райингизни сўйланг. Биз сизни қолдириб, ўзимизни қутқарувчилар тугалмиз [эмасмиз]. Ўлим экан баробар ўлурмиз, нажот экан баробар яшармиз. Сизни қолдириб ўзни қутқаражақ қадар тубан сифат тарзда онадан туғилмадиқ”, деди. Бу чин инсонларнинг фидокорона сўзи, вафодорлиғи менга қаноат бериб, бу оқшом тоғ остига қайтиб истироҳат этишни маслаҳат бердим. Ниҳоят [шерикларим] қорларда намат узра судраб қуруқ ерларда елкасига орқалаб шу шаклда Қоратегинга саломат ўтказдилар. Шу фидокорлиқлар биргина шахсимни ҳурмат учун эмас, балки турк миллати ва Туркистон ҳурмати, муҳаббати учун эди”.
Муфтий Садриддинхон афанди.
“Ёш Туркистон”нинг 1933 йил 48-сонида чоп этилган “Туркистондан қочиб Эронға сиғинғонларнинг ҳолидан хабар олинглар” номли мақола ҳам бизга муҳим маълумотларни тақдим этади. Унда ёзилишича, Туркистоннинг Туркманистонидан паноҳ излаб Эронга ўн мингларча оила қочиб чиққан, – сабаб большевиклар томонидан таланганликларидир. Улар ҳамма нарсасини ташлаб, ёлғиз жонларини ўйлаб Эронга қочиб ўтганлар. Мақолада яна шундай аламли сатрларни ўқиймиз: “Уларнинг кун кечиришлари кўп оғир ҳолдадир. Очлиқ, яланғочлиқ, ноҳушлиққа йўлиққонлар. Шуларнинг ҳолидан хабар оладирғон бир мусулмон бугун йўқ десак хато қилмаган бўламиз. Бу турмушдан юрт ҳокималрига хабар берадирғон битта бўлса ҳам киши йўқму?”.
Ҳақиқатдан ҳам большевикларнинг зулм ва истибдоди натижасида Эронга қочиб ўтган туркистонликларнинг аҳволи ниҳоятда оғир бўлган. Худди шу журналнинг 1932 йил 29-сонида чоп этилган “Туркистон қочқинларининг фожиаси” номли мақола ҳам фикримизни қувватлайди. Мустафо Чўқай афанди мақоласининг кириш қисмида Туркистонда большевиклар томонидан ўрнатилган пролетариат диктатураси маҳаллий аҳоли ҳаётини чидаб бўлмас даражада оғирлаштирганини, советлар сиёсати натижасида асрлар давомида ўз меҳнати билан яшаб келган тинч ва меҳнаткаш туркистонликлар она юртларида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан тўла ҳуқуқсиз ҳолатга тушиб қолганини, халқнинг табиий меҳнати билан обод қилинган ерлар устидан назорат марказ қўлига ўтганини, маҳаллий аҳоли эса бу бойликлардан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этилганини қайд этиб, мазкур ишлар мустамлакачилик сиёсатининг яққол кўриниши эканини таъкидлайди.
Бундан ташқари муаллиф совет бошқаруви шароитида Туркистон халқлари нафақат сиёсий ҳурриятдан, балки миллий ривожланиш ва маданий ўзликни сақлаш имкониятидан ҳам маҳрумлигини, совет марказий ҳокимияти маҳаллий иқтисодий ресурсларни тўлиқ ўз назоратига олиб, аҳолининг кундалик тирикчилик манбаларини кескин чеклаганлигини, натижада халқнинг тарихий, диний ва маънавий қадриятлари тизимли равишда камситилиб, топталиб борилганини ҳам урғулаган. Мустафо Чўқайнинг ёзишича, совет ҳукумати томонидан олиб борилган ана шу разил сиёсат сабаб туркистонликлар Эрон, Туркия ва Афғонистонга қочиб чиқишга мажбур бўлдилар ва совет чегарасидан ўтиш асносида уларнинг баъзилари ўз ҳаётларини қурбон бердилар.
Мустафо Чўқай Эронга кўчиб борган туркистонликларнинг оғир аҳволи хусусида ёзар экан: “Бу кунларда биз Эрондан, у ерга қочиб келган туркистонликларнинг аҳволи ҳақида маълумот олдик. Бу тинчлик ва чидаб бўлурлиқ бир тирикчиликни умид қилиб келган бу мамлакатдаги [туркистонликларнинг] қандай бир кун кечираётғонликларини тасвир этмак кўп оғирдир. Туркистонликларнинг унсиз ва қайғули юракларини яраламаслиқ учун биз, қочқин юртдошларимизнинг ҳаётларини тафсилоти ила бу ерда такрор нақл этмаймиз. Шу қадарини демак кифоядирки, олғон мактуб шаклидаги маълумотимизға кўра улар “қордан қутилиб ёмғирға учрағонлар” ва юртларидан олиб чиқа билган матоларининг сўнгги қисмларидан ҳам Эрон божхона идоралари фойдасига маҳрум бўлиб, энди Ҳиндистон ҳукумати ҳимоясига ўта билишни ўзлари учун энг буюк бир хушбахтлиқ деб санамоқдалар…
Туркистонлик қочқинларнинг аҳволи ва уларға ёрдам ҳақида у ердаги Туркия ва Афғонистон консуллари ўз ҳукуматларига ёзғон бўлсалар-да, ҳозирғача ҳеч бир жавоб олинмағон. Юртдошларимизнинг фалокатини енгиллаштирадирган бир жавобнинг олиниб-олинмаслиғи ҳам маълум эмас.
Эронга қочиб чиққан туркистонликларнинг бир гуруҳи.
Бу ватандошларимизға бир ёрдам кўрсата билмак учун, таассуфки, ўзимизда ҳеч бир восита йўқдир. Биз ҳукуматларга мурожаат этиб қочқинларнинг ҳолларини енгиллаштирарлик бир ёрдам қилишларини ўтинамиз. Фақат бундан бизнинг истадигимиз фойдали натижа чиқажакми? Ҳатто бизга ёзмасдан аввал Эрон ҳукуматига ёзиб ҳолларидан шикоят ҳам қилғонлар. Англашилғониға қарағонда ҳатто шоҳ ҳазратлариға ҳам ёзиб мурожаат этганлар. Лекин бу мурожаатлар натижасида қочқинларнинг дардлари камайиши ўрнига, билакс, аввалги фалокатларининг давом этиши тўхташи ўрнига кўргуликларининг маънавий оғирлиғини орттирмоқдадир. “Дўст фалокат чоғида синалар” дерлар. Бизнинг халқ энг катта фалокат ичиндадир. Ватанимиз, халқимиз учун энг қўрқинч бир зиндонға айлантирилган. Халқ тинмасдан курашиб ўзига бир нажот ахтармоқда. Умидсизликнинг сўнг даражасига келтирилган ва рус большевик идораси даҳшатларига чидамак тоқати етган туркистонликларнинг чегарага яқин бўлғонлари қочмоқдалар... Булар назарида Эрон, Афғонистон ва Туркия дунё жаннати бўлиб кўринадир. Бу ўлкаларда ўз диндошлари ва қон-қардошлари яшайдирлар. Энди бу қочқинларнинг диндош Эронда қандай қабул этилганликларини кўриб турибмиз. Бу миллий фожиамизни тасвир эта билмак учун қандай қалам ва қанча қоғоз лозимдир? Ажабо, биз учун миллий ҳуррият ва истиқлол қуёши асло туғмайдирми? Ажабо, қардошларимизнинг (муҳаққақ) аниқ ўлимга қарши нажот ахтариб келган мамлакатлари уларнинг моддий ва маънавий азоблариға қарши карқулоқ ва совуқ юракли бўлиб қолаверадирларми? Биз туркистонликлар миллий душманларимизға қарши курашимизда ҳеч кимсадан ёрдам ўтинмаймиз! Бизнинг бирдан бир ўтинчимиз: ўлимдан қочиб ўзига сиғинарлиқ бир ер ахтарғон юртдошларимизнинг ерлилаштирилишидир. Ажабо, бизнинг бу товушимиз ҳам эшитмасми экан?”, деб ёзади.
Ушбу мақола совет мустамлакачилик сиёсати натижасида вужудга келган туркистонлик муҳожирлар фожеасини акс эттирувчи ноёб ва юқори даражада ишончли тарихий манба сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Унда муҳожирларнинг фақатгина оғир моддий аҳволи эмас, чуқур руҳий изтироблари, миллий ғурури, таҳқирланган инсоний шаъни ҳамда бегона сиёсий маконда дуч келган сиёсий бефарқлик ҳолатлари ҳам ёритилган. Бундан ташқари, Мустафо Чўқайнинг “Биз ҳеч кимсадан ёрдам ўтинмаймиз” деган шиори у ва бошқа туркистонлик муҳожирларнинг қалбида миллий ғурур ва сиёсий мустақиллик руҳининг сақланиб қолганидан далолат беради.
Шу билан бирга “Ёш Туркистон” журналининг 1934 йил 59-сонида Ҳиндистондаги туркистонлик муҳожирлар тўғрисида ҳам муҳим маълумотлар келтирилган. Мақола аввалида Туркистон муҳожирларининг катта қисми Ҳиндистонда яшаётгани, улар бу ерда турли ташкилот ва уюшмаларга бирлашиб юрт озодлиги йўлида кураш олиб бораётгани таъкидланган. Журнал таҳририятининг ёзишича Ҳиндистонда миллий истиқлол учун курашувчи фаол шахслардан бири А.Қ. бўлган.
Журнал таҳририятининг фикрича Ҳиндистонда ҳам совет махфий хизматлари доимо муҳожир туркистонликларни кузатиб борган. Шу боисдан бўлса керак, таҳририят А.Қ. нинг тўлиқ исмини келтирмасдан, қисқартма шаклда ёзишга мажбур бўлган. Биз унинг кимлигини аниқладик – бу инсон Абдулла Қаюмбек эди.
Худди шу Абдулла Қаюмбек журналга йўллаган мактубида Ҳинд диёридаги туркистонлик муҳожирларга доир қуйидаги муҳим маълумотларни келтириб ўтган: “Мен Бумбай, Аҳмадободдағи юртдошларимиз орасинда учратдиғим баъзи бир ҳодисалардан мутаъассир бўлиб айрилғондан сўнг, Ажмир шаҳрига келиб қўндим. Бу ерда йигирма қадар мунаввар талаба юртдошимиз бор экан. Деҳли жамиятига боғланғон бу ватандошларимиз сабрсизлиқ билан юрт қуртулишини [озод бўлишини] кутмакда ва бу йўлда чалишмоқдадирлар. Маҳаллий уламо ва талабалар билан ҳам боғланиб уларни бизнинг ватандағи вазият билан танишдиришға уринарлар экан. Бу ҳолни кўриб жуда севиндим”.
Парчаси келтирилган мазкур хат ХХ асрнинг 1920–1930-йилларида Ҳиндистон ҳудудида шаклланган туркистонлик муҳожирлар муҳитининг ички ҳаёти, ташкилий алоқалари ва мафкуравий йўналишларини акс эттирувчи муҳим тарихий манба ҳисобланади. Муаллифнинг Бомбей (Бумбай), Аҳмадобод ва Ажмир шаҳарларини тилга олиши туркистонлик муҳожирларнинг Ҳиндистонда кенг географик макон бўйлаб тарқалганини ҳамда улар ўзаро маданий-сиёсий алоқалар орқали боғланганини кўрсатади. Шунингдек, хатда Ажмир шаҳрида йигирмага яқин “мунаввар талаба”нинг мавжудлиги алоҳида урғу билан қайд этилади. Бу эса Ажмирнинг сиёсий онг ва миллий тафаккур шаклланаётган муҳожирлик макони сифатида ҳам фаол бўлганини кўрсатади.
Шунингдек хатдан англишилинича, Деҳлида “Туркистон муҳожирлиги бирлиги” тузилган бўлиб, ушбу ташкилотнинг асосий вазифаси Туркистоннинг озодлиги йўлида Ҳиндистон бўйлаб тарқалиб кетган юртдошларни бир мақсад ва маслак йўлида бирлаштириш бўлган. Хусусан, ушбу ташкилотнинг фаол аъзоларидан юқорида номлари зикр этилган Абдулла Қаюмбекдан ташқари Маҳмуд Ҳусайнбек афанди ҳам бўлган. Мустафо Чўқайнинг ёзишича, бу икки шахс 1934 йилнинг июнь ойигача Ҳиндистоннинг айрим ҳудудларини кезиб, Ҳайдарабод ва Бомбейга бориб турли шаҳарларда яшовчи Туркистон муҳожирлари билан кўришиб, уларни миллий озодлик ҳаракатининг моҳияти билан таништириб келганлар. Бундан ташқари улар туркистонлик муҳожирлар билан чекланиб қолмасдан, айни пайтда Ҳиндистоннинг мўътабар уламолари билан учрашиб, уларга Туркистондаги мавжуд вазият ҳамда большевикларнинг ўлкада амалга ошираётган қатағон сиёсати тўғрисида маълумот берган.
“Ёш Туркистон”нинг 1934 йил 57-сонида ёзилишича, “Туркистон муҳожирлиги бирлиги” Ҳиндистондаги туркистонлик муҳожирларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 1934 йил 21 майда катта бир ерни сотиб олиб, у ерда “Дорул-муҳожирин” (Муҳожирлар уйи) номли бино қурганлар. Ўз навбатида эзгу ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир гуруҳ туркистонлик муҳожирлар, хусусан Абдураҳмон афанди 50 рупия, Хўжа Аъзам афанди 33 рупия, Хўжа Масъуд афанди томонидан 58 рупия пул ҳадя қилинган. Муҳожирлар уйида туркистонликларга касб-ҳунар ўқитишдан ташқари савод чиқаришга ҳам катта эътибор қаратилган.
Деҳлидаги туркистонликлардан бир гуруҳи: Биринчи қатор ўнгдан: 1) Абдул Аъзим; 2) Муҳаммад Али; 3) Марҳум Саййид Абдуллоҳ; 4) Абдуллоҳ. Орқадагилар. Иккинчи қатор ўнгдан: 1) Хоъжа Масъуд; 2) Номаълум; 3 Шаҳобиддин қори.
Оғир ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий шароитларга қарамасдан туркистонлик муҳожирлар она ватанда большевиклар томонидан қатағон этилган жадидларни эслаб ўзаро хотира кечаларини ўтказиб турганлар. Хусусан, “Ёш Туркистон” журналининг 1934 йил 51-сонида қайд этилишича Мунавар қорининг ҳам хотира кечаси ўтказилган.
Ушбу хотира кечаси тўғрисида журналда қуйидагилар ёзилган: “Бир гуруҳ кишиларнинг ташаббуси билан шу йилнинг 3 февралида Мунавварқорини эсладик. Кечага туркистонликлардан бошқа озарбойжонлик, идил-ураллик ва туркиялик бошқа туғонларимиздан кўпгина кишилар қатнашдилар. Кечанинг тўрида Мунавварқорининг Туркистон миллий байроғига (!) ўралғон, чечаклар ила безанган буюк бир расми осилғон эди. Мунавварқорининг энг яқин дўстларидан бўлғон Мустафобек мажлисни очиб, бу миллий кураш шаҳидимизнинг ҳаёти, фаолияти ва унинг юртимиз, халқимизға қилғон хизматлари, миллий тарихимизда тутқон ўрни ҳақида изоҳот берганидан сўнг, унинг ўлдирилиши масаласига тўхталиб, Мунавварнинг совет ҳукумати тарафидан ёлғиз Туркистон халқига катта хизмат қилганлиги, бутун халқ тарафидан севилган бир миллат ходими бўлғонлиғи учунгина ўлдирилганлигини алоҳида эслатиб ўтди. Мустафобек эски дўсти ҳақидаги узунгина қилган нутқини кўзларидан оққан ёшлари ила тугатди”.
Ушбу келтирганимиз иқтибосда яна бир муҳим жиҳат бор. Биламизки, шу пайтгача баъзи бир тарихчи олимлар Туркистон Мухторияти давлат сифатида тўла шакллана олмаган, масалан, у ўз миллий байроғини қабул қилишга улгурмаган, Мухториятнинг байроғи сифатида кўрсатиб келинган байроқ аслида унга мутлақо алоқаси йўқ деган фикрга эгалар. Бироқ Мунаввар қорининг хотира кечасида унинг портрети остига илинган байроқ (ўша Туркистон Мухториятининг байроғи эмас деб ҳисоблаб келинган байроқ) Туркистоннинг миллий байроғи сифатида тақдим этилмоқда. Яққол кўриниб турибдики, мухториятчилар миллий байроқни қабул қилишга улгурганлар. Қуйидаги расмга қаранг:
Мунаввар қорининг хотира кечаси, 1934 йил 3 февраль. Марказда Мустафо Чўқай ва туркистонлик талабалар.
Хулоса ўрнида таъкидлаганда, ХХ асрнинг 20–30-йилларида совет мустамлакачилик ва қатағон сиёсати натижасида юзага келган туркистонлик муҳожирлар фожеаси миллий тарихимизнинг энг оғриқли саҳифаларидан биридир. “Ёш Туркистон” журнали саҳифаларида келтирилган материаллар муҳожирларнинг фақат моддий қашшоқлигини эмас, балки уларнинг чуқур маънавий изтироблари, ватанга бўлган садоқати ва миллий ҳуррият йўлидаги фидокорона курашини ҳам яққол намоён этади.
Шунингдек, Эрон, Ҳиндистон, Туркия ва бошқа ўлкаларга тарқалган туркистонликлар энг оғир шароитларда ҳам миллий ўзлигини сақлаб қолишга, жадидлар хотирасини эъзозлашга ва Туркистон озодлиги ғоясини яшатишга интилдилар. Шу жиҳатдан, мазкур манбалар туркистонлик муҳожирлик ҳаракатининг тарихий аҳамиятини, унинг миллий онг ва истиқлол тафаккурини шакллантиришдаги ўрнини ёритувчи муҳим ва ишончли далил сифатида катта илмий қийматга эгадир.
Муслимбек АЛИЖОНОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Тил
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Тил
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ