Насриддин Афанди ҳақида латифа эшитмаган, айтмаган, энг муҳими, унинг ҳангомаларидан завқ олмаган инсон бўлмаса керак. Афанди образи кўз ўнгимизда гавдаланиши билан юзимизга табассум югуради.
Ноябрь ойида Насриддин Афанди билан боғлиқ халқаро тадбир юзасидан Туркия Республикасида хизмат сафарида бўлдим. У ерда “Ўзбекистонда Насриддин Афанди мероси” ҳақида тақдимот қилганимда кўпчилиги ҳайрон бўлиб, “Сизларда ҳам Насриддин Хўжа борми?” дея сўради. Юртга қайтиб тадбир тафсилотлари ҳақида ўртоқлашганимда ҳамкасблар “Уларнинг ҳам Насриддин Афандиси бор эканми, бизники эмасмиди Афанди?” деган саволга тутди. Бу саволларнинг ҳаммасига жиддий туриб “ҳа” деб жавоб бериш мумкин. Чунки Насриддин Афанди образи бизни нафақат Онадўли турклари, балки жуда кўплаб бошқа халқлар билан ҳам бирлаштириб туради.
Хўжа Насриддин Афанди Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Кичик Осиё минтақаларида яшовчи халқларнинг умумий мутойиба қаҳрамони. Туркияда Насриддин Хўжа, Озарбойжонда Мулла Насриддин, Ўзбекистонда Хўжа Насриддин, Қозоғистонда Мулла Носир ва ҳоказо номлар билан аталади.
Афанди сўзининг этимологиясига тўхталадиган бўлсак, “Туркча сўзларнинг этимологик луғати”га кўра (www.этимоложитуркcе.cом), юнонча avtentis (αυθέντης – avthéntis) сўзидан олинган бўлиб, жаноб, ҳазрат, тақсир деган маъноларда даставвал юнон православ руҳонийларга хитобан ишлатилган. 1071 йилда Салжуқийлар султони Алпарслон Византия императори Роман Диогенни Малазгирт (Мансикерт) урушида енггач, турклар Кичик Осиёга оммавий равишда кириб борган. Асрлар мобайнида рўй берган маданий алоқалар жараёнида бу сўз Онадўли туркларининг тилига ҳам ўтган. Ҳозирда турк тилида афанди (efendi) сўзи илмли, маърифатли, зиёли кишиларга нисбатан ишлатилади. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати борки, Салжуқийлар салтанати Марказий Осиё, Эрон, Яқин Шарқ ва Кичик Осиё минтақаларида, аниқроғи, Насриддин Афанди латифалари оммалашган ҳудудларда бир асрдан ортиқроқ вақт давомида ҳукмронлик қилган. Кейинги асрларда юртимизда бунёд этилган Хоразмшоҳлар давлати ҳам Салжуқийлардан ажралиб чиққанини ва маданий алоқалар сақланиб қолганини ҳисобга олсак, мўғуллар босқини давригача бу жараёнлар давом этгани англашилади. Насриддин Афанди образи ҳам ўша даврларда оммалашганини тахмин қилиш мумкин.
Халқимиз Афандини мамлакатимизнинг ҳамма ҳудудларида тасвирласа-да, кўпчилик уни Бухорога нисбат беради. Бунинг биринчи сабаби 1223 йилда Муҳаммад Авфий Бухорий исмли адиб томонидан латифаларни жамлаб ёзилган “Жавомеъ ул-ҳикоёт ва лавомеиъ ур-ривоёт” (Ҳикоялар мажмуаси ва ривоятлар шуъласи) номли асардир. “Насриддин Бухорода” бадиий фильми ва 1979 йилда Бухоро шаҳрининг тарихий марказида, Лаби ҳовуз ёнида Хўжа Насриддин Афандининг ҳайкали бунёд этилгани ҳам бундай қарашнинг оммалашувига таъсир қилган омиллардан.
Нима бўлганда ҳам, бизнинг Афанди халқимизнинг ғам-ташвишларини аритиб, ҳамиша ҳамнафас бўладиган, чигал муаммоларнинг ноодатий ечимини топиб берадиган, фожиаларни кулиб енгишга ўргатадиган хаёлий қаҳрамондир.
Туркиялик Насриддин Хўжанинг таржимайи ҳоли бошқача. У 1208–1284-йилларда Салжуқийлар даврида яшаган тарихий шахс. 1208 йилда мазкур салтанатнинг Эскишаҳар вилоятидаги Хўрту қишлоғида (бугунги Туркия) туғилган. Онадўли Салжуқийлари давлатининг пойтахти Кўниядаги мадрасаларда таҳсил олган. Кейинчалик Акшеҳир (Оқшаҳар) шаҳрига кўчиб ўтиб, мутасаввуф Маҳмуд Ҳайронийдан Яссавийлик, Мавлавийлик тариқатларидан сабоқ олган. Таҳсиллардан сўнг шу шаҳарда қози бўлиб ишлаган ва 1284 йилда шу ерда вафот этган. Акшеҳир Рим, Византия, Салжуқийлар ва Усмонийлар империяларига оид бой тарихий меросга эга тоғ ён бағридаги баҳаво ва гўзал шаҳар.
Яқин ўтмишгача бу шаҳарда турклар билан бирга юнонлар, арманилар, ҳатто рус казаклари ҳам яшаган. Биринчи жаҳон уруши даврида ташқи кучлар таъсирида салтанатнинг ички ҳудудларида арманилар исёни бўлавергач, улар Усмонийлар давлатининг “таҳжир” (ғайриихтиёрий кўчириш) сиёсати билан мамлакатнинг бошқа манзилларига кўчирилган. Урушдан кейин Усмонийлар салтанати ағдарилиб, республика эълон қилингач, Юнонистон билан имзоланган “мубодала” (алмашинув) битимига асосан юнонлар ва уларга яқин православ халқлар (ҳатто Кўниядаги христиан “қарамон” турклари ҳам) Юнонистонга, турклар ва уларга яқин мусулмонлар эса Туркияга кўчирилган. Рус казакларининг тарихи бундан ҳам қизиқ. Улар 1831–1833-йилларда юз берган Миср волийси Кавалалик Меҳмет Али пошо исёнини бостиришда Россиядан юборилган ёрдамчи ҳарбий куч билан келган ва уларнинг бир қисми бугунги Акшеҳир ҳудудларида қолиб кетган. Казаклар бир неча марта кетмоқчи бўлсалар-да, турли сабаблар билан кўчиб кетолмаган (сўнгги марта Совет Иттифоқи тузилгач уриниб кўришган). Баъзилари қизил салтанатдаги Сталин қатағонига учрашдан қўрққан эса-да, бир қисми йўлга чиққан. Ватанига етиб борганида босимга учраса, конвертга бир чети букланган, тинчлик бўлса букланмаган бўш қоғоз солиб юборишга келишилган. Аммо кетганлардан икки чети букланган қоғоз солинган конверт келган. “Аҳвол жудаям оғир”лигини хулосалаган бу ёқдагилар Туркиядан кетмасликка қарор қилади. Улар кейинчалик советлардан норози гуруҳ сифатида АҚШдан бошпана топган.
Акшеҳирда арманилар ва юнонларнинг уйлари, ҳаммомлари, черковлари ва бошқа бинолари ўз ҳолича сақланиб қолган. Ҳозирда бу бинолардан уй, музей, идора, муассаса ва бошқа мақсадларда фойдаланилмоқда.
Ранг-баранг маданий мероси бўлишига қарамай Акшеҳирнинг бугунги маънавий қиёфаси бутунлай Насриддин Хўжага бағишлаб дизайн қилинган. Насриддин Хўжа хиёбони, уй музейи ва унда мум ҳайкаллар, шаҳарнинг бир нечта нуқтасида у билан боғлиқ латифаларни акс эттирувчи ҳайкаллар ижод этилган. Акшеҳир марказида Насриддин Хўжа атрофида замонавий турк ҳажвия санъати намояндаларининг ёдгорлиги ҳам ўрнатилган. Унинг мақбараси шаҳар марказидаги хиёбонлардан бирида жойлашган.
Ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи ҳафтаси давомида “Машҳур мутафаккир, кулги устаси, халқ файласуфи Хўжа Насриддин Афандининг вафоти куни муносабати билан хотирлаш” тадбирлари ўтказилади. Бу тадбир шунчаки хотира тадбиридан тубдан фарқ қилади. Чунки тайёргарлик бутун мамлакат миқёсида анча аввал бошланади. Ҳар қандай маданий мерос келажак авлоднинг қалбига сингдирилгандагина қадриятга айланади. Буни яхши тушунган турк маданият соҳаси вакиллари мазкур тадбирни росмана халқ байрамига айлантира олганлар.
Туркия 7 та минтақа ва 81 та вилоятга бўлинади. Йил давомида минтақалар доирасида бошланғич синф ўқувчилари ўртасида Хўжа Насриддин Афанди латифаларининг театрлаштирилган ижроси бўйича мусобақалар ташкил қилинади. Минтақа ғолиблари иштирокидаги финал босқичи эса ноябрь ойининг иккинчи ҳафтасида Акшеҳир шаҳрида Хўжа Насриддин Афандининг вафоти куни муносабати билан хотирлаш тадбирлари доирасида ўтказилади. Бундан ташқари, бутун шаҳар Насриддин Хўжа ва унинг латифаларини эслатувчи безакларга бурканади.
Шаҳар ҳокимлиги ҳамда Туркия Маданият ва туризм вазирлигининг саъй-ҳаракатлари билан 2022 йилда Хўжа Насриддин Афанди латифаларини айтиш санъати UNESKO халқаро ташкилотининг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган. Фақат ўзимизники деб ҳисоблаб юрганим Хўжа Насриддин Афандининг мероси бўйича қардошларимиз шунча ишларни амалга оширгани, тўғриси, мени ҳайратлантирди, ҳавасимни келтирди.
Ким билимдон – кўп ўқиганми, кўп кезганми, деган саволга: кўп ўқиб кўп кезган, деб жавоб беришган экан донолар. Шу пайтгача Насриддин Афанди ҳақида ўқигандик, аммо олис бир юртда унинг бу қадар улкан мероси борлиги ҳақида билимим оз эди. Биргина хизмат сафари билан шунча маълумотдан хабардор бўлдим.
Халқимизнинг бой ва теран маданий, маънавий мероси бу борада ҳам жуда кўплаб ишларни амалга оширишга имкон беради. Хусусан, Хўжа Насриддин Афанди Ўзбекистоннинг ҳам маданий-маънавий қадриятларининг ажралмас қисми бўлиб, мусулмон шарқи халқлари орасида жуда машҳур шахсиятлардан биридир. Ўзбекистонда Хўжа Насриддин Афанди сиймосига доир бундай форматдаги халқаро тадбирларнинг ташкил этилиши мамлакатимизнинг “юмшоқ кучи”ни халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш баробарида, туризм хизматларини диверсификация қилиш, даромадларини ошириш ва иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.
2022 йилда Туркия Республикасининг таклифи асосида “Хўжа Насриддин Афанди латифаларини айтиш санъати” UNESKO халқаро ташкилотининг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилганини инобатга олиб, мазкур маданий мероснинг Ўзбекистонга ҳам тегишлилигини UNESKOнинг ҳужжатида қайд этиш юзасидан мурожаат қилиш ва музокаралар олиб бориш маданий меросимизни халқаро миқёсда тарғиб қилишда беқиёс аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, халқимизнинг биз очолмаётган хазина сандиғида Хўжа Насриддин Афанди каби бебаҳо сарватлар беҳисоб. Уларни, аввало, ўзимиз ўрганиб, кейин ўзимизнинг меросимиз сифатида дунёга танитиш учун қиладиган ишларимиз ҳали жуда кўп.
Анвар ЮСУПОВ,
мустақил журналист
Маънавият
Тарих
Тил
Тарих
Ватандош
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ