Султaнов Искaндaрбек Рустaмбек ўғли 1897 йил 25 майда Озарбойжоннинг Зангазур уезди, Ҳаcисамли қишлоғи, Қосимушоға ободида (ҳозирги Лочин тумани) туғилган. Искандарбекнинг отаси Рустамбек Пошабек ўғли 1881–1890-йиллар Шуша реал мактабида, 1890–1897-йилларда Санкт-Петербургдаги технология институтида таҳсил олган илк озарбойжон муҳандис-технологларидан бири эди. 1918 йилгача Бокудаги нефт магнатлари компанияларида ишлаб, 1918–1920-йилларда Озарбойжон Жумҳурияти ҳукумат заводлари раҳбари, “Aзнефт”нинг директори лавозимларида фаолият юритган.
Искaндaрбек Рустaмбек ўғли 1909–1916-йиллар Боку Тижорат мактабида, 1916–1917-йилларда Москва Тижорат институтида ўқиган. Унинг ҳаётида амакиси Хосровбек Пошабек ўғли Султонов (1879)нинг таъсири катта бўлган. Хосровбек аввал Ганжа гимназиясида, кейин Харков, Одесса шаҳарларида тиббиёт бўйича таълим олган. 1904 йилдан шифокор сифатида иш бошлаган. 1915–1917-йилларда Боку мусулмон хайрия жамиятининг Биринчи жаҳон урушидан зарар кўрган мусулмонларга ёрдам учун Усмонли империясига юборган ҳайъати раҳбари бўлган. 1918 йил Қафқоз Ислом Aрмияси Озарбойжон Жумҳуриятининг пойтахти Боку шаҳрини босқинчилардан озод қилганидан сўнг Озарбойжон Жумҳуриятининг биринчи ҳарбий вазири, кейинроқ деҳқончилик ва давлат мулки вазири бўлиб хизмат қилган. 1919 йил 15 январда Қарабоғ генерал-губернатори этиб тайинланган.
Искaндaрбек Султaнов Ватан озодлиги йўлида Қафқоз Ислом армиясига хизматга кирди. Жангларда кўрсатган жасорати учун қўмондон Нуру пошо томонидан Усмонли империясининг “Мажидийя” ордени билан тақдирланди. 1919 йилдан Қарабоғ генерал-губернатори бўлган амакиси Хосровбек Султоновнинг шахсий қўриқчиси бўлиб, Қарабоғ ва Зангазур мудофааси учун жангларда мардонавор иштирок этди. Искaндaрбек Султaнов жанглардан бирида чап кўзидан айрилган.
1919 йил охирида Озарбойжон Жумҳурияти томонидан етук кадрларни етиштириш мақсадида кўплаб ёшлар хориж олий таълим муассасаларига юборилган. Жумладан, 1920 йил 15 январда Германияга таълим олишга юборилган 80 нафар талабалар сафида Искaндaрбек Рустaмбек ўғли бор эди. Афсуски, 1920 йил апрелида Озарбойжон Жумҳурияти большевиклар томонидан маҳв этилиб, Хосровбек май ойида Бокуда ҳибсга олинган.
Искандарбек Султонов аввал тезкор тил ўрганиш курсида ўқийди. 1921-1922-йиллар озарбойжонлик талабалар иттифоқи аъзоси сифатида Ватанида кечаётган сиёсий жараёнларни диққат билан кузатиб борди. Таҳсилда ўзининг шифокорлик йўналишини ўзгартириб, муҳандислик соҳасини танлайди. У 1928 йилгача Берлиндаги Шарлоттенбург олий техника мактаби тоғ-кон йўналишида ўқийди. 1928–1932-йиллар давомида Берлинда турли идораларда мутахассис ва таржимон вазифаларида иш олиб борди. 1932 йил “Ёш кавказликлар” жамиятига кириб, Европа заминида советлар давлатида кечаётган миллий зулм ва ҳақсизликлар ҳақида бонг урди. Бироқ у 1933 йил совет хуфялари томонидан Берлиндаги совет консуллиги орқали ватанга қайтарилди.
Искандарбек Султонов 1933 йил 5 сентябрда Озарбойжонга келиб, 1933 йил 25 сентябрдан Озарбойжон ССР Нефт компаниясида электро-қидирув бўлимида муҳандис бўлиб иш бошлайди. Бироқ унинг эркин фаолият олиб боришига йўл берилмади. Турли баҳоналар билан тез-тез сўроққа тортилар, меҳнат жамоасида ҳам, жамият ичида ҳам унинг обрўсини пасайтиришга интилишар эди. Аслида шўроларнинг келтиришдан мақсади – уни ими-жимида маҳв этиш эди.
Искандарбек Султонов 1935 йил 18 май куни Озарбойжон ССР Ички ишлар халқ комиссарлиги томонидан аксилинқилобий ташвиқот ва жосуслик айбловлари билан ҳибсга олинади. Беш ой давом этган тергов жараёнида Искандарбекни Истанбулда яшаган амакиси Хосровбек Султонов билан алоқада бўлган, унга ахборот юбориб турган деган “айблар” билан айбланади.
Искандарбек Султонов 1935 йил 27 ноябрда Озарбойжон ССР Олий Суди Коллегияси ҳукмига кўра Озарбойжон ССР Жиноят кодексининг 58-4-моддаси (“қуролли қаршилик”) ҳамда 66-моддаси (“Халқаро буржуазияга ёрдам кўрсатиш”) бўйича айбдор деб 10 йилга озодликдан маҳрум этилади. Жазони Ўрта Осиё лагери СазЛАГда ижро этиш белгиланади.
Искандарбек Султонов 1936 йил 29 январдан СазЛАГга тегишли Малик совхози, 2-баракда яшаб, меҳнат қила бошлайди. СазЛАГ ИИХКга қарашли лагерлар орасида шароити энг оғири эди. Изланишларга қараганда маҳбусларнинг аксар қисми юқумли касалликлар ва жисмоний қийноқлар, ҳатто очликдан ўлишга маҳкум бўлганлар. Искандарбек шундай бир шароитда лагерь маъмуриятидан бу ноинсоний муҳитни тўғрилашларини, оғир ҳолатдаги кексаларга тиббий хизмат кўрсатишларини талаб қилади. Аксинча, 1937-йил 21-ноябр куни аксилинқилобий тарғиботда айбланиб, Искандарбек Султоновга қарши жиноят иши очлади. Мазкур иш П-41310 рақами остида сақланиб, 1937 йил 21 ноябрь куни очилиб, 1937 йил 24 ноябрь куни ёпилган. Кўринадики, бор йўғи тўрт кун ичида озарбойжон халқининг қаҳрамон фарзанди Искандарбек Рустамович Султоновнинг тақдири ҳал қилинган. Ишдаги унинг шахсий анкетасида “1898 йил, Ленинград шаҳрида туғилган, миллати турк...” каби ноаниқ маълумотлар битилган. Асосий айблов далили сифатида эса Искандарбекнинг Малик совхозида 2-баракда гўёки “пахта ҳосилини исроф қилган”и, 1937 йил 9 октябрь куни маҳбуслар билан суҳбатда Германияни мақтагани, Ўзбекистоннинг ҳукумат раҳбарлари Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовларни адолатсизлик қурбони, “сталинизм – бу қашшоқлик” дегани кўрсатилган.
1937 йил 24 ноябрдаги сўроқда Искандарбек Султонов ўзининг ўтмиши, Тоғли Қорабоғ генерал губернатори амакиси Хосровбек Султонов хизматида ўтган онлари, 1920–1928-йиллар Германияда Шарлтонберг олий техника мактабида ўқигани, 1928–1932-йиллар турли идораларда мутахассис ва таржимон вазифаларида ишлагани ҳақида, аммо гестапо (фашистлар Германиясида махфий давлат полицияси) ташкилоти билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаганини таъкидлайди. 1937 йил 26 ноябрь куни чиқарилган қарорда унинг иқрори акс этмайди. Бироқ 27 ноябрь кунги айблов баённомасида унинг Германияни мақтагани, ўзбек давлат арбоблари Акмал Икромов, Файзулла Хўжаевларни адолатсизлик қурбони дегани қайд этилади. Искандарбек Султонов 1937 йил 28 ноябрда машъум “учлик” томонидан ЎзССР ЖКнинг 66-моддаси, 1-банди билан айбдор деб топилиб олий жазога ҳукм қилинган. Ноҳақ ҳукм 1938 йил 5 январда СазЛАГга тегишли махфий объектда ижро этилган.
Сталин вафотидан сўнг “Қизил салтанат” ичида бошланган “илиқлик даври”дан фойдаланган Искандарбекнинг қариндошлари ҳам қатағон қурбони бўлган жигарлари тақдири билан қизиқиб турли идораларга аризалар ёзди. 1957 йил 8 февраль куни Тошкент ЗАГС томонидан Бокуга Зайнабхонум Султоновага юборилган маълумотномада Искандарбекнинг 1943 йил 10 январда ўпка шамоллаши туфайли вафот этгани ҳақида ёлғон хабар берилди.
Искандарбек Султонов ЎзССР Олий Суди томонидан 1990 йил 20 сентябрда советларнинг сталинча қатағон сиёсати қурбони сифатида реабилитация этилган. 1991 йил 10 октябрь куни Тошкент шаҳридан Боку шаҳри, 8-микрорайон, 23/76-хонадонга Султонова Диляра Рустамбек қизига акаси Искандарбекнинг 1938 йил 28 ноябрда отувга ҳукм этилгани ҳақида хабар йўлланган. Искандарбек Султонов Озарбойжон Республикаси Прокуратурасининг 1993 йил 19 февралдаги қарорига биноан оқланган.
Дарҳақиқат, Искандарбек ҳақида сўзимизни озарбойжон халқининг қаҳрамон фарзанди деб бошлаган эдик. Унинг катта амакиси Султонбек Пошабек ўғли Султонов 1918 йилда Қарабоғни босиб олишга келган Aндраник Озанян қўшинини ўзининг кичик гуруҳи билан мағлуб этиб, “Озарбойжон халқ қаҳрамони” унвонига лойиқ кўрилган эди. У Зангазур миллий полицияси раҳбари бўлиб, Озарбойжон Жумҳурияти босиб олинганидан кейин ҳам уч йил давомида Қарабоғда, 1923–1931-йилларда Эронда Озарбойжон мустақиллиги учун курашни давом эттирган. Султонбек Султонов 1942 йил Туркияда вафот этган.
Юқорида сўзлаганимиз Хосровбек ҳам 1920 йил Озарбойжондан муҳожирликка чиқиб, Эрон, Туркия ва Европа давлатларида ватани мустақиллиги учун курашни давом эттирган ва 1943 йил Истанбулда вафот этган. Отаси Рустамбек Султонов ҳам совет даврида бир неча марта ҳибсга олинган. 1937 йил 26 июлда НКВД томонидан ҳибс олиниб, 1940 йил 9 февралда СССР НКВД ҳузуридаги Махсус мажлиснинг қарорига кўра, антисовет тарғиботда иштирок этганликда айбланиб, 5 йил муддатга сургун қилинган. Хуллас озарбойжон миллатининг ватансевар, қаҳрамон хонадонининг муносиб вакили Султaнов Искaндaрбек Рустaмбек ўғли шу тариқа тақдир ҳукми билан Ўзбекистон заминида мангу қўним топди.
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Тил
Тарих
Ватандош
Жараён
Тарих
Фалсафа
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ