“Тормоз” соф туркийча сўз – Абдувоҳид Ҳайит


Сақлаш
11:06 / 11.12.2025 14 0

Русча “тормоз” сўзи этимологиясида бу сўз юнонча “тормос” (“τόρμος”) ёки туркча “turmaz”га бориб тақалади, деган икки хил фикр мавжуд.

 

Олмон олими Макс Фасмернинг “Этимологический словарь русского языка” луғатида, жумладан, шундай дейилади: “Одатда, бу сўзни юнонча: “тиқин, мих, қозиқ кабилар чиқиб турадиган, ҳар хил нарсалар тиқиб қўйиладиган тешик” маъносидаги “тормос” (“τόρμος”) сўзидан, деб тушунтиришади” (ЭСРЯ. Т. 4. М. “Прогресс”. 1987. 84). Аммо изоҳ давомида М.Фасмер бу фикрга баъзи тилшунослар қаршилиги ва улар “тормоз” – туркий “turmaz” сўзидан, деган тахминни илгари суришини айтади (“предполагает заимств. из тюрк. turmaz “он не стоит”, также “подкладыш для колес арбы”). “Turmaz” бу – тилимиздаги “турмайди” маъносидаги “турмас”, яъни “турмоқ” феълининг бўлишсизлик шакли. Лекин шуниси ажабланарлики, “турмас” деганда биз бир жойда турмайдиган, ҳаракатдан тўхтамайдиган нарсани тушунамиз, “тормоз”нинг маъноси эса аксинча, яъни “тормоз”, “тормозланиш”да ҳаракатдаги нарсанинг секинлашуви ва тўхтаб бир жойда ТУРИШИНИ тушунамиз.

 

Шу нуқтаи назардан юнонча “тормос” (“τόρμος”) жозибалироқ туюлади, чунки бу сўз ғилдиракнинг ўқ ўтадиган тешиги ва унинг атрофидаги қисмлар, шунингдек, соат каби механизмлар ичидаги тишли ғилдиракларнинг тишларига нисбатан ҳам ишлатилган. Cавол туғилади: хўш, ўтган асрларда рус тилига юнон тилидан техникага оид сўзлар ҳам ўтганми? Пётр I дан бошлаб, Романовлар даврига эътибор қаратадиган бўлсак, дастлаб кемасозликка оид барча атамалар недерланд тилидан, кейинчалик, техникага оид сўзлар асосан олмон тилидан рус тилига ўзлашган. Борингки, истисно тарзида фақат “тормоз” қадимги юнончадан олинган дейлик, барибир бу сўз дастлаб олмон ёки бошқа оврўпа тилларида техник атама сифатида қўлланган ва кейин рус тилига ўтган бўлса, мантиққа тўғри келар эди. Лекин “тормоз” рус тилидан бошқа бирон оврўпа тили, ҳатто славян тиллари, борингки, юнон тилининг ўзида ҳам мазкур маънода ишлатилмайди. Луғатларда эса: “бу сўз юнонча ЁКИ туркча этимологияга эга” деган мавҳум жумла такрорланаверади. Бизга эса аниқ хулоса керак.

 

Юнончами ё туркча?

 

Бу сўзнинг илдизларини пайпаслаб кўриш учун атоқли рус олими Владимир Далнинг XIX асрда тартиб берилган “Толковый словарь живаго великорускаго языка” луғати (Луғат номининг ўша даврдаги имлоси сақланди. А.Ҳ.) 4-томи 1866 йил нашрига мурожаат қиламиз. Шу ўринда муаллиф ҳақида икки оғиз сўз: В.Даль (1801–1872) – рус ёзувчиси, этнограф, тилшунос, фольклоршунос, ҳарбий шифокор; рус шоири А.С.Пушкиннинг замондоши ва яқин дўсти; келиб чиқишига кўра асли даниялик (шунинг учун фамилияси – Dahl), қонида бир томчиям рус қони бўлмаса-да, у ўзини руҳан рус миллатига мансуб деб билган. Ундан қолган энг катта мерос тўрт томли “Улуғрус жонли тилининг изоҳли луғати” (“Толковый словарь живого великорусского языка”) бўлиб, луғат устида олим деярли бутун умр – 53 йил меҳнат қилган. Бу луғат шуниси билан ҳам қимматлики, В.Даль 19 ёшидан бошлаб унда изоҳланган сўзларни оддий халқнинг жонли сўзлашув тилидан йиғишни бошлаган. Луғатда биз жуда кўп туркий сўзларга ҳам дуч келамиз (В.Даль тилшунос сифатида бир қанча тилларни, шу жумладан, турк тилларини ҳам яхши билган. Шу боис у биринчи рус туркшуноси сифатида ҳам эътироф этилади).

 

Хуллас, мазкур луғатда “тормоз” сўзи – “тóрмаз(с)ъ” шаклида ёзилиб, шундай изоҳланган: “чаналар камроқ сирпаниши учун уларнинг сирпанчиқ темир оёқлари тагидаги кесилган жой, узун темир тасма; || араваларда ғилдираклар ўқи тагидаги темир тасмага ёки арава шотисига қоқиб қўйилган занжирли илгак ёки бошмоқ: тепаликдан тушишда аравани тутиб туриш учун илгак ғилдирак кегайига (спицасига) илдирилади, бошмоқ эса ғилдирак тагига тушурилади. || машиналарда чангак, стопор, ҳаракатни тўхтатиш мосламаси” (“Тóрмаз(с)ъ м. У саней, пóдрѣзъ, желѣзная полоса подъ полозомъ, чтобы сани менѣе раскатывались; || у повозокъ, крюкъ или башмакъ на цѣпи, прикованый къ дрожинѣ или подоселинѣ: крюкъ закладывается за спицу, а башмакъ подводится подъ ободъ колеса, для удержанья повозки, при спускѣ съ горы. || Въ машинахъ: палъ, клевъ, стопоръ, устройство, для остановки ходу, оборота”. ТСЖВЯ. В. Даль. IV. Москва-1966. стр. 384)

 

Бу изоҳ XIX асрнинг биринчи ярмида, қарийб бундан икки юз йил олдин ёзилган. Айни пайтда унинг қандайдир техникага оид қўлланмадан эмас, халқ тилидан олинганлиги шундоқ кўриниб турибди. Халқ тилидаги сўзлар бир кунда пайдо бўлиб қолмайди, балки узоқ ўтмишга эга бўлади. Гувоҳи бўлдикки, изоҳда яна бир туркий сўз – “бошмоқ” (“башмакъ”) ҳам бор. “Бошмоқ” – туркий халқларда оёқ кийими бўлиб, рус тилида ҳам фаол ишлатилган. Рус тилида, шунингдек, шаклан бошмоққа ўхшаш бошқа баъзи нарсалар, жумладан, арава, кейинчалик, вагон ғилдираклари тагига тўхтатиш учун қўйиладиган учбурчак мослама ҳам “бошмоқ” деб аталган.

 

Изоҳ давомида келтирилишича, ўша даврда рус тилида “тóрмаз(с)ъ” сўзидан ясалган “торма(о)зить” феъли ҳам фаол бўлган. В.Даль бунга мисол қилиб: “Югургинг келган жойда тўхтатишади” (“Где скакать хочется, тамъ и тормозять”), – халқ мақолини келтиради. Яна луғатда “торможенье” (“тўхташ”), “тормазка”, “тормозила” (“тўхтатувчи”, “бирор ишга тўсқинлик қилувчи одам”), “тормозникъ” (“арава шотисидаги бошмоқ илинадиган илгак”) каби сўзлар келтирилади. “Тормозилка” эса луғатда – “деҳқонлар ва аравакашлар араванинг баланд тепаликдан тушишида ғилдираклари айланмасдан сирғалиб тушиши учун ғилдирак кегайлари орасига тиқиб қўядиган қозиқ, таёқ”, деб тушунтирилган. Табиийки, мутлақо саводсиз крестьян деҳқонлар бу каби мосламаларни номлашда қадимги юнон тилига мурожаат қилиши мумкин эмас эди, балки улар ҳамон Олтин Ўрда, туркий маданият таъсирида бўлиб, Оврўпа маданиятига эса фақат тепадаги бир қисм дворянлар яқин эди. Умуман, В.Даль луғатини варақлаганда минглаб шу каби туркий сўзларни кўрамиз, баъзи ўринларда луғат ҳатто туркий сўзларнинг русча изоҳли луғатидай таассурот қолдиради.

 

Ўйлайманки, ушбу мисоллар: “тормоз – юнонча” деган қарашни бутунлай унутиш учун етарли бўлади. Хўш, энди унинг туркий сўз эканлигини қандай исботлаймиз?

 

“Ъ” – унлими ё унсиз?

 

В.Даль луғатидаги “тóрмаз(с)ъ” сўзининг ёзилишига эътибор қаратамиз: ҳозирги рус тилида “тормоз” сўзи иккинчи бўғинида “м” товушидан кейин “о” ёзилади, В.Даль эса уни “а” билан ёзган, ҳозирда охирги ҳарф “з”, В.Даль луғатида бу – “з” билан “с” оралиғидаги товуш, шу боис луғатда қавс ичида “с” ҳам келтирилган. Ниҳоят, сўз охирида келган “ъ” белгиси сўзнинг музаккарлигини (мужской род) билдириш билан бирга жуда қисқа “и” унлисини ҳам ифодалайди. Чунки эски рус ёзувидаги “ъ” белгиси 1918 йил ислоҳотигача уч хил вазифа бажарган: ундош билан тугаган сўзлар охирида келиб, унинг музаккар жинсига мансублигини билдирган, ёзувда сўзларни бир-биридан ажратиш учун хизмат қилган, ундош билан тугаган сўзларнинг охирида эшитиладиган қисқа унли товушни ифодалаган.

 

Демак, “тóрмаз(с)ъ”ни – “тормас(и)” деб ўқишимиз мумкин.

 

“-Мас” эмас, “-ма”

 

Негадир барча русча тадқиқот ва луғатларда (М.Фасмер, Дмитриев, А.Семенов, Н.Шанский) “тормоз”нинг туркча асли сифатида “turmaz” сўзи келтирилади ва “он не стоит”, яъни, “турмайди” деб тушунтирилади. Бу ерда муаммо шундаки, мазкур сўз – “тур-” ўзагига “-мас” қўшимчаси қўшиб ясалган “турмоқ” феълининг бўлишсизлик шакли – “турмас” эмас.

 

Турк тилларида феълдан от ясайдиган “-ма” қўшимчаси ҳозир ҳам, илгари ҳам фаол бўлган. Бундай сўзларга “Девону луғотит-турк”да ҳам кўп дуч келамиз (тутма, ўйма, бичма, тизма, тугма, тикма, чалма, сузма каби). Шунингдек, турк тилларида кўпгина емак отлари ҳам “-ма” қўшимчаси билан ясалган: қовурма, димлама, қийма, дўлма, чевирма ва ҳоказо. Рус тилига “тóрмаз(с)ъ” бўлиб ўтган туркий сўз ҳам аслида феълдан от ясовчи ана шу “-ма” қўшимчасини “тур-” ўзагига қўшиб ясалган “турма” сўзи бўлиб, сўз охиридаги “-с” эса туркий тиллардаги учинчи шахс эгалик қўшимчаси (“-си”,“-и”)дир, яъни бу сўз: “(араванинг) тур+ма+си” шаклида ясалган.

 

“Тормоз”нинг ўзбекчаси

 

Шундай қилиб, “тормоз” ўрнида ўзбек тилида “турма” деб қўллашимиз мумкин экан, бу билан биз янги сўз ясамаган, балки тарихда мавжуд бўлиб, унутилган ўз сўзимизни яна истеъмолга қайтарган бўламиз. Дейлик, “машинанинг тормози” эмас – “машина (улов)нинг турмаси”, “гидравлик тормоз тизими” эмас – “суюқликли турма тизими” ва ҳоказо. Уни ўзбекчалаштириш шунинг учун ҳам муҳимки, бугун у нафақат арава, балки велосипеддан тортиб учоқгача, умуман ҳаракатланувчи барча ускуна, машина, мосламада бор. “Ўзбек тилида “тормоз”ни “турма” дейиш ноқулай, биз “тормоз”га ўрганганмиз”, дегувчилар бўлиши мумкин. Бир пайтлар “туман” эмас – “район”, “вилоят” эмас – “область” дейиш биз учун қулай туйилган. Энди эса “туман” ўрнида “район” деганимизга ишонгимиз келмайди. Кимдир: “турма” деса, русча “тюрьма” билан бир хил бўлиб қолади”, дейиши ҳам мумкин. Дарвоқе, финландиялик атоқли туркшунос олим А.Расанен бир пайтлар русча “тюрьма” сўзи ҳам айнан ана шу туркча “зиндон” маъносидаги “турма” сўзидан эканлигини исботлаб берган. Шунингдек, Хоразмда ипакдан тўқилган рўмол ҳам “турма” деб аталар экан. Аслида учаласи ҳам битта сўз, фақат турли вазиятларда турли маъноларда ишлатилиб, кейинчалик омоним сўзларга айланган. Умуман, тилимизда бундай омонимлар жуда кўп, мисол учун: “ўқ” – милтиқнинг ўқи, ғилдиракнинг ўқи, ўқ илдиз; “кўк” – ранг ва осмон, “ёз” – фасл, дастурхон ёзмоқ, оёқни ёзмоқ, хат ёзмоқ ва ҳоказо. “Туман” сўзи ҳам тилимизда уч хил маънога эга: ҳудудий бирлик, ердан намлик кўтарилиши натижасида ҳосил бўладиган туман ва қадимги туркийда: туман – ўн минг. Умуман, “тормоз” ўрнида “турма” сўзи истеъмолга киритилса, ўйлайманки, “туман”, “вилоят”га кўникканимиз сингари унга ҳам тезда кўникилади, чунки у ўзлашма эмас, ўз сўзимиздир.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 25338
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//