Конституциявий ҳуқуқнинг эволюцияси ҳар бир миллатнинг давлатчилик белгиси, унинг сиёсий, ижтимоий ва ҳуқуқий тафаккурининг акси ҳисобланади. Конституция шунчаки қоидалар тўплами эмас, балки давлатнинг паспорти, халқнинг олий иродаси ва келажакка бўлган умидининг фундаментал ифодасидир.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 8 декабрь – Конституция кунининг нишонланиши ва унга умумхалқ байрами мақоми берилгани ушбу ҳуқуқий тизим пойдеворининг стратегик аҳамиятидан далолат беради.
Ўзбекистон ҳудудида конституциявий ғояларнинг илдизлари совет даври ёки мустақиллик давридан анча олдин шаклланган. Тарихий таҳлил шуни кўрсатадики, ХХ аср бошларидаги жадидчилик ҳаракати, демократик тафаккур ва ҳуқуқий давлат қуришга бўлган интилиш – замонавий конституциявий жараёнларнинг илк муҳим асосини яратган. Бу узлуксиз эволюция жаҳон конституциявий тажрибаларини ўзлаштириш, миллий қадриятларни тиклаш ва турли сиёсий тизимлар синовидан ўтиш орқали амалга ошган.
Конституциявий тамойилларнинг дунё саҳнасида вужудга келиши
Конституциявий ҳуқуқ ғояси бир неча асрлик тарихий ва фалсафий ривожланиш натижасида вужудга келган. Бу жараён ҳокимиятни чеклаш, инсон ҳуқуқларини тан олиш ва қонун устуворлигини ўрнатишга қаратилган концептуал илдизларга эга, унинг дастлабки асослари қадимги Юнонистон ва Рим республикаларига бориб тақалади. Масалан, Аристотел бошқарув шаклини ифодаловчи «политика» тушунчасини фанга киритган бўлиб, бу давлатнинг асосий тартиб-қоидалари мажмуини англатган.
Бироқ, ҳокимиятни тизимли равишда чеклашга қаратилган биринчи муҳим ҳужжатлар Ўрта асрлар Европасида пайдо бўлди. «Буюк эркинликлар хартияси» (кейинги ўринларда «Хартия. 1215 йил, Англия) конституциявий тамойилларнинг тамал тошини қўйган илк ҳужжатлардан бири эди. Бу ҳужжат қиролнинг мутлақ ҳокимиятини чеклашга қаратилган бўлиб, ундаги энг муҳим қоидалардан бири – «мамлакат қонуни асосида» (law of the land) иборасидир. Бу ибора шахсий эркинликни, хусусий мулк ҳуқуқини ва суд қарорисиз қамоққа олишдан ҳимоя қилиш тамойилини белгилади. Таҳлил шуни кўрсатадики, мазкур норматив ҳужжат замонавий конституция бўлмаса ҳам, ғарб конституционализмининг асосий фалсафаси – ҳукуматнинг ўз фуқаролари устидан чекланган ҳокимиятга эга бўлиши — принципини мустаҳкамлади.
Шунингдек, дунёдаги энг қадимги конституция, амалдаги ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами сифатида Сан-Марино Конституцияси (1600 йил) эътироф этилади.
Конституциявий тафаккурнинг ҳақиқий гуллаб-яшнаши «Маърифат асри»га тўғри келади. Жон Локкнинг табиий ҳуқуқлар, Монтескенинг ҳокимиятлар бўлиниши ва Жан-Жак Руссонинг халқ суверенитети ҳақидаги фалсафалари конституциявий инқилобларга туртки бўлди. Натижада, АҚШ Конституцияси дунёдаги биринчи ёзма миллий конституция сифатида пайдо бўлди. У, Хартиядан мерос бўлиб ўтган қонун устуворлиги ва шахсий эркинликларни таъминлаш ғояларини янги республика асосига мустаҳкамлади. АҚШ Конституциясидан икки йил ўтиб, 1791 йил Реч Посполита Конституцияси қабул қилинди, бу ҳам замонавий ёзма Конституцияларнинг илк намуналаридан саналади.
Бугунги кунда дунёдаги деярли барча суверен давлатлар ўз Конституцияси ёки конституциявий ҳужжатлар мажмуасига эга. Уларнинг аксарияти, жумладан Ўзбекистон ҳам, АҚШ моделидаги ёзма конституцияга эга. Буюк Британия ва Исроил каби кам сонли давлатларнинг Конституцияси ёзилмаган, яъни, бир нечта асосий қонунлар, суд прецедентлари ва анъаналар йиғиндисидан иборат.
Конституциявий ҳуқуқ эволюциясидаги глобал тажрибанинг энг муҳим хулосаси шундаки, ҳокимиятни чеклаш ғоясини қонунийлаштириш керак. Хартия ва АҚШ Конституцияси каби ҳужжатлар мутлақ монархияга ёки диктатурага қарши курашда халқаро намуна бўлиб хизмат қилди. Бу глобал тамойиллар, ўз навбатида, кейинги бўлимда кўриб чиқиладиган жадидларнинг Туркистон ва Бухородаги лойиҳалари учун концептуал замин яратди, чунки уларнинг мақсади ҳам айнан маърифий элита фойдасига мутлақ ҳокимиятни чеклашдан иборат эди.
Шахс дахлсизлигини таъминлашга қаратилган «Ҳабеас корпус» тамойили 1922 йилги Бухоро Халқ Шўро Жумҳурияти Конституциясида шахсий дахлсизлик кафолати сифатида акс этган ва бу ғоя 2023 йилги Ўзбекистон конституциясида 48 соатлик суд назорати сифатида мустаҳкамланди.
Жадидлар ҳаракати: Туркистонда илк ҳуқуқий нормалар лойиҳасининг шаклланиши
Ўзбекистон ҳудудидаги конституциявий ҳуқуқнинг миллий ўзига хос тарихи ХХ аср бошида, жадидларнинг интеллектуал-сиёсий фаолияти билан боғлиқ. Жадидчилик ҳаракати дастлаб таълимни ислоҳ қилишга қаратилган бўлсада, тез орада унинг мақсадлари ҳуқуқий давлат қуриш ва маданий ёки сиёсий автономияга эришишгача кенгайди.
1905-1907 йиллардаги Россиядаги демократик инқилобнинг таъсири Туркистон халқларида ўз ҳуқуқлари учун курашиш истагини кучайтирди. Бу даврдаги зиёлилар, Ғарб ва Шарқдаги конституциявий тузумлар ҳақидаги билимларига таяниб, Туркистон ва Бухородаги мутлақ бошқарув тизимларини ислоҳ қилиш заруриятини ҳис қилди.
Бу ҳаракатнинг ҳуқуқий давлатчиликка бўлган интилишини тасдиқловчи иккита ҳужжат лойиҳаси мавжуд. Бу ҳужжатлар ўша давр зиёлиларининг ҳуқуқий онги нақадар юқори бўлгани ва конституциявий тузумга интилиш кучли бўлганини кўрсатади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий 1905-1907 йиллардаги сиёсий жараёнлар таъсирида «Туркистон маданий мухторияти» лойиҳасини ишлаб чиққан.
Бу лойиҳа 9 бўлим ва 75 банддан иборат бўлиб, унинг асосий мазмуни Туркистоннинг маданий ҳаётига (таълим, суд тизими, матбуот) оид жадидларнинг қарашларини акс эттирган. Беҳбудий маъмурий ва сиёсий мустақилликка эришишдан олдин, маданият, таълим ва ҳуқуқ соҳаларда мухториятни мустаҳкамлаш кераклигини таъкидлаган. Лойиҳа III Давлат Думасининг Мусулмон фракциясига тақдим этилган ва рад этилган. Кейинчалик Исмоил Гаспиралининг шахсий архивида сақланиб, Туркия ҳукуматига топширилган.
Абдурауф Фитрат бошчилигида тайёрланган «Бухорода ислоҳот лойиҳаси», «Ёш бухороликлар» партиясининг асосий дастурий ҳужжатларидан бири эди. Файзулла Хўжаев ўз мақолаларида бу лойиҳа ҳақида тўхталиб ўтган. Лойиҳа 15 боб ва 24 моддадан иборат бўлиб, у Бухоро амирлигидаги мутлақ истибдодни чеклашга, ислоҳотчи ва ҳуқуқий давлат тузумини ўрнатишга қаратилган аниқ ҳуқуқий-сиёсий дастурни ўз ичига олган. Бу ҳужжат давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва жамият ҳаётини модернизация қилиш ғояларини илгари сурган.
Юқоридаги икки лойиҳа гарчи расман қабул қилинмаган бўлсада, Ўзбекистон конституциявий тарихида «тарихий асос» вазифасини ўтади. Улар халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, ҳокимиятни чеклашни мақсад қилган дастлабки йирик ҳуқуқий ҳужжатлардир. Шу тариқа, жадидлар конституциявий тафаккурнинг миллий мактабига асос солган.
Туркистон АССР, Хоразм ХСР ва Бухоро ХСР да илк республикавий конституциянавислик тажрибалари
Туркистон АССР 1918 йилда Совет Россияси таркибидаги автоном республика сифатида ташкил топди. ТАССРнинг Конституциялари асосан синфий принципларга ва РСФСРнинг 1918 йилги Конституцияси моделига таянган эди.
Бухоро жумҳурияти Конституцияси ўзбек конституциявий эволюциясининг энг қизиқарли ва ноёб босқичи ҳисобланади. 1920 йил сентябрь инқилоби натижасида амирлик тузуми тугатилиб, республика эълон қилингач, 1922 йил 18 августда Бутунбухоро қурултойи томонидан асосий қомус қабул қилинди.
Бухоро конституциясининг 3-моддасида Бухоро «ўз давлат чегараларида ягона, ажралмас ва мустақил давлат» деб эълон қилинган. Давлат бошқаруви халқ қўлига ўтгани, олий ҳокимият эса Бутунбухоро қурултойига тегишли экани белгиланган. Қурултой съездлар оралиғида ҳокимиятни амалга оширувчи Марказий ижроия қўмитани сайлаган.
Бухоро Конституциясининг совет республикаларига хос бўлмаган жиҳати унинг иқтисодий қоидаларида яққол кўринади. 6-моддада фуқароларга кўчмас ва кўчар мулкдан, мерос қилиб олган мулкдан чекланмаган тарзда фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқи кафолатланган. Энг муҳими, ҳукумат хусусий капиталга эгалик қилиш ва пул кредитларидан фойдаланишга нисбатан ҳеч қандай чеклов ўрнатмаслиги эълон қилинган. Фуқароларга савдо, саноат, ҳунармандчилик ва деҳқончилик билан эркин шуғулланиш, шунингдек, савдо-саноат ширкатлари ва кооперативларга бирлашиш ҳуқуқи берилган. Бу қоидалар, бозор тамойилларига мойил бўлиб, жадидларнинг иқтисодий ислоҳотлар ҳақидаги ғоялари Бухоро ҳуқуқий тизимида акс этганини кўрсатади. Бу социализмнинг маҳаллий шароитга кескин мослашуви эди ва бу унинг кейинги, қаттиқ марказлашган совет тизимидан кескин фарқланишини кўрсатади.
Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари кафолатлари ҳам мазкур конституцияда акс этган бўлиб, унда жинси, ирқи, миллати, дини ёки ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги таъкидланади ва ҳар қандай имтиёзлар бекор қилинади. Ҳукумат барча учун бепул таълимни кафолатлаган ва энг муҳими, давлат бошланғич мактабларида ўқитиш «она тилида» бўлиши белгилаб қўйилган.
Ҳар бир миллатга ўз она тилида мактаблар очиш ҳуқуқи берилган. Шахс ва уй-жой дахлсизлиги кафолатланган. Ҳеч ким қонунсиз жазоланиши мумкин эмасди. Мансабдор шахсларнинг фуқаро уйига рухсатсиз кириши тақиқланган. Фуқароларга давлат мансабдор шахсларининг ҳокимиятни суиистеъмол қилиши ва қонунларни бузиши устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилган.
Хоразм ХСР ҳам Конституция қабул қилинган бўлиб, дастлаб у хусусий мулкка ва маҳаллий анъаналарга нисбатан мулойимроқ ёндашган. Ушбу маъмурий бирлик Конституцияси 1920 йил 30 апрелда Бутунхоразм Советларининг И қурултойида қабул қилинган. Конституция 13 боб ва 37 моддадан иборат бўлган. Унда ҳам давлат рамзлари, ҳокимият бўлиниши, сайловлар масаласи батафсил ёритилган.
Шунингдек, 1922 йил ҳокимият советлаштирилиши ортидан 6 бўлим, 15 боб ва 87 моддадан иборат янги таҳрирдаги конституция қабул қилинган. Мазкур конституцияда инқилобий ҳаракат, яъни советлаштириш унсурлари яққол кўзга ташланади.
1924 йилги миллий-ҳудудий чегараланишгача, бу республикалардаги конституциявий тамойиллар тобора марказдан бошқариладиган совет идеалига мослаштирилган.
Совет давридаги Ўзбекистон ССР конституциялари: «демократик фасад» ортидаги тизим
Ўзбекистон совет социалистик республикаси (ЎзССР) конституциялари совет сиёсий тизимининг маҳсули эди ва уч марта (1927, 1937, 1978 йилларда) янгиланди. Мазкур ҳужжатлар учун асос вазифасини СССР конституциялари ўтаган ва бу ҳолат қолган Иттифоқ республикаларида ҳам кузатилган.
Ўзбекистон ССРнинг биринчи Конституцияси 1927 йилда қабул қилинди. Бу ҳужжат ЎзССРнинг СССР таркибига киришини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлади. 1927 йилги Конституциягача республикада «Ўзбек ССР тузилганлиги ҳақидаги Декларация», герб ва байроқ ҳақидаги қарорлар каби қатор конституциявий аҳамиятга эга ҳужжатлар қабул қилиниб бўлганди.
1936 йил СССРда янги Конституция қабул қилинди. Мамлакатда «социалистик тузум асосларининг қурилиши» якунлангани эълон қилинди. Қоғозда бош қомус анча демократик кўринган: у кенг ижтимоий ҳуқуқларни (меҳнат, дам олиш, таълим) кафолатлаган. Бироқ, амалда бу ҳужжат тоталитар давлатнинг ҳуқуқий расмийлаштирилиши, яъни партия диктатураси шароитидаги «демократик фасад» бўлиб қолди.
1977 йилги Конституцияда халқ ҳокимиятчилиги, социалистик қонунийлик тамойиллари мустаҳкамланди. 1937 йилги таҳрирдаги ҳужжатга нисбатан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳақидаги моддалар сони деярли икки баравар кўпайди, ижтимоий ривожланиш ва маданият бўйича алоҳида боб киритилди.
Назарий жиҳатдан бу Конституциялар жамият манфаатлари йўлида муваффақиятли қўлланилиши мумкин бўлган катта демократик салоҳиятга эга эди. Аммо, тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу прогрессив салоҳият амалга оширилмай қолди. Совет даври конституцияларининг асосий камчилиги ва танқидга учрашига сабаб, уларнинг амалиётдан узоқлигидир.
Бу тизимда ҳокимиятларнинг бўлиниши фақат номига мавжуд эди: ижро этувчи аппарат (партия номенклатураси) қонун чиқарувчи орган – Советлар устидан тўлиқ ҳукмронлик қилган. Суд ҳокимиятининг мустақил эмаслиги конституциявий назорат механизмларини ўлдирган. Оқибатда, қоғоздаги ҳуқуқлар амалиётда ишламаган ва бу ҳолат эълон қилинган идеалларга нисбатан халқда ишончсизликни келтириб чиқарган. Совет конституцияларининг қонун устуворлигига эриша олмаслигининг асосий сабаби – уларда ҳокимият тақсимотининг амалда эмас, фақат шаклан мавжудлигидир. Бу тарихий сабоқ 1992 йилда Ўзбекистон мустақил миллий конституциясини яратишда ҳокимият тақсимоти ва қонун устуворлигини реал конституциявий кафолат сифатида мустаҳкамлаш заруриятини келтириб чиқарди.
Мустақиллик даври конституциялари ва уларнинг миллий шаклланиш тарихи
Янги бош қомусни яратишга асос бўлган муҳим нуқта 1990 йил 20 июндаги «Мустақиллик декларацияси» ва «Мустақиллик асослари тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши бўлди. Бу ҳужжатлар Ўзбекистоннинг суверенитетини эълон қилиб, янги, миллий конституция ишлаб чиқиш учун ҳуқуқий мандат берди.
Биринчи Президент Ислом Каримов раҳбарлигида «Конституциявий комиссия» тузилди. Совет давридаги ёпиқ қонунчилик амалиётидан фарқли ўлароқ, Конституция лойиҳаси ҳақиқий халқ ижоди маҳсули бўлишини таъминлаш мақсадида икки марта: 1992 йил сентябрь ва ноябрь ойларида умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Бу жараёнда халқдан 6 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди. Натижада, лойиҳанинг 60 дан ортиқ моддасига ўзгартириш ва аниқликлар киритилди.
Лойиҳа БМТ, ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан ҳам кўриб чиқилиб, демократик ва инсонпарвар тамойилларни ўзида мужассам этгани учун юқори баҳоланди.
Жамият ривожлангани сари қонунлар такомиллашиб бориши табиий жараён бўлиб, 2023 йил 30 апрелда ўтказилган умумхалқ референдуми натижасида Конституциянинг янги таҳрири қабул қилинди. Бу жараён шунчаки ўзгартириш эмас, балки Ўзбекистон давлат ва жамият қурилишининг янги босқичига ўтишини англатди.
Янги таҳрирдаги конституциянинг тузилишида мантиқий кетма-кетликни «инсон – жамият – давлат» тамойили асосида қуришга урғу берди.
Янги қомус 6 та бўлим, 27 та боб ва 155 та моддадан иборат бўлиб, моддалар сони 128 тадан 155 тагача кўпайди.
Энг муҳим ўзгаришлардан бири конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистоннинг мақоми «суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат» сифатида белгиланганидир. Янги таҳрирга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича замонавий процессуал институтлар киритилди, хусусан, «Миранда қоидаси», Ҳабеас корпус шулар жумласидандир.
Хулоса
Ўзбекистон ҳудудида конституциявий ҳуқуқнинг эволюцияси ХХ аср бошидаги маърифатпарварлик ҳаракатларидан бошланган жараёндир. Жадидларнинг ҳуқуқий давлат, маданий автономия ва таълим тизимини ислоҳ қилиш ғоялари, шунингдек, 1922 йилги Бухоро жумҳурияти Конституциясида мустаҳкамланган она тилида таълим ва хусусий мулк эркинлиги кафолатлари, кейинроқ Совет тизими томонидан узиб қўйилган конституциявий онгнинг илк кўринишлари эди. 1992 йилги Мустақиллик Конституцияси ва айниқса 2023 йилги янги таҳрир бу тарихий ғояларни қайта тиклади.
1927, 1937 ва 1978 йиллардаги ЎзССР Конституцияларининг асосий камчилиги уларнинг амалиётда ишламагани эди. Қонун устуворлиги ва ҳокимиятлар бўлинишининг ишламаслиги, маъмурий-буйруқбозлик тизимининг устунлиги конституциявий амалиётни бузганди. Бу тарихий тажриба янги Ўзбекистон учун қонун устуворлигини фақат қоғозда эмас, балки амалда кафолатлашнинг муҳимлигини кўрсатди.
Жаҳонгир Остонов, Акбар Идиев
ФА Шарқшунослик институти кичик илмий ходимлари
Ватандош
Жараён
Тарих
Фалсафа
Ватандош
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ