“Mотивация”ни ўзбекчалаштириш мумкинми?


Сақлаш
14:27 / 13.01.2022 3777 0

Сўнгги пайтларда “мотивация” сўзи тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. “Мотивация” ҳақида ёзиш учун эса менга бир дўстимизнинг яқинда эълон қилинган мақола тагида қолдирган изоҳи “мотивация берди” (сабаб бўлди // асос бўлди // руҳлантирди // илҳомлантирди // ундади // туртки бўлди). Мазкур жумлада “мотивация” ўрнида қавс ичидаги бирор сўзни қўйсам ҳам тушунарли бўларди, лекин шу сўзни ишлатгим келди.


Хўш, “мотивация”ни ўзбекчалаштириш мумкинми? Фақат бир муаммо бор, “мотивация” – бу аввало илмий атама. Атама, истилоҳлар кўпинча таржима қилинмайди.


Илгари тилимизда французчадан рус тили орқали ўтган “мотив” (“motif”) сўзи ишлатиларди. “Мотив”ни ҳам адабий атама сифатида таниганмиз, хусусан, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да унга шундай изоҳ берилган: “мотив – сюжетнинг таркибий элементи, асарнинг асосий мазмуни, мавзуи” (ЎТИЛ.I.1981.472-бет). “Фалончи адиб ижодида ватан мотивлари”, “фалончи шоир шеърларида севги мотиви” қабилида айтиларди.


Рус тилида эса “мотив” нисбатан кенгроқ маъноларда қўлланган. Хусусан, “Русча-ўзбекча луғат”да “мотив”нинг асосий маънолари сифатида: “сабаб, боис, важ” сўзлари келтирилган. Мисол: “по личным мотивом – шахсий сабабларга кўра” (РЎС.I.1983.573-бет). Бундан ташқари, рус тилида совет даврида “мотивировать” (“асосламоқ, далил келтирмоқ”) феъли; “мотивировка” (“асослар, далиллар, важ-сабаблар”) сўзи ҳам ясалган.


“Мотив”нинг французча шакли – “motif” ва унга французча “Larousse” луғатида: “нимадир қилишга, ҳаракатга ундайдиган сабаб, интеллектуал омил” деб изоҳ берилган. Умуман, “motif” лотинча: “ҳаракатга келтириш, кўчиш” маъносидаги “movere” сўзидан келиб чиққан.


Хуллас, “мотивация” (фр. “motivation”) ана шу “мотив” сўзидан ясалган ва у “Larousse” луғатида: “1.
Бирор бир иш-ҳаракатни изоҳловчи, таъминловчи, юзага чиқарувчи омил, сабаблар (мотивлар) мажмуи...”, деб изоҳланган. Албатта, “мотивация”га берилган изоҳлар луғатда яна давом этади, аммо бу атаманинг асосий очқичи – бу унинг “мотивлар мажмуи” экани. Бундан ташқари, фалсафа, руҳшунослик, иқтисодиёт, тилшунослик ва бошқа фанларда “мотивация” илмий атама сифатида турли қўшимча маъноларга эга.


Юқорида биз “мотив” сўзининг луғавий маъноси: “ҳаракатга келтириш, кўчиш” эканлигини айтиб ўтдик, яъни, “мотив”, “мотивация” деганда биз шунчаки сабаб, важ, омилларни эмас, балки “ҳаракатга келтирувчи”, бирор иш-ҳаракатни юзага чиқаришга ундовчи сабабларни тушунамиз. Дейлик, сизда бирор жойга саёҳатга бориш учун хоҳиш, маблағ, вақт, имконият, хуллас, барча омиллар бор, бу сабаблар сизни ҳаракатга ундайди, руҳлантиради, бошқачароқ айтганда, сизга мотивация беради. Аксинча, мазкур омиллар бўлмаса, табиийки, мотивация ҳам бўлмайди. Ёки сизнинг уқув ва билимларингиз имкониятингиз даражасидаги соҳани танлашга илҳомлантириши (мотивация бериши) мумкин.


Французча гапирувчилар оддий сўзлашувда “motivation”га нисбатан кўпроқ “motiver” ва “motivé” сўзларини қўллайди. “Motiver” феъли – “сабаблар билан асосланган” маъносига эга, рус тилида ҳам унга муносиб – “мотивировать” феъли ясалган, аммо ўзбек тилига бу феъл ўзлашмаган; “motivé” сўзи эса – сифат – “асосларга (мотивацияга) эга” деган маъно билдиради, рус тилига бу сўз – “мотивированный” бўлиб ўтган (“un homme motivé” – “мотивированный человек”). Ўзбек тилида “мотивли” ёки “мотивламоқ” дейилмайди ва бунга ҳожат ҳам йўқ, юқорида гувоҳи бўлдикки, ўзбек тилида бусиз ҳам фикрни тўлақонли ифодалаш мумкин.


Алқисса, “мотивация” сўзи ҳозирда тилимизга шиддат билан кириб келаётган экан, уни дуч келган жойда эмас, менимча, кўпроқ илмий атама сифатида эҳтиёж бўлганда ишлатган маъқулроқ, токи у жонли тилимизда шу пайтгача ишлатиб келган сўзларимизни сиқиб чиқармасин.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//