“Ойина” журналнинг муаллифлар доираси жуда кенг. Бу ўринда Сиддиқий Ажзий, Миллий, Ҳаким Бухорий, Мунзим Бухорий, Нигорхоним, Маҳмуд, Маҳмуд Акрам, Маҳмуд Тарзий, Тожий, Мавлавий Ҳусайн Сайид, Аббосий, Айн, Аҳмадхўжа Сиддиқий, Сайид Ваҳабий, Ғафлатий, Хатоий, Исмоил Сафо, Хоиб Андижоний, Қори Нажмиддин, Нафъий, Мулла Иззат, Мирзо Бурҳон, Жавҳарий, Иброҳим Даврон, Фитрат каби шоирларнинг номларини кўрсатишимиз мумкин.
Афандихон “Миллатга хитоб” шеърида илмга рағбат кўрсатишга чақирса, Ниёзий Ражабзода “Ватанга хитоб”ида Туркистоннинг матбуотда, нашрда орқада қолганидан, Ажзий “Ватан манзумаси”, Хол Муҳаммад Охундий “На ҳолимиз?”, Мир Муҳсин “Миллат фарёди”, Абдулла Қодирий “Фикр айлағил” шеърларида жамиятнинг аҳволидан шикоят қилади.
Журналнинг 1914 йил 40-сонида туркум шеърлар босилган бўлиб, Ажзий “Ашъор”ида ғафлатдан уйғонишга, Мулла Ғулом Зафарий “Эй илм!”, Хол Муҳаммад Охундий “Ватанга!” шеърларида жаҳолатдан чиқишга, Муҳаммад Амин “Мактабимизга!” шеърида маориф ва тарбияга даъват этади. Айни мавзулар Камийнинг “Ҳар кишида илм ва санъат бордир...”, Соҳибнинг “Ватан”, Хоибнинг “Ватанга” шеърларида ҳам давом этган. Умуман, тараққийпарварлик адабиётига хос бош мавзулар: илм, мактаб, китоб, жаҳолат, миллат аҳволини ёритишга кенг ўрин берилган. Уларнинг аксарияти Ватан ва миллатга мурожаат шаклида. Шу жиҳатдан Васлий, Ажзий, Рожий, Хатоий, Тавалло – энг фаол муаллифлардан саналади.
1913-1914 йилларда эълон қилинган лирик намуналар диний-тасаввуфий, маърифий, сиёсий, ҳуррият ва миллият, ишқий, ҳасби ҳол, табиат мавзусидаги шеърлар, турли муносабатлар билан ёзилган табриклар; марсиялардан иборат. Журналнинг 1914 йил 22-сонида чоп этилган “Қадим бирла жадид” шеърида муаллиф Аҳмаджон Абдулфасиҳ ўғли даҳанаки жангга айланиб кетган, миллатга ҳеч бир фойда келтирмаётган қадим ва жадид баҳсларига муносабат билдиради:
Эй қалам, сен сўрмадинг миллатларингдин бир савол,
Ул қадим бирла жадиднинг ишларидин қийлу қол.
Кўб талош этди жаҳонда бир-бириға баҳс этуб,
Маънисини билмаюб кўб сочдилар дунё ва мол...
Журналнинг 1914 йил 38-сонида Ниёзий Ражабзоданинг рамазони шариф муносабати билан ёзилган “Шодлиқ шеър” сарлавҳали асари босилган бўлиб, муаллиф уни миллатига бағишлайди.
Ё қалам, шодлиқ билан қорангни тўк,
Табрик этуб миллатимга ёзам мактуб.
Ҳар жиҳатдан ҳурриятлар очилғонга,
Ушбу кун ҳасратимдан шодлиғим кўб.
Ходимул миллатларга офарин деб,
Қўлларимни рақс этиб қилам табрик.
Кўнглимда бор қайғулар бори кетди,
Онодан янги туғон болалартек.
Ҳуррият замонлари очилғонға,
Ушбу кун ийд бўлди барча жонға.
Табрик этиб миллатима ёзам шеър,
Фикримиз бир-бириға қўшилғонға.
Ҳуррият қуёшлари туғди бу кун,
Пора-пора бўлғон кўнгил бўлди бутун.
Зулмат кетиб ўрниға тўлди нурлар,
Бизларга қадар кеча бўлди бутун кеч,
Бу кун каби шодлик кунлар бўлур сийрак,
Бу куннинг қадрини билмак керак.
Қўлимиздан кишан занжир олинганда,
Қўзғалайлик, афандилар, биз тезрак.
Олинди оғирликлар қўлимиздан,
Монеъ йўқдир боратургон йўлимиздан.
Ҳуррият замонлари қоплаб олди,
Олди-ортдан ҳам ўнг ила сўлимиздан.
Бир Аллоҳ ёрдам берсун ишимизга,
Тараққий фикри кирди ичимизга.
Бўйла фурсат замонлари сийрак келур,
Тўрт қўл ила ёпишайлук ишимизга.
Дардимизга ушбу кунда бўлди чора,
Золимларни букун бўлди юзи қора,
Бу иш учун овоз ила табрик эдам,
Камина Ниёзийман бечора.
Шоир ҳуррият кунини ийд куни билан тенглаштиради. Шеърдан Туркистон мухториятининг шабадалари келади. “Ойина” муаллифлари ичида янги ўзбек шеърияти вакиллари жуда оз. Фитратнинг “Тозйонаи таъдиб” таркиббанди ғоявий жиҳатдан, Ниёзий Ражабзоданинг айрим шеърлари тили, ифода шакли жиҳатидан янги ўзбек шеърияти намуналари бўла олади. Қолган деярли барча шеърларда сиёсий чақириқлар, шиорлар ва баён бўртиб туради. Бу, албатта, давр талаби ва шеъриятнинг тараққиёт босқичлари билан боғлиқ жараён.
Шеърий намуналарда вазн, қофия жиҳатидан сакталиклар мавжуд. Аруздан бармоққа ўтиш жараёнида кузатилган бу жиҳатлар ҳам давр шеъриятининг хос хусусиятларидан саналади. “Ойина” ижодкорлари ҳурриятни турлича талқин этган, 1914 йили ҳали унинг маънавий қиёфаси ва ифода шаклини тўла тасаввур этишмаган бўлса-да, бу шеъриятни ҳуррият мавзуси бирлаштириб туради.
Шаҳноза НАЗАРОВА,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ