Маҳаллий ноиблар – мўғуллар империясида Ялавочлар оиласининг ўрни


Сақлаш
12:23 / 11.11.2025 13 0

 

Мўғуллар империяси ХIII асрнинг энг катта давлати эди. Империя дунё тарихида ўзининг марказлаштирилган бошқарув тизими билан ажралиб туради. Бу тизимда турли оилалар ва шахсларнинг роли муҳим бўлиб, уларнинг орасида Ялавочлар оиласи алоҳида ўрин тутади.

 

Айниқса, Маҳмуд Ялавоч сиёсий фаолияти ва давлат бошқарувидаги хизматлари Мўғуллар тарихидаги ўзига хос воқеа сифатида қайд этилади. Маълумки, Чингизхон Мовароуннаҳр ва унга туташ минтақаларни эгаллаб бўлгач, ўтроқ шаҳарлар бошқарувини асли хоразмлик Маҳмуд Ялавочга топширади. Бу ноиблик лавозими – Маҳмуд Ялавочнинг бир неча бор Хоразмшоҳлар давлатига Чингизхон номидан элчи бўлиб бориши ва Муҳаммад Хоразмшоҳ қўшини, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатидаги нозик масалалар хусусида маълумот етказиб тургани учун берилган мукофот эди.

 

Чингизхон 1223 йилда Мовароуннаҳр ва унга туташ минтақаларни тарк этаётиб, Маҳмуд Ялавочга ҳудудни бошқариш ва солиқларини йиғиш билан боғлиқ ноиблик – валийлик вазифасини юклайди. 1224 йилда Чингизхон ўғилларига бутун империя сарҳадларини улус сифатида бўлиб берганда Мовароуннаҳр мулклари Чиғатой улуси ҳиссасига тушади.

 

Чингизхон вафотидан сўнг Ўқтой улуғ хон деб эълон қилинади. Мўғуллар империяси дастлабки йилларда давлатни бошқариш анъаналарига тўла эга эмасди. Шунинг учун улусларда хон томонидан тайинланган ва бевосита унга бўйсунувчи маҳаллий халқдан бўлган ноиблар мавжуд эди. Уларга солиқларни йиғиб, ўз вақтида марказга етказиш вазифаси юклатилади. Чиғатой улусига дастлаб Маҳмуд Ялавоч (1223-1239), ундан сўнг унинг ўғли Масъудбек (1239-1289) ноиблик қилади. Ялавочлар узоқ йиллар Мовароуннаҳр ноиби лавозимида қолади. Масъудбек вафотидан сўнг бирин-кетин унинг ўғиллари Мовароуннаҳрни идора қилди. Хусусан, Абу Бакр Ялавоч (1289-1298), Сотилмиш Ялавоч (1298-1303) ва Севинч Ялавоч (1303-1306).

 

Севинч Ялавочга қадар Ялавочлар оиласи Хўжанддан туриб давлатни бошқарган. Хонадоннинг сўнгги вакили Севинч Ялавоч эса Қайдухоннинг ўғли Чопархон ёрлиғи билан ҳокимиятга келиб, марказни Хўжанддан Қошғарга кўчирган.

 

Мазкур давр манбаларида Чиғатой улуси тарихи, ҳукмдорлари, улуснинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва этник тарихи бошқа улуслар тарихига қараганда кам ёритилган. Мавжуд маълумотлар аниқ ва изчил эмас, баъзан бири иккинчисини инкор этади. Мўғуллар даври манбалари Чиғатой улуси хонлари тарихини батафсил қамраб олмаган. Хусусан, Жувайнийда Қора Хулагунинг хотини Ўркина (Эргана) хотун ҳукмронлигигача, Рашидиддинда Кебекхонгача Чиғатойлилар тарихи ёзилган. Низомиддин Шомий Чиғатой улусида ҳукмронлик қилган хонларга алоҳида тўхталиб, улар 31 та бўлганини ёзади.

 

 

Ушбу манбаларда, Маҳмуд Ялавоч ноиблиги Чингизхон вафотидан сўнг хон этиб тайинланган Ўқтойхон томонидан ҳам тасдиқлангани айтилади. Маҳмуд Ялавоч Хўжанддан туриб, бутун Мовароуннаҳр ва унга туташ ҳудудларни бошқарув маъмурлари – доруғалар ва солиқ йиғувчилар, тангмачилар ёрдамида бошқарган. Бу вазифани бажарар экан, у дастлаб фақат Чингизхонга, унинг вафотидан кейин эса Ўқтойхонга ҳисобдор бўлган. Манбаларда Маҳмуд Ялавоч ва умуман Ялавочлар бошқаруви тўғрисида узуқ-юлуқ маълумотлар мавжуд. Уларнинг бошқаруви хусусидаги асосий маълумотлардан бири 1238 йилги Маҳмуд Таробий қўзғолони воқеалари жараёнида келтирилади.

 

Маҳмуд Ялавоч Бухоро яқинида кўтарилган қўзғолонни вақтида бостирмагани учун Чиғатойхон томонидан ўз вазифасидан олиб ташланади. Чунки, қўзғолончилар 10 мингдан ортиқ мўғул қўшинини қириб юборган эди. Шундан сўнг, Маҳмуд Ялавоч Қорақурумда турган улуғ хон Ўқтойхоннинг олдига бориб, Чиғатойхон устидан арз қилади. Маҳмуд Ялавоч вазиятни Ўқтойхонга тушунтиргач, Чиғатойхонни хон сўроққа тутади. Ўқтойхон Чингизхон замонасидан бери Мовароуннаҳр ноиблигига номзод тайинлаш ва уни вазифасидан олиб ташлаш улуғ хоннинг ваколатларига киришини акасига тушунтиради.

 

«Ясоқ» қонунларига сўзсиз риоя қилувчи Чиғатойхон Маҳмуд Ялавочни хонлик рухсатисиз ноибликдан олиб ташлагани ва бу билан Чингизхон давридан бери амал қилиб келаётган хон ваколатларига аралашгани учун Ўқтойхондан узр сўрашга мажбур бўлган.

 

Ўқтойхон мазкур вазият учун акаси Чиғатойни ортиқча танқид қилмайди. Маҳмуд Ялавочни қайта Мовароуннаҳр ноиблигига қайтариш Чиғатойхоннинг минтақадаги сиёсий нуфузига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Шунинг учун Маҳмуд Ялавоч Пекинга ҳоким қилиб юборилади. Улуғ хон Мовароуннаҳр ноиблигига Маҳмуд Ялавочнинг ўғли Масъуд Ялавочни тайинлайди. Бу ҳолат Маҳмуд Ялавоч ва унинг ўғли Масъуд Ялавоч орқали Чиғатой улусидаги шаҳарлар улуғ хонликка бевосита боғланганини яққол кўрсатади.

 

Шу тариқа, Чиғатой улуси ўз ҳудудида алоҳида суверенитет мавжудлигига тўғри келмайдиган ғалати вазиятга тушиб қолади. Чиғатой улусı бошқарувидаги ушбу ҳолат давлат бошқаруви аввал бошдан иккига бўлиб юборилганини кўрсатади. Чиғатойхонга берилган ўтроқ аҳоли яшовчи асосий ҳудудлар бошқаруви 1223 йилдаёқ, яъни Чиғатой улуси ташкил этилишидан аввал Маҳмуд Ялавочга Чингизхон томонидан топширилган эди. Яъни, Мовароуннаҳр ноиби тўғридан-тўғри улуғ хонга ҳисоб бериши Чингизхон ҳаётлигидаёқ белгилаб қўйилган.

 

Отасининг васиятини бузишни истамаган Чиғатойхон Мовароуннаҳр бошқарувида Ялавочлар валийлигини тан олиб, бошқа бу масалаларга аралашмайди. Натижада, бу ҳолат кейинги Чиғатой ҳукмдорлари даврида ҳам давом этади. Мовароуннаҳр Чиғатой улуси ҳудуди бўлишига қарамасдан улуғ хонликка бўйсуниши, улус тараққиётига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатди.

 

Пекинга ноиб этиб тайинланган Маҳмуд Ялавоч 1254 йилда вафот этгунига қадар мазкур вазифада қолади. Унинг кейинги йиллардаги фаолияти манбаларда кам ўринлардагина эсланади. Жумладан, Рашидиддиннинг «Жомеъ ат-таворих» асарида 1251 йил Ўқтойзода Широмун бошчилигидаги улуғ хон Мункахонга қарши уюштирилган қўзғолон тафсилотларида Маҳмуд Ялавоч фаолияти хусусида ҳам қайдлар мавжуд. Амалга ошмай қолган суиқасддан кейин улуғ хон исёнга бош қўшган Чиғатой ва Ўқтой шаҳзодаларига қандай жазо қўллаш хусусида кенгашиш мақсадида катта қурултой чақиради. Қурултойда ҳозир бўлган Чингизий хонзодалар, йирик ноиблар, саркардалар сафида Маҳмуд Ялавоч ҳам бор эди.

 

Улуғ қоон айнан кекса ноибдан (бу вақтда тахминан саксон ёш атрофида эди) исёнчиларни жазолаш бўйича маслаҳат сўрайди. Маҳмуд Ялавоч Мункахонга Искандар Зулқарнайн ва устози Аристотел билан боғлиқ воқеани айтиб бериб, унга исёнчиларнинг барчасини қатл этишни маслаҳат беради.

 

Натижада Ўқтой ва Чиғатой хонадонига мансуб балоғатга етган барча эркаклар қатл этилади. Фақатгина балоғатга етмаган хонзодалар омон қолдирилиб, Қорақурум ва Юань империяси саройларига «қайта тарбиялаш» мақсадида сургун қилинади. Ҳатто бешикдаги хонзодалар ҳам онаси бағридан юлиб олинади. Бу ҳолатнинг айнан Маҳмуд Ялавоч маслаҳати асосида амалга оширилгани Ўқтойхондан кейинги хонлар фаолиятида ҳам унинг энг яқин одамларидан бири бўлиб қолганини кўрсатади.

 

Маҳмуд Ялавочнинг ўғли Масъудбек Мовароуннаҳрдаги бошқарувида ўзининг зукколиги ва бунёдкорлиги билан муваффақият қозонади. 50 йил мобайнида Мовароуннаҳрни бошқаради. Жувайнийга кўра, Масъудбек Бухоро шаҳрида минг нафар толиблар таҳсил оладиган мадраса қурдирган ва у «Масъудия» мадрасаси номини олган. Вассафнинг ёзишича, мазкур мадраса 1272 йилда Элхоний ҳукмдор Абақахон томонидан Бухоронинг бошқа ёдгорликлари қаторида вайрон қилинган. 1273 йил бошида шаҳар озод бўлгач, Масъудбек мадрасани қайта қуради ва 1289 йилда вафот этгач, мадраса ёнида дафн этилади.

 

Жамол Қарший Қошғарда ҳам Масъудия мадрасаси бўлгани тўғрисида маълумот келтириб, бу мадраса ҳам Масъудбек томонидан қурилганини қайд этади. Шунигдек, Жузжоний, Жувайний ва Вассаф каби тарихчилар ўз асарларида Масъудбек даври ва унинг бунёдкор фаолияти хусусида ижобий сўзларни маълумот сифатида келтирган.

 

Масъудбек эллик йиллик фаолияти давомида фақатгина Олғухон (1261-1266) ҳокимиятга келган вақтда Мовароуннаҳр ноиблигидан четлатилиб, ваколатлари чекланади. 1261-1263 йилларда улуғ хон Ариқ Буқа ва Чиғатой ҳукмдори Олғухон ўртасида бўлган ўзаро курашлар даврида Масъудбек Қорақурумга қочиб кетади. Сўнгги жангдан кейин Ариқ Буқа Қора Хулагунинг беваси Ўргина Хотун ва Масъудбекни Олғухон ҳузурига сулҳ тузиш учун элчи сифатида юборади. Олғухон сулҳни қабул қилиб, Ўргина Хотунга турмуш қуришни таклиф қилади. Масъудбекни эса ўзининг молия ишлари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинлайди. Масъудбек бу лавозимда Бароқхон давригача (1266-1271) қолади.

 

1269 йилги Талас водийсидаги қурултойда Ўқтой хоннинг набираси Қайдухон ва Бароқхон келишув имзолайди. Унга кўра, Чиғатой улуси яна Олғухон даврида эришилган мустақиллигини йўқотиб, Қайду давлати назоратидаги улусга айланиб қолади. Талас водийсидаги қурултойдан сўнг Қайдухон Масъудбекни қайтадан Мовароуннаҳр ноиблигига тасдиқлайди.

 

Масъудбек вафотидан сўнг, ўрнига бирин-кетин ўғиллари Абубакр Ялавоч, Сотилмиш Ялавоч ва Севинч Ялавоч ҳокимиятга келади. Абубакр ва Сотилмиш Ялавочларни Қайдухон Мовароуннаҳр валийлигига тайинлаган бўлса, Севинч Ялавоч Қайдухоннинг ўғли Чопархон томонидан мазкур вазифага тасдиқланади.

 

Бу даврга келиб Чиғатой улуси ҳукмдори Дувахон ва Чопархон муносабатлари кескинлашиб, 1304 йилда икки ўртада уруш келиб чиқади ва ушбу тўқнашувда Чопархон мағлубиятга учрайди.

 

Чопархон мағлубиятидан хабар топган Элхоний ҳукмдор Ўлжойту Темур 1305 йилда унга қарши қўшин тортади ва Қайдухон томонидан ташкил қилинган давлатни бутунлай йўқ қилиб юборади. Чопархоннинг Мовароуннаҳрдаги валийси бўлган Севинч Ялавочнинг ваколати 1306 йилда тугайди.

 

Манбаларда Севинч Ялавочнинг бундан кейинги тақдири ҳақида маълумотлар келтирилмаган. Шу тариқа, Чиғатой улусидаги Ялавочларнинг 83 йиллик ҳукмронлигига чек қўйилади ва Мовароуннаҳр назорати тўла Чиғатой хонларининг қўлига ўтади. Натижада, Чиғатой улуси ҳудудида қарийб бир асрга яқин давом этиб келаётган қўшҳокимиятчиликка барҳам берилади.

 

Севинч Улашова

Алфраганус университети доценти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Жараён

15:11 / 06.11.2025 0 35
Йўқолган удумлар





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 23322
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//