Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур шахсияти нафақат ёзма манбаларда, балки халқ оғзаки ижодиётида ҳам алоҳида ўринга эга. Соҳибқирон таваллуд топган Хўжа Илғор қишлоғи бугунги кунда шунчаки географик нуқта эмас, балки маънавий қадриятлар ва тарихий хотира масканидир. Ушбу маскан билан боғлиқ халқ ривоятлари Амир Темурнинг туғилишидан то балоғат ёшигача бўлган даврни ғоятда рамзий ва мифологик унсурлар билан бойитган ҳолда тасвирлайди.
Тарихий манбаларда соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган маскан деб тилга олинган Хўжа Илғор (Хожа Илғор шаклида ҳам қўлланади) қишлоғи Яккабоғ туманида жойлашган. 1926 йил 29 сентябргача Яккабоғ тумани тузилгунига қадар Шаҳрисабз туманига қарашли бўлган. Халқ орасида Хўжа Илғор қишлоғи, Амир Темур ва унга боғлиқ тарих тўғрисида авлоддан авлодга ўтиб келаётган халқ ривоятлари, маталлари сақланиб келмоқда.
Дастлаб, Хўжа Илғор қишлоғи ва бу номнинг келиб чиқиш тарихига назар ташласак. Бу қишлоқда аждодлари яшаган бир гуруҳ қарияларнинг ҳикоя қилишича, “Хўжа Илғор отанинг асл исми Муҳаммад Абулқосим бўлиб, Муҳаммад пайғамбаримиз авлодларидан бўлган. 632 йили Муҳаммад (с.а.в) пайғамбаримиз вафотидан сўнг, халифа Ҳазрат Умар ал-Ҳаттоб замонида аббосийлар Ўрта Осиёга ислом динини ёйишга аҳд қиладилар. Бу ишга масъул этиб 704 йилда саркарда Қутайба Ибн Муслим тайинланади. 706 йили Қутайба Ўрта Осиёга йўл олади. Натижада, 709 йилда Бухоро халқи, 712 йилда эса самарқандликлар мусулмон бўладилар.
717 йилда Хўжа Илғор ота Қутайбанинг лашкарбошиси сифатида Кеш беклигига қарашли ушбу қишлоққа ҳам келади ва Кеш яқинидаги Лаълистон деган жойда яраланади. Шундан сўнг Хўжа Илғор ота саҳобаларга “Менинг қиличим қайерга тушса, ўша жойга мени дафн этасизлар”, деб айтади ва қиличи шу атрофдаги бир жойга келиб тушади. Аммо бу ерда сув бўлмайди. Шунда Хўжа Илғор ота ҳассасини ерга урган заҳоти сув отилиб чиқади. Бу – Қўтирбулоқ бўлиб, унинг сувидан не-не яра-чақали кишилар шифо топиб кетган. Чунки бу булоқ сувига Хўжа Илғор отанинг жароҳатини ювиб, шу ерда дафн этганлар.
Албатта, халқ ривоятларидаги саналар ва сулолалар тарихида чалкашликлар бор. Негаки, ривоят ёзиб қолдирилмаган бўлиб, оғзаки шаклда отадан болага ўтганда маълум ўзгариш ва қўшимчаларга учраши табиий. Шунинг учун ҳам рақамлар ва сулолалар тарихида чалкашликлар юзага келган. Негаки, Қутайба аббосийлар даврида эмас, уммавийлар даврида лашкарбоши (704–715) этиб тайинланади. Шунингдек, Кеш ва Нахшаб ҳудуди 717 йилда эмас, 707 йилда босиб олинади.
1928 йили академик В.В.Бартолд бир муддат Шаҳрисабзда, шунингдек, Хўжа Илғор қишлоғида ҳам бўлган. Қарияларнинг айтишича, у Соҳибқирон туғилиши, болалиги, ўсмирлиги билан боғлиқ жуда кўп ривоятларни маҳаллий аҳолидан ёзиб олган. Бу синчков олим билан суҳбатлашган кексаларнинг фарзандлари Хўжа Илғор атрофидаги қишлоқларда ҳозир ҳам ҳаёт кечирмоқдалар.
Тарихий манбаларда келтирилишича, Хўжа Илғор ота қишлоғи Амир Темур туғилган замонлардан олдин ва кейин ҳам Кешнинг обод қишлоқларидан эди. Аммо бу ерлар манғитлар даврида бирмунча қаровсиз бўлиб қолган. Чунки кексалар ХХ аср бошларида қишлоқ атрофида катта-катта тўқайзорлар бўлганини ҳикоя қиладилар.
Ушбу қишлоқда жойлашган тарихий қабристоннинг ўртасида катта қабр бўлиб, бу Хўжа Илғор номи билан машҳур Муҳаммад ибн Абулқосимнинг қабри эканлиги айтилади. Қабр баланд кўтарилган ва пишиқ ғишт билан ўралган. Унинг бир томонида зиёратчилар тавоф қиладиган арксимон жой ва 4 та мармар тош бўлиб, унга араб имлосида жумлалар ёзилган. Зиёратчилар ана шу мармар тошларни ва бўйи уч метр келадиган иккита оқ туғ – яловни тавоф этишади.