Журналга мақола ёзиб бериш мажбурияти зиммамга юклатилгандан сўнг анча ўйга толдим. Ёзишим керак бўлган мақола мавзуси менга жуда қийин туюлди. Нимаси қийинлигини тушунтирай.
Бу мавзу барибир ўзим ҳақимда эканлигини биламан. Бунинг эса бир хавотирли жойи бор. Гап шундаки, ҳаётимда кечган баъзи ўринларни эслашга тўғри келади. Бу хотираларнинг эса одам ўзи билан олиб кетадиган жойлари бордай туюлади менга...
Ҳа, ҳозир ёзаётган ҳаёт лавҳаларининг кўпининг улар кечган пайтдаёқ маъносини чаққаним йўқ. Бу воқеалардан кейин – ёшим бир жойда етганда – маълум бир хулосалар чиқарганман...
* * *
Ҳақиқий ёзувчи-шоирларнинг ҳаёти ва айниқса ижод жараёни четдан қараганда бир-бирига ўхшаш – жуда содда, аниқдай туюлади... Ҳа энди, каллага нимадир келгач, столга ўтирасан-да, ёзиб ташлайсан. Тамом.
Аммо ҳар бир ижодкорнинг ижод йўли ўзига хос изланишларга тўла ноёб ҳодисаким, у маълум бир кишининг ҳаёти доирасида қолиб кетмаслиги билан ажралиб туради. Унинг дунёга ўзгача кўз билан қараши (ўзига хослик деймизми?), сўзлар мутаносиблигини юксак даражада ҳис қилишдан келиб чиқадиган алоҳида инжалик, асарларидаги тушунтириш мушкул аллақандай сеҳр, ҳаёт ҳақиқатининг бадиий ҳақиқатга айланиши туфайли кундалик ташвишларнинг гўзал, теран, кулгили, драматик ва баъзан фожеали тус олиши алоҳида бир тажрибаким, бу тажриба ижодкорнинг яратувчилик қобилияти сабабидан кўпчиликни ром этади. Тулкидай қилпиллаган, бўридай ириллаган бу дунёда инсон қадри борлигини қайта ҳис қилдиради. Адолатталаблик, ор-номус, миллатпарварлик, инсонпарварлик, ватанпарварлик каби улуғ хислатларини китобхонларга юқтиради. Ватанни севишга ўргатади.
Бизда кам айтиладиган бир гап: ҳақиқий ижодкор Парвардигор мукаммал яратган дунёнинг ҳар бир жилвасидан ҳайратга тушади. Бу ҳайрат унинг онгини, руҳини, бору йўғини туйраб ўтади. Мана шу маҳобатли ҳайратни қоғозга тушира олиш маҳорати эса жуда нодир ва ноёб бир ҳодисаким, бу мақомга кўтарилиш ҳамма ижодкорга ҳам насиб этавермайди. Кўтарилиш насиб этганлар эса дунёнинг мукаммаллигини ва ўз ҳайратининг манбасини ич-ичдан сезади. “Воҳ, тангрим!” деб ногаҳон пичирлайди у бир кунмас-бир кун. Бу пичирлаш барча ҳайқириқлардан баланд янграйди...
Хуллас, буюк адибларнинг барчаси ўртаниб ёзиш унга бекор насиб этмаганини англайди. У ёлғондан, хушомаддан, майда манфаатлардан озод – инсон руҳини майдалаб ташлайдиган минг турфа иллатларга нафрат билан қарайдиган, адолат ва ҳақиқат тарафидаги улкан шахсга айланади.
Мен Шарқ адабиётидан эмас, четроқдан бир мисол келтириб ўтаман.
Мудом оғриқли изланишда бўлган Лев Толстой умрининг охирида православ черковининг қотиб қолган ақидаларини рад этган. Бу қарашлари учун черков раҳнамолари уни “лаънат”лаган ва... уни черковдан – христианликдан “маҳрум” этганлар. Ҳолбуки, Толстой насроний ақидасининг тамал тоши – учлик(“троица”)дан воз кечиб, ўз ақли ва руҳи билан яккахудоликка – исломга жуда яқинлашиб келган эди. Рус адабиётшунослиги Толстойнинг бу кечинмаларини эслашни хуш кўрмайди. Аммо ҳақиқат худди шундай.
Ўзбек театрининг асосчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам ижоднинг бу йўриғини ҳис қилган. У мақолаларидан бирида “театр масхарабозлик” эмаслигини қатъий таъкидлаб ўтади. Бу ўринда “масхарабозлик” сўзини кенгроқ тушунишимиз лозим. Айниқса, олди-қочди, енгил-елпи асарлар ёзишга мойиллик кўпайиб кетаётган ҳозирги пайтда бу ҳол ҳам ўша улуғ жадид Беҳбудий кўзда тутган “масхарабозлик”нинг бир кўриниши эканлигини эслатиб турмоғимиз лозим.
Ёзишда илоҳийлик борлигини таъкидлашдан толмаслигимиз керак. Ёзиш (рост туйғулар, ўртанишлар) ибодат эканлигини англамоғимиз зарур. Бу ҳол – ҳақиқий адабиётнинг муҳим бир рукни сифатида – адабиётга қарашни шакллантиришга кўмак берадиган адабиётшунослигимизда ҳам акс этиши лозимдай туюлади менга...
Биз ҳақиқий шоиру ёзувчилар асарида муҳим бу фазилатни мудом пайқаганмиз...
Аммо бу илоҳийлик қачон ижодкорга ҳамроҳлик қила бошлайди?
Энди гапни яна ҳў-ў-ў бошдан бошлашга тўғри келади.
* * *
Яқинда Эшқобил Шукур билан бир шоир укамизнинг тўй ошида қатнашдик. Одатдагидай амри маъруф бу сафар одатдагидай амри маъруф бўлмади. Домла билимли, бунинг устига қайси даврада нимани гапиришни биладиган одам экан.
Хуллас, домла... шоирликдан сўз очди!
Оббо!..
Мен шоирлик ҳақида амри маъруфни биринчи эшитишим эди.
Рости, дастлаб хавотир ҳам олдим. Одатда амри маъруф одобу ахлоқдан бўлгич эди. Биз ҳам адабиётда айланиб юрган одамлармиз, бу амалнинг пасту баланди бизга маълум... Домла тағин ўзича “ақллилик” қилиб, алжиб қолса нима бўлади?
Аммо домла хавотирга ўрин қолдирмади...
У киши шоирлик ўқиб-ўрганиб етиб бўлмайдиган касб эканлигидан гап бошлади. Шоирликни Парвадигор она қорнидан ўзи сайлаган бандаларига инъом этар экан...
Эшқобил икков кўз уриштириб олдик. Ана! Биз туғма истеъдод деймиз-ку! Шуни гапираяпти! Тўғри! Тўғри!
Домла бу ҳақиқат Қуръонда ҳам борлигидан гап очди. Бир оят билан фикрларини мустаҳкамлади.
Мен учун яхши укамнинг бу тўйидаги энг катта мукофот мана шу амри маъруф бўлди!
* * *
Албатта, шоир вояга етгунча қоғоз билан билан юзма-юз ҳолда жуда кўп қолу ҳолни бошдан ўтказади. Худо берган истеъдодни йўқотмай, маълум бир даражага олиб чиқиш учун жуда кўп босқичлардан ўтади. Яхши шеърнинг туманлар ортидаги қиёфасини ҳис этгунча неча бир онгорти манзиллар ошади. Руҳи охир-оқибат мудом мавжланиб турадиган бир ҳолга етадиким, камина бу ҳолни ўзимча “узлуксиз илҳом” деб атайман. Бу – шоир истаган пайт шеър ёза олиш ҳолати... Бундай ҳолат бўладими? Бўлади! Менимча, ҳазрат Алишер Навоий шу мақомда ижод қилган. Аниқ.
* * *
Болалигимда, йўғ-э, гўдаклигимда ичимда тиқилиб, вужудимни ўртаб ётган нарса нима эканлигини тушунмаганман. Тушуниш қайда? Ҳали ёзиш тугул, ўқишни билмайман-ку... Йиғи мудом томоғимга тиқилиб турган. Бу ҳолни ҳозир ҳам жуда аён эслайман.
Менинг йиғлоқи феълимни ўша пайтда бутун қишлоқ билган бўлса кераг-ов. Кейинчалик, юқори синфларда ўқиганимда ҳам, ёши мендан катта қишлоқдошларимга дуч келсам ўша йиғловимни эслаб қолишарди:
– Мунови Усмонми? – дейишарди негадир қувонишиб. – Дўппосдай жигит бўп қопти-я! Э, бунинг болаликдаги жилашларини!.. Менгнихолойдинг кунини бир тутам қиган эди-я!
Яна менга разм солиб қувонишарди:
– Дуппа-дуруст бўпти!
Кампирларнинг ҳайратлари бошқача эди:
– Бола жилар экан, сиқтар экан, ўлмаса одам бўп кетар экан... Дам олмай жилар эди-я...
Уйдагилар мени касал деб ўйлаб, қилмаган амали қолмаган. Фол очтиришган. Табибга кўрсатишган. Барча айтилганни сидқидилдан бажаришган. Ҳатто кимнингдир маслаҳати билан ўнг қулоғимни тешдиришган ҳам (ҳозир ҳам ўрни бор). Кор қилмаган.
Раҳматли энам (биз онамизни шундай деймиз) эслар эди:
“Отангнинг давраси бор эди. Бойсуннинг тўрт-беш катта мулласи кечқурун хуфия йиғилиб, китоб ўқирди. Масала талашарди. Нимага яширин дейсанми? Шўро билиб қолишидан қўрққан. Замон ёмон эди, болам... Кўпинча бизникига келишарди. Шаҳардан олис, овлоқроқ жойда-ку ҳовлимиз. Улар келадиган кун алоҳида тайёргарлик кўрар эдик. Отанг бир жонлиқ сўйдирарди. Мен гўшт қовураман, шўрвани ташлаб қўяман. Туннинг бир маҳали ошга уннайман.
Бир оқшом ошхонада уннаб ётибман. Бир қўлимда капгир, бир қўлимда сен. Тинмай йиғлаяпсан. Меҳмонхонага ҳам изиллаганинг эшитилиб турган бўлса керак. Отанг чидай олмапти. “Ака, – депти отанг Муфти бобога, – шу болани бир ўқиб қўйинг. Илон чаққандай чириллаяпти”. Сени кўтариб, меҳмонлар йўқ хонага ўтдим. Муфти бобо кириб келди. Сен тинмай йиғлаяпсан. Ерга қўйишнинг иложи йўқ. Мен сени овутмоқчи бўлиб, юриб турибман. Муфти бобо ҳам юриб ўқияпти... Бир-икки “суф” деганидан кейин бирдан кулиб юборди. “Келин, – деди, – бу бола касал эмас. Кўзини қаранг, топ-тоза. Бу бола худодан бир нарса сўраб йиғлаяпти. Хавотир олманг, худо хоҳласа, катта одам бўлади!”...
Энди ўйлайман... бу гўдакни ўртаган азоб ўша – жону жаҳонингни ҳар лаҳзада, ҳар соат, ҳар кун, йиллар бўйи – умр бўйи тубсиз ҳаяжонда тутиб турадиган дард бўлса керак. Ўша, Машрабни сарсон-саргардон қилган, Бобурни “салтанатдан кечасан” деб талвасага солган... Ўша...
Эсим кирганда бу йиғини ичимга ютишни ўргандим...
Эҳтимол, мен бу хотиротни аслидагидан каттароқ маъно юклаб эслаётгандирман, лекин у рост. Ростлиги билан қалбимга тиргак бўлиб турганини сезаман. Шунинг учун ёздим...
* * *
Олти ёшда мактабга бордим. Ёзишни ўргандим ва... алланималарни қоралашга тушдим. Мактаб дарсликларида ва газеталарда ўқиган шеърлар, “Алпомиш”у “Кунтуғмиш”лар оҳангларида нималарнидир қоғозга тушира бошладим...
Бу ночор сатрларнинг қоғозга кўча бошлаши, назаримда, ижодий таржимаи ҳолимдаги энг катта нуқта – бурилиш эди.
* * *
Бу бурилишдан сўнг кирганим “кўча” бетиним мутолаа натижасида кенгайиб, “ўзимники”га айланиб борди. Йўқ, мен ҳар кун ниманидир ёзиб ташлайвермаганман. Барча тенгдошларим каби рўзғор ташвишининг бир чети менинг ҳам елкамга тушган. Жуда ҳаракатчан бўлганман – ўйинга ҳам вақт топганман.
Ўзимни эплаб олгандан кейин дала-даштда бир ўзим ялангоёқ кезишни яхши кўрдим. Дунёнинг баҳори-ю кузи негадир мени ҳаяжонга солган. Бу дунёда мендан яширин аллақандай сир бордай туюлаверган. Дарахтларга, майсаларга, тоғу тошлар, ҳатто ҳашоратларга соатлаб термулиб ўтирганман.
Баҳорда, майсалар қулф урган пайтда, ёмғирсиз кунлар бўлади. Қуёш чарақлайди. Турли-туман чумолилар, қўнғизчалар ўрмалаб чиқади. Чумолилар бир зумда инларидан ўтлоқ оралатиб узун йўллар қуради. Уларнинг ҳаракатида тартиб борлигини, бу тартиб жуда мураккаб эканлигини ўшанда сезганман. Ҳатто йўлакчаларидан қарама-қарши келаётган чумолиларнинг баъзилари тўхтаб, бир зум мўйловчаларини қимирлатиб, бир-бири билан “гаплашиб” (менга шундай туюлар эди) олишларини ҳайрат билан томоша қилганман. Ана, туячумолилар!.. Уларнинг инлари майса сийрак жойларда. Йўл ҳам қуриб ўтирмайди. Ҳар биттаси фақат ўзига маълум йўналишда тентирайди. Улар юрмайдилар, югурадилар... Инларига бирор бир егулик ташиганларини ҳам кўрмаганман.
Ўтлоққа юзтубан чўзиламан. Офтоб елкамни қиздиради. Майсалар орасида аллақандай майда – игнанинг учидай митти жониворлар кезиб юрганига кўзим тушади. Бу жониворларнинг отини билмайман. Назаримда, ҳеч ким билмайди. Негадир ранжийман. Бу жониворлар бор-ку! Нега оти йўқ?..
Ёз эса тинимсиз меҳнат пайти. Одамлар қишнинг ғамида тентирайди. Сомон, чалма-тезак ташилади, ғалла ўрилади... Иссиқдан лабимиз қовжираб, биз болалар ҳам катталар ортидан бу юмушларга ёрдам берамиз. Буғдой ўрими машаққат. Неча турфа тиканлар ғаллазорни босган. Бир тутам буғдойни тутсанг, уйинг куйгур тиканлар кафтингга аридай ёпишади... Кейин-кейин кафтингу бармоқларинг дағаллашиб, ундай-бундай тикан ўтмайдиган бўлади. Қоронғи тушганда қўшхонага қайтилади.
Қўшхонани бир тепада ташлаганмиз... Катта дошқозондан таралаётган овқат иси димоғимизга урилади. Ҳамманинг қўлида тунука коса. Қозонни ўраб оламиз. Беш-олти тенгқур қур ташлаб ўтирамиз. Бригадир отининг хуржунига тўлдириб келган тандир нонни шўрвага тўғраб, иштаҳа билан еймиз... Шом ўтгач, ўйин бошланади. “Оқсуяк”, “Урганни топ”... Бу ўйинларимизда ёшлар тугул, катта-матта ўроқчилар ҳам иштирок этади. Кечаси очиқ ҳавода ўша қозоннинг теграсини айланиб, тўшакка кирамиз. Уйдан битагина эски кўрпа олиб келганмиз. Бошимга кўрпа тагидан ялпоқ тош қўйиб (ҳа, тош қўйиб!), ёстиқ ясаб олганман. Кўрпанинг ярми устимда, ярми остимда. Тепада юлдуз сиғмаган осмон. Чарақлайди. Тунни чирилловуқлар товуши тутади... Кун бўйи меҳнатда ҳориган одамлар бир пасда ухлаб қоламиз.
Эрталаб тонг отар-отмас уйғотишади. Енгилгина чой ичган бўламиз-да, ўроқни олиб, кеча ўримни тўхтатганимиз дала бошига борамиз. Боев Бозор бобо ногаҳон “ҳа-а!” деб бақиради. У жазаваси тутган одамдай ғужур билан ғаллага ўроқ солади. Тикан-пиканни кўрдим демайди. “Ҳа-а!”... Қатор бўлиб ўримга тушамиз. Ғайрату шижоат барчага кўчади. Бош кўтармай ишга тушамиз. Манглайларда тер пайдо бўлади. Кўйлакларнинг елкаси нам... “Ҳа-а-а!”. Ортимизда икки-уч киши ҳар-ҳар жойда уйиб қўйилган ғаллани йиғиштириб – боғлаб келаверади. Саратон тафти ҳам сарғайтмаган аллақандай ўсимликлардан бовлиқ ясаб, шундай боғлашадики, атайлаб силкитсанг ҳам, бирор буғдой пояси тўкилмайди. Беш-ўн боғни бир жойга тўплаб кетишади. Кейин далага бир жуфт ҳўкиз қўшилган чиғана киради...
Чиғанани кўрганлар ҳозир кам қолди. Чиғана – ғилдираксиз арава. Бир ўрим фаслигагина етса бўлди деб наридан-бери қурилади. Бақувват толёғочлар тўртбурчак қилиб бирлаштирилади. Бу – чиғананинг асоси. Унинг тўрт буржидан тепага яна тўрт узун хода тикланади. Уларнинг орасига ва асосга кўндаланг қилиб яна тахта қоқилади. Бир томони эса очиқ қолади. Шу очиқ томондан буғдой боғлари шохада илиб, чиғанага ташланаверади. Тўлиб-тошгандан кейин хирмонга элтиб, ағдарилади.
Бу хирмон – махсус эмас, экин экилмайдиган текис жой, холос. Хирмончилар боғларни чиғанадан тушириб, “белбоғ”идан ажратади, айлана шаклда тизза бўйи қилиб тўкишади. Сўнгра чиғанадан бўшаган ҳўкизларни бўйнидан жуфтлаштириб боғлаб, буғдойнинг устига галагов соладилар. Хирмончилар “майда-майда”ни ғайғайлаб айтиб, ҳўкизларга бир зум тиним бермайди. Шу тарзда ғалланинг сомони сомонга, буғдойи буғдойга ажратилади...
Жуда қаттиқ меҳнат.
Яшаш учун одамлар, жумладан, биздай ўспиринлар ҳам бир зум тинмайдиган маҳаллар...
Ўша кунлар машаққати ва... шавқи суяк-суягимга сингиб кетган.
Энг қизиғи, мен ўримга ҳам китоб элтганман.
Тушликдан сўнг камар тагида соялаб ётганимизда китоб ўқийман. Баъзан Самариддинхон эшон бобо ёнига чақириб олади. У киши кўп достонларни ёд биладиган одам. Китоб ўқиганим учун бўлса керак, менга алоҳида меҳри бор. Мени сизлаб, ўзининг тенгидай гаплашади. Биз достонлардан, эртаклардан суҳбат қиламиз. Китоблардан ўқиганим, эшитганим достону эртаклардан гаплашсак, у киши тўлдириб боради:
“Бу маталнинг яна бир жойи бор”.
“Алпомиш бу жойда яна бундай деган”...
Ўша даврлардан қолган бир одатим бор. Ҳозиргача бирор нарсани ўйлаб турганда бирдан ҳамма нарсани унутиб, ўзимга чўкиб қоламан. Эшон бобо буни ҳам сезиб олган. “Ҳа, келдими?” дейди у киши... Сўнг жиддий қўшиб қўяди: “Ёзишдан қолманг”... Қишлоқда гап ётармиди, у киши менинг бир бало ёзаман деб уннаб ётишимни билади... Эшон бобо жуда зўр одам эди! У киши шоир деб ном чиқарган кунларимни ҳам кўрди. Жойи жаннатда бўлсин!
Кейин куз келади. Дунё ҳувуллайди... Юрагим зимиллаб дашту тоққа қараб ўтиравераман. Худойим!..
Бу ҳувуллашни қандай ёзаман?
Мен кўрган-кечирганларим ва атрофимдаги чексиз-чегарасиз дунёда шеър борлигини аниқ биламан. Аммо уларни қоғозга туширишни удда қилгунимча узоқ, жуда узоқ йўл борлигини ҳам англайман.
Ёзишнинг ваҳимаси ҳам бор. Аммо жаҳд билан киришгунингча... Ёзишдан қолмайман. Албатта, у қораламаларни шеър деб бўлмайди. Буни ҳам биламан. Лекин ёзаман-да!..
* * *
Бизнинг мактаб етти йиллик эди. Кенжа опам Саида қишлоғимиздаги мактабни битириб, Бойсун марказидаги 1-мактабда ўқий бошлади. Қишлоқ мактабида адабиётдан дарс берадиган муаллим тўпорироқ одам эди. У бизга дарсликнинг фалончи бетидан фалон бетигача ўқишимизни тайинлаб, ўзи ташқари чиқиб кетар – қайтиб кириб, дарсини якунлаб қўя қоларди. Опам борган катта мактабда эса адабиёт ўқитувчилари жуда кўп – улардан бирини сиртдан жуда яхши танийман. Гап шундаки, учинчи синфда ўқиб юрганимда шу муаллимнинг туман газетасида эълон қилинган шеърини ўқиганман. Ана, худонинг қудрати билан шу шоир домла опам ўқийдиган синфда дарс бера бошлади. Шеърларимни шу домлага кўрсатсам, қандай бўлади? Уч-тўрт ойлик ўйловдан кейин икки шеъримни танлаб, опамдан шу кишига кўртсатишини илтимос қилдим...
Ҳар кун опамдан суриштираман. Бир ҳафталардан кейин жавоб келди. Аммо опам “ўқибди” деб гапни қисқа қилиб қўя қолди. Домланинг нима деганини сўрайверганимдан кейин охири ростига кўчди: домла “бирор китобдан кўчирмаганми?” деб сўрабди опамдан...
Мен жим бўлиб қолдим. Ўзимни ҳақоратлангандай ҳис этдим. Кун бўйи бу адолатсизликка чидамай юрдим... ва эртаси бирдан кўнглим чарақлаб кетди. Муаллимнинг бу хавотири аслида энг катта мақтов эканлигини англадим! У шеърларимни, ўзи билмасдан, китобдаги шеърларга тенглаштирибди-да! Демак, ёзсам бўлади!
Сизни чалғитмаслик учун айтиб қўяй. Кейин билдим, ўша пайтда китоблардаги шеърларнинг ҳам кўпи жуда ночор экан...
* * *
Тўққизинчи синф чоғим биринчи шеърим вилоят газетасида босилди. Шу шеър туфайли Эркин Аъзам билан танишдим. Мен адабиётга шу пайтгача бу даражада қизиққан одамни кўрмаган эдим. Энди айтсам, ёлғони бўлмайди: мен бир умрлик дўст топган эдим. Иковимизнинг суҳбатларимиз оламга сиғмайди денг. Ёзганимизни бир-бировга ўқиб берамиз, тортишамиз... Ўқиган китобларимизни ва муаллифларни “бўлади-бўлмайди”га ҳам ажрата бошладик.
Бир кун шеър ўқиётганимда, Эркин хаёлланиб турди-да, шеър ўқиш оҳангим ўзгарганини айтиб қолди. Наҳотки... ўзгарибди? Шеърни янгича оҳангда – ҳозир шеърхонларга таниш бўлиб қолган тарзда ўқий бошлабман. Илгари радиодаги дикторларга тақлид қилиб ўқирдим шекилли. Ҳозир... Ўзгарибди. Энди билсам, ўша пайт шеърларимда, танқидчилар таъбирича, ўзимнинг “овозим” пайдо бўлган экан. Қуллуқ бўлсин дейдиган одам йўқ. Эркиннинг ўзи ҳам ҳозир бу “хулоса”сини эслай олмаса керак.
Бу оҳангнинг пайдо бўлиши муҳим бир босқичдан ўтганимга далолат эканлигини энди-энди тушунаман.
* * *
Олтмишинчи йиллар ўзбек адабиётида эврилишлар даври бўлди. Унгача замонавий адабиётнинг мундарижаси жуда тор эди. Бу йилларда эса адабиёт ўзгарди. Аввалдан ном чиқарган адиблар ҳам янгича ёза бошлади. Бирин-кетин янги номлар ҳам кўринди. Биз шу ўзгаришлар ичида улғайдик. Мактабда ёзганларимдан китобга кирган биргина шеър – “Қишки эртак”ни ҳозир эслаяпман... Университетда ўқиб юрганимда ва кейинги ёзишларимни адабиётдаги ака-укаларим, дўстларим жуда яхши кутиб олди. Беш-олти китобим нашр бўлди. Аммо мен нимагадир етиб бормаганимни ҳануз ҳис қилиб юрардим. Олдимда яна бир довон бордай туюлаверар эди. У қандай довон?
* * *
Тахминан ўттиз беш ёшларимда бир воқеа рўй берди. Ичимда аллақачон “буюк” деб сифат берадиган устозим Шукур Холмирзаев уйига чақириб, ўша пайтлар ёзилаётган “Қилкўприк” романига қўшиққа тушадиган бир шеър ёзиб беришимни илтимос қилди. Бу ҳақда “Сўнгсўзлар” китобимда батафсил ёзганим учун воқеани қисқароқ баён этаман.
Хуллас, “қўшиқ” ҳам, ҳатто нақорати ҳам ёзилди.
Шукур акамизнинг тавсияси билан ҳофиз ва ёзувчи Холиқ Хурсандов бу шеърни қўшиқ қилди ва бу қўшиқ Бойсун аро машҳур бўлди.
Менга бердинг осмоннинг бир тиниғини,
Тошлар отдинг, териб олдим синиғини...
Қаҳратоннинг қатронини мен тортдим, ёр,
Ағёр билди сўзларингнинг илиғини.
Куйди жоним, куйди менинг жоним, куйди,
Бевафо ёр бизни қўйиб кимни суйди?
Бу воқеадан уч-тўрт йиллар сўнг Шукур ака, раҳматлик Рауф Парфи билан учовлон бўлиб Бойсунга бордик. Бойсунда дўкондан туркийшунос олимларнинг Москвадаги бир йиғинидаги ваъзлари асосида нашр этилган бир китоб сотиб олдим. Варақлаб кўраётиб, ишонинг, ногаҳон Шукур аканинг уйида ёзилган “қўшиқ”нинг нақоратига дуч келдим. Ёзилишича, бу сатрлар қарайим халқи оғзаки ижодига тегишли экан. Ана, холос! Бутун баданим музлаб кетди. Мен учун бу ҳол ниҳоятда ҳаяжонли эди.
Бу воқеанинг таъсиридан анча пайт ўзимга келолмай юрдим. Худойим! Бу нимаси? Бу нимага ишора? Қай қудрат бу икки сатрни аввал менга ёздириб, сўнг Москвада чиққан китобни Бойсунга келтириб, қўлимга тутқазди? Эй, Парвардигор!.. Мен сесканиб кетдим. Нима?... Ҳа, Парвардигор!.. Парвардигор!..
* * *
Менинг ёзишимда ўзгариш рўй берди. Қачонлардир орзу қилганим шеърга етгандай эдим. Шеърларимга ёзишга кучим етмай тўлғонганим – дунё шовури, манзаралари, руҳи, ҳолати кириб кела бошлаганини сездим. Парвардигорга илтижоларим кўпайди. У мени ёзиш учун яратганини англадим. Истаган пайтда ёзишим мумкин бўлган ҳаяжон ихтиёрида қолдим. Наср ва драматургияга қўл урдим. Сценарийлар ёздим. Барчаси осон ва табиий кечди. Зарра ҳам зўриқиш бўлгани йўқ. Чунки мени қўллаб турган – бу оламнинг Ижодкори эканини фаҳмлаган эдим...
Мен шу охирги жумлани ёзмаслигим кераклигини англаб турибман. Бу мақола аввалидаги иккиланишларим сабабини тушунгандирсиз? Аммо қирқ ёшимга етар-етмас ёзишимда рўй берган ўзгаришлар моҳиятини бошқача қандай қилиб сизга англатаман?
Бу мақоладиги иқрорларим кимгадир оғир ботмайдими?
Эҳтимол, бу мақолани босмассизлар?
* * *
Умримнинг етмиш олти ёшини яшаяпман. Яна қанча яшашимни Парвардигорнинг ўзи билади.
Ҳозиргача яхши кўрган ишим билан шуғулланишга имконият берган Парвардигор, сон-саноқсиз шукроналаримни, ҳамду саноларимни қабул эт!
Усмон АЗИМ,
Ўзбекистон халқ шоири
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 4-сон.
“Мавжлар, тинимсиз мавжлар” мақоласи
Тарих
Адабиёт
Тарих
Фалсафа
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ