Ёшидан қатъий назар ҳар бир ўзбекнинг орзу, ният, режаларидан доимий ўрин оладиган муҳим оилавий тадбир бу албатта, тўй. Йигит ва қиз ҳаётини бирга давом эттиришга қарор қилиб, мана шу тантанани ташкиллаштиради. У аслида томонларнинг моддий имкониятлари, жамиятдаги статуси ва бошқаларни кўрсатиб қўйиш эмас, янги турмушни бошлаш олдидан ёшларнинг муҳим кунини бирга нишонлаш тантанаси саналади. Шунга кўра, тўйга унинг қаҳрамонлари – келин ва куёвнинг энг яқин ва қадрли меҳмонлари таклиф этилади. Аниқроғи, шундай бўлиши мантиқан тўғри бўлади.
Амалиётда-чи?
Бизнинг тўйлар янги ҳаёт, турмуш бошланишига бағишланган тадбир эмас, тўйдан кейин ҳаёт йўқдек, бутун умр фақат тўй учун яшаб, меҳнат қилинадигандек тасаввур беради. Меҳмонларнинг аксариятини келин-куёв ҳатто танимаслиги ҳам мумкин. Лекин уларсиз тўй “ўтмайди”. Дастурхон ҳақида-ку, айтмаса ҳам бўлади, унда бошқа тўйларда йўқ ноз-у неъматлар бўлиши керак. Ахир бу кун келин-куёв туғилиши биланоқ “не-не орзу-умидлар билан кутилган”…
Чиндан, бизда фарзанд дунёга келмасиданоқ унинг никоҳ тўйи ҳақида қайғуриб, шу тантана ташвиши бошланади. Катталар уларга сарпо йиға бошлайди. Дуолар ҳам “топганинг тўйга буюрсин” деб бошланиб, “яхши жойлардан ато қилсин”, дея якунланади. Ўша ниятлари ортиғи билан ижобат бўладими, ҳақиқатан ўзбек топганини тўйлардан орттиролмайди. Аввалига бешик, кейин суннат, мучал, юбилей, никоҳ тўйи. Уларнинг ҳар бирига сарпо, келганларга дастурхон, совға-салом, бўлганда ҳам энг қиммат, урфдаги зийнатлар, ё бўлмаса қимматбаҳо техника ва ҳатто, автомобиль… Бу ҳашамат ташқаридан қараганда хонадон эгаларини “таги бақувват”, “эски бойлар” каби кўрсатса-да уларнинг катта қисми афсуски, қарз, кредит асосига қурилади. Қизиғи, бу дабдабаларнинг на замонавий, на иқтисодий, ижтимоий, дунёвий ё диний асоси бор.
Ўзи тўй ҳақиқатан ҳам шунча харажатга арзийдими? Орзу-ҳавас номи ортидаги керагидан ортиқ дабдаба ёшларнинг янги турмушига қандай таъсир қилиш масаласи нега доим очиқ қолади? Умуман, тўйнинг аҳамияти ҳашамат даражасига қараб белгиланадими ё ёшларнинг қадам қўйган янги ҳаёти муҳимроқми? Бу тантана бошқа ривожланган мамлакатларда қандай нишонланади?
Кореяда
“Кореядаги дугонам турк йигит билан турмуш қурди. Тўйлари 30 нафар меҳмон билан жуда чиройли ўтди. Корейсларда тўй икки соат давом этади, дугонам хорижлик бўлгани учун уларга тўрт соат нишонлаш учун рухсат берилди”, – дейди саккиз йилдан буён Кореяда истиқомат қиладиган Хуршида Мусинжонова.
Ўзбекистон ватандошига Кореядаги тўйлар бўйича яна бир қатор саволлар билан мурожаат қилганимизда қуйидагилар маълум бўлди.
Корейслар анъанасига кўра икки соат нишонланадиган тўйнинг бир соати катта залда, ўз маросимларини нишонлашга, қолган бир соати овқатланиш залида тамадди қилишга сарфланади. Бу вақтда келин-куёв барча меҳмонлар билан бирма-бир саломлашиб, келганлари учун миннатдорчилик билдиради.
Тўйхона, кема ёки кўчада: Тўй манзили келин-куёв томонидан танланиб, одатда 50-100 нафаргача меҳмонлар таклиф қилинади. Лекин Кореядаги ўзбекистонликлар учун бунча меҳмон чақириш қимматга тушиши, қолаверса, бегона юртда таклиф қилинадиган танишлар ҳам кўп бўлмагани туфайли ўзбеклар тўйни кичикроқ даврада, ўртача 30-40 киши билан нишонлайди.
Тўй келин-куёв ўртасида тўпланган пул асосида ташкиллаштирилади. Мавжуд бюджетга кўра тўйдан бир ой аввал фотосессия қилиниб, тўйхона столининг декорацияси белгилаб қўйилади.
Дастурхон менюсини ҳам келин-куёв ўзига маъқул даражада тузади. Тўй меҳмонларининг ҳар бири ўртача $50, яқинроқ дўсти бўлса 100 долларгача тўёна пули бериб киради.
Кореядаги аёлнинг никоҳ тўйидан
Кореядаги яна бир ўзбекистонлик никоҳ тўйи Коронавирус пандемияси даврига тўғри келгани туфайли 30 нафар меҳмон билан, бироқ кўнгилдагидек ўзбекона ўтказилганини айтади. Унга кўра, тўй камтарона, ҳеч қандай ҳашаматларсиз, фақат танишлар билан ўтган. Юқори қаватда никоҳ узуги тақилиб, рақс, ўйин-кулги бўлган, ундан кейин пастки қаватда швед столидаги ўзбекча таомлар билан овқатланилган.
Австралия
16 йилдан буён Австралияда яшаб, ўзбекларнинг тўйида 3-4 марта иштирок этган яна бир ватандошга кўра, сўнгги меҳмон бўлган тантанаси камҳарж, камтарона ўтказилган. Ёш оила тўйдан кейин асал ойига кетган. У ердан қайтгач алоҳида хонадонда яшайди. Яъни, улар мавжуд бюджетини бир кунлик тўйга сарфлашдан кўра ундан кейинги режаларига ҳам тақсимлашни маъқул кўрган.
Ўз фарзандларининг тўйини ҳам шу мамлакатда ўтказиш ниятида эканини билдирган, бироқ оиланинг катталари Ўзбекистонда бўлгани учун масалани тақдирга таваккал қилганини айтган аёл Австралиядаги яна бир тўй ҳақида шундай дейди:
“Яқинда афғон дўстимизнинг тўйига бордим. Дастурхон ўртасида гул ва сув бор, холос. Швед столидан ҳар ким ўзига керагини олиб еди. У ерда ҳам ортиқча нарса йўқ, фақат овқат ва салат қўйилган. Тўй 50 нафар меҳмон билан жуда файзли бўлди”.
Кичик сўровномада шунингдек, Туркия ва АҚШнинг турли штатларида истиқомат қилувчи ўзбеклар ҳам тажрибалари билан бўлишган. Жавоблардан шуни билиш мумкинки, қаерда бўлмасин, тўй маросимларини камтарона ёки исрофгарчилик билан ўтказиш танлови мамлакат тартибидан ҳам аввал, одамнинг ўзига боғлиқ.
Америка қўшма штатлари
Бу катта мамлакатда тўйларнинг ўтказилиш шакли бўйича ихчам ёки ҳашаматли деб аниқ айтиш мураккаб. Америкадаги ўзбекистонликлар бу маросимнинг ҳар икки кўринишига ҳам гувоҳ бўлганини, маросим штатга қараб фарқланиши, масалан, Нью-Йоркда дабдабалироқ бўлиши, шунда ҳам меҳмонлар 100 нафардан ошмаслигини айтади. Бири ўз никоҳ маросимини 35 киши билан ўтказган бўлса, бошқаси АҚШдаги энг исрофгарчиликка бой тўйларни ўзбеклар ташкиллаштиришини таъкидлайди.
Лобархон исмли АҚШдаги ватандош мамлакатдаги тўйларнинг асосий тартибларини санаб берди.
Унга кўра, АҚШдаги тўйга бегона одам келмайди. Ҳар бир меҳмон номи келин-куёв томонидан рўйхатланади. Бунда неча киши келишини аниқлаб олиш жуда муҳим саналади. Чунки тўйхонадаги ҳар бир жой номланган бўлиб, унга бошқа биров ўтиролмайди. Айтилмаган одам келса, унга на стул берилади, на овқат. Ҳатто, у меҳмоннинг боласи бўлса ҳам. Баъзан таклифномада болаларни олиб келиш мумкин эмаслиги қайд этилади. Шунга кўра, таклиф қилинмаган меҳмон тўйдан чиқариб юборилиши ҳам мумкин.
Таклифномалар рўйхатга кўра жўнатилиб, қабул қилувчи исми ва телефон рақами билан “ҳа, бора оламан” деб ўз иштирокини тасдиқласагина унга тўй манзили ва вақти ёзилган расмий таклифнома асосан онлайн шаклда келади.
Тўй маросими одатда икки ё уч хонада бўлиб ўтади: биринчи залда никоҳдан ўтилади, иккинчи залда енгил таомлар берилади. Баъзан бу зал бўлмайди ва учинчи хонага ўтилади. У ерда меҳмонларга аввалдан танланган овқатлар тартиб билан берилиб, ўйин-кулги бўлади. Дастурхонда эса гуллар, келин-куёвдан кичик совғача ва сервировкалар бўлади, холос.
“Ишонинг, бу тартибда ҳеч ким очидан ўлиб қолмайди, шунчаки тўй куни ҳеч ким бўкиб қолмайди. Бу тантанада асосан маза қилиб суҳбатлашиб, ўйнаб, кулиб келинади”, дейди у.
Туркия, Иордания ва Япония
Моҳларойим Абдураҳимовага кўра, туркияликларнинг тўй дастурхонидан асосан мева ва ичимликлар жой олади. Кўп холларда, ҳатто сервизлар бўлмаслиги ҳам мумкин. Келадиган меҳмонлар сони эса 100 нафарга ҳам бормайди. Тўй асосан ўйин-кулги ва маросимлар билан кечади.
Бу каби камтарона тўйни илк бор кўрганида Матлуба Арзиева дастурхонда деярли ҳеч нарса йўқлигидан аввалига ҳайратланганини, кейинчалик бу одатларини олқишлаганини айтади.
Сўровномада араб мамлакатларидан бири Иорданиядаги тўйлар ҳақида маълумот берганлар ҳам бўлди. Тармоқ фойдаланувчилардан бирининг таъкидлашича, Иордания тўйларида бир бўлак торт ва ичимликлар бўлади. Меҳмонлар ўйнаб, кулиб, келин-куёвни олқишлаб кетади. Сарпо ва уй буюмларининг барчаси куёв зиммасида бўлиб, келинга катта миқдорда маҳр тилласи берилади.
“Японияда меҳмонлар сони 50 нафардан ошмас экан. Меҳмонлар тўй эгасига конвертда 300 доллардан 500 долларгача бўлган тўёнани беради. Ресторан харажатлари ҳам шу пуллар билан ёпилиб, келин-куёвга ҳам яхшигина пул қолади”, дейди Муборак Матчанова япон тўйлар ҳақида.
Тушунганингиздек, дунёнинг ҳеч бир мамлакатидаги тўй томонларнинг молиявий ҳолатини ифодаламайди. Улар шунчаки, бор пулини бир кунлик дабдабага сарфлашдан мантиқ топмайди. Аксинча, йиққан даромадларини шахсий ривожланиши, масалан, таълими ёки бошқа режаларига сармоя қилишни маъқул кўради.
Адабиёт
Санъат
Тарих
Тарих
Тил
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ