Сунъий интеллектга қарамлик инсонда фикрлаш қобилиятини пасайтиради – тадқиқот


Сақлаш
16:54 / 08.10.2025 169 0

Сунъий интеллект – инсониятнинг сўнги йиллардаги энг аҳамиятли технологик ютуқларидан бири саналади. Унинг ривожи билан кўплаб соҳадаги бир қанча жараёнлар оптимизациялашди: математиклар дастурни компьютернинг ҳисоблаш қувватини ошириш учун, эколог, климатологлар потенциал табиий хавфлар бўйича прогноз қилиш учун, шифокорлар бўлса аниқлаш қийин бўлган касалликларга дастлабки даврлардан ташхис қўйиш ва турли мураккабликдаги дориларни ишлаб чиқариш учун мослаштирди.

 

Бироқ олимлар унинг ижобий томонларини инкор этмаган ҳолда етарлича салбий жиҳатлари кўзга ташлана бошлаганини таъкидлайди. Улардан бири – инсондаги когнитив функциянинг пасайишидир.

 

 

ChatGPT’нинг инсон онги учун хавфли экани маълум қилинди. Қайд этилишича, аввалги ёрдамчи технологияларга қараганда СИ’дан доимий фойдаланиш инсон когнитив қобилиятининг пасайишига олиб келиши мумкин. Ушбу технология ахборот билан ишлаш жараёнида одамларнинг маълумотларни эслаб қолиш ва қайта ишлаш каби табиий қобилиятидан фойдаланишга ҳожат қолдирмайди.

 

Муаммо нимада, дейсизми?

 

Инсон мияси мослашувчан тузилма. У ташқи шароит ва рағбатлантиришга кўра ишлаш принципини ўзгартиради. COVID-19 пандемияси даврида Англиядаги мактаб ўқувчилари масофавий таълимга ўтганидан кейин диққатни жамлаш (концентрация) қобилияти салбий томонга ўзгаргани бунга яхши мисол бўла олади. Британиялик олимлар томонидан ўқитувчилар орасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 70% мутахассис пандемиядан кейин бола хулқ-атворида салбий ўзгаришларни кузатган. Хусусан, мактаб ўқувчилари зерикиш ва асабийликдан шикоят қила бошлаган. Натижада ўқитувчилар ўқувчининг дарсга тўлиқ “шўнғиши” учун мослашишига тўғри келган: синфдаги ҳар қандай машғулот учун 10 дақиқадан ортиқ вақт ажратилмаган. Мутахассислар фикрига кўра, ушбу ҳолат карантин даврида болалар гаджетлар билан доимий контактда бўлганининг оқибати бўлиши ҳам мумкин.

 

Сунъий интеллект “фикрлаш жараёни”нинг ўрнини боса оладиган инсоният тарихидаги илк технология бўлди. Аввал Excel каби ёрдамчи дастурлар ҳисоб-китобларни соддалаштиришга (шунда ҳам инсон омили муҳим бўлган: натижа олиш учун тўғри формула киритилиши керак) ёрдам берган бўлса, нейротармоқлар бирор масалани бажаришда инсон онги қилиши керак бўлган барча вазифани ўзи ҳал қилади. Мана шу жараён когнитив қобилиятнинг пасайишига тўғридан тўғри таҳдид саналади.

 

Албаниялик ўқувчилар орасида ўтказилган тадқиқот натижалари ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Унга кўра, нейротармоқлар мустақил фикрлаш қобилияти ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин: Тадқиқот учун сараланган ўқувчилар “ёрдамчи”га тўлақонли таяниб, СИ’сиз касбий ва интеллектуал мураккабликларга дош беролмаган. Бундан ташқари, ChatGPT ва шунга ўхшаш дастурлар ўқувчидаги билим ва янги кўникмалар ўзлаштириш қобилиятини сусайтиради.



Microsoft: СИ фойдаланувчилари 40% ҳолларда нейротармоқларга кўр-кўрона ишонади

 

Microsoft технологик корпорацияси ва Карнеги Меллон университетидаги америкалик олимлар хавотирли тенденцияни аниқлади. Корпорациянинг расмий сайтида эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, генератив сунъий интеллектдан фаол тарзда фойдаланиш танқидий фикрлаш ва масалаларни мустақил ҳал этиш қобилиятини заифлаштириши мумкин.

 

Хулосалар бизнес, таълим ва IT соҳасида ақлий меҳнат билан шуғулланувчи 319 нафар ишчи ходим ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига асосланган. Натижаларга кўра, сунъий интеллект инструментларидан фойдаланувчи ходимлар кўп ҳолларда (40% ҳолатда) танқидий таҳлил қилмай туриб нейротармоқ хулосасига тўлиқ таянган.

 

Бу тенденция айниқса, доимий бажариладиган вазифаларни амалга оширишда яққол сезилган: фойдаланувчилар шахсий мулоҳаза ўрнига СИ’га кўр-кўрона ишонишни маъқул кўрган.

 

“Автоматлаштиришдаги ажойиб истеҳзо (ирония) шундаки, у бизни доимий ишларимиздан халос этиш билан бирга, шахсий интеллектимизни чиниқтириш имкониятидан маҳрум этмоқда” – дейди тадқиқот муаллифларидан бири.

 

Олимларни кўпроқ ёш авлод ташвишга солмоқда. Масалан, талабалар эссе ёзишда мустақил таҳлилдан қочиб СИ’дан фаол фойдаланмоқда. Шу тариқа, улар орасида нейротармоққа қарамлик шаклланмоқда. Бу ҳолат “Google эффекти”ни эслатади: бир муддат аввал, ҳатто ҳозир ҳам фойдаланувчилар имкон бўлиши биланоқ арзимас саволлар билан гугл қидирув тизимига мурожаат қилади.

 

Нейротармоқни шу каби таҳлиллар асосида, қайсидир маънода замон таҳликаси деб билган тадқиқотчилар СИ’дан фойдаланишда автоматизация ва муаммони мустақил ҳал қилиш ўртасидаги мувозанатни сақлаш, танқидий фикрлашни доимий машқ қилиш ва таълим жараёнларига диққатли бўлиш зарурлигини таъкидлайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 28635
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//