
Машҳур ориф ва муҳаддис Суфён Саврий “Кўнгилдан кибр зангини кетказишдан кўра тоғни игна билан қудуққа айлантириш осонроқ”, деган экан. Мавлоно Жалолиддин Румийга кўра эса, такаббурликнинг энг тубан кўриниши кўпинча илм аҳли орасида учрайди, бинобарин, кибру ҳаво боис илоҳий даргоҳдан ҳайдалган Иблис ҳам даставвал фаришталарга устозлик қилган. Алҳол, илмига шоиста амал қилган хоксор олимларнинг мақоми ҳам, мартабаси ҳам кўнгил аталмиш улуғ даргоҳнинг тўрида бўлади.
Кибрини енгиб, нафси устидан ҳоким бўлганлар ҳар куни ҳам учравермайди. Шукрларким, камина ходимингиз ана шундай дарвештабиат, ўзини тупроқдек хоксор тутган, аслида, мақоми азим тоғлардек баланд мунаввар бир зотнинг суҳбати, тарбиятидан баҳраманд бўлганман. Ўзбек тасаввуфшунослиги ҳамда мумтоз таржимашунослик мактаби асосчиси, атоқли адабиётшунос Нажмиддин Комилов (1937 – 2012) ана шундай назири йўқ киши эди.
Илк сабоқ
Талабалик кезларим ўзим ҳам такаббурлик хасталигига мубтало бўлганим ҳақрост. Тасаввуф ва ирфонга оид энг мўътабар манбаларни мустақил равишда ўқиганим сабабли, рўзғор ташвишида хаёли паришон устозлардан ўзимни бир бош баланд ҳисоблаб юрардим. Бир куни қиблагоҳим қўлимга “Тафаккур” журналининг тўртта сонини тутқазиб мутолаага даъват этдилар:
– Ўқи! Тасаввуф ҳақида тўрт салмоқли мақола чиққан. Муаллифини яхши танийман. Жуда улуғ инсон.
Журнални олиб, истар-истамас ўқимоққа тутиндим. Нажмиддин Комилов қаламига мансуб мақолалар экан. Ўша вақтларда маҳаллий матбуотда тасаввуф ва ирфон ҳақида асосан олди-қочди гаплар, маҳобату муболағадан иборат тизмаларни ўқийвериб, олимлардан ҳафсалам пир бўлган эди. Аммо “Тафаккур”даги мақолалар биринчи сатрданоқ мени буткул ҳушимни ўғирлаб олди. Муаллиф далил ўлароқ келтирган манбаларнинг деярли барчаси менга таниш эди. Айримларини ҳатто бетма-бет ёдлаб олган эдим. Аммо ўқиган бошқа-ю, уққан ва айниқса, бошқаларга тўғри уқтирган бошқа экан. Манбаларда шунчаки оддий гап деб ўқиб ўтганларимдан Нажмиддин Комилов шунчалар чуқур, шунчалар чўнг хулосалар чиқарган эдики, ҳар бир жумла ва ибора олам-олам маъно таширди.
Алқисса, мақолалар кибр оралаган кўнглимни, кўнглим не фикру хаёлимни остин-устун қилди. Домлага шогирд тушмоқ иштиёқида азза-базза Тошкентга йўл олдим.
Сирдарё вилояти солиқ инспекциясида ишлайдиган Азимжон тоғам билан домлани излаб-излаб, Давлат ва жамият қурилиш академиясидан топдик. Илмий ишлар бўйича проректор Нажмиддин Комиловни қўриқчилар ҳам бошқача ҳурмат қиларкан – сержантлардан бири ўзи бизга йўл кўрсатди.
Бизни кенг, шинам кабинет эшигида озода кийинган салобатли домла қаршилади. Қисқа ҳол-аҳвол сўрашувдан сўнг тоғамнинг пойинтар-сойинтар гапларидан муддаони тушунган домла менга юзланди:
– Дипломингиз қанақа сизни?
– Тожикистон дипломи.
– Паспортингиз-чи?
– Ҳозирча СССР паспортида юрибман.
Домла бирпас жим ўтириб, кейин тоғамга қараб мулойимлик билан гап бошлади:
– Янги қоида чиққан денг. Дипломни нострификация қилиш керак. Тест маркази қўшимча имтиҳон оларкан. Саволлари бирам ғалати... Паспорт олиш ҳам осон эмас. Бир шогирдимнинг паспорти бўйича илтимос қилдим. Олимларни ҳамма ҳурмат қилади-ю, лекин илтимосини бажармайди. Ўзбекистон паспортини олиб бериш қўлимдан келмади. Ҳолбуки, уям Москвага ўқишга кетиб, эндигина қайтиб келган эди.
– Домла! Мен сизнинг олдингизга дипломимни нострификация қилиб беринг ё паспортимни алмаштириб беринг деб келганим йўқ. Мабодо аспирантурага ўқишга кирсам, менга илмий раҳбар бўлишга розимисиз? Шундан гапиринг.
...Очиғи, ҳозир ҳам ўша бетамизлигим, густохлигимни эсласам, юзим хижолатдан ловуллаб ёнади. Аммо начораки, “Ёшлик – тентакликнинг бир тури” (ҳадиси шариф) экан.
Домла пастга қараган ҳолда бир дам сукут сақлаб, сўнг мулойимлик билан менга боқдилар:
– Ўзбекча зўрға гапирар экансиз, диссертацияни қандай ёзасиз, тақсир?
– Шунчасини икки-уч ойда ўргандим, буёғиниям амалларман, – дея яна “эгар”дан тушмадим мен.
Суҳбатимиз давоми тожикча кечди. Домла университетдаги устозларим, ўқиган китобларим, қизиқишларим ҳақида суриштириб, сўнг аспирантура бўлимига учрашимни тайинлаб, жуда илиқ хайрлашдилар. Кузатаётган вақтда бир гапни шунчаки йўлига айтгандек қўшимча қилдилар:
– Илмда қайси тилда тадқиқот олиб боришингиз унчалик муҳиммас. Муҳими – фанга нима ҳисса қўша олишингиз. Шахсан мен учун Бертельс айрим ватандошларимдан ҳам, миллатдошларимдан ҳам яқинроқ.
Лифтга кирганим заҳоти виждоним уйғонди шекилли, ичимда ўз-ўзимни маломат тошлари билан тошбўрон қилакетдим: “Эй, сен, дипломини ҳали қўлга ҳам олмаган, фуқаролигининг тайини йўқ олифта! Ёши отангдан ҳам улуғ профессор, проректор одам мулойимлиги, ҳусни хулқи билан бир чақага ҳам арзимаслигингни кўрсатди-қўйди. Ўл бу кунингдан! Ёшинг бир жойга борганда бирорта йигитча шундай бетгачопарлик қилса, кечирармидинг? Асло! Қандай улуғ одам экан-а бу Комилов деганлари!”
Ўшанда ўзимга сўз бердим – нима бўлса ҳам Тошкентга кўчиб келиб, Нажмиддин Комиловнинг этагини маҳкам тутаман.
Бир йилдан сўнг паспорт муаммосини ҳал қилиб, аспирантурага кирдим ва устознинг раҳбарлигида илмий ишимни бошладим.
Аччиқ сабрнинг ширин меваси
Бир куни илмий ишим доирасида мақола тайёрлаб, устознинг ҳузурига олиб бордим. Мақолада раҳматли Натан Маллаевнинг китобидан бир иқтибос келтириб, ўзимча муаллифнинг роса пўстагини қоққан эдим. Маллаев домланинг бошқа дин вакили экани, ислом дини таълимотини билмаслиги, билса ҳам тан олмаслигини ҳам қистириб ўтган эдим. Домла мақолани диққат билан ўқиб, сўнг қайтариб бердилар:
– Илмни танқиддан бошлабсиз-ку, тақсир?!
Бошқа ҳеч нарса демадилар. Ётоқхонага қайтиб, устознинг “Тасаввуф” китобини қайта ўқий бошладим. Домла жуда назокат билан, кўп ҳолларда хатога йўл қўйганларнинг номини ҳам тутмай юзлаб ғалати машҳурларни ислоҳ қилганларини кўриб, Бобурнинг ўша китобда келтирилган “Йўлни не билгай киши то раҳнамо кўрсатмагай” сатрининг моҳиятини қайтадан кашф этгандек бўлдим...
“Алишер Навоий шеъриятида Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг бадиий талқини” мавзусидаги диссертациямнинг учинчи боби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сийрати хусусида эди. Домла бир куни суҳбат чоғида сўрадилар:
– Алишер Навоий ғазалларида Расулуллоҳ (с.а.в.) кўп ҳолларда “ҳабиб” сифати билан эсланган. Манбасини аниқласак бўладими?
Қуръони каримда ҳам, “Саҳиҳи Бухорий”да ҳам Пайғамбаримизга нисбатан қўлланган ушбу сифатга оид бирор оят ё ҳадис тополмай, роса изландим. Диний уламоларимизга қилган мурожаатларим ҳам жавобсиз қолди.
Бундан чорак аср муқаддам интернет базаси ҳам ғарибгина, исломий манбалар етарли эмас эди. Излаб юрганим ҳадисни қидира-қидира “Сунани Термизий”дан топдим. Топгунимча беш ойча вақт ўтиб кетибди. Хижолат аралаш хурсандлик билан устозни йўқлаб бордим. Домла диққат билан ёзганларимни ўқиб:
– Аччиқ сабрнинг меваси ширин бўлади, – дедилар одатдагидек донишмандлик билан.
“Cирни ўзим билан олиб кетаман”
Устознинг оиласи шогирдларни худди туғишганидек қабул қилган эди. Эллик йилга яқин вақт давомида иккита қозон осиб, бирида домлага парҳез таом, бирида оила ва меҳмонларга тансиқ овқатлар пиширишдан чарчамаган Музаффара янгамулломизнинг сўзлари ўткир бўлса ҳам, қалби юмшоқ, фидойи бир аёл ўлароқ домлага мушфиқ, меҳрибон эди. Нажмиддин ака умрининг охиригача бозор-ўчар ва бошқа турмуш ташвишларидан озод қилинган эди. Балки шу ҳам бир сабабдирки, устознинг суҳбатига бирор марта дунёвий ташвишлар, сиёсий ва адабий ғийбатлар ораламаган эди.
Умрининг охирида домла бироз ётиб қолди. “Фарзанднома” китоби муаллифи Обиддин Маҳмудов, ангренлик маърифатпарвар тадбиркор Раҳмон Давлатов ҳамда камина навбат билан у кишига тонг отгунча суҳбатдош бўлардик. Кундузи бироз ухлаб, тунни бедор ўтказадиган устоз бизга сокин ва хаста овозда кечмишларини гапириб бергани кечагидек ёдимда.
Онаси Қуръонни хатм қилмагунча ўн ёшигача мактабга бермагани; рўза тутгани ва “эски ёзув”дан хабардорлиги учун мактабдан ҳайдамоқчи бўлганларида татар миллатига мансуб майзада бир ўқитувчи “Компартияга эскичани биладиган кадрлар ҳам керак”, деб жонига ора киргани; Тошкентда ижарашинлик ва муҳтожликдан қийналаётганини кўриб, маънавий падари – Қутбиддинхон эшон ўз ҳавлисининг ярмини арзонгина нархга сотгани; Тошкент дорилфунуни ва Президент девонида ишлаган даврида давлат уй берганию икки ўғлини ватанли қилгани; ҳимояолди жараёнлардаги қийинчиликлар ва устозларнинг яхшиликлари... Бу ҳикояларнинг ҳар бири ўз ҳолича мурувват ва одамийлик, тўғрилик ва ҳалолликдан сабоқ эди аслида. Айрим воқеаларни икки-уч марта ҳам эшитдик, тасанноки, домла ҳар сафар бир хил, бирорта ёлғон қўшмасдан, ортиқча пардоз бермасдан гапириб берган эди. Айрим замондошларимиз ҳақидаги баъзи қитмир саволларимга жавобан эса “Бу сирни ўзим билан олиб кетганим маъқул”, деб гапни қисқа қиларди.
Тафаккур карвонининг сарбони
Мамлакатимизда минглаб фан доктори, профессор бор. Хўш, улардан қанчаси чинакам олим?.. Назаримда, ҳақиқий олим шунчаки унвондор олимдан илмнинг залварли муаммоларини ҳал этгани билан ажралиб туради. Нажмиддин Комиловнинг ҳар бир асари, ҳар бир мақоласи фаннинг энг долзарб муаммоларини ечишга қаратилгани билан қадрлидир.
Домла, аввало, мумтоз таржимашунослик бобида мактаб яратдилар. Хоразм таржима мактабига оид улкан тадқиқот орқали ўзбек мутаржимлик санъати кўп асрлик тарихга эга эканини кўрсатиб бердилар. Унга қадар илмда “ўзбек таржима санъати советлар шарофати билан вужудга келган” деган даъво илгари сурилган эди. Нажмиддин Комиловнинг диссертацияси иловасида Хоразм таржима мактабининг юздан зиёд намунаси келтирилганки, шу биргина факт ўзбек таржима санъатининг илдизи нечоғли чуқур ва бақувват эканини тасдиқлайди.
Совет даврида мумтоз адабиётимиз меҳнат васфи, ижтимоий-сиёсий ғоялар, дин ва диндорлар танқиди, пейзаж, ишқ-муҳаббат, халқлар дўстлиги каби мавзу-мотивлар теграсида, ягона қолипда ўрганилар эди. Устоз салмоқли мақолалари, тадқиқотлари билан даққи қолипни яксон қилдилар ва мумтоз адабиётни англаш, идрок этишнинг мутлақо янги методологиясига асос солдилар.
Тасаввуф таълимоти ҳам илмда шунчаки бир мозий воқелиги ўлароқ ўрганилгани маълум. Нажмиддин Комилов тасаввуф гўзал ахлоқни шакллантирувчи сарчашма, одамларни бирлаштирувчи, жамиятни фозиллик мақомига кўтарувчи маърифий куч эканини кўрсатиб берди. Домла ҳар бир фикрини саҳиҳ манбалар билан қувватлантиргани, Қурайший, Суламий, Навоий, Жомий, Ироқий каби тасаввуф мутафаккирлари рисолаларига таянган ҳолда хулосалар чиқаргани эътиборга моликдир. Икки жилдлик “Tасаввуф”, “Нажмиддин Кубро”, “Комил инсон ҳақида тўрт рисола”, “Фақр нури ила порлаган қалб”, “Хизр чашмаси”, “Маънолар оламига сафар”... бу асарларнинг ҳар бири илмда катта воқеа бўлган эди.
Нажмиддин Комиловнинг Шарқу Ғарб илмий, адабий алоқаларига доир тадқиқотлари алоҳида бир олам. Устоз “Тафаккур карвонлари” каби йирик асарлари билан оврупоцентризм даъволари пуч экани, Мағрибу Машриқ халқлари ўзаро баҳрамандлик асосида тараққий этгани, Ғарбнинг манаман деган мутафаккирлари ҳам Шарқ маънавий хазинасидан илҳомланганини исботлаб бердилар.
Муболағасиз бутун умрини, борлиғини илмга бахш этган устоз “Илоҳийнома”, “Мантиқ ут-тайр” (Фаридиддин Аттор), “Футувватномаи султоний” (Ҳусайн Воиз Кошифий), “Зубдат ул-ҳақойиқ” (Азизиддин Насафий), “Маориф” (Султон Валад) каби Шарқ маънавияти дурдоналарини ҳам ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилдилар.
Тафаккур карвонининг сарбонларидан бири бўлган Нажмиддин Комиловнинг илмий-маънавий мероси ҳақида кўп ва хўб ёзиш мумкин. Ҳазрат Алишер Навоийга чуқур ихлос қўйган устоз бир мақоласида мутафаккир бобомиз ижодини Хизр чашмасига ўхшатгани бежиз эмас. Зеро, домла умрбод Навоий илгари сурган маслакка содиқ бўлмоққа интилиб яшади. Жумладан, “Илм, Навоий, санга мақсуд бил, / Эмдики илм ўлди, амал айлагил” деган пурмаъно байт устознинг ҳаётий шиорига айланганига биз шогирдлар шоҳидмиз.
Сўнгги ўгит
2012 йил. Наврўз айёмида бироз аҳволи яхшиланиб, бизни хурсанд қилган устозни беаёв дард яна йиқитди. Боши яна ёстиққа тегган устознинг ёнларидан бир он ҳам жилгимиз келмайди. Ўша кунлари у кишидан хабар олгани Олий Мажлис қўмита раиси лавозимида ишлаётган атоқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад келди. Хуршид аканинг айтишича, собиқ касбдошлари (Нажмиддин ака бир муддат Марказий сайлов комиссияси раиси лавозимида ҳам ишлаган эди) зиёратига келмоқчи бўлиб, у кишини вазиятни билиш учун юборган экан. Биз устознинг аҳволи анча ёмонлашгани, ҳозир ҳам шифокор муолажа қилаётганини айтиб, бирпас кутишларини илтимос қилдик. Шифокор кетгач, Хуршид ака бир оғиз сўрашгани устоз ҳузурига кирди. Домланинг лаблари дард зўридан кўкариб кетган эди. Кўзларини зўрға очиб, меҳмонни танидилару:
– Хуршид! Ёлғон! Ҳаммаси ёлғон!!! – дедилар.
Нажмиддин Комиловдан эшитган сўнгги ўгитим шу бўлди. Икки кундан кейин устоз бу ёлғончи дунёни тарк этди...
Жанозани жума намозидан кейин муфтий Усмонхон Алимов Ҳастимом масжидида ўқиди. Домла Сағбонда яшагани боис Чиғатой қабристонига қўйиладиган бўлди.
Қабристон дарвозасидан мозор бошигача устознинг сафдошлари, дўстлари, шогирду мухлислари саф тортди. Издиҳом катталигидан айримларнинг қўли ҳатто бир марта ҳам тобутга тегмади. Ўша паллада Парвардигордан ўзимга ҳам ана шундай чиройли хотима тиладим, жамиятга манфаатли илм соҳиби этишини, эгалланган илмга амал қилмоқ бахтини, эл-юрт ҳурмати ҳамда охират саодатининг гўзал башоратини сўрадим.
Устозлар байрами ва Устознинг таваллуд куни баҳонасида ўзбек илм-фани тарихида ёрқин из қолдирган, олимликнинг чин тимсолига айланган Нажмиддин Комиловни бақадриҳол эсладим. Шояд, устоз ёди ила кўнглимиз покланса!..
Олимжон ДАВЛАТОВ,
Нажмиддин Комиловнинг шогирди
“Jadid” газетаси, 2025 йил 3 октябрь №40 (92)
“Олиму илму амал” мақоласи
Жараён
Санъат
Маънавият
Тарих
Мафкура
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ