
Дунёда ҳеч қачон ўзгармайдиган қонун-қоида
Ҳаёт азал-азалдан устоз-шогирдлик асосига қурилган. Одам болаликдан устоз туфайли илм-ҳунар, ҳаёт таълимотларини ўзлаштиради, тиллар, ихтисосларни ўрганади. Унинг маънавий-маърифий қиёфаси ҳам устоз орқали шаклланади. Дунёда тамойиллар, қонун-қоидалар доим ўзгариб, янгиланиб туради. Аммо устоз-шогирд тамойили ўзгармайди. У инсон ўсишининг туб асоси. Талант тарбияси эса тамомила тенгсиз. “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган мақолнинг қанчалар ҳақлиги ҳаёт, турмуш, иш юмушда ҳар дақиқада аччиқ тажрибаларини кўрсатиб туради. Жомий ва Навоий ўртасидаги устоз-шогирдлик барча инсоний, руҳий қирралари баробарида инсониятнинг бу борадаги идеаллари қаторига киради.
1969 йилда онам қазо қилдилар, бор олам ҳувиллаб қолди. Маҳалламиз қариялари таъзияга келишди. Тўқсондан ошган Қоравой бобо таъзиядан сўнг мени бағирларига босдилар: “Юрагингдаги гавҳарни авайла”, дедилар ва елкамга қоқиб қўйдилар-да: “Онанг ўрнига ўтади”, дедилар. Мен буни пир ўгити деб қабул қилдим.
Ҳаёт йўлимда дуч келган одамларни тасодиф деб ўйламадим. Фақат бир марта бериладиган ҳаётда уларни йўлдош деб қарадим. Ҳар бир одамнинг дунёга келиши – Худониннг сирли ҳикматларидан нишон. Ҳаётдаги барча номутаносибликлар, туганмас зиддиятлар, жиноятлар ушбу ҳикматни англамаслик, ёки унга эътиборсиз, беписанд бўлишдан келиб чиқади. Одам ўз беписандлигида ниҳоятда ожиз, ҳатто унинг қулидир. Худойи таолонинг ҳақиқати шуки, “ҳар бир келган оғирчиликнинг охирида енгили бор”. Барча ишлар шунга кўрадир. Бизга бу дунёда дуч келган одамларнинг ҳаммаси қайси бир маънода ё таянч, ё ибрат, ё ўгит, ё надоматдирлар. Улардан ўрганиб йўлини доим тўғрилаб борган собир ва донодир. Диёнатингга зарра доғ тушмагани ана шундан. Боринг зиёда бўлсин.
Иброҳим Ғафуров,
Ўзбекистон Қаҳрамони
Ҳеч ким билмайдиган устозларим
Устозларим ҳақида гапирсам, улар шу қадар кўпки, уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида тўхталсам ҳам кимдир, албатта, қолиб кетади. Шу боис, хотирамга бир умр нақшланиб қолган икки воқеани айтиб берсам...
Талабалик йиллари оилам билан бир хонали уйда ижарада турганмиз. Шу хонада бир неча йил яшаб, болаларни катта қилдик. Ўша йиллари матбуотда эълон қилинган кўплаб мақолаларим шу хонада, аниқроғи, хона ўртасига қўйилган, кундузи бир четга суриб қўйиладиган... чой яшик устида ёзилган. Эрталаб, кечқурун устига дастурхон ёзиб овқатланамиз, болалар ухлаганидан кейин эса у мен учун ижод столига айланади.
Орадан анча вақт ўтгач, яшик эскириб, бир томонга қийшаядиган бўлиб қолди. Овқатланиш қийин, ёзиш мушкул. Озроқ тахта топиб, ичини иккига бўлдим. Тепа қисмида нон-чой, қанд-қурс, пастки қисмида эса чойнак-пиёла, идиш-товоқ турадиган қўлбола мебелга айланди-қўёлди. Яшик шу мақомда бизга яна кўп йиллар хизмат қилди. Кейинроқ озроқ устачилик қилиб, гуруч, ун, макарон, ёғ сақлайдиган идишга айлантирдим. Бу “ихтиро”дан ҳам кўп фойда кўрдик.
Ниҳоят, бизга шаҳарнинг бошқа бир четидан уй беришди. Янги уйга кўчиб кетаётиб, чой яшикни ҳам олиб кетдик. Унга балкондан жой тегди. Энди унда болаларнинг поябзаллари, қорамой, чўтка турадиган бўлди.
Орадан икки-уч йил ўтгач, яшик бутунлай яроқсиз бўлиб қолди. Бир куни эрталаб яшикни ҳовлидаги чиқинди тўкиладиган жойга ташлаб уйга қайтдим. Кийиниб ишга отландим. Хизмат машинасига ўтираётиб, кўзим чой яшикка тушди. У менга: “Ҳа, хўжайин, керак бўлмай қолдикми энди, майли, зоримиз бор, зўримиз йўқ”, дегандай мўлтираб турарди.
Кўнглим бузилди. Худди гуноҳ иш қилган одамдай хаёлларим чувалашиб ишхонага келдим. Лекин чой яшик кўзимга отаси ташлаб кетган боладай кўринаверди. Тушликка яқин машинани чақирдим. Ҳозир бориб яшикни уйга олиб чиқиб қўяман.
Катта йўлдан уйимиз томонга бурилишимиз билан чиқиндихонага қарадим – яшик жойида йўқ, кимдир олиб кетган бўлса керак. Машинадан тушдим. Аъзойи баданим музлаб кетгандай бўлди. Ишхонага шошилишим керак, аммо... у ерга эрталаб ким бўлиб борган эдим-у, энди ким бўлиб бораман?...
Орадан кўп ўтмай уч хонали уйга кўчиб ўтдик. Хорижда ишлаб чиқарилган “Стенка”, ошхона мебели, стол-стул сотиб олдик. Улар узоқ йиллар савлат тўкиб турди, аммо ўша чой яшик қилган хизматнинг юздан бирини ҳам қилмади...
Бир гал ёзги таътилда синфдошлар билан қишлоғимиз тепасидаги Саночсойга бордик. Биз жойлашган ўтовнинг ёнидан Саночсой оқиб ўтади. Сувининг тиниқлигидан ҳайратга тушасан. Шу сувдан ичмоқчи бўлдик, бизни меҳмон қилаётган чўпоннинг умр йўлдоши пақирда сув олиб келиб, ёғоч чўмичда бизга навбат билан узатди. Ҳаммамиз ичиб бўлганимиздан кейин онахон пақирда қолган сувни... сойга олиб бориб тўкди.
Шу икки воқеа ҳаётдан олган унутилмас сабоқларим қаторида туради. Мендан кимдир устозларим ҳақида сўраса, уларнинг номларини айтаётиб, ўша – ўзим ташлаб юборган чой яшикни ва пақирда қолган сувни ерга эмас, сойга сепган чўпон аёлни эслайман. Бугун сувни тежаш ҳақида гап очилгудек бўлса, бу ёруғ оламни аллақачон тарк этган ўша аёл қўлида пақир билан бизга мийиғида кулиб қараётгандай бўлади.
Аҳмаджон Мелибоев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
Миллат устозлари
Устоз ва шогирдлик анъанаси Одам Ато, Момо Ҳаводан бизга мерос. Фаришталар Одам Ато ва Момо Ҳавога устозлик қилган бўлса, улар кейин авлодларига, аждодлар авлодларга навбатма-навбат ҳаётни ўргатиб келган. Шунинг учун бу анъана қон мерос, ген мерос десак тўғри бўлади.
Устоз китоблар бор. Асли одамда тарбияланадиган, муҳим нарсалар нималар? Инсонда туйғу, ақл, нафс, қалб ва дид тарбияланиши керак. Бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган бу жиҳатларнинг тарбиясида устоз китобларнинг аҳамияти катта. Масалан, “Ўтган кунлар” асарини ўқиётганингизда, сиз дидингиз, ақлингиз, туйғуларингиз қандай тарбияланаётганини сезмаслигингиз мумкин. Лекин шу жараёнда бу китоб сизга ҳақиқий устозлик қилаётган бўлади.
Яна бир нарсани айтиб ўтишим керак. Мактабдаги устозлар бор, ҳаётдаги устозлар бор, ишхонадаги устозлар бор. Лекин миллат устозлари ҳам бор. Миллат устозлари деганда яқин тарихимиздаги Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Шукур Холмирзаевдан тортиб, Ойбек, Миртемир, Қодирий, Навоий, Берунийгача назарда тутаяпман. Миллат устозлари битта-иккита гуруҳ ёки қатламни эмас, балки бир қанча авлодларнинг дидини, тафаккурини, фаросатини тарбиялайди.
Биз жуда мураккаб, қалтис замонда яшаяпмиз. Мана шундай пайтда миллат устозларининг этагини маҳкам тутишимиз керак. Улардан йироқлашаётгандекмиз. Ҳолбуки, худди шу тарихий муаллимларимизнинг закоси бизни бирлаштириши керак. Биз улгуни шулардан олишимиз керак. У ёқ, бу ёқдан бостириб келаётган ҳар хил таъсирлардан эмас.
Устоз ва шогирдлик ҳақида гап кетганида, яна бир нарса ҳақида ўйлаб қоламан. Кейинги вақтларда тинглашдан кўра, гапиришни афзал кўрадиганлар кўпайиб кетди. Лекин эрамиздан 500 йилча олдин яшаб ўтган файласуф Пифагор ўз шогирдларига 7 йил давомида оғзига тош солиб юришни буюрган экан. (Балки бу дарс ва сабоқлар жараёнида бўлгандир). Мақсад, уларни тинглашга ўргатиш бўлган. Тинглашни билган одам фикрлашни ўрганади. Билим ва тафаккур тинглашдан озиқланади. Бу ҳам устоз ва шогирдлик анъанасининг муҳим сабоқларидан биридир.
Эшқобил Шукур,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, публицист
“Устозга эҳтиром” китобидан
Тарих
Таълим-тарбия
Жараён
Адабиёт
Санъат
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ