Адабиёт
Ҳар қандай ижод маҳсули ижодкор шахси билан уйғун келади. Ижодкор ва асар муносабати дарахт билан мевасига ўхшатилади. Бирор мева уни етилтирган дарахтдан бўлакча бўлолмагани каби бадиий асар ҳам муаллифнинг шахсияти даражасидан баландлай олмайди. Ижодкорни янада яқинроқ билиш ва руҳини англаш учун у яшаган давр, ижтимоий-сиёсий шароит каби омилларга эътибор қаратиш лозим. Шундай экан, бадиий ижодда муаллиф шахси, истеъдод ва тафаккур кўлами ҳал қилувчи аҳамиятга молик. Ижодкор фаолиятининг маҳсули саналган санъат асари нафақат бадиий ҳодиса, балки руҳий, фалсафий, маданий-тарихий ҳамда диний қадриятларни ўзида мужассам этган воқеликдир. Бадиий асар бу – ижодкор бадиий тафаккуридаги борлиқнинг ўзига хос аксидир.
Бадиий тафаккур, ўз навбатида, дин, тил, миллат каби фалсафий категориялар билан узвий алоқада бўлади. А.Лосев “Илм, санъат, дин – ҳақиқатни англашнинг уч босқичи”, деб эътироф этганда тўла ҳақли эди. Мана шу учлик ўзаро уйғунлашгандагина қонуниятлар идрок этилади. Учлик кесимида ёзувчининг руҳий кечинмаларига қулоқ тутиш, “ҳолат”ини тушуниш ижодкор инсоннинг мураккаб табиатини англашимизга кўмак беради. Ижодий “мен” ва инсоний “мен” қиёфасининг муштараклиги илмий-назарий масала сифатида турли даражада ўрганилмоқда. Мазкур масалани бир замон ва маконда яшаб ўтган ёзувчилар ҳаёти мисолида кузатамиз.
Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон ва Мусо Ойбек деярли бир даврда, бир-бирига яқин шароитда яшаб ижод қилган. Табиийки, уларнинг ҳаётий позицияси ва образ тасвиридаги услуби кескин фарқланади. Қодирийдан кейинги поғонада Чўлпон ўзгача руҳдаги романи билан янги давр насридан дарак берса, Ойбек замон талотўплари орасида йўлини айириб ола билмай тургандай таассурот уйғотади. Айтиш жоизки, ҳар бирининг ўз ҳаёт йўли, тақдири, амали бор, ҳеч қайси бир-бирини такрорламайди.
Чўлпоннинг “Тонг сирлари” тўпламига Қодирий сўзбоши ёзган. “Баъзи бир ўртоқлар Чўлпонни йиғлоқ деб айбситадилар. Балки, ҳақлари ҳам бордир.
Чечаклар ўскуси кўз ёшларимдан,
Бўғинлар унгуси ўйлашларимдан…
деб ҳасратланиши бизнинг кўз ўнгимизда “йиғлоқ” бир шоирни гавдалантирадир. Бироқ шоир шу тўккан кўз ёшларидан чечаклар ўсдирмоқчи бўлмаса эди, биз ҳам унинг муътаризлари қаториға кирган бўлар эрдик.
Анқов таъначилар шоирни ранжитишда мудовамат қиладирлар... Ўктабр ўзгариши қора тунимизнинг тонгини отдирди эса-да, бу мудҳиш кечнинг баднома кўлагалари ҳамон шоирнинг юрагини титратдилар ва ул ночор йиғлади... Менимча, “Тонг сирлари”да кўрилган кўз ёшларининг сири шудир” (Қодирий А. Диёри бакр. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2007. – Б.261).
Ёзувчи шоир кўзларини намлантирган туйғулар сабабини тўғри англайди ва бошқаларни ҳам шунга чақиради. Унинг тўпламга кичик киришсўз ёзишининг ўзиёқ кўп нарсага ишора қилади. Чўлпонга ҳужумларнинг олдини олиш мақсадида ёзилган тақдимсўз кейинчалик муаллифга кўп ташвиш келтирди. Ҳар бир ишга катта масъулият билан ёндашган адиб шоирнинг шеърий нафосати ва поэтик маҳорати, руҳий ҳолатини ҳиссий сезимлари орқали нозик илғай билган. Унинг сўзга талабчан ва қаттиққўл муҳаррирлигини ҳисобга олсак, Чўлпонга нисбатан муносабати ҳам ойдинлашади.
Ҳабибулла Қодирий отаси билан Чўлпон орасидаги адабий, дўстона муносабатлар ҳақида каттагина мақола ёзиб, “Отам ҳақида” китобининг тўлдирилган иккинчи нашрига киритади. Лекин цензура чиқариб ташлайди. Ҳатто қўлёзмасини ҳам қайтаришмайди. Муаллифнинг гувоҳлик беришича, Абдулла Қодирийнинг Чўлпонга эътибори бўлакча бўлган, комил инсонлардан бири деб ҳурмат қилган. Шоир ҳам, ўз навбатида, унинг фикри билан ҳисоблашган. “Кеча-кундуз” романини тугатгач, ўқиб беришини сўраган. Ўринли маслаҳатларига амал қилиб асарини қайта ишлаган бўлса эҳтимол. Иккисини ўзаро боғлаб турган ришта фақатгина адабиёт эмас, миллат қайғуси, дину маърифат йўлидаги маслакдошлик ҳам эди.
Лазиз Азиззода шундай ёзади: “Абдулла Қодирий Чўлпоннинг яқин ўртоқларидан бўлиб, улар бир-бирларини яхши таниган ва ёзган асарларини ўзаро муҳокама қилиб туришарди. Жулқунбой Чўлпон ҳақида “Навоийдан кейин чиққан ўзбек шоирлари ичида энг кучли лирик шоир Чўлпондир”, деган эди. Жулқунбой фикрда бироз муболағага йўл қўйган, лекин унинг бу фикрида ҳақиқат улуши ҳам йўқ эмас” (Азиззода Л. Чўлпон ким эди? // Ёшлик. 1988, 10-сон. – Б. 67).
Адиб замондошларига баҳо беришда кунда-кунора “муболаға” қилавермаган, иккинчидан, шоирнинг истеъдодига ишонч билан қараган, қолаверса, ижодига тама аралашмагани боис уни шахс сифатида ҳурмат қилган. Чўлпон ҳам бир ўринда “Ўзбекнинг онаси иккинчи Абдулла Қодирийни туғмаса керак”, дейди. Азалдан истеъдодлар бир-бирига руҳий-илоҳий жиҳатдан яқин бўлиб, миллат ва дин муаммоси орага кўндаланг келганда ҳамдардлик ҳисси уларни янада бирлаштирган.
Ўтган асрнинг 20-йиллари иккинчи ярмида шўролар ҳукумати ўзбек адабиётини ғоявий жиҳатдан қўлга олди, санъатни сиёсатнинг қуролига айлантирди. Ижодкорни эркидан айирди, фикрини мафкурага қарам қилди. Бунинг оқибатида йўллар айро тушди. Ғафур Ғулом Қодирийга қарши гувоҳлик бериш чоғида шундай дейди: “1936 йили бир марта Наби Шариповнинг уйига меҳмонга таклиф этилдим. Ўшанда Чўлпон билан Абдулла Қодирий ҳам борган эди. Биздан ташқари Чўлпоннинг тоғаси – Ўрта Осиёнинг йирик руҳонийси Зоҳириддин Аълам ҳам ташриф буюрдилар”. Диний мавзуга бағишланган суҳбатнинг охири сиёсатга бориб уланган. Паранжи ташлаш ҳақида сўз борган, давлат томонидан чиқарилган заёмлар мусулмонларга тўғри келадими-йўқми сингари шаръий масалалар муҳокама қилинган. Ушбу гувоҳлик Қодирийнинг даврадошлари ва уларни бирлаштириб турувчи жиҳатлар ҳақида маълумот беради. Тергов материалларига эътибор қаратилса, адибга асосан мана шундай шаръий мавзудаги суҳбатлардаги иштироки ва “мутаасиб” мусулмонлиги қўшимча айблов бўлган. Мазкур маълумот миллат тарихидаги “босмачилик”, “паранжи ташлаш” каби уюштирилган ҳаракатларга ёзувчининг муносабатини очиқлайди. Диний ҳукмлар унинг учун ҳаёт-мамот масаласи саналган.
Тергов жараёнида Абдулла Қодирийни чалғитиш учун дин билан боғлиқ қалтис савол ташланган. Адиб маслагидан чекинмаган, эътиқодда собит бўлиб ва вазиятни ҳисобга олиб, саволларга мантиқан жавоб қайтарган:
“– Сизнинг мусулмон динига “ўзига хос” қарашларингиз нималардан иборат?
– Зоҳириддин Аълам каби эски мусулмон руҳонийларга нисбатан мен ислоҳатчиман – янгиланиш тарафдориман. Ислом динида фақат Оллоҳи Каримга – энг олий Ҳақиқатга иймон келтиришни тан оламан; бошқа бидъатларни эса тескаричи мусулмон руҳонийлари ўйлаб топган уйдирмалар деб биламан”.
Абдулла Қодирий иймонини бутун сақлашга ҳаракат қилган, эътиқодда собит бўлган. Ғафур Ғулом эса танлаган йўлида саросар умр кечирди. Айблов ҳужжатига имзо қўйган шоир ёзувчининг оқланиши ҳақида хабар тарқалганда биринчилардан бўлиб қўлида тўн билан қутлагани Қодирий хонадонига боради. Сийратига назар ташласак, унда бир неча қиёфаларнинг ўзаро кураши ва истеъдодини ёлғонга бой берган шоирнинг безовта руҳини кўргандай бўламиз. Даврнинг елвизак нағмаларига алданган ижодкорнинг топганидан йўқотгани кўп бўлдими, буни Ўзи билади. Насиба-да...
Абдулҳамид Чўлпон илк шеърларидаёқ миллат дардига малҳам қидирди. Унинг ижодида инсон кўнглининг инжа туйғулари, аламли изтироблари ва алданиш азоблари устуворлигини сезиш қийин эмас. Туғма истеъдод ўлароқ ичкин кечинмаларни бетакрор оҳангларда ифодалашнинг ўзига хос чўлпонона йўлини топа олди. Аммо турли зиддиятлар ва кескин бурилишларга тўла, мураккаб ҳаёт кечирди. Шахсий турмушдаги тартибсизлик, бир жойда муқим қола олмаслик ва кутилмаган оғриқли ҳолатлар, давр изғирини ҳамда ён-атрофдаги маслакдошларининг иккиланишлари унинг руҳиятига жиддий таъсир ўтказган. Чўлпон асарлари биографик контекстда ўрганилса, шоир ҳаётининг ҳали кўп сирлари ойдинлашади.
Чўлпоншунос Дилмурод Қуроновнинг ишларида шоирни тушунишга интилиш, масалага мантиқ кўзи билан қараш, муносабатда холисликка таяниш каби ижобий хислатлар устувор. Жумладан, 1933 йили унинг В.Янга айтган гапларида Тошкентга отасидан қочиб келиши, диний қарашлари билан боғлиқ “ясалган” ўринлар ҳақида олим шундай изоҳ беради: “Табиийки, 30-йилларда шоирнинг келиб чиқишиёқ уни “ёт унсур” санашга етарли асос бўлиши мумкин эди. Айни шу хил вазиятда замонбоп “биография” яратишга интилган бўлса, ҳеч ажабланарли эмас” (Қуронов Д. Сурат ва сийрат // “Ватан” газетаси. 1995, 22-сон).
1927 йили қурултойдан ғоявий “бадбин” сифатида ҳайдалган шоир ҳаётида қора кунлар бошланди ва умрининг охиригача чўзилди. “Менга берилган нотўғри баҳолар мени руҳан эзади, ижодимни буғади. Шу ҳақда ўйлайман, баъзан инжийман, инжийман-да, ниҳоят ўзимни шундай юпатаман: афтидан, мен фақат танқид қилиниш учун яратилган бир шахс эканман-да дейман” (Азиззода Л. Чўлпон ким эди? // Ёшлик. 1988. 10-сон. – Б. 66). Бу гаплар айтилган вақтда Чўлпон қора рўйхатдан жой олган эди. Турмушдаги қарама-қаршиликларнинг барчаси тўпланиб, шоир қарашларида муайян даражада ўзгаришлар кузатилган, шўро ғояларига ён беришига сабабчи бўлган. “Сомон парчаси” шеърида “Оқишнинг йўлига солдим кунимни”, “Вазминим қолмади бир узук қилча”, дея ҳолатига ишора қилади.
Ойбек Қодирий ва Чўлпон адабий анъаналарининг ҳар томонлама давомчиси эди. “Ойбек Ленинградда ўқиган, САГУни тамомлаган, қобилиятли, покиза олим. У ёш бўла туриб дорулфунунда дарс беради, бунинг устига шоир ҳам” (Қодирий А. Диёри бакр. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2007. – Б. 268), дер экан устоз адиб. Ўз даврининг эътиборли кишиси бўлган Абдулла Қодирий ҳар кимни ҳам тан олавермаган, аммо ёш шоир фитратидаги софлик уни бефарқ қолдирмаган. Ёзувчи далолат қилгандек, Яратган Ойбек шахсини покиза улуғворлик билан сийлаган эди.
Набижон Боқий “Қатлнома” асарида Ойбек қаламига мансуб “Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли” рисоласи юзасидан кескин мулоҳазалар билдирган. Қодирий шахсига чин ҳурмати ва адолат туйғуси муаллифни баъзан кескирликка ундаб, муносабатда антипатиясини ошкор қилиб қўяди. Инсон ижтимоий-сиёсий муҳитдан узилиб кета олмайди. Шароитдан келиб чиққан мажбурлик Ойбекни зиддиятлар орасида умр кечиришга маҳкум этди. Жонини гаровга қўйган одам хиёнат остонасининг оғиш бурчагида йўлидан адашиши турган гап. Ойбек сиёсат билан муросага борди, вазият билан сулҳ тузишни маъқул кўрди. Бироқ бўйинтуруққа бошини осонгина солиб қўймаган эди.
1927 йили “Чўлпон бойлар, миллатчи зиёлиларнинг мафкурачисидир, шуларнинг шоиридир”, деган айблов қўйилади. Бунга жавобан ҳали сиёсий буҳронлар таъсир қилмаган, тийнатида покизалик мавжуд бўлган 22 ёшли Ойбек ҳеч иккиланмасдан, дадиллик билан “Чўлпон шоирни қандай текшириш керак?” деган мақола ёзиб, ижодкорнинг асарларини мафкура мезонлари билан эмас, балки санъат нуқтаи назаридан ўрганиш лозимлигини таъкидлайди. Ўшанда Чўлпонни очиқдан-очиқ “совет халқига ёт шоир”, “буржуа зиёлиларининг шоири” деб эълон қилишган. Қодирий Чўлпоннинг шеърий китобига сўзбоши ёзиб, ижодга рағбатлантирган бўлса, Ойбек шоирни жасорат билан ҳимоя қилади.
Ойбек жавоб беради: “Чўлпон пролетар шоири эмас”, “пролетар шоири бўлмайди”. Негаки, “шоирларнинг қулоқларидан чўзиб юриб, “йўқсуллар шоири бўл” дейиш мумкин эмас”. У адабиётнинг специфик хусусиятини эслатиб, шеър ва шоирни теранроқ тушунишга, истеъдодни қадрлашга ундайди. Ойбек мақоласида русларнинг Пушкинга муносабатини эслатиб, “биз ҳам Чўлпондан қўл тортолмаймиз” дейди, Чўлпоннинг адабиётдаги хизматини таъкидлайди: “Чўлпон янги адабиётда янги нарса яратди. Мувашшаҳ адабиёти ўрнига бу куннинг бадиий завқига яраша ёқимли (бадиий) гўзал шеърларни ўртага чиқарди. Бу кунги ёш насл унинг содда тилини, тотли услубини, техникасини кўп севади. Ундан кўп гўзалликлар олади”.
Шу муносабат боис ўзбек матбуотида катта баҳс бўлиб ўтади. У.Эшонхўжаев “Мунаққиднинг мунаққиди” мақоласида (“Қизил Ўзбекистон”, 1927 июнь) Ойбекни рад этиб, Чўлпонни “танназзулпарвар, хаёлпараст”ликда айблайди. Ойбек “Мунаққиднинг мунаққиди” мақоласининг эгасига” деган жавобида аввалги фикрида собит қолади. Бу Ойбек табиатидаги чин маънодаги закийликни кўрсатувчи факт. Адолатпарварлик ва самимийлик, ҳалоллик ва поклик унинг шахс сифатида камол топишида муҳим омил бўлган.
Ойбек “Қутлуғ қон” романини ёзган кезлари Қодирий ва Чўлпоннинг асарлари тақиқланган, ўзбек насри бор-йўғидан айрилган эди. Шундай бўлса-да, салафларини шунчаки, қуруққина такрорламади, балки ўзига хос йўл топди. У яшаган замоннинг талаби устозлари ижод қилган шароитдан кескин фарқланган, бу асарга мақсад ва мавзуни танлаш ҳамда фикр ифодасида яққол кўринади.
Ўттизинчи йилларда маҳаллий зиёлиларнинг қама-қама ваҳималари Ойбекни бир қадар муросага бориб, мафкура талабларига ён бериб яшашга мажбур этди. Қолаверса, камбағал оиладан чиққан ва янги замоннинг имтиёзларидан баҳраманд бўлган шоир йигит гўзалликни, кўнгил кечинмасини куйлашни бахт деб билди ва бунга ҳаққи ҳам бор эди.
Ойбек устозлари тажрибасидан ижодий мактаб ўрнида фойдаланиш баробарида, уларнинг қисматидан ҳам ўзига хулоса чиқаргани табиий. Ижод жараёнида онгли ёки онгсиз равишда бўлсин, сиёсий тазйиқни ҳар нафасда ҳис этиб тургани аниқ. Шу маънода ўзини чеклашга маҳкум эди. Қодирий ва Чўлпон сўроқлар, қийноқлар охири нима билан тугашини ақлан англаб, қалбан ҳис этган бўлсалар-да, тергов жараёнида иродаси етгунча сабр-тоқатини кўрсатишга тиришган. Темир панжаралардан ташқаридаги Ойбек учун эса қатағоннинг мудҳиш оқибатларини кўра-била туриб, сабоқ олмаслик ўз умрига зомин бўлиш билан баробар эди. 1937-1938 йиллардаги қалтис вазиятда “Қутлуғ қон”дек кўламдор асарни ёзишга куч, ҳафсала топиш катта жасорат. Таҳликали паллада ўзини овутиш ва совутиш мақсадида романга қўл урган, назаримизда. Навбатини жим кутиб ўтиргандан кўра ғоя қидирганларга позициясини кўрсатиб қуйиш учун ҳам шу китоб ёзилган бўлиши мумкин. Танланган мавзу шахсий ҳаётини ҳимоя қилиш учун суғурта вазифасини ўтагандир, эҳтимол.
Ўша пайтда нуфузли партия идораларида хизмат қилган Сотти Ҳусайн “Ўткан кунлар” ҳақида танқидий мақола ёзиб, Қодирийга қарши ҳужумни бошлаб берганлардан ҳисобланади. У нафақат бир адибни аёвсиз қоралаган, балки бутун адабиётни йўлдан адаштиришга бош қўшган. Ойбек эса сал аввал эсланган рисоласида ҳақиқатни имкон қадар айтишга йўл қидиради, афсус, эрксизлик уни бурчакка тақаб қўйган эди.
Ойбек Абдулла Қодирийнинг шахси ва ижодига муносабатини бир неча марта билдиргани маълум: 1936 йили Ҳамид Олимжон таҳрири остида чиққан “Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли” китоби, иккинчиси 1956 йили ёзувчини оқлаш учун маълумот сўралганда, учинчиси 1966 йили А.Наумов билан бўлган суҳбат... Ойбек ўша рисоласини кейинчалик нашр этилган жилдликларига киритишни хоҳламаган. Қайта ишлашга эса ё журъати етмайди, ё мазкур масалага қайтишни истамайди. Ҳаётининг сўнгги йилларида шундай фикр билдиради: “Абдулла Қодирий, мен техникумда ўқийдирган пайтлардаёқ, машҳур ёзувчи, ҳаммамиз қўлдан қўймай ўқийдиган ўзбек адабиётидаги биринчи улкан ва гўзал романнинг автори эди. Абдулла Қодирий истеъдодли, қалби бутун ва ўзига хос характерли шахс эди. Абдулла Қодирийнинг прозаси биринчи навбатда ғоятда ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Қодирийнинг тилидан унинг халқнинг бой ва ажойиб тилини ғоятда яхши билгани яққол сезилади. У туғма эпик ёзувчи, кенг кўламдаги мастер, юксак маънодаги реалист санъаткор эди”.
Абдулла Қодирий оқланиб, асарлари нашр қилина бошлаганидан кейин ҳам унга танқидий муносабат билдирувчилар кўп бўлган. Бундай баҳс-мунозаралар “Ўзбекистон маданияти” газетасида эълон қилинган. Ойбек уларга қарши муносабатини билдиришни бурч деб билган. “Қалби бутун ва ўзига хос характерли шахс” деган фикрга бежиз урғу бермайди. Мазкур эътироф буюк қалб эгаси Ойбекнинг ўзига ҳам бирдай тегишлидир.
Ойбек Қодирий ва Чўлпонга нисбатан адабиёт майдонига кейинроқ кириб келган, ёшига муносиб тарзда ҳаётга ҳамда даврга бошқа кўз билан боққан. Ижтимоий зиддиятларни устозларидан фарқли равишда қабул қилган. Муаммога теранроқ назар солинса, Қодирий ҳукуматнинг сиёсатига шубҳа ҳамда ишончсизлик, Чўлпон нафрат ва алам, Ойбек эса ҳадик билан қарагани сезилади.
Қодирийнинг эстетик идеали давр зиддиятлари орасида ўзлигини англаб етиш умидида курашаётган шахс сифатида гавдаланади. Чўлпон ижодида ижтимоий тузум муаммоларини ўз қисматига айлантирган инсон қиёфаси эстетик идеал даражасига кўтарилган. Ойбекнинг эстетик идеали эса кўнгил кишиси, юксак туйғулар соҳиби, адолат учун курашувчи қаҳрамон сифатида бўй кўрсатади.
Миллат тарихида улкан шахсиятларнинг намоён бўлиши заминнинг ва инсониятнинг улкан ютуқларидан биридир. Шахсият ва ижод кенг қамровли тушунча, шахсият ижод орқали, ижод эса шахсият воситасида очилади. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек каби улуғ шахсларнинг ҳар бири алоҳида феноменал ҳодиса. Мазкур ёзувчилар ижодига ижодий “мен” ва инсоний “мен” орасидаги уйғунлик масаласига эътибор қаратилса, улар адабий шахсиятидаги ўзига хосликлар номаён бўлади. Сийратидаги улуғворликнинг сирларини англагандай бўламиз.
Санобар ТЎЛАГАНОВА,
адабиётшунос
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Shuxratjon
12:01 / 01.01.1970
Bu yozuvchilarni ishlari taqsinga loyiq