«Қаерга бормай, либосим орқали ҳам халқимнинг маданиятини кўрсатишга ҳаракат қиламан». Тамарахоним мероси


Сақлаш
11:11 / 08.10.2025 7 0

 

Тамарахоним ўзбек профессионал рақс саънатининг асосчиларидан бири ҳисобланади. У рақсини саҳналаштириш, миллий балетни шакллантириш ва халқаро миқёсда ўзбек санъатини тарғиб қилишда муҳим роль ўйнаган.

 

Тамарахоним 1929-1934 йилларда Самарқанддаги Ўзбек давлат мусиқали театрида, 1934-1935 йилларда Хоразм театрида фаолият юритган. 1936-1941 йилларда Ўзбек давлат филармониясида раққоса ва балетмейстер, 1941-1969 йилларда Ўзбек давлат филармониясининг мусиқа ансамблида бадиий раҳбар, балетмейстер ва актриса сифатида фаолият кўрсатган.

 

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Тамарахоним концерт бригадалари билан бирга армия қисмларида хизмат қилади. Бу хизмати учун унга капитан унвонини берилиб, қурол олиб юриш ҳуқуқи тақдим этилади. Тамарахоним йирик совет артистларидан ташкил топган гуруҳ билан 1952-1953 йилларда Хитой ва Албанияга, 1954 йилда Покистон, Норвегия ва Италияга, 1957-1958 йилларда Афғонистон, Ҳиндистон ва Индонезияга, 1962 йилда Монголия давлатига гастроль концертларини уюштиради.

 

 

Тамарахоним доимо ўзини яхши сақлар, соғлом турмуш тарзига риоя қилар ва бу орқали барчага ўрнак эди. Ҳатто 85 ёшида ҳам баланд пошнали оёқ кийимида чиройли рақслар ижро этарди.

 

У қайси халқнинг қўшиғи ва рақсини ижро этса, ўша мамлакатнинг тарихи, этнографияси, маҳаллий урф-одатлари, миллий санъатини батафсил ўрганган. Тамарахоним ижросида 500 дан ошиқ ашула ва рақслар 86 тилда янграган. У устози Олим Комилов билан бир қанча ўзбек халқ рақсларини саҳналаштириб, ўзига хос (ўзбек рақси ҳаракатларини қамраб олган) услубини яратади, янги замонавий рақслар, театрлашган рақс сюжетларини, янги хореографик композицияларни («Гул ўйин», «Садр», «Занг», «Пилла», «Кема ўйини» каби) ишлаб чиқади.

 

Тамарахоним – саҳнада нафақат куй ва рақс, балки либослари билан ҳам ўз даврининг рамзига айланган. У кўпинча ўзбек халқининг анъанавий кийимларини замонавий саҳна услубида кийган. Атлас, адрас, шойи каби матолардан тикилган либослар унинг саҳна образининг ажралмас қисми ҳисобланган.

 

Либослар одатда ёрқин рангларда (қизил, яшил, мовий, сариқ) тикилган бўлиб, рақс жараёнида рангларнинг жилоси саҳнага ўзгача файз қўшган. Тамарахоним либосларида миллий кийим билан замонавий театр элементлари уйғунлашган. Шу боис у саҳнада миллийликни ҳам, замонавийликни ҳам намоён эта олган.

 

Кийимлар кенг ва енгил бўлиб, рақс ҳаракатларини чиройли кўрсатиш учун қулай тарзда тикилган .Унинг либослари ўз даврида Ўзбекистон миллий маданиятининг тимсоли бўлган ва халқнинг гўзаллик ҳақидаги тасаввурларини дунёга танитган.

 

1925 йил Парижда Халқаро декоратив санъат кўргазмасида ёш раққоса Муҳиддин Қори Ёқубов билан бирга Ватани шаънини муносиб ҳимоя қилади. Тамарахонимнинг ўзбек либослари парижлик хонимларнинг ҳавасини уйғотади. Улар ўзбек миллий либосларини навбати билан кийиб кўра бошлайди. У бундан таъсирланади ва саёҳат давомида миллий кийимлардан воз кечмайди.

 

 

Тамарахоним 1932 йилда аёл санъаткорлар ичида биринчи бўлиб «Ўзбекистон халқ артисти» унвонига сазовор бўлади. Бу пайтда у эндигина 26 ёшга тўлган, лекин театр, рақс ва ашула соҳаларида катта муваффақиятларга эришган ижодкор эди.

 

Тамарахоним миллий кийимларни чет элда тарғиб қилишдан ташқари, бошқа халқлар либосларни ҳам юртига олиб келган. Ҳиндистон ва Эрон сафарларида у бу ерларнинг миллий либосларига қизиққан ва сари ёки шарқона нақшли тўнларни олиб келиб, уларни ўзбекона услуб билан уйғунлаштирган. Шунингдек, Туркиядаги концертларидан сўнг турк услубидаги атлас кўйлакларга қизиққан, Мисрда эса шарқона рақс кийимларига ўхшаш безакли либосларни саҳнада ишлатган.

 

Тамарахонимнинг Франция ва Германиядан олиб келган либослари кўпроқ саҳна учун мослаштирилган, яъни замонавий театр ва опера либосларига ўхшаш бўлган. Лекин у доимо миллий руҳни сақлаб, бу кийимларга атлас, адрас ёки дўппи каби унсурларни қўшиб ишлатган.

 

Тамарахонимнинг чет давлатлардан олиб келинган марварид, кумуш ва ранг-баранг тошли тақинчоқлари ҳам мавжуд. Ҳаттоки, раққосада олмос билан безатилган кастюм ҳам бўлган (аммо, мазкур қимматбаҳо либос Тамарахоним вафотидан кейин унинг невараси томонидан Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилган. Ундан кийимни уй-музей экспонати эканлигини айтиб, қайтаришни сўрашганда мерос масаласига дахл қилмасликларини сўраган).

 

Тамарахоним доимо «мен қаерга бормай, либосим орқали ҳам халқимнинг маданиятини кўрсатишга ҳаракат қиламан», деган гапни айтиб юрган.

 

Тамарахоним Шарқ мамлакатларидан атлас, шойи, зарбоф ва ипак матолар олиб келиб, ўз либосларини янада бойитган ва «Либослари галереясини» яратган. Унинг либослари кейинчалик шарқона гўзаллик рамзи сифатида саҳналарда намойиш қилинган. Шу боис Маданият вазирлигининг 1986 йил 16 январдаги 6-сон буйруғига асосан Тамарахонимнинг доимий ишлаб турувчи костюмлар кўргазмаси ташкил этилган.

1994 йилда эса Тамарахонимнинг доимий ишлаб турувчи костюмлар кўргазмаси Тамарахоним уй музейига айлантирилган.

 

Ўзбек санъатининг шуҳратини бутун дунёга таратган Тамарахоним 86 ёшда вафот этади. У нафақат санъаткор, балки Ўзбекистон маданиятининг элчиси бўлиб, Шарқ мамлакатларига миллий куй-қўшиқларимизни танитган эди.

 

Тамарахонимнинг либослари – бу нафақат саҳна кийимлари, балки бир даврнинг маданий ва эстетик тимсолидир.

 

Тамарахоним музей фондидаги баъзи либослар сиёсий ва маданий шахслар томонидан совға қилинган. Масалан, айрим манбаларда Мао Зедонг ва Жаваҳарлал Неҳру томонидан раққосага либос совға қилингани айтилган.

 

Хулоса қилиб айтганда, Тамарахоним умри давомида юзга яқин халқаро ва давлат мукофотлари билан тақдирланган санъат вакиласи ҳисобланади. Унинг қарийб 50 йиллик самарали меҳнати натижасида тўпланган ижодий лаборатория мамлакатимиз ва жаҳондаги 86 миллатнинг қўшиқ ва рақслари билан бойиган.

 

Шохиста Элмуратова 

Алфраганус университети доценти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

11:10 / 08.10.2025 0 7
Тафаккур карвонининг сарбони

Мафкура

18:10 / 02.10.2025 0 71
Аламим бор,,,





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 21905
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//