49 ёшли “бола” яқинда набирали бўлади: Сепарация нима учун муҳим?


Сақлаш
12:12 / 02.10.2025 21 0

“Менинг оиламда эр-хотин эмас она-ўғил жуфтлиги бор эди. Охир оқибат бу ҳолат 23 йилда ажримга олиб келди”, дея гап бошлайди сепарация жараёнидан ўтмаган инсон билан оила қурган, исмини ошкор қилишни истамаган (уни шартли Нафосат деб атадик) қаҳрамон. Ўзбек жамиятида бу ҳақда сўз очар экансиз, Сизга худди-ки оиланинг ташқи душмани, унинг тарқалиб кетишини истаётган бири сифатида қарайдилар. Аммо ҳар бир шахснинг мустақил бўлишида муҳим босқич саналган сепарация амалга оширилмаса бир эмас, бир неча инсонга, кейин оила институти, бора-бора бутун жамиятга зарар ета бошлайди. Шу сабабли мутахассислар ажралиш жараёнидан ҳар ким ўтиши зарурлигини таъкидлайди.

 

Хўш, сепарация ўзи нима? Уни амалга ошириш қайси босқичларни ўз ичига олади? Мустақил бўлмаган, атрофдагиларга қарам шахслар билан қандай муаммолар содир бўлиши мумкин? – ушбу мақолада шу ва бошқа саволларга халқаро мутахассислар фикри ва қаҳрамон ҳаёти асосида жавоб оламиз.

 

Сепарация нима?

 

Сепарация – фарзанднинг ота-онасидан ажралиб (жисмонан ва руҳан алоҳида бўлиб), мустақил бўлиш жараёнини назарда тутади. Бу болалик ва катта ҳаёт ўртасидаги шахсий ривожланишининг табиий ва муҳим босқичи саналади.

 

Жараён турли жамиятларда, хусусан, ўзбек оилаларида ҳам нотўғри тушуниб, шундай талқин қилинади. Бу қарорга келиш эса ота-онадан воз кечиш, уларни ўз холига ташлаб қўйиш, дея баҳоланади.Шундай қарашлар билан болани мустақил бўлишига тўсқинлик қилиш, афсуски, вақти келиб жиддий оқибатларни, кўп холларда шахсий турмушдан ажралиш ҳолатларини келтириб чиқаради.

 

Тушуниш керакки, ота-онадан мустақил бўлиш – уларни яхши кўришдан тўхташ ёки ортиқ улар билан фикрлашишни истамаслик дегани эмас, у шунчаки вояга етган шахс ўз ҳаёти учун масъулиятни бўйнига олиши ва ўзи қарор қабул қилишни ўрганиши учун муҳим ҳаётий даврдир.

 

Бу жараёндан ўтмаган шахслар қандай кўринади?

 

Жамиятда улар биологик ва психологик ёши турлича эканлиги билан ажралиб туради.

 

Айтайлик, 45-50 ёшли эркак қарорларида вояга етмаган 16 ёшли бола каби қатъий бўлолмайди, “катталар” маслаҳати, тасдиғига эҳтиёж сезади. Масалан, у оиласи билан саёҳатга чиқмоқчи, бунинг учун уларда ҳамма нарса бор, молиявий томонлама ҳам муаммо йўқ. Бироқ у сўнгги қарорни бериш учун, яъни чипта сотиб олиш учун онасидан “рухсат олиши шарт”.

 

Яна бир мисол, турмушда эркак ўзини эр, турмуш ўртоқ деб эмас, аёлининг ёш боласидек тутиши ёки аксинча, аёл ўзи қила олиши мумкин бўлган масалаларни ҳам турмуш ўртоғининг аралашувисиз ҳал қилмаслиги, баъзи вазиятларда дакки эшитиш, буйруқ бериш, яъни “айтиб туриш”га ҳақиқий маънода эҳтиёж сезиши, бир сўз билан айтганда, аёл эмас, фарзанд позициясида ҳаёт кечириш ҳолатларига кўп гувоҳ бўлгандирсиз. Шу кабилар ота-онасидан ажралмаган шахслар санаади.

 

Оилангизда тугалланмаган ажралиш мавжуд ёки йўқлигини қуйидаги белгилар орқали аниқлашингиз мумкин:

 

- Сиз ота-онангиз тузган “сценарийдан” четга чиқа олмайсиз, ҳатто ўзингизга у ишнинг аксини қилишни ваъда берган бўлсангиз ҳам. Масалан, бўлажак фарзандларингизга юмшоқфеъл ота ё она бўламан, деб ўзингизга ваъда берасиз-у амалда ота-онангизни такрорлайсиз;

 

- Таълим йўналишигизни ота-онангизнинг таъсири билан танлаб, узоқ муддат соҳада ўзингизни, ўзлигингизни тополмайсиз;

 

- Соҳада қандайдир ютуқларга эришасиз, лекин буларни ўзингиз учун қилмаганингиз тез-тез хаёлингиздан ўтиб туради;

 

- Шахсий ҳаёт қуришда муаммоларга дуч келасиз: муносабатларда иккинчи томон ҳудди сизга қарздордек туюлаверади. Партнерингиз қисқа муддат йўқ бўлса ҳам саросимага тушиб, уни хиёнат деб баҳолайсиз;

 

- Бошқаларнинг тасдиғига, розилигига ошиқасиз;

 

- Зиддиятли вазиятларда ўзингизни ёш болалардек тутасиз: муаммони ҳал қилиш эмас, тортишиш биринчи даражада бўлади;

 

- Жабрдийда ролида бўлиб, ўз ҳаётингиз учун масъулиятни олишдан қўрқасиз;

 

- Ота-онангиз ишларингизга доимий тарзда аралашиб туради: овқатларингизни тайёрлаб беради (ўзингиз буни уддасидан чиқа олсангиз ҳам), пулингиз бўлса ҳам молиявий кўмак бергиси келади ва сизни ноқулай аҳволга солувчи шахсий саволлар билан кўп мурожаат қилади. Сиз эса буларнинг барчасини нормал қабул қила бошлайсиз.

 

Шу каби биологик етук бўла туриб психологик ёши кичик бўлган инсонларни психологлар онасидан киндиги узилмаган болага қиёслайди.

 

Мустақил бўлиш нима учун муҳим?

 

Бу биринчи навбатда шахс сифатида ўсиш ва ривожланиш учун муҳим. Бола ота-онасидан ажралмаса, уларга қарам бўлиб қолиши, неча ёшда бўлмасин, мустақил қарор қабул қилолмаслик холатлари кузатилади. У ҳар қандай масалани ота-онаси билан маслаҳатлашади, улар бўлмаса саросимага тушиб, муаммоларини ўзи ҳал қилолмайди. Ҳаётидаги ҳар бир ҳолат ҳақида (у ҳатто, шахсий масала бўлса ҳам) хисоб беришни эса ўз вазифаси деб билади.

 

Нафосатнинг турмушида ҳам ҳудди шу холат кузатилиб, онасига қарам эркак буни ўта нормал баҳолаган. Буни қабул қилолмаган аёлига эса ҳудди қайнонадан бирор нимани яшираётгандек қараган:

 

“Ўртамизда бўлиб ўтадиган майда-чуйда гапларгача қайнонам хабардор қилинарди. Мен ‘орамиздаги гаплар ташқарига чиқмасин, хонамизда ҳал қилайлик’ десам, ‘мени онамдан яширадиган сирим йўқ’, дерди”.

 

Таъкидланганидек, вақтида ота-онадан мустақил бўлиб ажралмаслик кейинчалик бошқа муаммоларни, жумладан, иқтисодий зўравонлик ҳолатларини ҳам келтириб чиқаради: Ота-онасига ҳар нарсани борича айтиб ўрганган вояга етган шахс аввалига даромади билан боғлиқ барчасини – қанча маош олгани-ю уни нималарга қанча миқдорда сарфлагани ҳақида хисобот беради. Бу одат бора-бора унинг мажбуриятига айланиб, кўпинча даромад бошқаруви ҳам ота ёки онага ўтиб қолади. Яъни, меҳнат қилиб пул топадиган Сиз, унинг тақсимоти бўйича “жавобгарлик” бўлса ота-она, қайнона-қайнота “чекига тушади”.

 

“Ишлаб  топган маошини онасига топширарди. Менга, болаларига сарфланадиган пулнинг 1 сўмигача ҳам онасига хисобот бериларди. Кимнинг туғилган куни ё тўйига неча пул берилди – буларнинг ҳам барчаси қайнонамнинг дафтарида ёзиларди. Яна бошқа ишлар ҳам қайнонамнинг рухсати билан бўлган – ота-онамникига бориб-келишимга неча пул кетиши-ю нима олиб боришимгача. Ҳолбуки, эрим ўқимаган оми эмас, Президент академиясини битирган, юқори лавозимларда ишлайдиган, салобатли, савлатидан от хуркадиган киши эди”, – дейди у.



Жараённи қандай енгилрроқ яшаб ўтиш мумкин?

 

Сепарация инсон ҳаётдаги ўрнини топишига, мақсадларини, приоритетларини белгилаб олишига ёрдам бериб, ўзига ишонган шахс бўлиш имконини яратади.

 

Лекин бу жараён муҳимлиги билан бирга ўта нозик ҳам саналади. Мустақил бўлишнинг аҳамиятини тўлақонли англаш орқали бу даврни енгилроқ яшаб ўтиш мумкин. Бунда томонлар, айниқса ўсмир ота-онани ҳеч нимада айбламаслиги муҳим. Яна уларни тузатишга, вазиятлардан қутқаришга ва ўзгартиришга ҳам уринмаган маъқул – мутахассислар тарбиялаш, тинч шароит яратиш, шунчаки севиш ва сўровга жавобан ёрдам бериш ота-онанинг вазифаси эканини тушунтиради.

 

Ўзаро англаш, танловларни ҳурмат қилиш ва фикрларга жиддий қараш муҳим аҳамият касб этади. Муносабатларда чегараларни аниқ белгилаб олиш зарур. Ота-она ва ўсмир бир хонадонда яшаган тақдирда ҳам томонларнинг ўз қоидалари ҳукм сурадиган шахсий ҳудуди бўлиши муҳимдир.

 

Ўсмир ҳар бир ҳаракати ва унинг ортидан содир бўлиши мумкин бўлган ишлар учун энди ота-онаси эмас шахсан ўзи жавобгарлигини жиддий қабул қилиши керак. Унинг бугун ким экани ва эртага ким бўлиши ҳам ота-онасига, уларнинг қарорларига эмас, шахсий фикри ва танловларига боғлиқлиги тушунтирилиши зарур.

 

Ота-онадан мустақил бўлиш қандай босқичларни ўз ичига олади?

 

Ота-оанадан мустақил бўлиб ажралишни психологлар 5 босқичга бўлади. Назарий жиҳатдан бу ажралиш бола 18 ёшданоқ содир бўлиши керак.

 

Биринчи босқич: жисмоний сепарация

Жисмоний ажралиш босқичи бола алоҳида яшашни бошлаганида юз беради. Бу масалан, таълим ёки иш фаолияти туфайли бошқа манзилга кўчиб ўтишда содир бўлиши мумкин. Натижада инсон ҳеч кимнинг қўлловисиз барча масалаларини ўзи ҳал қилишга мажбур бўлади, бу эса унинг мустақил бўлишга қўйган муҳим қадами саналади.

 

Иккинчи босқич: эмоционал ажралиш

Бола ота-онасидан хиссий қарамликдан холос бўлишни бошлаганида юз беради. У энди катталарнинг фикрига қараб эмас, ўз имкониятлари, кучи, ҳаётдаги қадриятлари ва мақсадларига қараб иш тутади.

 

Учинчи босқич: ижтимоий мустақил бўлиш

Шахс ота-онасининг ижтимоий муҳитидан ажралиб, ўз муҳитини шакллантирганда бошланади. У ўзига мос янги одамлар билан мулоқот доирасини яратиб, ўша ерда фикр алмашади.

 

Тўртинчи босқич: идентификацион алоҳидалашув

Шахс ўзини ота-онаси билан боғлаб ифодалашни тўхтатганида юз беради. Яъни, давраларда у ўзини фалончининг фарзанди сифатида эмас, алоҳида шахс сифатида намоён эта бошлайди. Ўзини ота-онаси ва уларнинг шахсияти билан, яъни характери, темпераменти ва қобилиятлари билан солиштиришни тўхтатади.

 

Бешинчи босқич: молиявий мустақиллик

Шахс ота-онасидан молиявий мустақил бўлганида бошланади. Бунда ўсмир ўзи ишлаб, шахсий даромадига эга бўлиши, моддий эҳтиёжларини ўзи қондира олиши зарур.



Лекин бу барча оилаларда ҳам самарали ёки умуман амалга ошмайди. Нафосат ҳам турмушини сўзларкан, собиқ умр йўлдошини “болача” деб атаб, бунга таҳминий сабабларини келтиради.

 

“Ҳозирда шу болача 49 ёшда. Яқинда набирали бўлади…”

 

Айтишларича, қайнонам ёшлигида қайнотам бошқа аёллар билан муносабатда бўлган. Шу воқеаларни рўкач қилган қайнонам “мен сизлар учун болларим етим бўлмасин, деб чидаганман” дея фарзандлари қулоғига куйиб келган. Турмуш ўртоғим ҳам онасининг олдида доим ўзини қарздор ҳисоблаган. Ҳатто, ҳозиргача.

 

Мен ҳам ишлаганман, ўзимни ўзим таъминлаганман. Биринчи ўғлимни дунёга келтирганимда қайнонам ‘10 та уғил туғиб берсанг ҳам ўғлим мени дейди’, деганлар. Ва шунча йил мен билан кундошдек яшадилар. Ажрашдик. Она-бола чиқиб кетишди, она – кичкина ўғилникига. Фарзандимнинг отаси – алоҳида квартирага. Ўғлим ‘Агар биз чиқиб кетсак биз ҳақимизда унутинг, ҳаётингиздан ҳам чиқиб кетамиз’, дегани учунгина мажбур, отаси уйни ташлаб кетди.

 

Билишимча, фарзандим отасининг бир аёл билан муносабати бор, беркиниб учрашиб юради. Онаси бўлса ҳалигача уни очиқчасига рашк қилади. Турмуш ўртоғим буни энди тушуниб етибди. Лекин ‘Онамсиз яшолмайман, онамсиз ҳаёт йўқ, онамдан бошқа ҳеч ким керакмас’ деган фикри ҳали ҳам бор. Она ҳам ‘мен сени ҳар куни кўриб турмасам ўлиб қоламан’, деб ўз холига қўймайди. Ўғлига ‘унга менинг рухсатимсиз битта чўп ҳам олиб бермайсан’ деб шарт қуйган экан… Ҳозирда шу болача 49 ёшда, яқинда набирали бўлади. Она эса 78 ёш.

 

Ота-онага беҳурматлик, улардан воз кечиш, сир тутиш ё хисоблашмаслик…


Йўқ, сепарация бу эмас ва мақола бунга тарғиб қилмайди. Унинг асл аҳамиятини очиб беришда биргина қаҳрамон турмушидаги оқибатлар келтирилди. Лекин аксарият ўқувчи афсуски, бу каби муносабатларни камида атрофида кузатган, ҳатто ўз бошидан кечирган бўлиши мумкин. Мақола бўлса бу каби муҳим даврни инкор этиб яшамасликка, аксинча, уни тўғри босқичларда осонроқ амалга оширишга чақиради. Зеро, бу ҳолат нотўғри баҳоланиб, жамият нормасига айланиб қолмасин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Мафкура

18:10 / 02.10.2025 0 28
Аламим бор,,,





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 21748
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//