Чилпарчин жинсият. Қулаш даври ўзбек совет киносида эркаклик инқирози


Сақлаш
11:07 / 29.09.2025 38 0

Эркаклик, тўрт минг йиллик тамаддун тарихининг энг чигал ва энг қатъий масалаларидан бири бўлиб келади. Эстетикадан тортиб риторикага қадар бутун куч динамикаларидаги дискурс тузилмаси айнан мана шу, эркаклик нуқтаи назарига асосланган ҳолда яратилди. Модомики ушбу нуқтаи назар шунчалик муҳим экан, унинг қулаши қандай натижаларга олиб келади? Ё... қулашнинг ўзи қандайдир натижамикан?

 

Кечки давр ўзбек Совет кинематографиясига эътибор қаратганимизда, эркак, хусусан ота ё ўғил образининг доимий равишда ожиз ва кемтик эканлигини кўрамиз. “Темир Хотин” даги Қўчқорвой, “Суянчи” даги ота ё “Ажойиб Хаёлпараст” даги Ҳасан... Бу персонажларнинг бари ўз орзусига эришолмаган, бебурдлик домидан қутулолмаган эркак. Ва, бу бебурдлик ўзбек киносида комедия ёхуд истеҳзо унсури сифатида ишлатилади. Гарчи ҳар бир персонаж алоҳида таҳлилга арзисада, даврий колоритни ҳисобга олган ҳолда бутун кинематографияни психоанализ элагидан ўтказмоқчи бўлдим.

 

Мавзудан бироз узоқлашсак.

Француз психоаналисти Жак Лаканнинг уч консептига кўз ташлайлик.

 

1. Stade du miroir/ Кўзгу босқичи

2.Nom-du-Père/ Отанинг исми.

3. Manque/ Кемтик.

 

Лаканга кўра, бола туғилганидан кейинги дастлабки олтинчи ва ўн иккинчи ойлар оралиғида “мен” ва “бошқа” орасидаги фарқни англолмайди. Доим у билан андармон онасини ўзининг табиий тана аъзоси сифатида идрок қилади. Бола ташқарини айнан ўзи сифатида қабул қилгани боис мазкур давр Кўзгу босқичи деб аталади. Бироқ, боладаги шуурий девор юпқалашгач, у ва ташқарининг орасига Отанинг Исми киради. Отанинг рамзий мавжудияти болага аслида унинг бошқалиги, дунё ва ҳатто онадан ҳам айро материя эканлигини кўрсатади. Аслида, айнан мана шу кўрсатиш боладаги шуурий парчаланишга сабаб бўлади. Бола ташқи дунёнинг лисоний ботини, яъни номлар ва шахсиятлардан ташкил топган структурасини ичидаги бутунлик эвазига “сотиб олади”. Аввал ҳамма нарсага “мен” деб қараган бўлса, энди бошқалик ҳисси уни тарк этмайди. Ўзидан бошқа бутун материя, ҳатто баъзан ўзи ҳам, Фрейд тилида айтадиган бўлсак, unheimlich яъни ҳам таниш, аммо бу танишлик ичидаги бегона бир ҳисдек туюлади. Мен аввал ҳам бу ерда эдим, аммо... “Аммо” боладаги “мен” ва ташқарига нисбатан “бошқа” нинг орасидаги масофага қўшилиб кемтикни яратади. Лаканга кўра, ушбу кемтиклик ҳеч қачон тўлмайди. Биз ҳаётда нимага интилмайлик, барибир ўша истак объекти бу кемтикликни тўлдиришнинг бир баҳонаси бўлиб қолаверади.

 

Ўзбек миллий кимлигининг бугунга қадар юқоридаги кемтикликдан қутулолмагани бир вақтнинг ўзида Отанинг исмига эришолмаганидан ҳам далолат беради. Сабаби, Совет яъни ота келмади, ўзбекка, яъни болага ўз ўзини таниш ва ифодалаш имкони ҳам берилмай қолаверди.

 

Келмаган ота ва кемтиклик консептлари ўзбек кинематографиясига татбиқ қилинса, мазкур кемтикликни деярли ҳар бир эркак бош қаҳрамонда кўриш мумкин. Хусусан, кечки давр Совет санъатида кемтик “тўлдирилиши керак бўлган” эмас, балки “ичига ёт унсурлар итқитиладиган” ахлат ўрасига айланади. 

 

Фрейд ва Лакан психоанализининг энг катта фарқларидан бири бўлмиш Эдипал жараён мана шу “ўра” метафорасида кўзга ташланади. 

 

Эдип чўпоннинг ҳукмидан қутулиб Тебаига кетаётган пайт ўзи билмай қирол отасини ўлдиради ва шу ўлим муқаддар башоратнинг тажассуми сифатида ўртага чиқади. Эдипал жараён, фрейдизмда отанинг рамзий ўлимига ишора қилади. Бола ўз шахсиятини тамомлаши учун отанинг ўлиши шарт. Ва, бу ўлим бола томонидан амалга оширилиши керак.

 

Совет мафкурасининг қулаши ўзбек жамиятининг талаблари орқали содир бўлди, деёлмаймиз. Ота ўз ихтиёри билан ўлди. Отани ўлдиролмаслик отанинг келолмаслигига қўшилиб, санъатда мутлоқ мафкуравий фалажликка, воқеликда эса аросат сиёсатига сабаб бўлди. Лаканнинг кемтиклик консепти ҳам шу, қондирилмаган падаркушлик эҳтиёжида кўзга ташланади. 

 

Лаканга кўра, бу эҳтиёжни ҳеч қачон тўлақонли қондириб бўлмайди. Унинг қондирилиши фақат тасаввур ва таҳайюл орқалигина амалга оширилиши мумкин. Кино эса бу фавқулодда мафкуравий зарурат учун айни муддао эди. Буни англаб етган ўзбек ижодкорлари ўз фильмларида отани қайта қайта руҳан ўлдираверишди. Буни эса бемалол Қасос даври кинематографияси дейиш мумкин.

 

“Темир Хотин” да Қўчқорвой хотини Қумри кетгач, бевосита Отанинг номи, яъни унга, у учун мажбурият ва заруратларни белгилаб берувчи, тоифаловчи асосий кўрсаткични йўқотади. Кўп ўтмай ушбу йўқотишни Аломат орқали тўлдиришга уринади. Бироқ, Аломатнинг инсон ақлига эришиши юқоридаги “ахлат ўраси” ни фош қилади. Боиси, Қўчқорвойдаги кемтик фақат Қумрининг йўқлиги эмасди. У тўлақонли кемтиклардан иборат эди. Қумри мана шу кемтиклар, йўқлик ва имконсизликлар тўла қутини очиб юборади. Биз Қўчқорвой ва у орқали ифодаланган бутун бошли касалманд тизим нуқсонларини бирма бир кўра бошлаймиз. Аломат бу нуқтада нафақат фош қилувчи, балки Вебер таъбири билан айтганда “афсунни бузувчи” вазифасини ҳам ўтайди. 

 

Саноат инқилобидан кейинги давр мобайнида Ғарб тамаддунининг борган сари рангсизлашуви, сир ва афсунидан айрилиши бугунга қадар катта баҳс мунозараларга сабаб бўлиб келади. Аломат, алалхусус “дунёвий билим” остида яратилган анти-Пигмалион характер сифатида Қўчқорвой атрофидаги мафкуравий афсунни буткул йўққа чиқаради. Ҳолбуки, ушбу афсун шунчалар эскирганки, кичик бир суҳбат ва таъна ҳам уни бемалол йиртиб ташлайди.

 

Иккинчи, ўзбек кино санъатининг илк куир характери ҳисобланмиш қаҳрамонимиз Ҳидоятхон ҳам психоаналитик жиҳатдан отанинг йўқлигини, келолмаслигини очиқ ойдин намоён қилади. 

 

Куирлик Ҳидоятхонда маълум бир шахсият ифодаси эмас, балки психик ҳолат сифатида кўзга ташланади. Унинг ўз жинсий йўналувини билган ҳолда мулк, Фуко таъбири билан айтсак куч учун Майсарага яқинлашув истаги жинсий йўналувини мутлоқ йўққа чиқаради. Эркакликнинг ҳамма нарсадан аввал куч учун кураши ва бу йўлда ҳатто ўз шахсияти, кимлигидан ҳам воз кечиши жуда қизиқ ҳолат. Фақат, куч истаги доим ҳам айнан кучнинг ўзига эмас, балки у орқали қондириладиган муайян эҳтиёжга ҳам йўналган бўлиши мумкин. Ҳидоятхон Майсара орқали қўлга киритмоқчи бўлган кучини отасига қарши ишлатмоқчимиди? Ё унинг ёрдамида жинсий йўналувини ҳаспўшлаган кўйи жамиятда ўз ўрнини топиш, отасига ўзининг эркаклигини исботлашга ҳаракат қилганмиди? 

 

Ҳидоятхондаги ғайрат, тўғрироғи умидсиз бардошни негадир “Келинлар Қўзғолони” даги ўғилларда кўролмаймиз. Гарчи бари утопик қолипга солинган “рисоладагидек” шахс бўлсада, Фармонбибининг қўлидаги қудратни олишга деярли интилишмайди. Бу ерда бутун айбни Фармонбибига ҳам тўнколмаймиз албатта. Ҳатто уни оқлаш ҳам мумкин. Чунки, агар у кенжа келин орқали ўз ҳур иродаси билан ўғилларига уй олиб бермаса эди, ўғиллари ҳалигача бир ҳовлида яшашаётган бўларди. Бунинг натижаси ўлароқ шундай хулосага келиш мумкин: Куч истаги фақат ифодавий устунлик эҳтиёжидангина туғилади. Ҳидоятхон мана шу эҳтиёж сабаб жисмоний ва руҳоний бутунлигини хавф остига қўйиб Майсарани аврамоқчи бўлади. Мақсад эса ўз ўзини ифодалаш эди, холос. Аммо, муаммо шуки, у қанчалар бадавлат ва кучли бўлмасин, жамиятда ўз ўзини тўлиқ ва рўйи рост ифодалай олмасди. Унинг ифодасини қабул қилган жамият ҳам уни чин маънода бунга лойиқ деб ҳисоблай олмасди. Сабаб эса, доимгидек мафкура.

 

Мафкура шахсларни шакллантирибгина қолмай уларнинг деконструктив интиҳосига ҳам сабаб бўлади. Аҳилле Мбембе ўзининг некросиёсат назариясида, мустамлака консепти остида мана шу, интиҳо тизимини таснифлаб ўтади. Аммо, ушбу назарияни яна психоаналитик тарафлама синчиклаб ўрганганимизда ўлимнинг қанчалар сиёсийлашиши мумкинлигини кўрамиз. 

 

Мустамлака энг аввал мағлуб мамлакатнинг ғолиб мамлакат томонидан маълум бир ифода дискурсига тобе тутилишидан бошланади. Яъни, Лакандаги рамзий тартиб колониал ҳукумат томонидан белгиланади. Марҳумлар эса мана шу тартибнинг Бенедикт Андерсон таъбири билан айтганда “хаёлий жамоат” қурилиши учун ишлатиладиган ўнлаб хомашёдан биридир. Рамзий тартиб, патриархал/падаршоҳий тузум устига қуриладиган бўлса, бу ерда марҳумларнинг эркаклик даражаси ҳам катта аҳамият касб этади. Бу ҳолат некросиёсат орқали таҳлил қилинганида эса Фрейднинг Танатосини йўққа чиқаради. Фрейд Танатосни тўғридан тўғри ўлим истаги деб таснифлаган бўлса, некросиёсат ўлимни фақат колониал куч истагига эришиш йўлидаги омил сифатида тан олади. Лаканист психоанализда буни  jouissance орқали аниқроқ идрок этиш мумкин. Бунда, ҳар бир роҳат/ jouissance ортида қониқиш принспи ётади ва мазкур принсп ўз ўрнида ўлим ёхуд умумий зарарни бўйинга олиш, ҳатто келажак роҳатининг таҳайюли таъсирида бу зарардан завқ олиш билан характерланади.

 

Jouissance, ўзи мавжуд бўлмай туриб фақат хаёлан бутун қийинчиликларни мазохистик шавқ унсурига айлантирувчи омил “Суяюнчи” да кўзга ташланади.

 

Холмат гарчи ташқаридан фақат тоғлар орасида номи чиқмай ўлиб кетишдан қўрққан ва ўн бир ўғли билан футбол жамоаси қуриб, бу ҳаётдан қутилишга аҳд қилган қаҳрамон бўлсада, унинг онаси билан бўлган муносабати Қўчқорвой ё Ҳидоятхондан фарқ қилади. Албатта, Холмат ҳам худди Ҳидоятхондек афутбол орқали онасининг ҳукмига, у тутган кучга қарши бош кўтариш ё жамият қабулини қўлга киритишни ният қилган бўлиши мумкин, аммо унинг бу кураши ҳистерик шаклда ўз ўзини фош қилади.

 

Холмат кимдан қочганди? 

 

Бу саволга психоанализнинг берадиган юзлаб жавоби бор. Аммо, улардан фақат биттасигина Холматнинг қочиш сабабини рамзий тартиб доирасида очиб бериши мумкин.

 

Холмат оталик изтироби ва онгини қанча қазиса ҳам чиқара олмаётган агрессив кемтикликдан қочаётганди. Бир қарашда унинг психо-шахсияти пассив агрессив, яъни бостирилган тажовузкорликдан азият чекаётгандек кўринади, бироқ Холматда фақат бостирилганлик бор, тажовузкорлик ёхуд “портлаш” қобилиятини ундан топиб бўлмайди. Анзират буви ўғлининг эркаклик шуурини бостириш асносида балки унинг жинсий шахсиятини ҳам руҳийлик даражасидан йўқ қилиб, фақат жисмоний, тўғрироғи шаҳвоний шаклдагина қолдиради.

 

Юқорида кўзгу босқичи ва рамзий тартиб орасидаги парчаланиш ҳолатини тушунтириб ўтдим. Аммо, клиник қайдларга кўра баъзан ушбу парчаланиш рўй беролмайди. Бунга асосий сабаб бола ва дунё орасида пайдо бўлолмаган Отанинг номидир. Колониал доирада бу Советнинг мафкуравий тарафлама ўз ўзини йўқ қилаётгани ва айтганимдек, қондирилмаган падаркушлик эҳтиёжи остидаги кемтиклик орқали намоён бўлади.

 

Холматни ўзбеклик рамзи сифатида оладиган бўлсак, унинг қанча чиранса ҳам исён қилолмаслиги, исён қилган тақдирда ҳам эътиборга олинмаслиги ойдинлашади.

 

Гаятри Спивак мазлумият тадқиқотларининг асосини ташкил этган “мазлум гапира олмайди” иддаосини шундай тамомлайди: “Мазлум гапира олмайди, чунки унинг овозини эшитадиган, жиддий қабул қиладиган ҳеч ким йўқ”. Эшитилмаган овоз қанчалик баланд чиқмасин, Холмат қишлоғидан қанчалик узоққа кетмасин, фойдаси йўқ. Чунки, кўзгу босқичи ҳали ҳам давом этяпти. Отанинг ўлиги эса кўмилмай, қурт қумурсқага ем бўлиб ётибди. Агрессия фақат отанинг ўлими расман тан олингандагина кучга киради, чунки отанинг ўлими ўғилга қудрат ҳукмида ҳақ талаб қилиш ҳуқуқини беради.

 

Холматнинг ёхуд ўзбекнинг ўзи гарчи бу “кўмилмаган ота” метафорасини онгли равишда идрок қилолмасада, онгостидаги ўз ўзини бунёд қилиш истаги агрессиянинг етишмаслиги сабаб вайронкор бўшлиққа, аниқроғи ўз ўзини ютгувчи қора туйнукка эврилади. 

 

Бошқа тарафдан олиб қаралганда, Холматнинг ҳолатини пассив ҳистерик дейиш ҳам мумкин. Бу нуқтада ҳистерик жазава Холматнинг онаси томонидан руҳан ахталанишида, яъни эркакликдан мосуво қилинишида кўзга ташланади. Ҳистерия, Фрейдга кўра қониқтирилмаган жинсий истакнинг инъикоси ва кечиктирилган истак сабаб пир бўлган ҳафсаланинг драматик тақдими бўлса, Холматнинг колониал ҳистерияси эркаклик орқали шавқ олишни хоҳлашу аммо ўша эркакликни излаб тополмасликдир. Чунки, эркаклик аллақачон Анзират буви, яъни Советнинг, Отанинг тирик бўшлиғи (le vide vivant du père) томонидан кастратив йўл билан йўқ қилинган. Яъни, Анзират буви бевосита қонун қоида яратмайди, балки индивидни доим ўзига муте ва тобе ҳолда ушлаб туради. Колониал мафкуранинг ўзи ҳам шу, қонундан маҳрум мутеликдир. Чунки, мустамлакачи мустамлака халқни муайян қонунга биноан бошқаролмайди, чунки бир қонун фақат танишлик орқалигина яралиши мумкин. Мустамлакачи шу танимаслик ҳолатини хаспўшлаш учун ҳам мустамлакага ифодавий шахсият тайинлайди, аммо ич ичидан уни чинакамига танимагани учун қонун қолипига мажбуран сиғдириш узлуксиз жиноятлар занжирига сабаб бўлишини ҳам билиб туради. Ҳистерия эса Холматда мазкур қонунсиз, қолипсиз мутелик сабаб бунёд бўлган қонунсиз, қолипсиз истак, jouissance нинг йиғинди натижасидир.

 

Қонмаган эҳтиёж деганда, албатта “Ажойиб Хаёлпараст” нинг Ҳасанини ҳам эслаб ўтиш жоиз. 

 

Ҳасан Холмат каби ошкора мазлум ё Ҳидоятхондек мутлоқ мардуд эмас. У касби сабаб жамият томонидан очиқча рад этилмайди, аммо мустамлакавий истак уни айнан ўша раддияга бошлаб боради. 

 

Ҳасаннинг қуёнларга бўлган иҳлоси Лакан психоанализида Object petit a яъни, асил мақсадни пардалаб турувчи алдоқчи, кичик истак рамзидир. Аммо, Ҳасандаги  Object petit a  ортида яширинган асил мақсад, Grand Autre аниқроғи Катта Бегона шундоқ ҳам жамиятдан ажралиб чиқишдир. Ҳасан учун қуёнлар идрок ва мантиқ тарафлама бойиш йўли бўлиши мумкин, аммо у аслида Советнинг унга тиқиштирган кимлик ифодасидан чиқиш, ҳатто у томонидан рад этилишни истайди. Бу ҳолат эса ўз ўзидан жамиятнинг уни рад этишига олиб келади, чунки жамият шундоқ ҳам Совет ифода дискурсининг тажассумидан бошқа нарса эмас. Албатта, ушбу раддиядан сўнг ҳам қайсидир шаклда барибир қабул кўриш истагида Ҳасан бойишни дилига тугади. Бу нуқтада Ҳасаннинг ажралиш ва бойиш истаги Ҳидоятхоннинг куч учун ўз жинсий йўналуви ва кимлигидан воз кечишига ўхшаб кетади. Ягона фарқ, Ҳидоятхон табиий мардуд бўлгани ҳолда Ҳасан ўз мардудлик ҳолатини сунъий йўл билан яратади.

 

Ҳасандаги ижтимоий мавқе тарафлама бегоналашув истаги  Холматнинг ҳистериясидек бирданига ё қандайдир катта портлашдан сўнг эмас, балки босқичма босқич бўй кўрсатади. Чунки, Холматдаги мазлумият ривожи тикка, яъни устда турган мавжуд ва муқим куч манбаси, Анзират бувига йўналган бўлса, Ҳасаннинг пардаланган ҳистерик истаги ётиқ, яъни манзилсиз тарафга қаратилган. Ҳасан учун фақат бойликкина ошкор холос, аммо алтер эгонинг вайронкор ташналиги ҳа деганда ўзини фош қилавермайди.

 

Ўзбеклик бу нуқтада юнон мифологиясидаги икки юзли Янусга ўхшайди. Бир юзи бақириш истагида ёнгану оғиз тополмаган Холмат. Иккинчиси эса бақириш имкони бўла туриб оғзини ўз қўллари билан тиккан Ҳасан. Ҳасаннинг жамиятдан четланишга бўлган истаги фақат қуёнларни сотиб бой бўлишмиди? Бўлса бордир, аммо клиник таҳлилдан ўтқазилганида Ҳасаннинг шахс сифатида ўз такомилини тамомлолмаган индивид, ҳатто ўспирин сифатида ҳам кўришимиз мумкин.

 

Ўсмирлар психиатриясида, Мелани Клеиннинг қарашларига таянадиган бўлсак, аросат доим оғир босади. На балоғатга етган, на сабий бола бўлолган ўсмир бўшлиққа, абстракт издиҳомга рамзий тартибдаги ўз мавжудиятини тинимсиз исботлашга уринади. Мавжудият исботи эса фақат ва фақат ифода шаклидан туғилади.

 

Албатта, ўзбекликни фақатгина эркаклик метафоралари орқали таснифлашнинг иложи йўқ. Бироқ, отаси рад этган бир жамиятнинг аламзада ботини кўпроқ “ноқобилликни уддалолмаган ўғил” ёрдамида изоҳланиши мумкин. Ўзбекнинг мафкуравий аламзадалиги аслида “сен мени рад этолмайсан, чунки мен сени аллақачон рад этиб бўлдим” деган беҳуда исёнга бориб тақалади. Ва, биз ҳамон шу исён ичида пайпасланганча худди Ҳасаннинг мазлумият сафаридек номсиз манзил томон кетиб боряпмиз.

 

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, қулаш даври ўзбек Совет кинематографияси ҳалигача очилмаган қўриқнинг ўзи. Аммо, ундаги эркаклар, тўғрироғи эркаклик инқирози балки санъат тарихининг энг оғриқли ва чигал нуқталаридан биридир. Эҳтимол, бугунги маданий марказлашувдан узоқ, авомлик очиқ ойдин маданият даражасига кўтарилган кунларда арзон сериаллар билан аёллардан ўша кунлар учун қасос олаётгандирмиз? Аросат ва аламзадалик балки бугун аёл нафрати ва жинсий айримчиликни ўзбекликнинг олий қадриятига айлантиришида катта роль ўйнагандир? Бу саволларга ҳам кун келиб коллектив онгостига чироқ тутган кўйи психоанализ ёрдамида жавоб излашга уриниб кўрармиз.

 

Мирзоҳид Музаффар,

“Ватан” журнали

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Мафкура

18:10 / 02.10.2025 0 28
Аламим бор,,,





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 21748
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//