«Девону луғотит турк»да жанговар тил: ибора ва мақоллар табиати


Сақлаш
10:01 / 18.09.2025 49 0

Қадимий туркий дунё маънавияти, маданий мероси ва тил бойлигини ўрганишда бизгача етиб келган энг муҳим манбалардан бири, шубҳасиз, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асаридир. Ушбу манба нафақат туркий тилшуносликнинг илк ва энг йирик ёдгорлиги, балки халқ ҳаётининг турли қирраларини қамраб олган бебаҳо қомус сифатида ҳам аҳамиятлидир. Олим ушбу тилнинг ички имкониятларини дунёга очишга бел боғлар экан, барча туркий халқлар учун тушунарли бўлган умумий адабий тил меъёрларини белгилаб беради, уни «туркча», яна бир ўринда «хоқония тили» сифатида юксакка кўтаради.

 

«Девон»да халқ оғзаки ижоди намуналаридан, хусусан, мақоллар, достонлар, қўшиқлар ва турли иборалардан кенг фойдаланилгани, турли шевалар халқ тилидан ёзиб олингани асарнинг бой ва серқирра хусусиятларини намоён этса, қисқалик, тезкорлик ва жарангдорлик туркий тилнинг қадимий жанг тили сифатида яшаб келганидан далолат беради.

 

Макрнинг минг бир қиёфаси

 

Туркий жангчилар ҳаётидаги махфийлик, ҳийлагарлик ва яширин пароллар ҳарбий маданиятнинг муҳим бўлаги ҳисобланиб, қўшиннинг куч-қудрати нафақат қурол-яроғда, балки ақл-заковат, ҳушёрлик ва турли стратегияларда намоён бўлган.

 

Асарда аскарлар ўртасидаги яширин белги – «им» ва «ўрон» тушунчалари тилга олинади. Улар қўшиннинг махфий қонунларини таъминловчи ғоят муҳим восита бўлган. «Им» одатда бирор сўз, белги, қуш ёки қурол номи орқали ифодаланган. Бу сўзлар шунчаки пароль эмас, балки туркий халқларнинг табиати, эътиқоди билан чамбарчас боғлиқ тушунчалардир.

 

Оғир вазиятларда паролни айтиш орқали жангчи ўзини танитган, сафдошлари ичига хат-ҳужжатсиз кира олган. Шунинг учун ҳам «Девон»да келтирилган «Им билса, эр ўлмас» мақоли катта ҳаётий ҳикматни англатади. Яъни кимки «им» (яширин белги)ни билса, бевақт ўлим топмайди, ризқи узаяди.

 

Бундай «сеҳрли сўзлар» жангда нафақат омон қолиш кафолатини, балки қўшиннинг руҳий бирдамлиги, ишончи ва барқарорлигини ҳам таъминлаб турган.

 

«Бечкам» иштибоҳи ҳам туркийларда белги, нишонни англатган. Уруш кезларида ботирлар ипакли парча ёхуд ёввойи сигир думидан тайёрланган белгилардан фойдаланиб, ўз қўшинларини таниб олганлар. Бу тимсол бора-бора ҳарбий рамзга айланиб кетган. Ўғузлар бу белгини «парчам» деб атаганлар.

 

Куни кеча Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси расмий муомалага киритиладиган 40 та янги сўз ва атамалар рўйхатини тасдиқлади. Унда «пароль»га муқобил сифатида «ўрон» сўзи тавсия этилган.

 

«Девон»да туркийларнинг жангда қўллаган тадбирлари ҳақида турли мисоллар учрайди. Улардан бири «Улкар» ёки «Ҳулкар» деб аталувчи усулдир. «Улкар чериг» ҳийласи қўлланилганда қўшин камдан кам ҳолларда мағлубиятга учраган. Бу ҳийланинг моҳияти шундаки, аскарлар тўда-тўда бўлиб ҳар тарафдан йиғилишади. Бир тўда олдинга илгарилаганда, қолганлари ҳам унинг ортидан эргашади. Қўққисдан қилинган бу ҳаракат душманнинг режаларини издан чиқаради. Бу ҳаракатлар орқали туркий қўшинлар нафақат кучда, балки ақлий салоҳиятда ҳам устунликка эришганлар.

 

Туркийлар орасида тузоққа тушириш, фириб беришнинг кўплаб усуллари мавжуд бўлган. Улар бу жараённи «Ал»деб аташган. Бу хусусида «Девон»да кўплаб мақоллар келтирилади. Масалан, «Алин арслан тутар, кучун уюқ тутмас». Маъноси: арслонни куч билан эмас, ҳийла билан тутиш мумкин. «Уюк»ни тутишга куч ҳам керак эмас. Бу ерда «уюк» сўзи бизга нотаниш. У экинзорларни қушлардан қўриш учун ясалган чўп-одамни англатади. Демак, ҳақиқий куч ақл-заковатда. Беҳуда жонсиз нарсага қарши чиқиш бемаъниликдир.

 

Ҳийла нафақат жанг майдонида, балки ҳарбий ва кундалик турмушда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган. Масалан, «Девон»даги «Авчи неча ал билса, адиғ анча ёл билир» иборасини олайлик. Унда овчи қанчалик кўп ҳийла ва тадбирни билса, айиқ ҳам қочиш ва омон қолишнинг шунча йўлини билиши таъкидланади. Бу мақол ҳар бир ҳийлага қарши бошқа бир тадбир мавжудлиги, ўзни эр, ўзгани шер билиш лозимлигини уқтиради.

 

Айёрликнинг «ўтрук» шакли ҳам «Девон»да учрайди. Бу сўз ўғуз тилидан кириб келган бўлиб, биз уни «ўтирик», «эртак», «чўпчак» маъноларида қўллаймиз. Ҳийла билан боғлиқ яна бир муҳим атама «усуглади» феълидир. Маъноси «ҳийла билан очди» дегани. «Девон»да келтирилган «Ол киритлиг ўсўглади» иборасида ҳам эшикни калициз, яъни тўғридан тўғри куч ишлатмай, айёрлик билан очишни англатади.

 

Юқорида айтилганидек, туркийлар жанговар салоҳиятининг муҳим қисми жанг ҳийлалари билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун «Девон» саҳифаларида айёрликни ифодаловчи сўз ва ибораларни кўплаб учратамиз. Масалан, «тев» – найранг, «тевлуг» фирибгар, айёр, алдамчи маъноларида келади. Бу ҳолат туркийлар учун нафақат тактик восита, балки жангчи шахсиятининг ажралмас бўлаги сифатида яшаб қолган.

 

«Ангдиди» феъли ҳам «ҳийла қилди» маъносида қўлланади. «Девон»даги «Авчи кейикни ангдиди» мақолида овчи кийикни тутиш учун панага яширингани, айёрликка қўл ургани англашилади. Бу иборадан туркий халқларнинг табиат қонунларига бўлган эҳтиёткорона муносабатини илғаш мумкин.

 

«Кичиг улуғқа турушмас, қиргуй сонқурқа қиришмас» бирикмасида ҳам ҳийланинг ижтимоий қирралари кўрсатилиб, ёши кичик чаққон ва жасур бўлсада, барибир тажрибали киши олдида қудратсиз экани кўринади. Яъни: оқ лочин қанчалик чаққон бўлмасин, қирғийдай тажрибали ва айёр қуш олдида ожиз қолади.

 

Ҳийла мотиви туркий халқларнинг фақатгина ҳарбий амалиётида эмас, балки ҳаётий кечинмаларида ҳам кенг қўлланилган. Масалан, тилимиздаги «Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан» айтимида тажрибасиз инсоннинг турли ҳолатларда доно рақиб олдида мот бўлиши назарда тутилса, «Девон» саҳифаларидаги «Анаси тевлуг ювқа япар, оғли тетиг қоша қапар» мақолида ана шу ҳаёт ҳақиқати акс этади. Яъни: онаси ҳийла билан нонни юпқа ёпса, ўғли ҳам зийраклик билан уни икки-иккитадан оғзига солиб ейди. Мақолда икки тарафнинг ҳам устомонлигига ишора қилинади.

 

«Япурған» сўзи ҳам «ёпадиган, беркитадиган» маъносини англатсада, айрим ҳолларда у семантик жиҳатдан кенгайиб, ҳийла ва макр маъносини бера олади. Бундай кишиларга нисбатан «Бу эр ишин япурған» ибораси ишлатилади. Бу ўринда «япурған» нафақат беркитиш, балки одамнинг пинҳон ҳаракатини ҳам билдиради.

 

«Девон»да «яп-юп» сўз бирикмаси ташийдиган маъно ҳам ўзига хос. У якка ҳолда эмас, сўзларга бирикиб, алдов ва макр маъносини ифодалайди. Масалан, «Ол ани юпилади» – «у уни алдади» деганидир.

 

Сўзликдаги «Қарақсиз тег кўрўр» ибораси ҳам эътиборни тортади. Маъноси «кўзи йўқ бўлсада, кўра олади». Бу ҳиссиёти кучли, хатарни олдиндан сезадиган шахсларга нисбатан қўлланилади. Бундай киноя орқали ботирларнинг жанг майдонида ўқ ва найзани писанд қилмасдан, гўё яширин кўз, илоҳий идрок орқали хавф-хатарни аввалдан сезиб туриши тасвирланади.

 

Қилич, от ва онт: туркий жангчи маънавияти

 

Туркий халқларнинг кўчманчи ва жанговар ҳаёти уларнинг мақол ва ибораларидан жой олганини яхши биламиз. Айниқса, қилич, от ва онт ҳар бир жангчи фаолиятида муҳим босқични ўтайди. Улар халқнинг маънавий эътиқоди, ор-номуси ва қудратини ҳам ифодалайди.

 

Биз «Икки қўчқорнинг калласи бир қозонда қайнамайди» деймиз. «Девон»да эса бу «Қош қилич қинқа сиғмас» тарзида айтилади. Ушбу иборалар бир-бирини тўлдириб, ижтимоий-психологик ҳолатларни очиб беради.

 

«Арқа» сўзи ҳам кўча тилидаги «танка»си бор» иборасини очиб беришда муҳим роль ўйнайди. «Девон»даги «Арқасиз алп чериг сиюмас» иборасидан ёрдамчисиз қаҳрамон жанг сафларини синдиролмаслигини уқамиз. Нутқимиздаги «Унинг орқаси зўр, қўли узун» каби иборалар ҳам шу маънони ташийди.

 

Онт (қасам) туркий маданиятда ўзига хос юқори поғона саналади. Бу сўз «Девон»да «анд» шаклида қўлланилиб, «андиқ» – «қасам ич» феъли орқали маъно ташийди. Бундан ташқари, «ангарди» феълида ҳам қасам ичириш маънолари бор. «Кирту» ҳам онт ўрнида қўлланилади.

 

Айтиладики, Кўктангри туркийларга темирни инъом қилган. Жангчилар ундан қилич ясаганлар. Шунинг учун ҳам Кўк темир сўзини изоҳлаб, асарда «Темур» шаклида келади. «Кўк темур керу турмас», яъни кўк темир бекор турмайди, етган жойини яралайди, каби иборалар ҳам ана шу мантиққа хос. Асарда онт ичиш саҳналари ҳақида сўз борар экан, қирқиз, ябаку, қипчок ва бошқалар бирор кишига қасам ичирганда ёки ундан бирор нарсага ваъда олганда, қилични унинг олдига кўндаланг қўйиб: «Бу кўк кирсун, қизил чиқсун» деб қасам ичилиши ҳақида айтилади. Яъни ваъда бузилса, қилич қонга беланиб чиқсин. Аҳд бузилса, темир сени ўлдирсин, ўч олсин.

 

От ҳам туркийларнинг қўш қаноти, ажралмас бўлаги сифатида машҳур. Шоир Азим Суюн «Анғиз ўсган ерларда, Отлар бевақт ўлмағай» деб бошланувчи шеъри орқали қадимий айтимларга мурожаат қилади. «Девон»да анғиз «андуз» деб аталиб, ердан қазиб олинадиган ўсимлик илдизини билдиради. Халқ орасида «Росан» ҳам дейилувчи гиёҳ отларнинг қорин оғриғига шифо бўлади. Мақолда шундай келади: «Андуз болса, ат олмас», яъни Росан ўти ёнингда бўлса, от йўлда қорин оғриғидан ўлмайди.

 

Отлар сўзликдаги аксар мақолларнинг асосий мотиви бўлиб хизмат қилади. Ўз даврининг огоҳликка чорловчи ибораси шу тарзда янграйди: «Толум анутса, қулун булур, толум унутса, болун болур» («Ёвга қарши қурол ҳозирлаган киши қулун (той) топади, қурол ҳозирлашни унутган киши асир бўлади), «Яғин эрса керак юндақи тегир» (Душманингда бўлса ҳам от бўлсин, энг ками, унинг тезаги тегади, уни ёқиб фойдаланасан), «Улуқ яғири оғулқа қалир» (Отнинг курагидаги яғир болаларига мерос бўлиб қолади), Арпасиз ат ашумас, арқасиз алп чериг сиюмас (Арпасиз от қир ошолмайди, ёрдамчисиз йигит (баҳодир) жангда енга олмайди) ва бошқалар...

 

Ўгдулмишдаги «ўг», «тигин»даги «қул», кўҳна туркийларда киши исмлари...

 

«Девон»даги айрим ташбеҳлар юксак бадиият ва чуқур фалсафий маъноси билан киши эътиборини тортади. «Алим кеч қалса, адақланур». Буни шундай шарҳлаш мумкин: Омонат қарздорда узоқ қолиб кетса, оёқ чиқаради. Яъни қарз берган киши қарзини ундириш учун унинг кетидан юради, керак бўлса югуради. «Девон»да қарз берган «алимчи» (олимчи), қарз тўловчи «беримчи» шаклида келади ва шундай изоҳланади. «Алимчи – арслан, беримчи – сичған». Яъни: олимчи – арслон, беримчи – сичқон.

 

Яна бир сўз табиатига эътибор қаратамиз. Тилимизда кўпни кўрган, тажрибали инсонларга донишманд, ақл-заковатли сифатини берамиз. Туркийлар орасида эса бундай кишилар «Ўга» деб аталган. Ўга – ақли теран, кўп яшаган одам. Эсингизда бўлса, бу сўзни Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг «Қутадғу билиг» асари қаҳрамонларидан бирининг исмига ўзак қилиб олганди – Ўгдулмиш. У ақл рамзи бўлиб, асарда ҳам донишманд сифатида гавдаланади. Девонда бу сўз шундай воқеа билан изоҳланади:

 

…Турклар хони уришиш учун ёш йигитлардан иборат бир гуруҳ аскарни жангга йўллайди. Вазир шоҳга муҳорабага нега фақат ёшларни юборганини, аслида катта ёшли, уруш ишларида тажрибаси «ўга»ларни юбориш маъқуллигини айтади. Бундай мисолларни талай келтиришимиз мумкин. Асосийси, сўзликда бир иштибоҳнинг бир қанча синоним, ёки маънодошларига дуч келамиз. Масалан, уруш сўзининг халқ достонларида асосан «саваш» варианти оммалашган бўлса, сўзликда «уруш», «тўқуш» тарзида келади.

 

Ушбу «Девон»да биз ота-боболаримизнинг қадимий исмларини ҳам ўқиймиз. Кўп ўринларда олим воқеани унинг иштирокчиси исми билан келтиради. Табду, Тўғрил, Ўтар, Тутуш, Тўқиш, Чағрибек, Яған каби исмлар шулар жумласидан.

 

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, девонда айрим исмларга «тигин» сўзининг қўшиб айтилишини кўрамиз. «Тигин» қул маъносини билдиради. Масалан, Алп Тигин – «баҳодир қул», Қутлуғ тигин – муборак қул. Дастлаб бу нисба хоқония сулоласи болаларига хос бўлган. Кейинчалик эса у йиртқич қушлар номи билан қўшиб ишлатила бошланган. Сағри тигин – жангда лочиндек шижоатли қул, куч тигин – қувватли, қудратли қул.

Вақт ўтиши билан «тигин» сўзининг маъно қатламлари кенгайиб, у камтарлик ва ўзини паст тутиш рамзи сифатида ҳам ишлатила бошланган. Афросиёб (Алп Эр Тўнга)нинг фарзандлари отасига юксак ҳурмат ифода этиш ва ўзларини камсуқум кўрсатиш мақсадида «қулингиз» ўрнига «тигин»дан фойдаланган. Шу тариқа бу уларнинг исмларига қатъий ўрнашиб қолган.

Шунингдек, девонда халқ оғзаки ижодида яшаб келаётган кўплаб ибора ва мақолларнинг кўҳна шакллари ҳам учрайди. Масалан: «Оғилда бузоқ туғилса, ариқда ўти унади», «Таниш шайтон нотаниш кишидан яхши», «Икки эркак туя олишса, ўртада пашша янчилади», «Савдогарнинг моли тоза, бешубҳа бўлса, йўл устида ейди», «Ўт (олов) деган билан оғиз куймайди» каби мақоллар бугунги тил қатламимизда ҳам мавжуд.

Хулоса шуки, «Девону луғотит турк» бутун туркий дунё учун беқиёс маънавий хазина. Унда халқларимиз қадриятлари, ҳаётий тажрибалари, дунёқараши ва маънавий мероси ўзининг теран ифодасини топган. «Девон»даги сўзлар, иборалар, мақол ва воқеалар нафақат ўтмиш туркийларнинг кундалик турмуши ва жанговар руҳини акс эттиради, балки уларнинг тафаккури, ижодкорлиги ва маънавий салоҳиятини ҳам яққол ифодалаб келади.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Мафкура

18:10 / 02.10.2025 0 28
Аламим бор,,,





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 21751
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//