
Туркистон диёри ўрта асрларда фан, маданият, ҳунармандчилик, давлат бошқаруви ва шаҳарсозлик соҳаларида дунёдаги илғор ҳудудлардан бири эди. Х-ХII асрларда Бухоро, Самарқанд, Урганч, Марв каби шаҳарларда йирик кутубхоналар фаолият кўрсатган, илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган олимлар етишиб чиққан.
Бироқ ХIII аср бошларида юз берган мўғуллар босқини минтақага оғир зарба беради. Чингизхон қўшинлари Туркистонга кириб келиб, ўзбек давлатини бошқарган Ануштегинийлар сулоласи салтанатини буткул вайрон қилади. Шаҳарлар ёндирилади, кутубхоналар ёқиб юборилади. Натижада, ўлкада илмий, маданий ва иқтисодий тараққиёт бир муддат деярли тўхтаб қолади.
Мўғуллар босқини Туркистон тарихидаги қора саҳифалардан бири сифатида қолди. Аммо тарихдан маълумки, ҳар бир қулаш ортидан тикланиш ҳам бўлади. Халқ ўз онги, маданияти ва иродасига таянган ҳолда аста-секинлик билан ўзлигини тиклай бошлайди. Айнан шундай тикланиш босқичида, ХIV асрда тарих саҳнасида Тўрабекахоним каби буюк ва фидоий аёл намоён бўлади.
Тўрабекахонимнинг отаси Олтин Ўрданинг қудратли ҳукмдори – Ўзбекхон эди. Унинг турмуш ўртоғи эса Хоразм ноиби – Қутлуғ Темур бўлган. Тўрабекхоним Хоразмга келин бўлиб келган пайтда Хоразм яна сиёсий ва маданий марказга айлана бошлаган эди ва Тўрабекахоним ана шу юксалиш жараёнида муҳим роль ўйнаган.
У ўзининг раҳмдиллиги, саховати ва бунёдкорлик ишлари билан халқ орасида катта ҳурмат қозонган. У нафақат саройда сиёсий маслаҳатчи сифатида, балки халқ орасида чинакам ҳомий, меҳрибон она каби сифатида машҳур бўлган.
Марокашлик сайёҳ-тарихчи ҳамда савдогар Ибн Баттута ўз асарларида Тўрабекахоним ҳақида илиқ сўзлар ёзиб қолдирган. Унинг ёзишича, Тўрабекахоним Хоразмда ўз маблағи ҳисобидан зовия (яъни дарвеш сўфийлар ибодатхонаси, мусофирхона вазифасини ҳам ўтаган) қурдирган. Бу жой нафақат ибодат учун, балки сайёҳлар, меҳмонлар, зиёратчилар учун ҳам очиқ бўлган. У ерда доимий тарзда ўткинчиларга бепул емаклар тайёрланиб, тарқатилиб турилган.
Шунингдек, малика томонидан мористон (яъни касалхона ёки шифохона) ҳам бунёд этилган. Бу масканда беморларга, муҳтожларга тиббий ёрдам кўрсатилган, вақти-вақти билан хайрия тадбирлари ўтказилиб турилган.
Афсуски, малика ёш оламдан ўтади ва турмуш ўртоғининг буйруғи билан унинг қабри устига энг яхши усталар томонидан мақбара қурилади.
Бугунги кунда бу мақбара Туркманистоннинг Кўҳна Урганч шаҳридаги Кўҳна Урганч миллий тарихий-маданий музей-қўриқхонаси ҳудудида жойлашган бўлиб, ўзининг нафис гумбазлари ва нақшлари билан сайёҳларни ўзига жалб қилади.
Шуни айтиш керакки, Тўрабекахоним ўз замонаси учун сиёсий куч, диний-маърифий ҳомийлик ва инсонпарварликни бирлаштирган аёл тимсол эди. У ўз даврида эркаклар билан елкама-елка туриб, Турон заминини тиклашга ҳисса қўшган.
Зафар Шамсиддинов
ФA Тарих институти таянч докторанти
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тарих
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ