
Ўзбек давлатчилиги тарихида Сомонийлар сулоласи муҳим ўрин тутади. Сулола ҳозирги Шимолий Эрондан Жанубий Қозоғистонгача, Орол денгизидан Фарғона водийсигача чўзилган улкан ҳудудда ҳукмронлик қилган ва айнан уларнинг даври Турондаги биринчи Уйғониш вақтига тўғри келади.
Сомонийлар даврида илм-фаннинг юксалишида пойтахт Бухоронинг ўрни жуда катта бўлган. Ўша пайтда Турондаги маданий марказларнинг энг йирикларидан бири бўлган Бухоро шаҳрида илм-фан билан шуғулланиши учун қулай шароит вужудга келган. Бу ерда олим, санъаткор ва файласуфлар тўпланган. Бу пайтда илм-фаннинг асосий соҳаларидан бўлган астрономия ва математикадаги ютуқлар кейинги даврлардаги маданий ривожланиш учун асос вазифасини бажарган. Шу жиҳатдан мазкур даврда Бухорода яшаб, ижод қилган астроном ва математиклар, уларнинг илмий мероси ўзбек илм-фани тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эгадир.
Бухоролик астроном ва математиклар тўғрисидаги манбаларни икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳга ўрта асрларда Турондан етишиб чиққан муаллифларнинг асарлари киради. Абу Мансур Саолибийнинг «Ятимат ад-даҳр фи махосин аҳл ал-аср» (Аср аҳлининг фозиллари тўғрисида замонасининг дурдонаси), Абу Райҳон Берунийнинг «Осор ал-боқия ан ал-қурун ал-холия» (Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар), «Китоб ат-тафҳим ли-авоили синоат ат-танжим» (Мунажжимлик санъати негизларини тушунтириш китоби), Абу Али ибн Синонинг «Рисола фи аҳволиҳи» (Ибн Синонинг таржимайи ҳоли тўғрисида рисола) ва бошқа асарлари, унинг шогирди Абу Убайд Жузжонийнинг «Фиҳристу кутуб аш-Шайх ар-раис» (Ибн Синонинг китоблари рўйхати) рисоласи буларга мисол бўла олади.
Иккинчи гуруҳдаги манбалар эса ўрта аср хориж олимлари томонидан бухоролик астроном ва математиклар тўғрисида маълумот бериб ўтилган асарлардир. Абулфараж Муҳаммад ибн Абу Яъқуб Ишоқ Надим Бағдодийнинг «Ал-фиҳрист» (Китоблар рўйхати), Абул-Ҳасан Жамолиддин Али ибн Юсуф Қифтийнинг «Таърих ал-ҳукамо» (Донишмандлар тарихи), Абул-Аббос Аҳмад ибн Қосим ибн Абу Усайбиъа Саъдий Хазражийнинг «Уюн ал-анбо фи табақот ал-атиббо» (Табибларнинг табақалари тўғрисида хабарларнинг манбалари) ва бошқа асарларни бу гуруҳга киритиш мумкин.
Сомонийлар сулоласи давридаги бухоролик олимлар мавзусида жаҳонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам яхлит ва тўлиқ тадқиқот амалга оширилмаган. Лекин Абу Али ибн Синонинг ҳаёти ва ижоди бўйича қилинган тадқиқотларда бу мавзуга доир айрим қайдлар учрайди. Шундай асарлардан Г. Матвиэвская ва Б. Розенфелдларнинг «Математики и астрономи мусулманского средневековя и их труди», Карл Брокелманнинг «Geschichte der arabischen Litteratur», Жорж Сартоннинг «Introduction to the History of Science», Фуат Сезгиннинг «Geschichte des arabischen Schrifttums», Б. Розенфелд ва Акмалиддин Эҳсонўғлиларнинг «Mathematicians, astronomers, and other scholars of Islamic civilization and their works (7th – 19th c.)» каби китобларни мисол сифатида келтириш мумкин.
Исмоил Сомоний томонидан Бухоро давлат пойтахтига айлантирилгач, шаҳар маданий жиҳатдан тез ривожлана бошлайди. Ҳукумат томонидан берилган эътибор сабаб илм-фан янада тараққий этиб, ижод аҳли, олимлар, жумладан математик ва астрономларнинг сони ортади. Сомонийлар сулоласи саройида фаолият юритган илк математик ва астрономлардан бири Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср Жайҳонийдир.
Жайҳоний асли моҳир сиёсатчи бўлиб, 914 – 922 йилларда Сомоний ҳукмдор Наср ибн Аҳмад даврида бош вазир вазифасини бажарган.У илм-фанга, олимларга ҳомийлик қилган. Унинг аниқ фанлар бўйича қарашлари «Китоб ал-масолик вал-мамолик» (Мамлакатлар ва йўллар тўғрисида китоб), «Китоб ойини мақолот» (Гапириладиган нарсалар одоблари тўғрисида китоб), «Китоб ал-уҳуд лил-хулафо вал-умаро» (Халифалар ва амирларнинг ҳукмронлик чоғлари тўғрисида китоб), «Китоб зиёдот фи китоб ойин фил-маколот» (Гапириладиган нарсалар одоблари тўғрисида китобга қўшимча китоб), «Китоб ар-расоил» (Мактублар тўғрисида китоб) асарларида ўз ифодасини топган.
Афсуски, бу китоблар тўлиқ ҳолда бизгача етиб келмаган ёки ҳали топилмаган. Лекин буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний ўз асарларида Жайхоний асарларидан парчалар келтирган. Беруний асарларини ёзишда бевосита унинг китобларига таянганлиги факти Жайҳоний ўз давридаги таниқли ва улуғ олим бўлганини тасдиқлайди.
Бухоролик яна бир олим Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳассоб Бухорий Фароизий математикада моҳир бўлган. Шу туфайли у «Хассоб» (Уста ҳисобчи, математикани зўр билувчи) тахаллусини олган. Бу олимдан деярли 200 йил кейин яшаб ижод қилган туронлик мутафаккир Абдулкарим Самъоний илм аҳллари тўғрисидаги «Ал-ансоб» асарида Ҳассоб Бухорийга махсус ўрин ажратган. Олимнинг Фароизий деб нисбаланишидан эса Ҳассоб Бухорий мерос илмида (фароиз-мерос, уни тақсимлаш тўғрисидаги илм) ҳам етук бўлганини кўрсатади. Демак, Ҳассоб Бухорий аниқ фанлар соҳасидаги билимларини бевосита амалиётга татбиқ этган, яъни кундалик турмушдаги меросни тўғри тақсимлаш ва бошқа шунга ўхшаш масалаларда ўз илмини ишлатган.
Абу Али Ҳасан ибн Муҳаммад Ҳосиб ҳам аниқ фанлар соҳасидаги билимларини амалиётда қўллаган олимлардан бўлган. Асли самарқандлик бўлган бу киши Бухорога келиб яшаб қолиб, Наср ибн Аҳмад Сомоний ҳукмронлиги йиллари сарой девонида ҳисобчилик вазифасини бажарган. Абу Али Хосиб, шунингдек, муҳаддислик фаолияти билан ҳам шуғулланган, кўплаб ҳадисларни ёд билган.
Сомонийлар даври олимларидан яна бири Абулқосим Али ибн Аҳмад Тарикотий Бухорийдир. Бу киши ҳукмдор саройида тарикотни — меросни тақсимлаб берувчи амалдор бўлган. «Тарикотий» (Меросни тақсимловчи) нисбасини олиши сабаби ҳам шундан. Олим бундай муҳим ва қийин вазифани бажарганига қараганда математикани пухта билган.
Сомонийлар сулоласи давридаги яна бир таниқли астроном Абу Али Масиҳийдир. Бу қомусий олим моҳир табиб ва билимдон фақиҳ (ҳуқуқшунос) бўлган, шунингдек, араб тилида гўзал шеърлар ёзган. У давлат хизматида ҳам фаолият юритиб, Балхда жиноий ишларни кўриб чиқувчи амалдор, сўнг Сижистонда қозилик вазифасини бажарган. Тарихдан маълумки, ўрта асрларда қозилар диний билимлардан ташқари, дунёвий билимларни ҳам билиши шарт бўлган. Масалан, касалларни даволаш билан боғлиқ айрим жараёнларни (шариатда ҳаром қилинган нарсадан бошқа чора қолмаса) ёки аёллар билан боғлиқ тиббий масалаларни қозилар билиши шарт бўлган.
Шунингдек, ўзаро олди-сотди, ер-мулк, меросни тақсимлаш масалаларида ҳам қозилар ҳал қилувчи сўзни айтган. Абу Масиҳий ҳам диний билимларни, ҳам дунёвий фанларни жуда яхши билган. Унга атаб замондошлари шеър ҳам ёзган:
Эй табиб, мунажжим ва фақиҳ, шеъри жоннинг озуқаси бўлган шоир,
Сен гоҳ Суфён масжиди кабисан, гоҳ Нуҳ кемасини эслатасан.
Масжид, биламизки, мусулмонлар учун мўътабар маскандир. Нуҳ кемасида эса ўтмишда инсонлар тўфон ва дунёни сув босишидан қутулиб қолишган. Шу томонлардан бу икки нарса инсонлар томонидан қадрланган. Абу Али Масиҳий ҳам табобатда, астрономияда, ҳуқуқшунослик ва шеъриятда шунчалик шуҳрат топган, моҳир бўлганки, инсонлар томонидан қадрланиб, юксак ҳурматга лойиқ кўрилган. Афсуски, бу кишининг астрономияга доир бирорта асари бизгача этиб келмаган ёки ҳали топилмаган.
Абу Толиб Абдуссалом ибн ал-Ҳусайн Маъмуний Бухорода Сомонийлар сулоласи чоғида яшаб ижод қилган таниқли қомусий олим, моҳир астроном бўлган. У асли Бағдодда туғилиб ўсган, араб халифаси Маъмуннинг авлодидан бўлган. Маъмуний тахаллуси ҳам шу туфайли олинган. Олим ёш йигитлик йиллари сиёсий фаолият билан шуғулланиб, турли сабабларга кўра Бухорога келиб қолган ва шу ерда зодагонларга хизмат қилган. Олимнинг астрономиядаги асосий ютуғи бу фанни шеърият билан бирлаштирганидир. Сомонийлар сулоласи даврида Туркистон шеъриятида янги жанр – нужумиётлар тез тарқала бошлаганди. Нужумиётлар илми нужум, яъни астрономияга доир шеърлардир. Маъмунийннинг ижодида гўзал нужумиётлар кўп учрайди. Масалан, у астурлоб тўғрисида шундай ёзади (таржимаси):
Мана Қуёшга ўхшаш (нарга), кўз қиррасидан (қараб) яширин хабарларни эшитиб олаверади.
Сен унинг (хабарларини) энг яхши ва тўғри деб ҳисоблайсан, ўзи эрда (бўлса) ҳам, осмондаги (сирлар)ни Қуёшдан ҳам яхшироқ биладиган деб ўйлайсан.
Олим бунда астурлоб Қуёшнинг кўринишига ўхшаш доирасимонлигини, осмон сирларини билиш, яъни фазони кузатиш, астрономик изланишлар учун керак бўладиган асбоб эканлигини айтмоқда. Шеърда уни ишлатиш усули ҳам яхши тушунтирилган: астурлоб «кўз қиррасидан қарайди». Бунинг маъноси қуйидагича: астурлобнинг қирраси-четларида бурж белгилари ва даражалар берилган бўлади, шуларни осмон жисмларига тўғри йўналишда йўналтирилиб астрономик кузатувлар олиб борилади.
Абдуллоҳ ибн Али Қалам Бухорий Х асрда яшаб ўтган бухоролик таниқли қомусий олим бўлган. У астрономия билан шуғулланиб, Птолемейнинг айрим қарашларига қарши чиққан. Хусусан, олим тақвимларга тузатишлар киритиб, «айёми ажуз» (таржимаси «кампир кунлари», ҳозирги аямажиз) кунларини Птолемейдан фарқли йўсинда тақвимда бошқа ўринга кўчирган. Абдуллоҳ Қалам бу ишни Қуёшнинг авж ҳаракатини ҳисоблаш асосида амалга оширган. Аямажиз кунлари қишнинг сўнгги бўлагида келади, бу чоғда Қуёш ёруғлик таратиб турсада, совуқ ва шамоллар кучаяди. Абу Райҳон Беруний Абдуллоҳ Қаламнинг бу ишини текшириб кўриб, унда янглишликка йўл қўйилмаганлигини айтган.
Абдуллоҳ ибн Али Қалам Бухорий астурлоблар, уларни ясаш илми билан ҳам шуғулланган, бу соҳада бошқа олимлар билан ўзаро қарашларини алмашиб турган. Масалан, буюк олим Абу Саид Аҳмад ибн Муҳаммад Сижзий «Рисола ила Аби Муҳаммад ибн Али ал-Ҳосиб фи амал бил-астурлоб ал-мусартан» (Абу Муҳаммад ибн Али Хосибга қисқичбақа кўринишидаги астурлоб билан ишлаш тўғрисида рисола) асарини олимга атаб ёзган.
Шубҳасиз, Сомонийлар даврида Бухорода ижод қилган астроном ва математикларнинг энг таниқлиси Абу Али ибн Синодир. Ибн Сино кўпроқ табиб ва файласуф сифатида билинсада, олим моҳир астроном ва математик ҳам бўлган. У Бухорода ҳаётининг дастлабки 21 йилини ўтказганига қарамай, ўзи учун бутун умр хизмат қилган билимларнинг асосий қисмини айнан шу даврда олган. Ҳаётининг сўнгги чоғларида ёзган эсдаликларида у ёшлик йиллари Бухорода ўрганганлари унга ҳаётида жуда асқатганини ёзади.
Ибн Сино Бухорода турли фанлар қаторида аниқ ва табиий фанларни пухта ўрганган, юнон мутафаккирлари, жумладан Птолемейнинг астрономияга доир «Мажестес» ва Эвклиднинг геометрияга оид асарларини ўзлаштирган. Шунингдек, у Сомонийларнинг сарой кутубхонасидаги кўплаб китобларни ўқиб тугатган. Натижада ибн Сино 18 ёшидаёқ етук астроном ва математик бўлиб етишади, бу фанларга доир китоблар ёза бошлайди. Олим Бухородан кетгунигача бир қанча китобларни ёзиб тугатган ва улар асосан қомусий табиатга эга эди. «Ал-мажмуʼ» (Тўплам), «Китоб ал-ҳосил вал-маҳсул» (Эришувчи ва натижа тўғрисида китоб) асарлари шулар жумласидан бўлиб, уларда аниқ фанларга доир махсус ўринлар ажратилган. Олим кейинчалик аниқ фанлар бўйича ёзган 30 дан ортиқ асарига асосни, илмий захирани айнан Бухорода яшаган йиллари тўплаган. Шу жиҳатдан ёш ибн Сино Бухородаги илмий муҳитнинг фаол иштирокчиси бўлган.
Сомонийлар даврида Бухорода асли касб-кори умуман бошқа бўлиб, лекин астрономия ва математика билан шуғулланган олимлар кўп учраган. Масалан, Абул-Ҳасан Муҳаммад ибн Аҳмад Ифриқий Мутаййим катта девон тузган таниқли шоир бўлган, лекин табиий билимлар ва астрономия билан жиддий шуғулланган. Бу олимнинг тахаллусидан келиб чиқиб у Африкада туғилгани, сўнг қул қилиниб, («мутаййим» — қул қилинган дегани) Бухорога келиб қолгани тахмин қилинади.
Лекин олим қул ёки қулнинг авлодидан бўлишига қарамай, илм-фанни, шеъриятни ўрганган ва машҳурликка эришган. Ушбу олим мисолида Сомонийлар сулоласи чоғида оддий қуллар ҳам илм-фан билан шуғуллангани, улардан ҳам таниқли олимлар, астрономлар чиққанлигини билишимиз мумкин.
Асл касбидан ташқари астрономия билан ҳам шуғулланган олимлардан яна бири Абул-Хаттоб Муҳаммад ибн Халаф Мунажжим Муаббир Бухорийдир. Аллома Балхдан Бухорога келиб, шу ерни ўзига ватан тутган. Абул-Хаттоб Бухорий асли ажойиб фақиҳ (ҳуқуқшунос) бўлган, лекин астрономия ва туш таъбири илмлари билан ҳам жиддий шуғулланган. Бу соҳаларда моҳир бўлганлигини олимнинг «Мунажжим» («Астроном») ва «Муаббир» («Туш таъбирчиси») нисбалари кўрсатиб турибди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Сомонийлар сулоласи даврида Бухоро илмий муҳитида астрономия ва математика энг ривожланган фанлардан бўлган. Бу чоғдаги астроном ва математиклар жамиятдаги турли қатлам намоёндаларидан (оддий қулдан тортиб вазиргача, шоирдан тортиб фақиҳгача) етишиб чиққан. Бу эса ўша пайтда Бухорода аниқ фанларни ўрганишга қизиқиш юқори бўлгани, бунга ҳукмрон табақалар намоёндалари ёки мутаассиб уламолар томонидан деярли қаршилик қилинмаганини кўрсатади.
Ислом Бўриев
Тарих институти кичик илмий ходими
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тарих
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ