Момо Ҳавво ва Пандора: адабиётда аёл тимсоли орқали нималарга ишора қилинади?


Сақлаш
11:45 / 16.09.2025 9 0

Адабиётда ҳар бир оброз зиммасига муайян ижтимоий-маънавий юк юклатилади. Масалан, Шарқ мамлакатларида асосан Момо Ҳавво, ғарбда эса Пандора тимсолларида аёлларга хос бир қанча сифатлар урғуланган. Ушбу мақолада бадиий адабиётда Момо Ҳавво ва Пандора оброзида аёлга қандай маънолар берилишини таҳлил қиламиз.

 

Пандора ким?

 

Юнон мифологиясининг гўзал намуналаридан бири бўлган Гесиоднинг “Меҳнат ва ҳаёт” асарида Пандора инсоният тарихидаги илк аёл сифатида тасвирланади. Зевс уни лойдан ясаб, гўзаллик, нафислик, донолик каби фазилатларни ато этади. Ер юзига юбориларкан, аёлга сирли қути берилиб, очмаслик буюрилади. Аммо Пандора тақиққа бўйсунмайди. Натижада қути ичида яширинган барча ёмонликлар: касаллик, уруш, ёвузлик, азоб-уқубат инсоният оламига ёйилади, охирида қути тубида биргина умид қолади. Бу қисқа сюжет ортида Пандора образи орқали аёлга нисбатан жамиятда қандай ижтимоий талқинлар борлиги яққол кўзга ташланади.

 

Аёл айбдор сифатида

 

Асарга кўра, Пандора қутини очганидан сўнг ер юзига ёмонлик тарқалган. Демакки, унгача ер юзида ёмонлик бўлмаган. Бу детал билан аёл жамиятдаги фожиавий оқибатларнинг сабабчиси сифатида талқин қилинади. У ҳали дунё билан танишмасданоқ, дард ва касалликлар тарқалишига сабабчи сифатида кўрсатилади. Бундай ёндашув бадиий адабиётда ҳам, халқ оғзаки ижодида ҳам такрорланиб, аёлни ижтимоий фалокатларнинг рамзи сифатида кўрсатган стереотиплар илдизига айланади.

 

Қизиққонлик ва итоатсизлик

 

Пандоранинг тақиққа қарамай қутини очиши унинг қизиққонлиги ва итоатсизлиги ўлароқ кўрилади. Бу орқали аёлнинг шошқалоқ, ҳиссиётга берилувчан, ўта қизиққон, нозик табиатли мавжудот экани урғуланади. Пандора масаласида яна муҳим бир жиҳат шуки, унга қутини берган кучлар (Зевс ва бошқалар) ўз жавобгарлигидан озод қилинади – масъулият тўлиқ аёлга юкланади. Бу эса аёлга нисбатан кучли айбловчи ёндашув дегани, дейиш мумкин.

 

Аёл барибир умид манбаи

 

Пандора очган қутида фақат умид қолган. Бу эса аёлни фақат фалокат эмас, балки сабр, нажот ва келажак учун умид тимсоли сифатида ҳам кўриш имконини беради. Натижада адабиётда аёл образи икки томонлама талқинга эга бўлган мураккаб тимсол сифатида шаклланади.

 

Гўзаллик ва жозиба тимсоли

 

Пандорага берилган инъомлар: гўзаллик, мафтункорлик, донолик каби фазилатлар сабаб аёл образига жозиба, латофат тимсоли сифатида ҳам ёндашилган, дейиш мумкин. Бу жиҳат бадиий адабиётда аёл образининг эстетикасига урғу беришга хизмат қилади. Аммо бу гўзаллик баъзан фитна, уруш, рақобат каби салбий оқибатларга сабаб ўлароқ ҳам талқин қилинади. Троя уруши сингари воқеалар бунга ёрқин мисол.

 

Хулоса қилганда, Пандора образи адабиётда ёмонлик ва умид, гўзаллик ва хавф, муаммо ва ечим оралиғида бўлган мураккаб, зиддиятли тимсол сифатида намоён бўлади. Бу образ тарихий ва маданий стереотиплар орқали шаклланган бўлиб, аёлга юкланган ижтимоий ва маънавий масъулиятларни очиб беради. Пандора орқали инсоният аёлдан хавфсирайди, лекин айни пайтда унга умид ҳам боғлайди.

 

Ғарб адабиёти айбдорлик талқинида Ҳавво

Жон Милтон ўзининг “Йўқотилган жаннат” (Lost Paradise) асарида Ҳавво образини айбдор шахс сифатида талқин қилади. Асарга кўра, Ҳавво шайтон васвасасига учраб, эркакни ҳам гуноҳга бошловчи образдир. Икки карра гуноҳкор сифатида тасвирланган аёл образи аввал ўзи тақиқ мевани еган. Бу ҳам етмагандек, эркакни ҳам шунга чорлагани ёзилган. Бу аёл образига айбдорлик юки ортилганига яққол мисол: инсоннинг жаннатдан қувилишига аёл сабабчи. Жаннатнинг йўқотилиш синоати ҳам шунда. Бунда Ҳавво қизиқувчан, шошқалоқ образ сифатида гавдаланган.

 

Шарқ адабиётида Ҳавво образи талқини

Шарқ ривоятларида Ҳавво образига нисбатан икки хил талқин учрайди. У аввало “она”, “ҳаёт давомчиси” сифатида кўрсатилади. Шу билан бирга инсоннинг жаннатдан қувилиши билан боғлиқ жараёнда унинг якка иштироки борлиги ҳам айтилмай қолмайди. Масалан, “Қиссаси Рабғузий” асарида келтирилишича, Худо тақиқлаган мевани аввал Ҳавво ейди – шайтон аврагани сабаб аҳдини унутиб, тақиқ буғдойини татиб кўради. Одам Атога ҳам бу ҳақида айтиб, уни ҳам шу ишни қилишга чорлайди. Одам Ато ҳам тақиқ буғдойини Ҳаввонинг ундови билан ейди. Амма бўғзига келганда аҳди ёдига тушади. Ҳикоятда Ҳаввода бундай бўлмайди – у мевани тўлиқ еган.

 

Қуръонда Ҳавво

Ҳавво тимсоли диний манбалардан ўсиб чиққан. Бугун шеъриятда ҳам аёл-қизлар Ҳавво насли экани таъкидланиб, хатокор экани урғуланади. Аёллар шеъриятида ҳам тақиқ мевага ташналикка ишоралар кам эмас. Аслида Қуръони Каримда бу ҳақида нима дейилган. Чиндан ҳам Ҳавво образи инсоннинг асл Ватани – жаннатдан қувилишига сабабчи бўлганми? «Тоҳа» сурасининг 120-оятига диққат қилайлик: «Бас, шайтон уни васваса қилди. У: «Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва битмас-туганмас мулкни кўрсатайми?» деди. (Роббинг манави дарахт мевасидан ейишингни ман қилган бўлса, сенинг абадий яшашингни, мулкинг бардавом бўлишини хоҳламаганидандир, бу дарахтнинг мевасидан есанг, ҳеч ўлмайсан, мулкинг йўқолмайди, деди.)» 212-оятда эса: «Бас икковлари ундан едилар. Кейин авратлари ўзларига очилиб қолиб, ўзларини жаннат барглари билан тўса бошладилар. Одам Роббига осий бўлди ва йўлдан озди». Ислом дининг муқаддас китобида Одам ва Ҳавво мевани бирга егани айтилмоқда. Ҳавво биринчи бўлиб егани, сўнг Одам Атони ҳам бунга ундагани ҳақида гап йўқ.

 

Юқоридаги мисолларда эҳтимол муаллиф жинси нуқтайи назаридан ҳам аёлга кўпроқ ижтимоий айбдорлик юклангандир. Эҳтимол бу қарашларда тарихий-патриархал давр тушунчалари бордир. Бу бир ачинарли тахмин холос. Аммо нима бўлганда ҳам адабиётда акс этган қарашлар, фикрлар, тушунчалар инсонлар тафаккурига тез сингади. Адабиётда аёллар образига ортилган юк нафақат қарама-қарши жинс вакиллари учун, балки аёлларнинг ўзи учун ҳам ҳаётда реаллашиб бориши мумкин. Қуръонда гуноҳ учун Одам ва Ҳавво биргаликда масъул деб кўрсатилса-да, адабиёт ва бошқа диний ривоятларда Ҳавво бош айбдор сифатида талқин қилинмоқда. Бу тафовут адабий тафаккурда аёлга юкланган ижтимоий-маънавий юкларнинг фарқини очиб беради.

 

Моҳидил АБДУЛЛАЕВА

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

10:09 / 12.09.2025 0 69
Виждон овози

Адабиёт

14:09 / 11.09.2025 0 77
Чегарадаги одам

Адабиёт

16:09 / 10.09.2025 0 68
Афсонага айланган шоир





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 21098
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//