Виждон овози


Сақлаш
10:39 / 12.09.2025 15 0

Мен талабалик давримнинг охирги йилларида Шавкат ака билан танишганман. Ўткир нигоҳли, кескир сўзли, вазмин, ўйчан бу инсонда одамни бирдан ўзига тортадиган нимадир бор эди. Худди шу “нимадир” уни умрининг охиригача тарк этмади. Ҳатто вафотидан сўнг эслаганимда ҳам хотирамда унинг сиймоси тириклигидагидай порлаб кўриниш берарди. Биз ёш шоирларни у меҳр ва самимият билан қарши олган. Кўпчиликнинг назарида жуда қаттиққўл ҳисобланган Шавкат Раҳмон тафтли қўллари билан ёш ижодкорларнинг бошини силаган. Бу пайтда Шавкат Раҳмон Ғафур Ғулом нашриётида шеърият бўлимида бўлим бошлиғи лавозимида ишлар эди. Бугунги кун назари билан қарасангиз ҳам, ўша вақтларда ҳам нашриётда бўлим бошлиғи лавозими от устидаги амаллардан эмас эди. Чунки, бу лавозимнинг бошида директор, директор ўринбосарлари, бош муҳаррир, бош муҳаррир ўринбосари каби зарбоф тўнга муносиб бир қанча лавозимлар бор эдики, уларнинг олдини кесиб ўтишга от ҳуркар эди. Шундай эса-да, Шавкат Раҳмон шугина лавозимда ҳам ўзининг кимлигини кўрсата олди. Бор-йўғи уч киши ишлайдиган бу бўлимнинг инқилобий ишларини билганлар ҳозиргача мароқ билан эслашади.

 

Гап шундаки, бу кичик бўлим ўша пайтдаги фаолияти билан бутун ўзбек адабиётига таъсир кўрсатди. Миллий дидни бузадиган, савиясиз, сохта, халтура китоблар Қодирийнинг қамчисидан андоза олган Шавкат Раҳмон қамчисига дош беролмади. Умр бўйи Советлар отини чоптириб, шеърбозлигу сўзбозлик бозорини гуллатган баъзи томидан номи баланд кимсаларнинг том-том сийқа китоблари семиз “папкалар” ичида тобутга михлангандай ташқарига чиқолмай қолди. Оқибатда Шавкат ака катта қаршиликларга, ҳатто таҳдидларга дуч келди. Лекин Шавкат Раҳмон сўзда, шеърда собит бўлгани каби ишда ҳам собит эди. Унинг иши ҳам шеъри каби тоза эди. Ҳозир баъзи шоирлар орасида “Иш бошқа, ижод бошқа. Ишни юмалоқ-ястиқ қилиб, ижодга зўр берсанг бўлди” деган қараш бор. Шавкат Раҳмоннинг ишга муносабати ҳам бошқача эди. Шахс ҳамма жойда Шахсдир. У ижодда бошқа, ишда бошқа, уйда бошқа, кўча-кўйда бошқа бўлолмайди. Бундай парокандалик Шахсни бўлаклаб ташлайди. 

 

Нашриётнинг шеърият бўлимида Шавкат Раҳмон қўйган қаттиқ талаб миллий адабиётнинг ривожи ва ҳимояси учун эмасмиди? У ўзига қанча душман орттирса ҳам, ўз тутумларида мустаҳкам туриши миллий тафаккур ва миллий савияни кўтариш учун эмасмиди? Бугун хоҳлаган одам ўз ҳисобидан хоҳлаганча китоб чиқариб ётибди, сўзбозлигу шеърбозлик ўйинлари авжга минди. Иккита сўзни чала қофия қилиш каттагина даъволарга сабаб бўлаяпти. Шундай пайтларда Шавкат Раҳмондай шоирларимиз сўз ва шеър учун, миллий дид ва савия учун қанчалар машаққатлар чекиб, куйиб-ёниб курашганларини эслаб қўйишимиз ва бунинг моҳиятини илғашимиз керак. Чунки, шеърият миллат туйғусини парваришлайди деган гап бор. Шеър туйғуларга таъсир кўрсатади. Савиясиз, ёмон “шеър” аксинча туйғуларни бузади. Миллий туйғулар ғариблашган жойда ҳамма нарса ғариблашади. Бу курашлар шунинг учун эди.

 

Унинг ёнида кўп юрганман. Лекин бирон жойда унинг майдалашганини кўрмаганман. Сархуш давралар бўларди. Дабдабали, ваҳимали мажлислар тузиларди. Ўзаро очиқ гурунглар-у, шунчаки сўзлашувлар ўтарди. Лекин бирон жойда унинг майдалашганини ҳеч ким кўрмаган. У доим баланд эди. Қаддини ҳам, қалбини ҳам тик тутарди. Шу боис, ҳар хил майда-чуйда гаплардан йироқ эди. Катта туйғулар, катта фикрлар, катта қарашлар билан яшарди. У виждон шоири, миллат шоири эди. Миллат қайғуси, Ватан қайғуси унинг туйғусига айланган эди. Миллат ва Ватанга қарши гап бўлган жойда ғазабга минган арслондай сапчиб кетарди.

 

             Фош бўлиб қолганда қора жиноят,

             қизил шинаклардан боққан ўғрилар,

             тағин бир найрангин топиб ниҳоят,

             Ўзбеклар бошига қўяр тўғирлаб.

 

У хиёнатга, сотқинликка чидай олмас эди. Ўлдир ичингдаги хоинни ўлдир! Бу шоирнинг миллатга хитоби эди. Айни вақтида қилинган хитоб! Бир нарсани икиланмасдан айтиш мумкинки, Мустақиллик учун курашлар вақтида Ўзбекистонда мустақиллик ва озодлик йўлида ўлимга тайёр турган шоирлардан биттаси, шубҳасиз, Шавкат Раҳмон эди!

 

У ўз тақдирини Ватан тақдири билан, эл-юртининг ўтмиши-ю келажаги билан чамбарчас боғлаган эди. 1990 йилда содир бўлган Ўш-Ўзган воқеалари шоирга жуда қаттиқ таъсир кўрсатди. Шавкат Раҳмон ўша кунлари Ўшга борди, фожиалар ичида юрди. Қайғули воқеларни ўз кўзлари билан кўрди, “Махфия” номли мақола ёзди. Ўша пайтларда унинг ичи куйиб кетган эди. Шоир бу оғир фожиани ўз фожиаси каби юрагидан ўтказди. Мен Шавкат аканинг Ўшдан қайтган ҳолатини ҳозиргача эслайман. Унинг кўзлари мунгга тўлган, изтироб ва қайғудан юзлари қорайиб кетган, чаккасида бир тутам сочи оқарган эди. Гўё тик турган чиройли бир бино бир-неча кунда вайронага айлангандай. Фожианинг юки оғир эди. Шоир тоғдай бу юкни елкасида кўтариб, Тошкентга келганди. Шундан кейин Шавкат ака ўзига келолмади. Кўп ўтмай оғир касалга чалинди. Олти йилдан сўнг вафот этди.

 

Шавкат Раҳмон шеърлари ўзбек шеъриятига ҳақиқий маънода янги руҳ олиб кирди. У услубда ҳам, оҳангда ҳам, образлар тизимида ҳам ҳеч кимга ўхшамасди. Бу шеърлар шеъриятнинг кўҳна оламида янги ҳодиса сифатида бўй кўрстади. Бир нарсага эътибор қилганмисиз, унинг йигитлик даврида ёзган илк шеърларидан тортиб, умрининг охирларида ёзган сўнгги шеърларигача бирма-бир назардан ўтказиб кўрсангиз, бу шеърларнинг биттасиниям чиқитга чиқаролмайсиз. Ҳолбуки, энг буюк шоирларда ҳам вақти келиб, чиқитга чиқиб қоладиган шеърлар бўлиши табиий. Лекин Шавкат акада ундай эмас. Чунки у илк қадамлариданоқ, сўзга, адабиётга садоқатни, виждонни ўзига пир тутган. Шеърни муқаддас билган.

 

Шундай нозиктаъб шоир шеърларини қора ният билан қаттиқ танқид остига олганлар ҳам бўлди. Китобларига мағзавага бўктирилган тақризлар ёзилди. Ростдан, бу тақризларни ўқиб бўлмайди, ўқисанг, улардан мағзава ҳиди келади. Усмон Азим яқин-яқингача: “Шавкатнинг китобига туҳмат қилиб ёзилган тақризлардан биттаси ҳалиям менда турибди! Ўқисанг титраб кетасан!” деб айтарди. Антон Чехов бундай танқидчиларга “Отнинг ер ҳайдашига халақит берадиган гўнгпашшалар” деб ўхшатиб таъриф берган. Шеърнинг кўчасига яқин йўлай олмаганлар, ириган-чириган ботин билан сафсата сотиб юрганлар унга миллат қуртларидай ташланган пайтлар бўлди. Ўша кунлари Ёзувчилар уюшмасида бўлган бир йиғинда Озод Шарафиддинов: “Шундай юксак дидли шоирга нисбатан бу каби тубан муносабатлар пасткашликдан бошқа нарса эмас” деган эди. Лекин у тўхтамади.

 

               Душманим кўпайди,

               ҳатто, ўликлар

               баҳорни соғинган қутлуғ ойлари,

               хилватда йиғилиб юрди шўрликлар

               чангалда бўҳтону иғво лойлари.  

 

Унинг ҳар бир шеърида виждон овози жаранглаб туради, миллат руҳи намоён бўлади. Айниқса, кейинги йиллардаги шеърларида миллат ва Ватан тақдири бош мавзуга айланди. Ҳар мисра остидан бир тарих бош кўтаради, ҳар сўз зимнида бир руҳ яшайди. Шунинг учун ҳам бу шеърлар ҳамиша тирик, ва ҳамма замонларда фаолият кўрсата олади.

 

              Имоним деганлар,

              миллат деганлар,

              ёвга терс қарамак иллат деганлар,

              ўзликка хиёнат қилма деганлар

              зор қақшаб йиғлайди вайроналарда.

 

Шавкат Раҳмон адабиётга эндигина кириб келаётган ёш шоирларга катта умид билан қарар ва қўлидан келганича, қўллаб-қувватлаб, меҳрибонлик қиларди. Ҳеч эсимдан чиқмайди. Мен шеърларимни Шавкат аканинг назаридан ўтказиш учун Ғафур Ғулом нашриётига олиб бордим. Қоғозга қўлда кўчирилган, машинкаланмаган бир тўплам шеърлар эди. Шавкат ака бу шеърларни кўриб, таҳрир ва тузатишлар қилгач, “Авторнинг биринчи китоби” сериясида чиқарамиз, деб қолди. Хурсанд бўлиб кетдим ва тезда ҳарф терувчи қизларга бериб, “машинкалатиб” келишимни айтдим. Ўша вақтларда бир бет шеърни машинкада тердириш 50 тийин турарди. Ҳолбуки, 50 тийин бир талабанинг бир тушлиги ҳам эди. Шунда Шавкат ака: “ Йўқ, шартмас. Нашриётнинг машинистка қизлари печатлаб беришади. Сиз овора бўлиб юрманг” деди. Кейинроқ билдимки, ўшанда Шавкат ака ҳарф терувчи қизларга ҳар саҳифа учун 50 тийиндан тўлашимни ва бунга яхшигина ҳаражат қилиб қўйишимни ўйлаган. Ёшлар қийналиб юришибди, ёрдам бўлади, деган.

 

Кейин биринчи китобим нашрдан чиқди. Бу китобнинг номини ҳам Шавкат Раҳмон қўйган эди: “Сочлари сумбул-сумбул”. Оилам билан ижарама-ижара кўчиб юрган пайтларимизда, кутилмаганда яхшигина қалам ҳаққи ҳам олдим. Шундай қилиб, Шавкат ака мен, Абдували Қутбиддин, Азиз Саид, Зебо Мирзо ва бошқа ёшларнинг илк китоблари чиқишига шу тариқа сабачи бўлган эди.

 

Бир нарсани алоҳида айтишни истардим... Шавкат Раҳмон деган буюк бир шоир кўп қийналди, миллат қайғусида кўп машаққатлар чекди, оғир касал бўлди, туҳмату таҳдидлар кўрди, лекин синмади, эгилмади, букилмади ҳам. Арзимаган нарсалар учун ҳар қадамда синиб кетаётган шоирлар қанча. Лекин бу шоир ҳар қандай вазиятда бутун қолди. Чунки у баланд одам эди. Бундай одамларни ўлим ҳам синдиролмайди, аксинча бундай мардларга ўлим ҳам тан беради. Унинг ўлимидан олдинги шеърлари бунга далил.

 

               Улкан соат ўртасида

               Мадорим йўқ юрмоққа,

               Қашқирлар даврасида

               Судраламан турмоққа.

               Шунда қолиб кетсам гар

               нетамиз?

               Абадият оралаб

               Ўшга қачон етамиз?

               Қорли тоғлар бағрида

               Бегим – Ўшим кўринди,

               Султон – Ўшим кўринди.

 

Ўтган йили ҳайит кунларида Шавкат акамни тушимда кўрдим. Худди 35 ёшларидагидай бир чиройли, бир кўркам, бир ўктам юрган эмишлар. Ўша ўткир нигоҳлар, ўша сермаъно чеҳра, ўша залворли табассум... Чақмоқдай чақнаб турибдилар. Кўрсанг, кўзларинг қувонади. Шу куни Манзура янгамизга телефон қилдим. Кўрган тушимни айтдим. Манзура опа дедиларки: “Акангиз бу дунёда қийналдилар, у дунёда ажрини берган бўлсин! Охиратлари обод бўлсин!”

 

Эшқобил ШУКУР,

ижодкорнинг телеграм каналидан олинди

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

14:09 / 11.09.2025 0 21
Чегарадаги одам

Адабиёт

16:09 / 10.09.2025 0 23
Афсонага айланган шоир





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 20953
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//