
Қоражон – чегарада қолган образ эди. “Қоражон Алпомишга дўст, ўз онаси, акалари, Тойчихону алп шерикларига маслаги ўгай – икки ўт орасида ёнган қаҳрамон. Қоражон шахси оддий мезонлар қолипига сиғмайди. Уни дўст сифатида оқловчи, «хоин» деб қораловчилар ҳам асослидек туюлади. Кишилик тарихида бир этнос қувватга кириб юксалганида, унинг ғайриқутби қартайиб синганида, бир салтанат қад тиклаб, бошқаси нураган даврларда қоражонлар ҳамиша бўлишган. Улар қуввати синаётган этнос ва нураётган салтанат вакили бўла туриб, душман – рақиб этнос сафида турган. Аслида қоражонлар бошқага мардикор бўлсаларда, моҳиятан ўз халқининг тешасини чопган тоифанинг тимсолий образидир. Чингизхон келганидаги Маҳмуд Ялавоч, шўролар давридаги Файзулла Хўжаевлар Қоражон типидаги шахслардир. Қоражон қалмоқдаги тўқсон алпнинг бири. Сурхайил мастоннинг кенжа ўғли. Тўқсон алп орасида фақат Кўкалдошгина куч ва мавқе жиҳатидан унга босим кела олади.
Қоражон акалари, бошқа алп шерикларидан фарқли подшоликдан 500 тилло маош олиб, қирқ канизу ўн уч маҳрам тутиб, Қағатон тоғи, Кашал ғорида айиқдай айқириб ётишдан мурод ҳосил бўлмаслигини билади. У бу хил алпликка қарши. Қоражон тобора нураб бораётган Кашал жамияти ҳалокатини сезиб, унга “куним ўтди, зўр даврон”, дея хизмат қилаётганидан норози. У Кашал этносига тахт эгасичалик масъуллик сезиб куйинади.
Қоражон руҳан Алпомишга яқин. Қоражоннинг асл нияти ўз этноси равнақига хизмат қилиш эди. Лекин мавжуд вазият уни ўз этносидаги умумий оқимга терс ҳаракат қилишга мажбур қилади. Қоражоннинг фожеаси ана шу нуқтада. «Эсиз, дунёга бевақт келганида». Бу ерда ҳамма гап тузилаётган ёш Бойсун-Қўнғирот ва қартайиб бузилаётган Кашал этносларининг келажагини ким қандай илғаб, тушиниб, тадбир ишлатиши устида кетади. Одатда ҳар икки томон ҳам нимаики қилишса, ўз мамлакатлари равнақи учун курашаяпмиз, деб ўйлашади. Бу вазиятда ким ҳақу, ким ноҳақ дабдурустдан айтиш оғир. Ҳатто кўпчилик наздида ҳақ йўл хато кўринади. Хусусан, кураш, бўлиниш арафасида турган салтанат тарафдорлари то сўнгги дақиқагача ўз давронларининг барбод бўлаётганлигини тан олмайди. Борини тутишга ҳаракат қиладилар. Уринишлари эса босқичма-босқич йўққа чиқиб бораверади. Ана шунда маълум ён босиш, чекиниш бўлса-да, уларга ноҳақ кўринган қоражонларнинг йўли тўғри экани аниқ кўринади. Бу пайт эса вазият ўзгарган, замон ўтган, янги ҳолат ва талаблар вужудга келган бўлаверади. Улар қайсарларча бу ҳолатни ҳам тан олмайдилар. Алал-оқибат «кампир тешик тоғора билан қолади».
Қалмоқнинг 89 алпи, подшоси Барчинни олмоқчи. Қоражон эса Барчин Алпомиш билан кетсин, дейди. Алпомишга ёрдам беради. Бориб-бориб ўзи ҳам Бойсун-Қўнғиротга муҳожир бўлади. Қоражон Кашал салтанати заволини аниқ сезиб шу йўлни тутади. Ўғилларига ишониб катта оғиз бўлиб қолган онасининг беписандлиги, ўжарлиги, куч бизда деб «қонундан ташқари» юрган алпларнинг манманликлари Қоражоннинг дарди эди. Онасининг Чилбир чўлига – Бойсарибий олдига бораётганини кўриб, унинг кўнглидан кечган ўйлар буни исботлайди.
Қоражон ишонувчан, табиатан кўнгли тоза, ғирромлиги йўқ йигит. Онасининг элибойларнинг қизига сени унаштириб келдим, деганига ишониб кулгили аҳволга тушиши шундан. Қоражон сабрли, ақлини тўхтатиб олган мағзи бутун инсон. У Алпомиш билан илк учрашганида икки алп сўз талашади. Шунда Алпомишнинг «ахмоқ, бадбахт деган сўзи Қоражонга жуда ўтиб» кетганида ўзи-ўзига:
«Инжилма, кўнглим, сабр очар,
Бесабрдан давлат қочар,
Давлат эшигин сабр очар,
Инжилма, кўнглим, сабр айла.
Келма мени, малъун босиб,
Қилма жаннатни бенасиб.
Очилмайин гулинг сўлсин,
Малъун шайтон, бўйнинг синсин,
Мени бунча шердил қилма,
Дўст бўлганимни не билсин.
Келмагин, малъун янашиб,
Кетибман ақлим шошиб,
Менман бўлибман адашиб,
Бу сўзларга ақлим шошиб,
Кетмайин дарёдай тошиб,
Инжилма, кўнглим, сабр айла»
деб таскин беради.
Қоражонга сабр шунчаки жилов тутиб қўйган эмас. У аввало ўз ҳисларини қўлга олган, ўз кучи, имкониятини чоғлаб синаган, «ҳолини билган ҳоримас» ақидасини туйган, ўз-ўзини англаган алп. Аслида нураган салтанати иморати қоражонлар устига қулайди. Шунда, қоражонлар ер остига тушган уруғга айланади. Нураган этнос айнан қоражонлар елкасида қайта қад тиклаш имконини сақлайди. Тарихда бунинг мисоллари кўп. Қоражонни Кашалнинг чўкаётган авлоди инкор этди. Кашал торлик қилган Қоражонни Бойсун-Қўнғирот ҳам сиғдирмади. Ултонтоз уни Олатоғга сургун қилди. Токи Алпомиш қайтгунча элга аралаша олмай юрди.
Алпомишнинг алпомишлиги шундаки, у Қоражонга ишонди, таянди. Тақдирини «гардкам» гаровга қўйиб, пойгада Бойчибор жиловини Қоражонга топширди. Бу мотивни тарихий воқеликка қиёс қилсак, ушбу ўринда қад тиклаётган этнос қуввати, қартайган этнос қувватини ўзига қўшиб тараққиёт йўлига чиқиши ифодаланганлигини кўрамиз. Қолаверса, чинакам алп одам айирмайди. «Айирган айрилади» ақидасига амал қилади. У ўз этноси қувватига елкадош барча кучларни жамлашга интилади. «Бирни ака, бирни ука» деб шу йўлда курашади, орқага қайтмайди. Алпомишнинг бошқа «оломончилар»дан фарқи, оқиллиги ҳам шунда. Лекин алп измини ўзга қувватларга қарам қилиб қўймайди. Акс ҳолда қураётган иморати қулайди.
Алпомиш зиндонда вақти Қоражон Қалдирғочнинг ўтинчи билан Алпомишни излаб Қалмоққа борди. Дўстини зиндонда топди. Чоҳ тепасида ўзини билдирди, қутқаргани келганини айтди. «Алпомишнинг кўнглига келди: «Бойқиш бекор келибди, бунинг нима қуввати, нима ғайрати бор экан мени зиндондан тортиб олиб кетадиган», – деб турди.
Ипак арқонни зиндонга ташлади. Алпомиш белига боғлаб олди, Қоражон чирпиниб тортди, Алпомиш қараса, Қоражоннинг тортиб олиб кетгудай ғайрати бор. Алпомиш туриб айтди: «Бу зиндондан тортиб олиб кетиб қолади шекилли. Зиндондан чиқариб олиб борар, элда маърака – мажлис бўлар, бир тошиб гапириб ўтирган вақтимда, «зиндонда чириб кетадиган одам эдинг, фалокатдан қутқарган фақир-да», – деб бетимга улгу қилиб юрар», – деб орққасини бериб, оёғини тираб турди. Алп Қоражон чирпиниб тортди, ипак арқон узилиб кетди, Алпомиш зиндонга тушиб кетди…».
Қўрғон бахшилари айтган вариантда Алпомиш ва Қоражоннинг шу вазиятда айтган қуйидаги сўзлари ниҳоятда ибратли:
«Қоражон:
–Дўстим кўнглинг йирик экан.
Алпомиш:
–Қоражон, арқонинг чирик экан».
Алпомишнинг Қоражон мададидан воз кечиши табиий ҳол. Чунки бу, яна Кашал олдида «тили қисиқлик»ни туғдирарди. Аксинча, Алпомиш қийинчиликларни ўзи, яқинлари ёрдамида енгиши шарт эди...”
Шомирза ТУРДИМОВ
“Этнос ва эпос” китобидан
P.S: Тарихда тақдир чегарадаги шахслар зиммасига ўта муҳим миссияларни юклаган ҳолатлар анча. Бу шахс ўзи пайванд бўлган этносга сингишса, этнос ва ўзи ўртасига чегара ташламаса, юкланган вазифанинг уддасидан чиқади. Этнос тарихида шу этнос вакили бўлиб қолади. Ёрқин мисол И.Сталин. Рус-совет субэтносининг вакили сифатида салтанат тепасида узоқ муддат турди. И.Сталин ўзини “русча тафаккур вакили” деб айтар эди, шундай бўлди ҳам. Усмонли турк салтанатидаги аксарият яничар сардорлар, рус луғатшуноси В.И.Даль ҳам шу қаторда туради. Аммо чегарада қолиб кетганлар кўпчиликни ташкил этади. “Гўрўғли” туркумидаги Авазхон ҳам ўзини Чамбил этносининг чинаккам вакилиман, деб ишонтиртирган, Гўрўғли шундай деб билган эди. Аммо Аҳмад Сардор бошлиқ кучлар Авазхоннинг ана шу оғриқли “нуқтасига” босим ўтказиб, Гўрўғли салтанатига раҳна солишга интилади. Туркумнинг бир неча достонлари айнан ана шу қарама-қаршилик ўзагига қурилган. “Чегарадаги одам” ҳар қандай этносдаги оғриқли муаммо. Чегарада қолиш эса ҳар қандай шахсни алал-оқибат синдиради...
Муаллиф
Тарих
Жараён
Адабиёт
Жараён
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ