Туркларда туғилиш, никоҳ ва азада қандай удумлар ўтказилган?


Сақлаш
11:56 / 11.09.2025 18 0

Тўқсон икки бовли ўзбек уруғларидан турклар Жиззах воҳаси бўйлаб кенг ёйилган. Улар бошқа уруғлардан фарқ қилувчи урф-одат ва анъаналарга ҳам эга. Жиззах воҳаси Русия империяси томонидан босиб олингач, турли этнографик экспедициялар ташкил этилган. Жумладан, турк гуруҳи ҳақида ҳам қимматли маълумотлар ёзиб олинган. Айниқса, ҳарбий зобит Афанасий Гребенкин маълумотлари алоҳида аҳамиятга эга.

 

Турклар ниҳоятда ёпиқ ҳаёт кечирган, никоҳ ҳам фақат ўзаро тузилган. Келинга қалин сифатида саккиз бошдан юз бошгача қўчқор ёки шу миқдорга тенг пул тўланган. Аммо баъзида қалинсиз ҳам турмуш қурганлар. Турк уруғи аёллари юзини яширмаган (Гребенкин А. Узбеки. Русский Туркестан // Сборник статей. Москва, 1872. Стр. 78-80). Қалин пули бошқа ўзбек уруғларида анча юқори бўлган. Қалин беролмаган куёв қиз хонадонида ишлаб бериши керак эди. Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг туркий халқлари орасида қалин пули тўлаёлмаган куёв “кучкуее” – “ишчи куёв” (қирғизларда); “кўчкуёв” – “кўчиб келган куёв” (қарлуқларда), “ичкуёв” (қўнғиротларда) деб аталган (Кисляков Н. Очерки по истории семьи и брака у народов Средней Азии и Казахстана. Ленинград, 1969. Стр. 96).

 

Ҳар бир туркий аёл ўз иқтидори доирасида алла, ўлан ва ёр-ёр айтган. Д. Гребенкин ўз тадқиқотларида турк аёллари орасида қўшиқ ва лапар (ўлан) айтиш мусобақалари кенг тарқалганини таъкидлайди. Турк уруғи ўзбек уруғлари орасида минтақада қадимдан яшаб келаётган туркий уруғ бўлиб, кўплаб урф-одатлари форс тилли халқлар урф-одатлари билан яқин ҳисобланади. Элшунос олима Балқис Қармишева ана шу жиҳатларни чуқур тадқиқ этган. Оилавий урф-одатлар ва анъаналар ўтроқ ўзбек-тожик аҳолиси билан кўп умумийлик­ларга эга эди. Асли даштиқипчоқлик ўзбеклар ва туркларнинг тўй маросимларида кўпгина умумий хусусиятлар билан бир қаторда жиддий фарқлар ҳам бўлган. Туркларда ҳам, ўзбекларда ҳам левират никоҳи қатъий ҳисобланган, сорорат никоҳи эса ихтиёрий эди (Кармышева Б. Этнографичес­кая группа “тюрк” в составе узбеков // Советская этнография. 1960, №1. Стр. 2-21).

 

Фарзанд дунёга келиши билан боғлиқ маросимлар ҳам ранг-баранг бўлган. Энг аввало, чақалоқ қулоғига азон ва такбир айтилган. Азонни чақалоқнинг отаси, бобоси ёки қишлоқнинг ёши улуғ, обрўли оқсоқоли, мулла айтган. Ўтмишда болалар, айниқса, чақалоқлар орасида турли хил касалликлар ва ўлим ҳолати кўп кузатилгани маълум. Чақалоқлар ҳаётини сақлаб қолиш, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш мақсадида турли хил чоралар кўрилган, ҳар хил урф-одатларга амал қилинган. Чақалоққа кийгизиладиган дастлабки кийимга алоҳида эътибор берилган. Гўдак туғилиши билан доя уни бир энлик эски матога ўраб олган. Чақалоқ уч кунлик (айрим қишлоқларда тўрт-беш кунлик) бўлгач, илк кийим – қирқ кунлик “чилла кўйлак” кийгизилган. Бошқа вилоятларда чақалоқнинг чилла кўйлаги “мусулмон кипта”, “кўйнакча”, “куртача” ва бошқа номлар билан аталган (Рассудова Р. Традиционная одежда народов Средней Азии и Казахстана. Москва, 1989. Стр. 142-144).

 

Чақалоқнинг сочи бир ёшга етгандагина олинган. Биринчи соч – “қорин соч” деб аталиб, уни олиш ҳам бир маросимга айланган. Агар чақалоқ қизбола бўлса, отинойи ёки доя, ёши улуғ кампир, ўғилбола бўлса, мулла ёки ёши улуғ чол таклиф этилган. Улар боланинг пешонасидаги сочга қайчи теккизиб бергач, чақалоқнинг отаси ёки яқин қариндошлари ишни якунига етказган. Хонадон эгалари соч олиш маросими меҳмонларига совға-салом улашган. Бой хонадон эгалари мулла ёки отинойига тўн, қимматбаҳо мато ва пул, оддий хонадон эгалари белбоғ ва дўппи берган. “Қорин сочи” бирор панароқ жой – қалин баргли дарахт (чинор, сада) кавагига беркитилган, баъзи қишлоқларда мевали дарахт (узум, олма, ўрик) тагига кўмилган (Йўлдошева Г. Нурота воҳаси аёлларининг анъанавий кийим ва тақинчоқлари (ХIХ аср охири – ХХ аср бошлари): Т.ф.н. илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация. Тошкент, 1995. 98-бет).

 

Воҳада кенг тарқалган қадимий одатлардан бири – кокил қўйишдир. Чақалоқларнинг туғилиб ёки бир-икки ёшда вафот этиши кузатилган тақдирда ушбу удум адо этилган. Бунда, янги туғилган фарзанд ўғил бўлса Ўлмас, Турсунбой каби, қиз бўлса Ўлмасой, Турсуной сингари исмлар қўйилган. Агар ўғил фарзанд ҳалок бўлса, кейинги туғилган ўғил фарзанд қизбола исми билан чақирилиб, бошининг орқасида кокил ўстирилган. Бу ҳолат биринчи мучал ёшга киргунича давом этган. Фарзандга атаб бирор зиёратгоҳга бориб, жонлиқ қурбон қилинган. Соч ҳам ўша вақтда олинган ва фарзанд ўғилболалар исми билан чақирила бошлаган (дала-этнографик тадқиқотларда ўсматлик 64 яшар Маматқул Каримовдан ёзиб олинди).

 

Воҳанинг бошқа ҳудудларида янги туғилган боланинг “қорин сочи” олинаётган куни бирор муқаддас мозорга назр атаб қўйилган. Кокил қўйган боланинг отаси шу кундан бошлаб “худонинг қарздор бандаси” ҳисобланиб, боласи 7 ёшга (худойи қилиб беришга қурби етмаган оилаларда 12-13 ёшга) тўлгандан кейин мозорда қўй ёки эчки сўйиб, худойи қилган. Боланинг сочини мозорнинг шайхи олган. Шу тариқа ота қарздан халос бўлган. Олинган сочни кўп йиллар фарзанд кўрмаган, боласи туғилиб ёки туғилмай нобуд бўлган, касалланиб вафот этган аёллар олиб кетган (“Нурота воҳаси аёлларининг анъанавий кийим ва тақинчоқлари”, 99-100-бетлар).

 

Манбаларга кўра, ҳар бир уруғ ўзининг муқаддас зиёратгоҳ, қадамжо ва мозорига эга бўлган. Масалан, Зомин тумани Бешбулоқ қишлоғи турклари Қоплон ота, Бахмал турклари Боғимозор ота, Ўсмат турклари Ўсмат ота зиёратгоҳларида ана шундай маросимларни ўтказган. Бугунги кунда ҳам ушбу уруғ мансублари, мамлакатимизнинг қаерида яшашидан қатъи назар, вақти-вақти билан ана шу зиёратгоҳларга келиб, жонлиқ сўйиб, худойи қилади.

 

Воҳа халқлари аза ва дафн маросимларига ҳам пухта тайёргарлик кўриб борган. Ҳар бир инсонни “ўлимлик” кийими, яъни кафанлиги олдиндан ҳозирлаб қўйилган. Ўзбекларда вафот этган аёл бўлса, марҳумани ёши улуғ энг яқин аёл қариндошларидан бири ювган, унга икки аёл кўмак берган. Воҳадаги бошқа мусулмон халқлари сингари ўзбекларда ҳам марҳумни тоқ сонли гуруҳ (уч ёки беш киши) ювган. Турк уруғлари орасида марҳумлар учун бир неча хотирлаш маросими ўтказилган. Дафн маросими куни эркаклар ҳам, аёллар ҳам баланд овозда кўксига уриб (садр тепиш) йиғлаб мотам тутган (“Этнографическая группа “тюрк” в составе узбеков”, 2-21-бетлар).

 

Аза маросими билан боғлиқ урф-одатлар асосан аёллар ўртасида кучли бўлган. Буни кийиниш билан боғлиқ удумларда яққол кўришимиз мумкин. Азадор аёлларнинг кийими мато рангию сифати ҳамда тикилишига кўра алоҳида ажралиб турган. Кўйлак учун кўк, яшил, ҳаворанг ёки тўқ кулранг, пахтадан тўқилган матолар танлаб олинган. Аза кўйлаги марҳумнинг йили чиққунча кийилган ва бу одат “кўк кийди” деб аталган. Марҳумнинг яқинлари кўк кийимни унга ҳурмат юзасидан бир йилга яқин кийиб юрган бўлса, узоқ қариндошлари бир ойгача гулсиз матолардан, уч ойгача майда-майда гулли пахтали матолардан либос кийган. Эри ёки ўғли вафот этган аёллар тўқ кўк ёки қора рангли кўйлакда юрган (“Нурота воҳаси аёлларининг анъанавий кийим ва тақинчоқлари”, 82-83-бетлар).

 

Азадор хонадондаги аёллар марҳумнинг “еттиси”гача бош, кир ювиши мумкин бўлмаган. Бева қолган ёки фарзанди вафот этган аёллар сочини ёйиб юрган. Марҳумнинг яқин қариндошлари бир йилгача пардоз қилмаган, тақинчоқ тақмаган. Марҳумнинг “қирқи” ўтгач, аёллар оқ рўмолини ечган. Марҳумнинг йили тоқ ойлар – 7, 9 ёки 11-ойда ўтказилган. Бу маросимда азадор аёлнинг кўк кўйлаги тўпланган аёллар олдида ечилиб, йиртилган. Ёши улуғ отинойи аза тутган аёлга оқ ёки бошқа рангли матодан кўйлак кийдирган. “Оқ кийди” удуми азадан чиқишни билдирган. Хуллас, халқимиз қадимий анъаналарга содиқ бўлиб келган. Турли воқеа-ҳодисалар халқ тажрибасини орттириб борган ва унинг урф-одат, анъаналарида ўз аксини топган.

 

Музаффар СУВОНҚУЛОВ,

Гулистон давлат университети таянч докторанти

 

“Тафакуур” журнали, 2025 йил, 3-сон

Туркона удумлармақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

14:09 / 11.09.2025 0 14
Чегарадаги одам

Адабиёт

16:09 / 10.09.2025 0 16
Афсонага айланган шоир





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 20892
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//