Стенфорд тадқиқоти: Фикрларни 74 фоизгача аниқликда матнга ўгирадиган мия чиплари қандай ишлайди?


Сақлаш
09:46 / 11.09.2025 15 0

Ўйларингиз, ҳис туйғуларингиз ва фикрларингизни ҳали ифода этмасингиздан олдин бошқалар ўқиб олиши мумкин дейишса аниқ ишонмайсиз. Аммо илм-фан бунинг эҳтимоли бор эканини тасдиқламоқда. Яқинда Стенфорд университети олимлари инсон мияси фаолиятини ўқий оладиган янги чип устида ўтказган тадқиқот натижалари эълон қилинди. Унга кўра, ушбу имплант инсон миясидаги фикрларни 74 фоизгача аниқликда матнга кўчириш имконини берди. Олимлар таъкидлашича, бу технология келажакда гапиролмайдиган одамларга фикрини эркин ифодалаш имконини бериши мумкин.

 

Мия чиплари – инсон миясига жойлаштириладиган махсус электрон қурилма бўлиб, у нейронлар фаолиятини ўқиб, компьютер ёки бошқа қурилмаларга узатади, яъни, мия ва технология ўртасидаги кўприк ҳисобланади.

 

Мия чипи (Brain-Computer Interface – BCI) тушунчасини 1973 йилда биринчи бўлиб АҚШлик олим Жекуис Видал фанга киритган. У компьютерни мия сигналлари орқали бошқариш тажрибаларини ўтказган.

 

Стенфорд университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот браин-cомпутер интерфаcэ (BCI) деб аталувчи махсус имплант ёрдамида инсоннинг «ички нутқи»ни – яъни айтилмаган, фақат ўйланган сўз ва жумлаларини матнга айлантира олди.

 

Тадқиқот давомида иштирокчилардан гапиришга уриниш ёки сўзларни фақат ичларида такрорлаш сўралди. Ҳар икки ҳолатда ҳам нутқ билан боғлиқ мия қисмлари фаоллашгани кузатилди. Сунъий интеллект моделига асосланган чип мазкур нейрон сигналларни таҳлил қилиб, уларни жумлага айлантирди. Натижада айрим иборалар 74 фоизгача аниқликни кўрсатди. Қизиқ томони шундаки, тизим «пароль» ҳимояси билан синовдан ўтказилди: иштирокчилар олдиндан белгиланган иборани – «Chitty chitty bang bang»ни ўйлаш орқали чипни фаоллаштиришди. Паролни аниқлашда тизим деярли 99 фоиз аниқлик кўрсатди. Университет олими Frank Willett ушбу тадқиқотни катта ютуқ дея баҳолаб, келажакда мия чиплари технологиялари инсонлар учун табиий, эркин ва қулай мулоқот воситасига айланиши мумкинлигини таъкидлади.

 

Энг аввало, гапиролмайдиган ёки жисмоний имконияти чекланганлар чип ёрдамида ўз фикрини матнга ўгириб, одамлар билан мулоқот қила олади. Шунингдек, у компьютер ёки протезларни фақат фикр орқали бошқариш имконини беради.

 

Бу ихтиро тиббиётда депрессия, хавотир ёки уйқусизликни аниқлаш, ҳатто Альцгеймер ёки Паркинсон касалликларини эрта ташхислашда ҳам қўл келиши мумкин.

 

Таълим ва илмий соҳаларда эса мия фаолиятини таҳлил қилиш орқали ўқиш, хотира ва диққатни кучайтиришга ёрдам беради.

 

Келажакда инсон фақат фикрлаши орқали интернетда қидириш ёки ёзиш имкониятига эга бўлиши тахмин қилинди. Бироқ махфийлик ва назорат масалалари бу жараёнда энг катта хавф бўлиб қолмоқда.

 

Фикрларни ёзиб олиш мумкинми?

 

Технология билан боғлиқ бир қатор хавфлар ҳам мавжуд. Мутахассислар таъкидлашича, инсоннинг нейрон фаолияти шахсий ва жуда махфий маълумот ҳисобланиб, уни ҳимоя қилиш масаласи долзарбдир. Колумбия университети қошидаги Нейротехнологиялар маркази директори Рафаель Юсте шундай дейди:

 

«Мия – оддий тана аъзоси эмас, у бизнинг барча ақлий ва когнитив фаолиятимизни яратувчи орган ҳисобланади. Бизнинг фикрларимиз, хотираларимиз, ҳис-туйғуларимиз, тасаввуримиз … ёзиб олиниши мумкин».

 

Дарҳақиқат, диққатни ошириш, уйқуни яхшилаш ёки стрессни камайтиришни ваъда қилувчи кўплаб мия қурилмалари дунё бўйлаб сотувга чиқарилган. Улар йиғаётган нейрон маълумотлари эса кўпинча тиббий ҳимоя доирасига кирмайди. Шу сабабли, мутахассислар бундай маълумотлар тижорат мақсадида сотилиши ёки учинчи томонга тақдим этилиши хавфидан огоҳлантирмоқда.

 

Европа Иттифоқида шахсий маълумотларни ҳимоя қилувчи ГДПР қонуни амал қилади. Унга кўра, истеъмолчи ўзи ҳақидаги маълумотни билиш, уни ўзгартириш ёки ўчириш ҳуқуқига эга. Бироқ нейротехнологиялар ривожи шунчалик тезки, мутахассислар мавжуд қонунларни янада такомиллаштириш зарурлигини айтмоқда.

 

Куни кеча Европа парламенти экспертлари берган хулосасида нейрон маълумотларни алоҳида тоифадаги махсус маълумот сифатида ГДПРга киритиш лозим. Шунингдек, ушбу маълумотлардан сунъий интеллект воситалари ёрдамида фойдаланиш хавфларини чуқур ўрганиш, аҳолига технологияларнинг фойда ва зарарларини тушунтириш ва нейрон маълумотларини махсус Европа маълумотлар майдонида сақлаш механизмларини яратиш таклиф этилган.

 

Бир сўз билан айтганда, мазкур технологик имконият мутахассисларда очиқ савол қолдирмоқда: фикрлар ёзиб олинса, улардан ким ва қандай мақсадда фойдаланади? Технология имконияти чекланганлар учун умид эшигини очсада, инсон ҳуқуқлари ва шахсий дахлсизлик масаласида катта муҳокамаларни келтириб чиқармоқда. Ўйлаш қобилиятини ҳимоя қилиш шунчаки техник масала эмас, балки ахлоқий, ҳуқуқий ва сиёсий масала ҳамдир.

 

Машҳура Раҳмонова,

Ойина.уз

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

14:09 / 11.09.2025 0 14
Чегарадаги одам

Адабиёт

16:09 / 10.09.2025 0 16
Афсонага айланган шоир





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 20892
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//