
Адабиёт
Муаззам Туркистон қадимий тамаддун бешикларидан бири ҳисобланади. Миср, Ҳинд, Эрон, Хитой каби кўҳна цивилизациялардан фарқли ўлароқ, икки дарё оралиғида сўнгги ўн беш асрда илм-фан, маданият ва санъат араб, форс ва туркий тиллар уйғунлигида нашъу намо топди. Ана шу лисоний рангбаранглик бағрида шаклланиб, туркий халқлар орасида биринчи бўлиб мумтозлик даражасига кўтарилган ўзбек адабиётининг жаҳон адабиёти тарихида назири йўқ яна бир жиҳатини таъкидламоқ лозим: мумтоз шоиру адибларимизнинг аксари туркий ва форсийда баравар, баракали ижод қилган. Мавлоно Лутфий ва Мир Алишер Навоийдан бошлаб, Ҳамза ва Фитратгача бўлган беш асрлик давр мобайнида бадиий ижод намуналари туркий-ўзбек ва форс-тожик, айрим ҳолларда араб тилларида жаранглаган. Шу сабабли мумтоз ўзбек адабиётини бемалол зуллисонайн адабиёт дейишга ҳақлимиз.
Мумтоз адабиётимизнинг энг сара намуналарида тажассум топган бадиий тафаккур тарзининг шаклланиши ва ривожланишида туркий шоирлар билан бир қаторда форс-тожик шеърияти намояндаларининг ҳам ўрни катта. Бундай узвийлик, муштаракликнинг пойдеворини яратган буюк сиймолардан бири, шубҳасиз, Ҳофиз Шерозийдир (1325 – 1390). “Майхона” тазкирасида ёзилишича, Ҳофизнинг исми Шамсиддин, насаби – Муҳаммад, тахаллуси – Ҳофиз, Шероз – у туғилиб вояга етган шаҳардир. Шамсиддиннинг отаси асли Исфаҳондан бўлиб, хизмат тақозосига кўра Шерозга кўчиб боради. Ҳофиз роппа-роса етти юз йил аввал Шайх Саъдийнинг киндик қони тўкилган ушбу шаҳарда таваллуд топади.
Болалигида қиблагоҳи оламдан ўтиб, етимликда ўсган Шамсиддин кўп қийинчиликлар кўради. Ривоят қилинадики, у ўн икки ёшида новвойга шогирд тушади. Кечаси билан хамир қориб, тандир қиздиради, устага ёрдамлашади. Бомдодга яқин хизмат ҳақи сифатида икки дона нон билан уйга қайтади. Битта нонни онаси билан бирга тановул қилади, иккинчисини мактабга олиб боради. Устоз нон эвазига унга Қуръонни ёдлатади. Хушовоз Шамсиддин қисқа фурсатда Каломуллоҳни тўлиқ хатм этиб, ўн тўрт усулда мукаммал қироат қила бошлайди:
Ишқат расад ба фарёд, ар худ ба сони Ҳофиз
Қуръон зи бар бихонӣ бар чордаҳ ривоят.
Таржимаси:
Айлайди оҳу фарёд ишқинг, мисоли Ҳофиз
Қуръонни сен ўқисанг ўн тўрт усулда агар.*
Шамсиддин Қуръон ҳофизи сифатида тез орада тилларга тушиб, ўз даврининг йирик олимлари Иззуддин Ийжий ҳамда Имомулҳарамайн Жувайнийга шогирдлик шарафига муяссар бўлади. Айниқса, Ийжий ҳузурида Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсири бўйича олган сабоқлари унинг тафаккур тарзига кучли таъсир кўрсатади. “Кашшоф” Қуръони каримнинг филологик тафсири бўлиб, Замахшарий Каломуллоҳни сўз мўъжизаси ўлароқ англашга ҳаракат қилган. Мухтасар бир оятга ўнлаб маъно сингдирилиши сўз бадиияти талаблари асосида талқин қилинган мазкур тафсир Ҳофизнинг ижодий услуби шаклланишида муҳим ўрин тутган.
XIV асрга келиб Шероз шеърият, ижод марказларидан бирига айланган, ғазалнависликни ҳадди аълосига етказган Шайх Саъдийнинг шарофати ила шерозликларнинг бадиий диди юксалиб, таъби нозиклашган эди. Шу боис Ҳофизнинг дастлабки машқлари элга манзур бўлмайди, ҳатто айрим густохлар очиқчасига унинг устидан кулади. Шоир шаҳар этагида жойлашган Бобо Кўҳий деган улуғ авлиёнинг мақбарасига бориб, ўша ерда бир кеча қолади. Субҳи содиқда ажойиб бир ғазал қуйилиб келади:
Дўш вақти саҳар аз ғусса наҷотам доданд,
Вандар он зулмати шаб оби ҳаётам доданд.
Таржимаси:
Ғуссалардин кеча тонг палласи топдим нажот,
Ўша зулмат, тун аро бердилар обиҳаёт.
Шерозга қайтгач, Ҳофиз янги ғазалини сўз синчиларига ўқиб беради. Дастлаб бу ғазал Ҳофизники эканига шубҳа билдирган шеършунослар деярли ҳар ҳафта бири биридан гўзал байту ғазаллар яратилишига гувоҳ бўлгач, унинг ашаддий мухлисига айланади. Ҳофиз девонининг биринчи тўпловчиси Муҳаммад Гуландом ёзганидек, “...жаҳонгир ғазаллар карвони қисқа бир муддатда Туркистон ва Ҳиндистон ўлкаларига қадар етиб, дилтортар сатрларининг овозаси Ироқу Озарбойжонга ғулғула солди... Орифларнинг самоъ мажлислари Ҳофиз шеърларининг навоси билан қизиб, подшоҳларнинг нафис мажлислари байту мисралари билан зийнат топарди. Шавқангиз шеърлари майпарастларнинг базмида валвала (шовқин-сурон – О.Д.) кўтарар, муҳаббатномалари ила ошиқларнинг оҳу нола бозори чаққон бўлар эди”.
Ҳофизнинг ёшлик даврида Форс ўлкаси элхонийлар сулоласи вакили Абу Исҳоқ Инжуга бўйсунарди. Абу Исҳоқ қўлиочиқ, саховатпеша, айни чоқда, базмни хуш кўрадиган маишатсевар подшоҳ эди. Назмга бегона бўлмаган ҳукмдор саройида Салмон Соважий, Хожу Кирмоний каби атоқли шоирлар ҳам хизмат қиларди. Аслида, ўрта асрларда шоирлар учун саройга яқинлашиш ҳаётий зарурат эди. Сарой ном чиқармоқ учун ҳам, нон топмоқ учун ҳам асосий даргоҳ ҳисобланарди. Ҳофиз ҳам Абу Исҳоқ ҳузурига бориб турар, аммо бир бурда нон ё арзон-гаров туҳфа важидан ўзини хорлашларига асло йўл қўймас эди. У саройни ўз фикр, шеърларини оммага ёядиган бир восита деб биларди. Подшоҳ арзимаган чақа эвазига ёзилган мадҳнома сабаб номини мангуликка муҳрлаётганини нозик ишора билан баён этади:
Зи ҳофизони ҷаҳон кас чу банда ҷамъ накард,
Латоифи ҳикамӣ бо китоби Қуръонӣ.
Ҳазор сол бақо бахшадат мадоеҳи ман,
Чунин нафис матоъе ба чун ту арзонӣ.
Таржимаcи:
Йиғмади ушбу жаҳон ҳофизлари мен сингари
Ул ҳикоятларки, ҳикмат конидир Қуръон аро.
Бахш этар минг йил бақолик ҳар саномадҳим
маним,
Бил, фақат сенга муносибдир нафис ушбу мато.
Абу Исҳоқ салтанатидаги осойишта давр саккиз йил давом этади. Шоҳнинг хулқ-атвори раиятга ҳам таъсир этиб, Шероз аҳли айш-ишрат ва майхўрликка ружу қўяди, мамлакатда тартиб-низом издан чиқади. Музаффарийлар сулоласи вакили Амир Муборизиддин вазиятдан фойдаланиб шаҳарга ҳужум қилади ва Абу Исҳоқни қатл этиб, ўзи тахтга ўтиради. Ушбу тўнтариш Ҳофизнинг аҳволи руҳиясига қаттиқ таъсир қилади:
Ростӣ, давраи фирўзаи Бўисҳоқӣ
Хуш дурахшид, вале давлати мустаъҷил буд.
Таржимаси:
Ростдан, фирузаранг ул Абу Исҳоқий узук
Товланарди, лек давлат жонсарак, шошқин эди.
Амир Муборизиддин Абу Исҳоқнинг тамомила акси эди. Беш вақт намозини ўз вақтида ўқиб, бошқаларни ҳам қаттиқ назорат қиларди. Шероздаги майхоналарнинг барчасини ёпиб, шаробу мусаллас хумларини синдиргани учун “Муҳтасиб” лақабини олган ҳукмдор қон тўкмоққа ҳарис эди. Арзимаган айб-гуноҳ важидан қатл ҳукмини бераверганидан ўзи ҳам васваса касаллигига чалинади. Ҳатто энг яқин мулозимларини ҳам суиқасду хиёнатда айблаб жазолайди. Ахийри ўғиллари Шоҳ Шужоъ ва Шоҳ Маҳмуддан гумон қила бошлайди. Вазият танглигини сезган ака-ука тил бириктириб, ҳукмдор отанинг кўзига мил тортиб зиндонга ташлайди.
Шоҳ Шужоъ дастлабки даврларда Хожа Ҳофизга эҳтиром кўргизиб, молиявий томондан қўллаб-қувватлайди. Кейинчалик ўз пири – шоирлик даъвосида бўлган тасаввуф шайхи Имодуддин Фақиҳ таъсирига тушиб, Ҳофиз билан муносабати бузилади. “Ирфон ул-ошиқин” тазкирасида келтирилишича, бир куни Шоҳ Шужоъ Ҳофизни танқид қилиб бундай дейди:
– Ғазалларингизнинг бирортасида саҳиҳ асос йўқдур. Ибтидосида ишқ, сўнг висол, ундан кейин фироқдан сўз очиб, бирданига тасаввуф ва ҳикматдан байт келтирасиз. Ўша онда яна шаробни сифатлаб, зоҳидларга ҳамла қилурсиз. Охирида эса дунё вафосизлигидан шикоят этурсиз. Бундай талаввунни (фикрий тутуруқсизлик – О.Д.) шоирлар қабул этмаслар ва у фасоҳат қоидаларига ҳам мос эмас. Дуруст ғазал бошдан-охир ягона мавзуда бўлмоғи, турли шаклда бир маъно ифодаланмоғи лозим.
Хожа шоҳга мулойимлик билан эътироз билдиради:
– Табаррук каломингиз айни иноят ва савобдир, аммо не қилайинки, шунча айблари бўлатуриб, каминанинг ғазаллари иншо бўлган кунидан оғиздан-оғизга кўчиб, бир ўлкадан бошқа мамлакатга сафар этажак. Аммо ўзгаларнинг шеърлари негадир шунча нодир фасоҳат ва мукаммал балоғати билан ўз шаҳридан бир қадам ҳам ташқарига чиқмайди.
Ҳофизнинг кинояси, аслида, иғвогар Имодуддин Фақиҳга қаратилган эди. Аммо шеър машқ қилиб турадиган Шоҳ Шужоъ буни ўзининг истеъдодсизлигига шама деб билиб, шоирдан норози бўлади. Бу орада тасодифан Ҳофизнинг янги бир ғазали шоҳнинг қўлига тушади. Ғазалда бундай байт бор эди:
Гар мусулмонӣ ҳамин аст, ки Ҳофиз дорад,
Оҳ, агар аз паи имрӯз бувад фардое!
“Байт мазмунига қараганда, Ҳофиз қиёматни шубҳа остига олаётир. Не тонгки, у куфр келтирибди!” деб бўҳтон тарқатади айрим муллалар. Шоир бундай майда-чуйда гапларга парво қилмаса ҳамки, сарой хайрихоҳлиги сабабли фитна олови аланга олади. Айни ўша кунлари машҳур шайх Зайниддин Тойбодий (кейинчалик Соҳибқирон Амир Темурнинг пири муршиди бўлган) Шерозга келиб, ардоқли шоири билан дийдорлашади. Суҳбат асносида Хожа Ҳофиз бўлаётган гап-сўзларни баён этиб, шайхдан маслаҳат сўрайди.
– Уларга ўз йўсинида жавоб берган маъқул, – дейди Зайниддин Тойбодий. – “Куфрни ҳикоя қилиш куфр эмас” мазмунида бирор байт қўшинг, олам гулистон.
Шоир ғазалга қуйидаги байтни илова қилади ва ёқасини маломатгўйларнинг қўлидан қутқаради:
Ин ҳадисам чӣ хуш омад, ки саҳаргаҳ мегуфт
Бар дари майкадае бо дафу най тарсое:
“Гар мусулмонӣ ҳамин аст, ки Ҳофиз дорад,
Оҳ, агар аз паси имрӯз бувад фардое!”
Таржимаси:
Келди хуш бул сўзларим, майхона эшигинда, боқ,
Битта тарсо доира, най-ла дер айни саҳар:
“Гар мусулмонлик шудир, улки қилар Ҳофиз амал,
Оҳ, бугуннинг ортидан келгувсидир эрта агар!”
* * *
Ҳофиз яшаган даврда мўғул империяси кичик хонликларга бўлиниб кетган, чингизийлик даъвосидаги хонзодалар мулкини кенгайтириш ниятида тинимсиз урушлар олиб борар эди. Форс ўлкасида картлар сарбадорлар билан, музаффарийлар жалойирлар билан, туркманлар тоторлар билан доимий саваш ва муҳорабада эди. Бундай майда ва бемаъни урушлар ўнминглаб бегуноҳ аҳолининг ёстиғини қуритарди.
Манбаларга кўра, Ҳофиз Шероз шаҳри олти марта қўлдан-қўлга ўтганига шоҳид бўлади. Тинчлик ва осойишталик, адолат ва фаровонликка умид боғлаган халқнинг орзулари қайта-қайта саробга айланиши; жамият “раҳнамо”лари – олим ва руҳонийлар, савдогар ва шоирлар, мулозим ва сипоҳийларнинг аксар қисми олтибетлик, хиёнату виждонсизликлар қилатуриб садоқат ва мардликдан лоф уриши; ҳар гал “шариати муҳаммадия” номидан гапириб, ислом динининг “Мўмин – мўминнинг биродари” деган тамал қоидасини оёқости қилишлари; тахту тож қутқусида бўлаётган хунрезликларни кўравериб юрак-бағри қон бўлган Ҳофиз бор аламини қаламидан оларди:
Сина моломоли дард аст, эй дареғо, марҳаме!
Дил зи танҳоӣ ба ҷон омад, Худоро, ҳамдаме!
Хез, то хотир бад-он турки самарқандӣ диҳем,
Каз насимаш “Бӯи ҷӯи Мӯлиён ояд ҳаме”.
Таржимаси:
Эй дариғ, кўксимни дард ўртайди,
ул малҳамни бер,
Ҳамдам эт Оллоҳниким, ёлғизлик
ич-этимни ер.
Тургин, эслайлик суюкли ул
самарқандликни биз,
То насими “Мўлиён анҳорин атри келди”, дер.
Абу Абдуллоҳ Рудакийнинг мисраси тазмин қилинган байтдаги “турки самарқандий” ибораси марказлашган адолатли давлат барпо этаётган Амир Темурга ишора экани маълум. Умуман олганда, Амир Темур ва Ҳофиз Шерозий муносабатлари тўғрисида кўплаб ривоятлар мавжуд. “Агар он турки шерозий...” байти сабаб шоир ва ҳукмдор ўртасида латиф мусоҳаба кечгани тилларда достон. Кейинги асрларда яратилган “Темурнома”ларда ҳам Ҳофиз Шерозий гоҳ Соҳибқироннинг элчиси, гоҳида мушовири сиймосида тасвирланади. Бизнингча, бундай ривоятлар кейинги давр хушназар ижодкорларининг тахайюли маҳсули. Эҳтимол, қалам аҳли бир даврда яшаган икки буюк сиймонинг дўст тутинмоғига астойдил хайрихоҳ бўлгандир. Аммо тарихнинг шафқатсиз ҳақиқати шуни кўрсатадики, кўпинча йирик сиёсий арбоблар теграсида майда кимсалар жамланади. Акс тақдирда, Амир Темурнинг энг яқин маслаҳатгўйи Хожа Баҳоуддин Нақшбанд бўлмоғи лозим эди.
Ҳофиз Шерозий Амир Темурнинг марказлашган йирик империя барпо этишини ақлан тарихий зарурият ва адолатли ёндашув ўлароқ ҳис этса-да, нозик қалб соҳиби, гуманист бир ижодкор сифатида ҳар қандай уруш ва қирғинбаротни рад этарди. Жумладан, шоир Амир Темурнинг жаҳонгирлигига фатво берган тасаввуф шайхларига бундай эътироз билдиради:
Як ҳарфи сўфиёна бигўям, иҷоза ҳаст?
Эй нури дида, сулҳ беҳ аз ҷангу доварӣ.
Таржимаси:
Сўфиёна битта сўз айтай, ижозат борми, айт?
Нуридийдам, жангу ҳокимликдан сулҳ афзал эрур.
Соҳибқирон ва Ҳофиз учрашуви ҳақидаги машҳур ривоятга қайтсак. Амир Темур Шерозни фатҳ этганида Ҳофиз пайғамбар ёшига етган, фарзанди ва аёлини тупроққа топширган бир мусибатзада инсон эди. Ҳукмдорга хуш ёқмоқ ёки унга қарши чиқмоқ унинг кўнглига сиғмасди. Қолаверса, ота юрти Исфаҳондаги хунрезликларга гувоҳ бўлган шоир имкон қадар саройдан узоқроқ юрмоғи ҳақиқатга яқин. Агар Ҳофизга мулозимлик керак бўлганида, Ҳиндистон, Бангола, Ироқ ҳукмдорларининг даъватномаларига кўниб, ўша юртларга кўчиб борган бўларди. Аммо у ватани тупроғини азиз тутди, умри мобайнида Шероздан бир қадам ҳам ташқарига чиқмади. Васиятига кўра, ўзи барпо этган Мусалло боғига дафн этилди. Бугун унинг мақбараси сўз шайдоларининг зиёратгоҳига айланган.
* * *
Ҳофиз ҳаётлиги давридаёқ жаҳоний шуҳрат қозонган шоир бўлса-да, девони вафотидан йигирма беш йил ўтгандан кейин тузилган. Шунга қарамай, унинг ғазаллари етти асрдан буён султонлар ва дарвешлар, обидлар ва орифлар, зоҳидлар ва ошиқлар, тожирлар ва шоирлар, ёшу қари, эркагу аёл – жамиятнинг барча қатлами учун маҳбуб ва мақбул бўлиб келаётир. Девони асрлар давомида мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилди. Мутафаккир шоирни ўқимаган киши оми ҳисобланарди.
Мир Алишер Навоий ҳам Ҳофиз ижоди ва шахсиятига ўзгача эҳтиром кўрсатган, ул мунаввар зотни “лисон ул-ғайб ва таржумон ул-асрор”, “Исо нафаслик ринди Шероз” деб улуғлаган. Ҳофизнинг оламшумул шуҳрат ва маҳбубият касб этганининг сабаблари бисёр. Бизгача етиб келган олти юзга яқин ғазали ҳақида бугунги кунга қадар икки мингдан зиёд монография ва рисола ёзилгани, девони бошқа шоирлардан кўра энг кўп нусхада кўчирилгани, юзлаб шарҳлар битилгани ҳам айни сабабларга боғлиқ.
Аввало шуни қайд этиш керакки, ҳар бир ижодкор адабиёт мамлакатига ўзининг қаҳрамони ё тимсоли билан кириб келади. Рустам (Фирдавсий), Лайли ва Мажнун (Низомий), Фарҳод (Навоий), Юсуф ва Зулайхо (Жомий) каби қаҳрамонлар достонлардан кўнгиллар мулкига кўчган бўлса, Бухоро (Рудакий), най (Румий), сорбон (Саъдий), қарокўз (Навоий) каби тимсоллар лирик асарлар орқали адабиёт гулшанига зийнат, муаллифига мангу шараф бағишлаган.
Ҳофиз лирикасида эса ринд образи етакчилик қилади. Агар Ҳофизгача бўлган давр шеъриятида ринд маишатпараст, майзада, кўчабезори сифатида талқин қилинган бўлса, новатор шоир ижодида у риёкорлик, хўжакўрсинчиликни фош этувчи, зоҳири абгор ва ботини обод, икки оламини ҳақиқатга қурбон келтирган шеримард тимсолига айланди.
Ҳофиз иккиюзламачи, буқаламун кимсалардан нафратланган. Риёкорликка муросасиз шоир бу иллат домига тушган зоҳидни кўчада тупроққа беланиб ётган майхўрдан ҳам тубан деб билади:
Боданўшӣ, ки дар ӯ ҳеҷ риёе набувад,
Беҳтар аз зӯҳдфурӯшӣ, ки дар ӯ реву риёст.
Таржимаси:
Бода ичмакликда бўлмайди мунофиқлик сира,
Зуҳдфурушлик баттар ундан, унда бор макру риё.
Шоирнинг байтлари бамисоли Искандар кўзгуси. Бу кўзгу қаршисида ўтирган киши кўнгил оламидаги қувонч ва қайғу, қониқиш ва ташвиш, ҳақиқат ва гумонларни кўради. Ҳофиз дардингизни ўзингиздан ҳам яхшироқ биладиган мусоҳиб каби мулоқотга киришади, сизга қанот бўлиб, дунёнинг майда-чуйда ташвишларидан баландроқ руҳоний юксакликларга олиб чиқади. Мутафаккирнинг қудратли қалами сўзларга заргарона ишлов бериб, шундай тартиб ила жойлаштирадики, бир байт ё мисрада олам-жаҳон маъно тажассум топади. Мисол тариқасида нисбатан содда бир байтини олайлик:
Онҳо, ки хондаам, ҳама аз ёди ман бирафт,
Ғайр аз ҳадиси дўст, ки такрор мекунам.
Таржимаси:
Ўқидим недир, улар чиқди эсимдан бирма-бир,
Қолди дўст сўзи фақат, ул сўзки, такрор айларам.
Байтнинг луғавий маъноси “уй” демак. Калит сўз эса “ҳадиси дўст” иборасидир. Мазкур байтни агар муфассир, муҳаддис, сўфий, дўст, ошиқ талқин қилса, қуйидаги манзара ҳосил бўлади:
Муфассир: Ҳофиз Шерозий Қуръони каримни тўлиқ ёд олган зот эди. Қуръон ҳофизлари илоҳий каломни эсдан чиқармаслик учун доимо такрорлаб турмоғи лозим. Бинобарин, ушбу байтда ҳам дўстнинг каломидан бошқа ҳамма нарса хотиридан ўчганини таъкидлайди. Чунки Қуръон – барча китоблар онаси, жамики билимлар сарчашмасидир.
Муҳаддис: Ушбу байтда икки оламга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадиси шарифига эҳтиром мужассам. “Ҳадиси дўст” иборасидаги дўст – Пайғамбаримизнинг Ҳабибуллоҳ (Оллоҳнинг ёри) сифатига, ҳадис эса у зотнинг ҳикматли сўзларига ишорадир.
Сўфий: Ҳофиз девонини кўплаб тадқиқотчилар ирфоний девон деб биладилар. Унда тасаввуфий маъно-мазмун бадиият либосида жилва этади. Жумладан, мазкур байтда руҳий тарбиянинг муҳим бир амали – зикрнинг аҳамияти кўрсатилган. Тариқатда мурид ўз ихтиёрини дунёдаги энг беғараз дўсти – пирига таслим этиб, у ўргатган зикр талқинига тушади. Зикр кўнгилда ёнаётган ҳою ҳаваслар олови ўчгунга қадар давом этади. Муаллиф ушбу байтда зикр талқини орқали барча кераксиз билимлар хаёлидан кўтарилиб, бутун вужуди дўст ҳадиси – зикр ҳақиқатини англашга қаратилганини баён қилган.
Дўст: “Мўмин – мўминнинг кўзгусидир”, дейилади ҳадиси шарифда. Инсон ўзини танимагунча Ҳақни танимайди. Ўзини таниши учун эса унга кўзгу лозим. Ҳақиқий дўст – инсоннинг кўзгуси. Ана шу ҳақиқатни англаган одам дунёнинг жамики сабоқларини ўзлаштирган ҳисобланади.
Ошиқ: Борлиқнинг моҳияти, ҳаётнинг асоси муҳаббатдир. Ишқ бор жойда ақл, билим, маърифат – барчаси ожиз қолгуси. Пешқадам толиби илм бўлмиш Қайс Лайлининг ишқига асир тушгач, ўқиганларининг барчасини унутади. Зотан, ишқнинг бош талаби ҳам шу – барчадан юз ўгириб, ёрга юзланмоқ. Байтда ишқнинг ана шу босқичи ҳақида сўз боради.
Бундай талқин ва шарҳларни яна давом эттирмоқ мумкин, аммо моҳият ўзгармайди. Зеро, Ҳофиз Шерозий умрбоқий назм дурдоналари ила наинки Шарқ, балки жаҳон адабиётида мустаҳкам ўрин эгаллаган, форсий шеъриятнинг энг юксак чўққисини забт этган, замону макон сарҳадларидан ошган сўз сеҳргаридир.
Олимжон ДАВЛАТОВ
“Тафаккур” журнали, 2025 йил, 3-сон
“Исо нафаслик ринди Шероз” мақоласи
Адабиёт
Тарих
Жараён
Жараён
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ