Бузилаётган, сотилаётган ўзбек археологияси – Тупроқ тагида қолаётган тарих


Сақлаш
12:02 / 10.09.2025 13 0

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Аҳмадали АСҚАРОВ билан суҳбат

 

– Домла, бир умр қадимий манзиллар, археологик ёдгорликлар ичида яшаб келяпсиз. Бутун ҳаётингизни илмга бағишладингиз, таъбир жоиз бўлса, археология соҳасида пир мақомидасиз. Қолаверса, аллома академикларимиздан бирисиз. Айниқса, “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китобингиз кўзимизга суртгулик асарлардан бирига айланган десак муболаға қилмаймиз. Айтинг-чи, минтақамизнинг маданий тарихи қандай кечган? Аниқ ашёвий далиллар асосида фикрлайдиган археолог нуқтаи назаридан халқимиз этногенезига қараганда қандай манзара ҳосил бўлади? Умуман, турли баҳсу мунозараларга мавзу бўлиб келаётган ўзбек халқи, миллатининг шаклланиши ҳақида хулосаларингизни айтсангиз. 

 

 

– Гурунгимизни узоқроқдан, қизиқ бир гапдан бошласам нима дейсиз? Биз энди ўқишга кирганда Низомий номидаги Педагогика институтида талабаларга Совет иттифоқи тарихидан аввал Ўзбекистон тарихини ўқитиш йўлга қўйилган эди. Бу масъулиятли ва хатарли вазифани бажариш Шароф Рашидов тавсиясига биноан устоз Яҳё Ғуломов чекига тушган экан. Ҳозир айримлар ишонмайди бу гапга, лекин рост, шахсан ўзим гувоҳман. Шўроларнинг ўткир қиличи бошлар узра ўйнаб турган давр­да, яна кимсан, Марказқўм раҳбари изни билан берилган топшириқни асл мутахассислиги археолог бўлган инсон бажариши икки карра қаҳрамонлик эмасмиди?!

 

Яҳё Ғуломовнинг “Археология – тарих пойдевори, бу фанни чуқур ўрганмасдан туриб қадимият остонасига қадам қўёлмайсизлар, ҳатто келажакнинг ўзига хос замини ҳам шу ерда”, дея қулоғимизга қўрғошиндай қуйган доно ўгитлари сўнгги нафасгача эсимдан чиқмаса керак. Дарс жараёнида муҳтарам домламиз устози – машҳур археолог Василий Вяткинни (1869    1932 йилларда яшаган, Самарқанд археология мактаби асосчиларидан бири, Мирзо Улуғбек расадхонасида олиб борилган тадқиқотларга бош бўлган, академик Иброҳим Мўминовга ҳам устозлик қилган – Н.Ж.) ҳам кўп эсларди. Унинг кўҳна бир сополни қўлига олиб, бу лойдан ясалган оддий матоҳ деган тушунчадан йироқ бўлинглар, аслида, мана шу буюмда Туркистон тарихининг буюк ўтмиши яширин, уни ўрганиш учун сабр ва вақт керак, деган сўзларини бот-бот такрорлар эди. Устоз тавсияси билан Санкт-Петербургда археология фани сир-синоатларини чуқурроқ эгаллашимда яна бир олим, профессор Михаил Грязновнинг хизмати беқиёс бўлганини таъкидлашни истардим. Қолаверса, XX асрнинг буюк алломалари Ҳабиб Абдуллаев ҳамда Иброҳим Мўминов номини ҳам миннатдорлик ила эсламоққа бурчлиман. 70-йиллар бошида шундай мураккаб вазият юзага келдики, агар ана шу забардаст чинорлар мени қўллаб-қувватламаганида Самарқандда собиқ Иттифоқда учинчи, Марказий Осиёда эса ягона Археология институти очилмаган ва унинг негизида ўзбек археология илмий мактаби шаклланмаган бўлар эди.

 

Энди биз яшаётган улкан минтақанинг маданий тарихи масаласига келсак, бу жуда мураккаб жараён. Ўзбекларнинг улар ҳозирда истиқомат қилиб келаётган тарихий замин ҳамда унинг теварак-атрофидаги ҳудудларда жуда қадим замонлардан бери туб ерли халқ экани, унинг этник таркибини асосан прототурк ва туркий аждодларимиз, шунингдек, суғдий, хоразмий, бохтарий, сак чорвадорлари ташкил этгани, ана шу тиллар соҳибларининг узоқ асрлар давомида бир-бири билан аралашиб-қоришиб яшаши натижасида янги этнос, яъни ўзбек халқи таркиб топгани ҳақида илмий холислик, объектив ва тарихий тизимлилик  асосида батафсил маълумот берганмиз.

 

 

Илк ўрта асрларда минтақанинг бирор жойи қолмадики, у ерга туркий тилли аждодларимиз кириб бормаган бўлсин. Ушбу тарихий ҳақиқат илдизини ёзма манбалар билан қиёсий ўрганиш орқали англаб етдимки, ўзбек халқи гарчи туркийзабон бўлса-да, унинг таркиби кўп компонентли экан. Масалан, қадимги прототурк тил Ўрта Осиёга Сирдарёнинг шимоли-шарқидан орийлар миграцияси даврида кириб кела бошлагани каби, ҳозирги тожик халқининг форсий тили ҳам Мовароуннаҳр ва Хуросонга Форс кўрфазидан, жануби-ғарбий Эрондан аҳамонийлар даврида кириб кела бошлаган. Турк ва форсий лисон туб жойли суғдий, хоразмий ва бохтарий тил лаҳжаларини ўзига сингдириб юборган. Бу этномаданий жараёнлар Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Хоразмийлар замонида якун топиб, Ўрта Осиёнинг қадимги аҳолиси қўллаб келган маҳкама тили форсийлашган, жонли халқ тили эса туркийга айланган.

 

Миллатнинг этник таркибини белгиловчи асосий омил бу унинг тили экани маълум. Хўш, Ўзбекистон ҳудудида прототурк тил илк бор қачон пайдо бўлди? Бу саволга археологик манбаларга таяниб, бронза даврида, деб жавоб бериш мумкин. Сополлитепа, Жарқўтон каби ўнлаб бронза даври ёдгорлиги ушбу нуқтаи назарни тасдиқлайди. Алҳосил, мен ўзбек халқининг этник тарихи бронза даврига бориб тақалади, деган фикрда собитман. Бу ғояни дадил кўтариб чиқишимда қадимги Хитой ёзма манбалари ҳам асқатганини айтишим керак.

 

Ўзбек халқининг келиб чиқиши бўйича тугал хулоса айтиш осон эмас. Бу борада бир-биридан фарқланувчи учта қараш бор. Биринчиси – биз археологлар, ўзбек халқи бундан тўрт минг йил аввал пайдо бўлганини қадим манбалар асосида исботлаб берганмиз. Иккинчи тоифа бўлмиш шарқшунослар миллат тарихи, этногенези археологик осори атиқалар билан эмас, балки ёзма манбалар орқали белгиланади дея, қорахонийлар даврини рўкач қилади. Ундан аввалги давр, уларнинг назарида, гўё форсийзабон халқ тарихи билан боғлиқ эмиш. Бундай фаразларга ишонадиганлар ҳам кам эмас. Учинчи гуруҳ эса, узр, иним, сизнинг ҳамкасбларингиз – ёзувчи, журналистлар, шунингдек, тарихга тасодифан суқилиб кирганлар, десам адашмайман. Ҳозир кўряпмиз, ҳамма бир юмалаб тарихчига айланиб қоляпти-да! Уларнинг даъвосича, бизнинг кўҳна тарихимиз “ўзбек” истилоҳининг пайдо бўлиши, яъни XVI аср шайбонийлар сулоласидан бошланар эмиш. Ана сизга сохталик, ана сизга ёлғон-яшиқ чўпчаклар! Бу каби тарихий ҳақиқатга зид фикрларга сўнгги нуқтани қўйиш вақти келди. Таклифим шуки, бу борада махсус давлат дастури қабул қилиниши лозим. Бизда манбалар, исботлар етарли, албатта, амалий ҳаракатлар бошланганига ҳам анча вақт бўлди.

 

Афсуски, шўролар даврида миллий республикаларнинг чегара ҳудудларини белгилаш баҳонасида Туркистон халқлари, уларнинг яхлит тарихи ва маданий мероси сунъий равишда бўлиб ташланди. Бу эса охир-оқибат миллатлараро низоларга доялик қилди. Ана шундай қалтис ҳаракатлар оқибатида ўтмишни сохталаштириш, тарихий шахслар ва уларнинг меросини талашиш, миллий худбинлик, ҳудудлар бўйича низолашув каби нохуш воқелик шаклланиб борди. Сиз эслаб ўтган “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китобим бир неча марта чоп этилгани, хорижий тилларга таржима қилингани, давлатга қарашли олий таълим муассасаларида ягона ўқув қўлланма сифатида ўқитилаётгани дунёда энг қадим миллатлардан бири деб эътироф этилаётган ўзбек халқининг ўтмишига қизиқиш ортиб бораётганидан далолатдир.

 

 

– Ватанимизнинг деярли ҳамма бурчакларида археологик объектлар бор. Олимлар имкон қадар очиб ўрганганлари ва аксинча, ҳали тадқиқотчисини кутаётганлари ҳам кам эмас. Бирор манзилда қазишмалар олиб бориш, нодир тарихий ашёлар топиш-ку яхши, бироқ масаланинг бошқа томони ҳам мавжуд. Асрлар бўйи тупроқ остида сақланиб келган қадимий масканлар археолог қўли текканидан сўнг кўпинча очиқ қолиб кетади, қаровсизлик ва ёғингарчиликдан иккинчи марта харобага айланади. Лоқайдликми бу ёки илмга, изланишларга енгил-елпи қарашми?

 

– Марказий Осиёни қўятурайлик, биргина Ўзбекистонда 70-йилларда археологик ёдгорликлар сони 15 мингдан кам эмас эди. Ҳозир улардан атиги 5 минги сақланиб қолган десам ишонарсиз. Нима бўлди, домла, шунча тарихий иншоотлар, обидалар қанот боғлаб осмонга учиб кетдими ёки ер остига ғарқ бўлдими, демайсизми! Шундан билса бўладики, икки аср оралиғи – кейинги етмиш йил ичида тарихга шу даражада ёвуз муносабатда бўлибмиз! Бу денгиздан бир томчи, холос.

 

Ҳали-ҳамон эсимда – у маҳаллар мен Самарқанддаги Археология институтида директор эдим – Масков Ўзбекистон елкасига юклаган 6 миллион тоннали пахта хирмони мажбуриятини бажармоқ учун янги ерларни ўзлаштириш сиёсати авж олган, мамлакатдаги юзлаб археологик ёдгорлик оммавий тарзда бузилиб, ўрнида пахтазорлар пайдо бўлган эди. Бу ишда ўзимизнинг ҳайбаракаллачи, ношуд раҳбарларимиз ҳам бош-қош бўлганини биламиз. Кейинроқ шундай улкан ва “енгилмас” давлат парчаланиб, мустақил давлатлар таркиб топди. Маданий мерос объектларини асраш ва сақлашдек ғоят оғир вазифа бу соҳадан йироқ бўлган шахслар қўлига ўтиб кетди. Алалоқибат бундай жойлар талон-торож қилинди, бузиб ташланди, ўзлаштирилди...

 

Келинг, сизга ҳам кулгили, ҳам қайғули бир ҳолатни айтайин: бу археолог олимлар саъй-ҳаракати билан аниқланган ерости қадимий обидаларнинг аксари очиқ ҳолда қолиб кетаётгани билан боғлиқ. Улар лой, хом ғишт, гуваладан тикланган, ер тагида бус-бутун ҳолда турган эса-да, очилганидан кейин иссиқ, ёмғир-қорли ҳавода қолдирилгач, вайрон бўлаётир. Албатта, Президентимиз ташаббуси билан ёдгорликларнинг ҳеч бўлмаганда ўта ноёбларини сақлаб қолишнинг бирдан-бир йўли – очиқ осмон остида музейлар ташкил этиш экани алоҳида таъкидланиб, республикада хайрли ишлар бошланган.

 

Яна бир масала. Кейинги йилларда ўрта асрлар даври меъморий обидалари кўпроқ сақланган Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз каби шаҳарларга устувор даражада эътибор қаратилгани ҳолда, тўрт минг йиллик тарихни ўз бағрида яшириб келаётган археологик ёдгорликларни очиқ осмон остидаги музейларга айлантириш вазифаси ўлда-жўлда қолмоқда. Назаримда, бунинг асосий айбдори – Республика Маданий мерос агентлиги. Ачинарлиси шундаки, бир объектга икки тузилма (маҳаллий ҳокимият билан маданий мерос агентлиги) қонуний эга қилиб белгиланган. Оқибатда археологик объект икки хўжайин ўртасида сарсон-саргардон.

 

 

Камина Наманган вилояти Норин туманида Учтепа-2 ёдгорлигини мовий осмон остидаги туризм манзилига айлантириш учун олти йилдан бери курашиб келяпман. Объектни музейлаштириш учун давлат томонидан маблағ ажратилишига эришган бўлсам-да, у мақсадли сарфланишини қаттиқ туриб талаб қилаётганим сабаб арзимаган ишлар бажарилмай қолиб кетмоқда. Сираси, Учтепа-2 ёдгорлигини музейга айлантиришга бюрократик тўсиқлар имкон бермаётир.

 

Хитойда археология институтлари сони юздан ошар экан, бизда эса ҳатто иккита бўлишига ҳам қаршилик кўрсатиляпти. Масъул вазирликларнинг тушунарсиз талаблари Криловнинг оққуш, чўртанбалиқ ва қисқичбақа ҳақидаги машҳур масалини ёдга солади. Йўғини қўйинглар, майли, борини қўллаб-қувватлаш керак-ку! Чин юртида очиқ осмон остидаги музей-обидаларни бошқариш вилоят ҳокимлигига юкланган, уларда молиявий имконият ҳам катта. Бизда алоҳида ташкилот очилган-у, негадир унга соҳага бегона одамлар раҳбарлик қилмоқда.

 

Айрим ҳудудларда маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган қадамжолар фуқаролар ва фермер хўжаликлари томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ёвузларча бузиб ташланаётгани аниқланмоқда. Маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари бундай ҳолатларга муросасиз бўлмоғи лозим. Қонунда белгилаб қўйилган, ахир, археологик ёдгорликнинг муҳофаза зонаси камида 50 метр, ана шу масофагача ҳеч қандай иншоот, бино қурилмаслиги керак, тамом!

 

Узоққа бормайлик, биргина Тошкент шаҳрининг ўзида яқин йилларда элликка яқин қадимий археологик объект бор эди. Ҳозир улардан бир нечтасигина сақланиб қолган, холос. Уларнинг ҳам муҳофаза зоналарида осмонўпар иморат қурилган, каттагина қисми эгаллаб олинган. Пойтахтнинг 2300 йиллик тарихига гувоҳлик берувчи Шоштепа ҳалигача музей қилинмаганига нима дейсиз! Афсуслар бўлсинки, томошабин бисёр-у, жавобгар йўқ! Биз қанча бонг урмайлик, тегишли идораларга мурожаат қилмайлик, масъуллар миқ этмаяпти. Қатъий назорат ўрнатилмаса, қонунбузарларга жиддий чора кўрилмаса, яна талай осори атиқалардан айрилиб қолишимиз ҳеч гапмас.

 

– Халқимиз сизни наинки довруқли археолог олим, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол жамоат арбоби деб билади. Бир муддат (1990 – 95) парламент депутати ҳам бўлгансиз. Яқин ўтмишимиздаги илм-фанга оид муҳим воқеаларга жонли гувоҳсиз. Айниқса, Усмон Мусҳафи саҳифаларининг ғойиб бўлиши билан боғлиқ машмашалардан хабардорсиз. Гапни ушбу мўътабар қўлёзманинг Ватанимизга қандай келиб қолганидан бошласак.

 

– 1997 йилда ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган энг қадимий Қуръон қўлёзмаси – VII асрда ҳижоз хатида ёзилган Усмон Мусҳафи ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланаётир. Китобнинг юртимизга қачон, ким томонидан олиб келингани борасида турли тахминлар бор. Масалан, шайх Абу Бакр Қаффол Шоший Бағдод халифалари хазинасидан; шайх Убайдуллоҳ Хожа Аҳрор Валийнинг муридлари Султон Боязидни даволаб, эвазига Усмонийлар қўлидан; Соҳибқирон Амир Темур бобомиз Басрадан олиб келгани ҳақидаги ривоятларни эшитганмиз. Бу борадаги батафсил маълумотларни 2024 йил 14 декабрда журналист Рўзибой Қўлдош ижтимоий тармоқларда эълон қилганидан хабардорсиз, менимча.

 

Чор армияси Самарқанд шаҳрини истило қилганидан ке­йин (1869) Усмон Мусҳафи Петербургдаги подшоҳ кутубхонасига олиб кетилган эди. 1917 йили мусулмонларнинг талаби билан аввал Уфага, 1924 йилда эса Ўзбекистонга қайтарилади. Дастлаб Самарқанддаги Хожа Аҳрор Валий масжидида, 1930 йилда пойтахт Самарқанддан Тошкентга кўчирилгач, Ўзбекистон халқлари тарихи музейи фондида сақланади. 

 

 

Мустақилликнинг дастлабки йиллари мўътабар қўлёзма Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ихтиёрига ўтказилди. Орадан кўп ўтмай кўнгилсиз хабар келди: 353 саҳифали Мусҳафнинг 15 варағи йўқолибди! Ҳаммаёқда ваҳима бошланди. Устига устак, Лондонда ўтказилган ким­ошди савдосида унинг ҳар бир варағи 55 минг долларга баҳоланганини эшитиб ёқа ушладик. Шов-шув кўтарилди, текширувлар бошланди. Дунё музейларида бу ноёб китобнинг олтитагина нусхаси сақланар экан. Бошқаларга сўров юборилса, уларда бус-бутун турибди, биздагиси эса...

 

Ана энди томошани кўринг. Ким ўғирлаган, ким сотган, суриштирувларнинг бир учи менга келиб тақалса бўладими! Китоб сақланаётган жойдагилардан биров “бизга келтирилгунича йўқолган, Асқаров сотган”, деган гапни айтибди. Туҳмат балосидан асрасин, уят ўлимдан қаттиқ. Кутилмаганда мени қамаб қўйишди! Ҳуқуқ идораси вакилларига китоб музейдан олиб кетилаётганида 353 саҳифа тўлиқ қайд этилган ҳолда уч нусхада тузилган акт орқали қабул қилингани, ўша ҳужжат учта жойга тақдим этилганини айтдим. Ҳужжатнинг икки нусхаси йўқлигини эшитгач, асабларим янада таранглашди. Актнинг бир нусхасини Фанлар академиясига топширмай, шахсий архивимда сақлаётганим ҳам ҳатто хотирамдан кўтарилган экан. Учинчи кун, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, шу нарса тушимда аён бўлди, чўчиб уйғондиму акт нусхаси уйимда – архив-папкамда сақланаётганини билдирдим. Терговчиларга битта шарт қўйдим, яъни уйимга кишансиз олиб киришлари, акс ҳолда, оила аъзоларим, қўни-қўшнилар олдида шарманда бўлишимни айтдим. Квартирамга кирасолиб, тўппа-тўғри ижодхонамга йўл олганимни кўрган аёлим, фарзандларим остонада қотиб қолишди. Ишорамни тушунишди шекилли, жимгина кузатиб туришди. Актни топдиму ҳуқуқ идораси вакилларининг қўлига тутқаздим. Улар шу заҳоти, узр, домла, бизга ёлғон маълумот берилган экан, деб мени қўйиб юборишди. Орадан кўп вақт ўтмади, маълум бўлишича, ўша маҳкамада ишловчи тўрт киши тил бириктириб, ўн бешта варақни бир ажнабийга икки минг долларга сотган экан. Алалоқибат ўзлари шармандаи шармисор бўлишди, тегишли жазони олишди... 

 

– ХХ аср инсоният тарихига энг чигал давр сифатида кирганига шубҳа йўқ. Қайси ҳодисага қандай ракурсдан қараш масаласи ҳамон баҳсли. Масалан, Иккинчи жаҳон урушида фашистлар Германиясига асир тушган ватандошларимиз қисматини олайлик. Сиз энг қадимги давр тарихи билан шуғулланганингиз жамоатчиликка маълум. Шу билан бирга, бир замонлар ўта қалтис мавзу сифатида талқин этилган Туркистон легиони раҳбарларидан бири, ватандошимиз Боймирза Ҳайитнинг ярим асрдан сўнг Ўзбекистонга келишига сабабчи бўлган экансиз. Нега ўшанда ҳали шуҳрати сўнмаган шахс имкониятларидан (мен Туркистонимизга оид тарихий ҳақиқатларни очишни назарда тутаётирман) етарлича фойдаланилмади? Дарвоқе, қора бўёқ чапланган Легион аъзолари, сизнингча, ким эди? Чиндан ҳам, хоинмиди ёки?..

 

– Жуда мураккаб мавзуни кўтардингиз. Ҳақиқатан, Боймирза Ҳайит шахси, унинг чигал фаолиятига баҳо бериш ўша давр учун баҳсли масала эди. Мен у билан Германия Фанлар академияси фахрий аъзоси сифатида Берлинга катта бир анжуманга борганимда танишганман. Узоқ суҳбатлашганмиз. Ўшанда у Туркистон легионини тузиш, фашист мундирини кийишга мажбур бўлгани сабабларини сўзлаб берган. Алҳол, миллионлаб туркистонлик ватандошларни ўлимдан сақлаб қолиш ниятида шу ишга қўл урган экан. Гурунг асносида бир умрлик армони – она Ватан зиёратидан гап очган, мустақилликка эришган Ўзбекистон халқи ва унинг давлати нуфузини дунёга ёймоқ учун бор илми, салоҳиятини ишга солишга ваъда берган эди.

 

Яна бир нияти – Биринчи Президент Ислом Каримов билан учрашиш эди. Тошкент аэропортига келиб қўнган кундан бошлаб бу илтимосини ҳар дам такрорлашдан чарчамади. Афсуски, учраша олмади. Ўртадаги воситачи-маслаҳатчи меҳмоннинг сўровини давлат раҳбарига қай тарзда етказди – бу менга қоронғи. Боймирза Ҳайит менинг ҳамроҳлигимда Наманганга – ўзи туғилиб ўсган она қишлоғига бориб келди, кўплаб одамлар билан кўришди, лекин бирор оммавий ахборот воситасига ушбу унутилмас зиёрат ҳақида интервью беришга кўнмади.

 

 

Мени ҳалигача бошқа бир савол қийнайди: президент нега у билан учрашмоқни лозим топмади? Боймирза Ҳайит ўша кезларда ким эди? Бирор бир мамлакатнинг нуфузли арбоби бўлмаса, Иккинчи жаҳон уруши йиллари фашистлар мундирини кийган, устига-устак, шўро тарихчилари томонидан қаттиқ қораланган оддий олим... Мен бир мустақил давлат президентиман, ахир, деган мулоҳазаларга борган бўлиши мумкин-ку, тўғрими? Охир-оқибат уч ойга келган меҳмон юрак хасталиги сабаб 11 кун деганда яна ортга қайтиб кетишга мажбур бўлди...

 

Туркистон легиони аъзоларига келсак, назаримда, улар чин маънода хоин ёки сотқин эмас, балки тирик қолмоқ, жонини сақламоққа умид боғлаган бири қўрқоқ, бири қалби заиф кимсалар эди. Уларнинг бир қисми урушдан сўнг юртга қайтгач, кўп азоб-уқубат чекканини кекса авлод яхши билади. Қайтмаганлари эса бир умр Ватан дийдорига ташна яшаб, оламдан ўтди. Мен уларнинг айримларини хорижга хизмат сафарларига борганимда учратганман. Ўша кезлар юрт қадри нақадар улуғ эканига такрор-такрор имон келтирганман.

 

– Тарих – номи билан тарих, уни на ортга қайтариб бўлади, на-да ўзгартириб. Лекин, афсуски, ўзингиз ҳам гувоҳсиз, тарихнависликни ўткинчи мафкурага бўйсундиришдек сиёсий хатарнок босимлар туфайли тарихий ҳақиқатлар бузиб талқин қилинди. Оқибатда мозийни ўрганиш ва тадқиқ этишда иккиланишлар, чалкашликлар, хатоликлар рўй берди. Бундай қалтис ёндашувларга муносабатингиз қандай?

 

– Тарихни ўрганмоқдан мақсад ўтмиш хатолари ва ютуқларидан бохабар бўлиб, бугунги ва эртанги мўлжалларни аниқлаш, жамиятни бекам-кўст тараққий эттиришдан иборат. Инсоният ва унинг жамияти пайдо бўлибдики, уни бошқариш зарурияти мавжуд. Наинки мамлакат иқтисодиёти, ҳарбий қудрат, шу билан бирга, мафкура ва тарих давлат раҳбари бошқарув жиловини қандай тутишига боғлиқ бўлиб қолди.  Ҳозир ҳам жаҳоннинг буюк давлатлари Марказий Осиё мамлакатлари ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, мафкураси, ҳарбий жабҳасини назоратга олишга уринаётганини унутмайлик. Қудратли давлатлар устомонлик билан олиб борадиган ёпиқ тазйиқлар сиёсати ҳали-ҳамон амалда...

 

– Домла, бугун Сиз табаррук 90 ёшдасиз. Бу, албатта, ҳазилакам йиллар ва йўллар эмас. Етмиш йиллик илмий фаолият давомида эришган ютуқларингиз беҳисоб. Халқимиз тарихининг қоронғи саҳифаларини ёритмоқ йўлида қанча машаққатлар, заҳматлар чекдингиз. Ортда қолган залварнок давр силсиласию эврилишларини таҳлил этиб, қайси кашфиёт ва топилмаларингизни фахр билан тилга оласиз, қайсиларидан хижолат тортасиз? Ёш тарихчи олимларга қандай маслаҳат берасиз? Ниҳоят, умр хулосаларингизни ҳам билсак...

 

  Аввало, шундай кунларни раво кўргани, ато этгани учун Худойимга минг шукр дейман. Археология соҳаси равнақи йўлида илмий асосланган ўнлаб кашфиётлар қилишга муваффақ бўлдим. Лекин бугун улар орасидан фақат иккитасига қисқача тўхталсам кўнглим таскин топади. Сабабини кейин англаб етарсиз.

 

Биринчиси, мени илмий доираларда танитган илк кашфиёт бу сўнгги энеолит ва бронза даврига оид Замонбобо маданияти таҳлиллари эди. Тўғри, Замонбобо номи билан аталувчи қабристонни муҳтарам устозим, академик Яҳё Ғуломов 1950 йилда очган, аммо негадир бу ҳақда атиги битта илмий мақола ёзиш билан чегараланган. Аспирантлик давримда шу жойни тўлиқ ўрганиш домламиз тавсиясига кўра менинг чекимга тушди. Қадимги қабристоннинг ички тузилиши, марҳумларни сўнг­ги йўлга кузатиш маросимининг характери, даврий саналарга аниқлик киритиш, дафн этилганларнинг манзилини топиш ва уларни тўлиқ очишга эришиб, ушбу ёдгорликлар мажмуасини “Замонбобо маданияти” номи остида дунё археологиясига олиб киришдек машаққатли йўлни босиб ўтдим. Бу мажмуа элликдан зиёд давлат энциклопедиясида археология фани бўйича фундаментал илмий кашфиёт дея эътироф этилганини айтсам, мақтанишга йўймассиз.

 

 

Сополлитепа ва Жарқўтон ёдгорликларида олиб борган тадқиқотларим менинг асл ташриф қоғозим десам муболаға бўлмайди. Бу кўҳна манзилларни тадқиқ этиш асносида Ўзбекистонда ўтроқ деҳқончилик ва илк шаҳарсозлик маданияти, ипакчилик, пахтачилик, боғдорчилик, юксак даражада ривожланган металлургия ҳунармандчилиги, монументал уй-жойлар қурилиши, илк зардуштийлик ибодатхоналарини барпо этиш бронза давридан бошлангани исботланди. Энг муҳими, Сополлитепа маданияти мисолида ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи бронза даврига бориб тақалиши илмий асосланди.

 

Бу икки кашфиётга бежиз тўхталмадим. Боиси, унга қадар ўзбеклар чорвадор халқ, ўтов, ертўлаларда яшаган, ўтроқ ҳаёт тарзига кўникмаган, маданияти паст кўчманчи халқ деган сафсата кенг тарқалган эди. Сополлитепа ва Жарқўтон ёдгорликлари материалларининг талқини ва таҳлили асосида жаҳон тарихидаги ана шундай исботсиз қарашга чек қўйилди. Шунингдек, ўзбек халқининг ўтроқ суғорма деҳқончилик ва илк шаҳарсозлик маданиятининг пайдо бўлиши бир ярим минг йилга қадимийлаштирилди. Бу каби илмий кашфиётларимни эсласам, юрагимда ўзгача фахр уйғонади, тақдирим бой тарихимиз билан боғланганидан ифтихор туяман.

 

 

Хижолат тортишга арзирли сабаб бор, албатта: фарзандларимни ортимдан эргаштиролмадим. Бири математик, бошқаси физик, яна бири тадбиркор, бошқаси ҳуқуқшунос. Шукрки, фарзандларимнинг ризқи бутун, оиласи обод, бари ўз соҳасининг фидойилари бўлиб етишди.

 

Ўлкамизда ҳали яна қанча очилмаган хазиналар, археологик манзиллар ўз кашфиётчиларини кутаётир. Мени оғир ўйга толдирадиган, ташвишга соладиган муаммо битта: неча асрлардан бери асраб-авайлаб келаётганимиз – тарихий иншоотларни вайрон қилмай, талон-торож этмай келгуси авлодларга етказмоқ даркор. Яшаб ўтаётган ҳаётимдан албатта розиман, ношукрлик қилсам гуноҳ бўлади, ахир. Умр деганлари бир киприк қоққунчалик муддат экани рост. Мен илм ахтариб, ўқиб-изланиб кам бўлмадим, ўзимни маънавий жиҳатдан бой инсонлардан бири деб ҳисоблайман. Бойлигим – босиб ўтган заҳматли йилларим, хотиржамлигим, кашфиётларим, китобларим.

Тилагим, ҳар ким ўзига ато этилган умрнинг қадрига етсин!..

 

                                      Норқобил ЖАЛИЛ суҳбатлашди.

“Тафаккур” журнали, 3-сон

“Тарих – тақдирим менинг” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

14:09 / 11.09.2025 0 15
Чегарадаги одам

Адабиёт

16:09 / 10.09.2025 0 16
Афсонага айланган шоир





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 20892
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//