
...Жалолиддин мендан қочиб қутилди, аммо мен
Торобийдан қочиб қутулолмадим...
Чингизхон иқрори
Торобтепага бориш аввали сайёҳлар тилида “Лаби ҳаус” тарзида янграйдиган сўлим “Лаби ҳовуз” бўйида қўним топдим. Беш йиллар бурун бу ерга келганимда Афандининг эшак миниб турган ўша машҳур ҳайкали ҳовуз бўйида эди. Ўнг қўли кўксида, чапи билан танга тутиб турган Хўжа Насриддиннинг нега бундай тасвирлангани ҳақида ўша ерлик аҳолидан ажиб ривоят эшитган эдим. Эмишки, мол-дунёга муккасидан кетган бой бехосдан ҳовузга тушиб кетади. Хўппасемизни сувдан тортиб чиқаришга ҳеч кимсанинг чоғи келмабди. Шунда Афанди бойга “ма, ол... ма, ол...” дея тилла танга бермоқчи бўлиб, бойни сувдан чиқишга мажбурлаган экан. Буям бир нафс йўлидаги ҳийла-да.. Афсуски, бугун шундай афсонанинг моҳияти ерпарчин, Афанди эса эшаги билан ҳовузнинг бир четига “сургун” қилинган.
Аммо бу гал ҳам “Лаби Ҳовуз” ҳангомаларидан яна бирини тинглаб, тоза мириқдим. Подшоҳ Афандини мот қилмоқчи бўлиб, халқ олдида савол берибди:
– Хўжа Насриддин, сиз ниҳоятда закий одамсиз. Айтинг-чи, “Лаби ҳовуз”да неччи коса сув борлигини аниқ айта оласизми?
– Бош устига, – дебди Хўжа Насриддин хотиржам жилмайиб. – Агар косанинг катталиги шу ҳовузча бўлса, аниқ бир коса сув бор, подшоҳим...
Латифани инглизчада эшитган сайёҳ ҳам яйраб кулди.
Қамчи: Назаримда, тарихий обидалар муҳофазаси деганда иншоот ёхуд буюмгина эмас, унинг маданий тарихи, асотир-у афсоналари ҳам бирдек асралиши керак. Шундай эмасми?
“Торобтепа”га йўл
Хуллас, “Варахша”дан Торобтепага бориш учун Жондор туманига йўналдик. Йўлимизда муҳташам “Қиз-биби” мажмуаси ярақлаб кўринди. Ичкари кириб, салом-дуодан сўнг, қоровул билан суҳбат қурдик. Мир-Арабнинг вазири Содиқхон асл исми Мастура хоним бўлган Қиз-бибининг исмига атаб ажойиб ансамбл барпо этган. Қиз-биби суфий аёл бўлиб, ривоятларга кўра ибодатхонанинг бир қисмида ғойиб бўлган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу ерда аёллар уч кунлаб, ҳеч кимни кўрмасдан рўза тутиб, фарзанд сўрашади.
Эътиборимни деворга омонат суяб қўйилган кўҳна ёғоч дарвоза тортди. Қоровулнинг айтишича, у ХV асрга тегишли экан. Нақшларидан давр ўймакорлигини, бурама металл тутқичидан темирчиликни ўрганса бўлар, деган фикр келди хаёлимга. Аммо Бухоро музейларидаги унча-мунча экспонат билан жой алмаштирса бўладиган ноёб мерос, Навоийга замондош дарвозани бу қадар қадрсиз ва ташландиқ ҳолига изоҳ тополмадим.
Йўл юриб, Маҳмуд Торобий қабристонига етиб бордик. Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” асарида бу жой халқ тилида кичрайтириш, эркалаш маъносида “Таровча” деб ҳам аталишини ёзади. “Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати”да Тороб (китобда Тароб шаклида берилган – муаллиф) Бухородан қадимийроқ экани айтилади. Хуллас, “Торобтепа” – Бухоронинг машҳур қишлоғи, бир нечта Торобийларнинг боқий маскани қўним топган жой... Яна ўша машҳур Маҳмуд Торобий туғилиб ўсган, курашган, жон олиб, жон берган маскан, мозорот. Кўпчилик Торобий кимлигини мактабданоқ ўқиган ёхуд эшитган чиқар. Аммо унинг шахсияти, тарихи ва бугуни ўртасидаги ноаён ҳақиқатлар борлигини билмас, эҳтимол.
Таниқли адиб ва журналист Жаҳонгир Исмоилов қадрдон дўстига боришимизни айтган экан, ўша ерда кўришдик. Бутун умри ички ишлар органида кечган истеъфодаги полковник Ражаббой Очилов менда Бухоронинг чинакам жонкуяри сифатида таассурот қолдирди. Ражаббой ака Торобий ҳақидаги бўлар-бўлмас гаплар урчигани, ёш тарихчиларда синчи кўзи йўқлиги, билиб-билмасдан айтилаётган асоссиз фактлар телевизорда ҳам янграётганини ўкиниб айтди.
Биз билган қаҳрамон – асарларда...
Сиз-у биз ўқиган адабиётларда Маҳмуд Торобий шахсияти қандай эди-я? Биламиз, Иккинчи жаҳон уруши чоғида Ҳамид Олимжон Муқанна, Мақсуд Шайхзода Жалолиддин, Ойбек эса Маҳмуд Торобий қаҳрамонлигини мадҳ этувчи асарлар ёзишди.
Ойбек фашизмга бўлган нафратини “Маҳмуд Торобий операси”да (1941-йил 15-сентябр – 10-октябр) юқори пардаларда куйлади:
...Торобий: (Халқ байроғини кўтариб)
Енгди эл, енгди Ҳақиқат ва Ҳақ,
Душмандан озодмиз, ҳур бизнинг тупроқ.
Мангу пойдор бўлсин эл тутган байроқ!
Душманга омон йўқ, золимга кун йўқ.
Асло йиқилмайди эл тутган байроқ!
У ҳақида яна Рахим Воҳидов “Қасоскорнинг номи барҳаёт”, Асад Дилмурод “Маҳмуд Торобий” тарихий романини ёзди. Кўплаб илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Уларнинг аксарида Торобий мўғуллар босқинига қарши курашган халқ қаҳрамони сифатида гавдаланади.
Энди мавзунинг муҳим ва нозик томонига ўтсак. Маҳмуд Торобий замонида яшаган тарихчиларнинг асарларини ўқир эканмиз, йиллар давомида ўзбек ўқувчиси онгига сингдирилган халқ қаҳрамонлари кўзбўямачи, мунофиқ ва амалпараст кимсалар сифатида акс эттирилганига гувоҳ бўламиз.
Масалан, Алоуддин Атомалик Жувайнийни олайлик. У ХИИИ асрда Маҳмуд Торобий қўзғолон ҳақида ёзган илк тарихчилардан бири. Кейинги давр тарихчилари (Ҳамдуллоҳ Қазвиний, Вассаф ал-Ҳазрат, Фосиҳи Ҳафий, Шараф ад-дин Али Яздий, Мирзо Улуғбек, Мирхонд, Хондамир ва бошқалар) ҳам воқеалар тусини айнан Жувайнийдан олганига шубҳа йўқ.
Жувайний ўзининг “Тарихи Жаҳонгушо” асарида Торобий ҳақида шундай дейди:
– ...636 (1238) йилда Қисқичбақа буржида икки ёвузлик келтирувчи юлдуз кўринди. Мунажжимлар буни безовталик ёки ёлғон пайғамбарнинг пайдо бўлажаги тарзида шарҳладилар. Бухородан уч фарсах узоқликда Тороб деган қишлоқда ғалвирчи Маҳмуд исмли бир одам бор эди. Айтишларига қараганда, ниҳоятда жоҳил бу одам ўзининг пари ва жинлар билан алоқаси борлиги ва улар сирли нарсалардан хабар келтиришини даъво қилди...
Асарда Маҳмуднинг бу даражада шуҳрат топишига унинг синглиси асосий омил қилиб кўрсатилади.
– ...Бир куни Маҳмуд ғалвирчининг синглиси унга сеҳрбозлик қобилиятини англатгач, Маҳмуд бу ишни жуда аъло даражада бажара олишини ўйлади. У ўша оқимга кириб, шу маслакда жуда тез илгарилаб кетди ва қисқа замонда шон-шуҳратга эришди. Жоҳил халқ унга ишона бошлади, дардга чалинган ёки сурункали касалликка йўлиққанлар унинг кетидан чопа бошладилар. Тасодифан уларнинг бир нечтаси тузалди, бу эса унга бўлган ишончнинг ортишига ва даволанувчи беморлар сони кўпайишига сабабчи бўлди.
Мирзо Улуғбек ўзининг “Тўрт улус тарихи” асарида ҳам юқоридаги маълумотларни айнан келтиради:
– ...Ўша замонда рўй берган ғаройиб воқеалар ва ажойиб ишлардан Маҳмуд Торобий хуружи эдики, у туркларнинг товушқон йилига мувофиқ санайи 630-йилда фохира шаҳар Бухородан уч фарсаҳда жойлашган Тороб қишлоғида рўй берди.
Шу ўринда Мирзо Улуғбек ўз фикрини назмий ифодалайди. Биз унинг мазмунини келтирамиз:
– ...Сохта шер кўк сўфи кийиб юрарди, иккиюзламалиг-у айёрликнинг асосларини ирғитди. Фириб билан тутун тарқатди олчоқ, уларнинг саломи салавот-у рўзадан иборат.
Макр-у ҳийла билан зўҳд-у ибодат тариқини тутди. Жинсийлар менинг атрофимга йиғилсин ва менинг амр-у фармонимдан чиқмасин, деб даъво қилди. Бу сўзлар омма оғзига тушди-ю, тузалмас қўянчиқ ва бошқа касаллари бўлганлар унинг ҳузурига кела бошладилар. Тасодиф бўлиб бир-икки (касал)га тангри таоло шифо ҳам берди. Бошқа кўп сабаблар бўлиб, унинг шуҳрати ортди.
Жувайний Маҳмуд Торобийни ўз манфаатлари учун ҳокимиятга интилган, бу йўлда халқдан фойдаланиб, катта мол-мулк, ер-сувларга эга чиқишни мақсад қилган душман сифатида ёзади. Бадиий асарларимизда эса қўзғолоннинг юзага келишига бутунлай бошқа сабаблар асос қилиб кўрсатилади. Ойбек “Маҳмуд Торобий” драматик достонида зулмдан эзилган халқнинг қўзғалишига Чиғатойхон учун “беш-ўн ҳунарманд” ва “бир неча қиз” беришни талаб қилгани, шу номдаги либреттода эса вафот этган Чиғатойхон хонадонига мансуб “Улуғнинг қабрига тириклайин кўммак учун етти қиз” беришни талаб этгани халқни қўзғалишига туртки берганидан деб билади.
Шавкат Раҳмон ҳам “Маҳмуд Торобийнинг бир хоин юртдоши хусусида айтганларидан” номли шеърида айнан юқоридаги сабабга ишора қилади:
Ҳар нокас келар-у борини олар,
Қўйнида тўлғанган ёрини олар,
Қовушган қўлига кулиб қарар-у
Оғир нигоҳ билан зорини олар.
Жангчи шоир қаҳрамон атрофида қўл қовуштириб ўтирган касларни-да қаттиқ танқид остига олади:
Лоақал қовушиб қолган қўлингда
Ёвларга аталган бир тош кўрсайдим...
Қизиғи, бу ғалвали қозонда биргина Торобий қайнаган эмас. Муқанна шахсияти ҳам ана шундай маломатларга кўмилиб ётган тарихдир. Наршахий “Бухоро тарихи”да Муқанна (Ҳошим ибн Ҳаким) қўзғолони ҳақидаги ёзар экан, халқ оммасининг қўзғолонига сабаб бўлган Муқаннага лаънатлар айтади. Тарихчи Табарий ҳам Муқанна ҳақида тўхталиб, унинг илгари кудунггарлик қилганини, кейин эса кўзбўямачилик, сеҳр ва тилсим илмларини ўрганганини ҳикоя қилади. Ҳатто у кўзбўямачилик ортидан пайғамбарлик даъвосини қилганини-да очиқ-ойдин ёзади.
Нега Маҳмуд Торобий, Муқанна каби қаҳрамонлар тарихи бундай ёзилган, деган саволга айрим тахминлар бор, холос.
Улардан бири, менимча, Ислом нури Бухорои шарифни мунаввар қилаётган Х-ХII асрларда оташпарастлик таълимотига содиқ халқнинг эътиқод тўқнашувлари билан боғлиқ. Шунинг учун Наршахий “Бухоро тарихи”да ислом дини ва ўша даврнинг ҳукмрон тузумига қарши ҳар қандай ҳаракатларни кескин қоралайди. “Муқанна” қўзғолонига ана шу позиция натижаси сифатида қараш мумкин. Бу анъана, афсуски, кейинги тарихчилар қаламида ҳам барқ урди.
Иккинчи муҳим сабаб сифатида ижтимоий мансубликни, яъни ўзи истиқомат қилаётган мамлакат ёхуд ҳукмдор сиёсатини улуғлаш натижасини кўрсатиш мумкин. Айнан шу масалага бир қатор хориж олимлари эътибор қаратади. Уларда айтилишича, Жувайний тахминан 20 ёшларида мўғуллар хизматига кириб, умрининг сўнгги 20 йилида Чингизхоннинг набираси Ҳулогухон томонидан тузилган Элхонлар давлатида Бағдод ҳокими лавозимида фаолият кўрсатган. У ўз асарини ҳам сарой тарихчиси сифатида ёзган. Бундай шароитда унинг тўла эркинлик билан қалам юргизиб, ўз ҳис-туйғуларини очиқ-ойдин баён қила олмаслиги табиий эди, деган хулосага келинади.
Бу борада кескин хулосалар ҳам берилган ўринлар ҳам бор. Яна бир хорижий таҳлиллардан бирида Жувайний мўғул истилочиларига хайрихоҳ “мўғулпараст” қаторида санаб ўтилади. Франсуз тарихчиси ДъОссон уни ҳатто “ихтиёрий равишда” босқинчилар маддоҳига айланганликда айблайди. Юқоридаги икки ҳолат бизга шундай хулоса берадики, сарой муҳити, лавозим мажбуриятлари ҳамда мамлакат тарихини ёзишга қўйилган қатъий чекловлар тарихчиларнинг реал воқеаларни қоғозга туширишларига тўсқинлик қилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
***
Ниҳоят Торобий қабридамиз. Афсуски, қабристон анча йиллардан бери ташландиқ ҳолда ётибди. Кириш дарвозаси пештахтасида қуйидаги ёзув бор: Жондор тумани ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги “Маҳмуд Торобий” қабристони. Узоқдан кишини илкис ўзига жалб этувчи мозор дўппайиб кўринади. Унинг устига санчилган узун ёғочларда туғлар ҳилпираб турибди. Чиндан ҳам бу ер бир вақтлар торобликларнинг улкан истеҳкоми бўлиб, чингизийлар ва оддий ҳунарманд халқнинг қақшатқич жангларига гувоҳ бўлган.
Тепаликка чиқиб, атрофга разм соламан. Ҳар-ҳар ерда мудофаа девори қолдиқлари сақланиб қолган. Қабр атрофига диққат билан кўздан кечираман: Қаҳрамоннинг на ном-нишони, на бирор исми ёзилган тош ёхуд белги бор.
– Эслайман, бундан йигирма йиллар муқаддам қабрда қаҳрамоннинг номи ёзилган тош бор эди, – дея эслади Ражаббой ака. – Шуниям олиб ташлашибди чоғи...
– Эҳтимол, қабристонни обод қилиш йўлида каттароқ режа тузилаётгандир, – яхши гумонда бўламан ўзимча. Лекин интернет нашрларда бундан 4-5 йил олдин чиққан мақолаларда ҳам Торобий мозори қаровсиз қолаётгани ҳақидаги хавотирлар кўп бор ёзилган экан.
Ражаббой ака халқ ичидан чиққан, кўплаб машҳур олимларнинг суҳбатини олган одам. Ўзи ҳам гўзал шеърлар битар экан. Ўша куни унинг набираси Жавоҳир Қирғизистонда бўлиб ўтган халқаро олимпиадада математика ва ментал арифметика бўйича нақ чемпион бўлганини эшитиб ич-ичимдан ҳавас қилдим. Биринчи синф ўқувчиси бобоси ва бизга ҳамроҳ бўлди. Торобий ҳақида халқ тилида қолган кўплаб воқеаларни тинглар эканман, тобора ҳайратим ошаверди.
Ражаббой ака тилидан яна бир қимматли халқ оғзаки ижоди намунасини ёзиб олдим:
– Жалолиддин Мангубердининг Чингиздан қочиб оти билан дарёга сакрагани кўпчиликка маълум. Чингизхон шундай мард ўғли бўлишини орзу қилгани ҳақидаги афсоналар ҳам машҳур. Торобий билан ҳам шундай довруқли воқеалар бўлган. У ватанпарварлиги ва фавқулодда истеъдоди билан Чингизхонни кўп мушкулотларга солган. Буни торобликлар яхши билади. Чингизхон ахийри жанглардан ҳориб, шундай деган экан: – Жалолиддин мендан қочиб қутилди, аммо мен Торобийдан қочиб қутулолмадим...
Бу жуда юксак эътироф. Биз унинг шон-шавкатини мана шундай иқрорлардан тиклашимиз керак.
Қамчи: Ҳа, бу гаплар айнан жанг бўлиб ўтган жойда, Торобийнинг шундоққина мозори олдида айтилди. Бу қўзғолоннинг маъно-моҳияти Торобий шахсияти каби очилмаган қўриқ. Унга сал нарида нураб ётган мудофаа деворлари гувоҳ. Улар ўша замонда баланд ва ҳайбатли эди. Кираверишдаги қадимий қудуқ ҳам ўша давр суронларига қулоқ солган. Унинг ичидан бир қамиш ўсса-ю, Искандарнинг сирини ёйгандай кўрган-кечирганларини куйлаб берса...
Фактлар йўқолган ёхуд йўқотилган жойда кўпроқ назария ишлайди. Шундай экан, Торобий ҳақида шаффоф баҳсларга ҳали адабиёт майдони очиқ. Ғафур Ғулом домла бир замонлар олимларга қарата: “Сўфи Оллоёрни кўпроқ ўрганинглар, агар унда нимадир бўлмаганида Машраб уни қидириб борармиди” дея танбеҳ берган экан.
Торобий ҳақида ҳам шундай дегим келади. Унинг устози Шамсиддин Маҳбубий бутун шарқ дунёсида машҳур киши саналади. Энди айтинг-чи, шундай уламо бир хислати бўлмаса Торобийга раҳнамолик қилармиди? Ёинки Торобий манбаларда айтилганидек бефаҳм ва мансабпараст бўлса, халқ унга қалқон бўлиб турармиди? Торобий-Маҳбубий устоз-шогирдлиги Жалолиддин-Нажмиддин Кубро муносабатларини ёдга солди. Улар ҳам халқ ичида обрў топган, бирга жанг қилган юксак аъмоллик кишилар эди.
Жувайний ҳам Маҳбубий довруғини тан олади. Уни йирик тасаввуф шайхи ва ақоид уламоси деб атайди. Яна ёзадики: – ...Шамсуддин Маҳбубий қўзғолончиларнинг ғоявий раҳнамоси сифатида қўшин ва халқ ўртасида катта ташвиқот ишларини олиб борган. Улар мўғул босқинчилари ва улар хизматига ўтган маҳаллий маъмурларни ўлдириб, мол-мулкини бева-бечораларга тақсимлаб беришган. Бухоро бутунлай қўзғолончилар қўлига ўтган. Маҳмуд Торобий Робиа саройига жойлашиб, султон қилиб кўтарилган, бош садр Бурҳониддин унинг талаби билан Шамсуддин Маҳбубийни шаҳар садри этиб тайинлаган. Бу ишлар зўравонлик билан эмас, халқ хоҳиши билан амалга ошган. Хўжанддан Маҳмуд Ялавоч бошлиқ катта қўшин келиши ва ўртада қаттиқ жанг бўлиши, натижада ўша тўқнашувда Маҳмуд Торобий ҳам Мавлоно Шамсиддин Маҳбубийнинг шаҳид бўлиши ҳам бор гап.
Аммо Жувайний яна Торобий ўлими ва мағлубиятини ишониш қийин бўлган даражада асослашга уринади:
...Торобий хам аскар тўплаб, ёнида кийим-кечак ва севган хотини бўлгани ҳолда аввалги сафдан жойини эгаллади. Иккала томон тўқнашган пайтларида халқ орасида Торобийга қўл кўтарган кишининг қўли синади, деган ишонч кенг тарқалгани учун ҳамма унга ўқ отишдан қўрқарди. Лекин қарши томондан отилган бир ўқ келиб, тасодифан унга тегиши билан жон таслим қилди. Бошқа бир ўқ ҳам ёнидаги севгилисини бу дунёдан олиб кетди.
Қамчи: Инсон билимда чекланган, аммо тафаккурда эмас, деган эди замонасининг улуғи Алберт Эйнштейн. Шу мантиқдан келиб чиқиб фикр юритсак, айрим ҳақиқатларни юзага чиқаргандай бўламиз. Чингиз қўшинларини ҳолдан тойдирган, ҳатто мағлуб эта олган Торобийни бунчалар осон ва мантиқсиз ўлдириб юбориш ҳар қандай ўқувчида саволлар уйғотиши табиий. Шундай эмасми?
Жонинг борми, “Жондор”...
Устоз Жаҳонгир Исмоилов ва Ражаббой Очилов билан кечган суҳбатлар ҳеч тугай демасди. Мавзудан мавзу чиқаверди. Ичимдан Жондор марказидаги боғда қиличини қайраб турган Маҳмуд Торобий ўз мозорига ҳам бир келиб кетсайди, деган аччиқ юмор ҳам ўтди. Дарвоқе, Ражаббой ака Жондор тарихини ҳам Торобий билан боғлаб, ёш тадқиқотчилар учун ҳам калаванинг бир учини чиқариб қўйди. Мен шу баҳона ўндан ортиқ манбаларни титиб, бундай аъло тарихни учратмадим. “Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати”да Жондор сарой лавозимларидан бири бўлгани, Мовароуннаҳрда, хусусан қорахонийлар ва хоразмшоҳлар даврида ясовулбоши баъзан жондор ҳам дейилиши, Салжуқийлар даврида қўриқчилик ва жаллодлик вазифаларини адо этувчи жангчилар бошлиғи ҳам “Жондор” унвонига эга бўлгани келтирилган. Яна бир ўринда Бухорода жондор сўзи “жаллод” маъносида ишлатилиши, Жондор сўзининг “жонивор, тирик мавжудот” деган маънолари ҳам борлиги айтилади.
Аммо, назаримда Ражаббой Очиловнинг халқ тилидан олиб айтган қарашлари Жондорга жон бағишлагандай кўринди. Яъники, Маҳмуд Торобий халқни қонли жангга чорлар экан, уларга қарата қўлингизга қурол олинг, туринг, “Жон доре, жон доре” (“Жонинг борми?”) дея ҳайқиради. Шунда бутун халқ унинг сўзларини такрорлайди. “Жонинг борми” ҳайқириғи бора-бора халқ тилида “Жондор”га айланиб кетади.
Йўлбошида турарканман, борар манзилим узоқ, ахтарар ва айтар сўзим сероб кўринди. Бу юртнинг тўрт чақирим ерида шунча сир-синоат яширинган бўлса, қолган манзилларида бизни нелар кутаётгани ёлғиз Худога аён...
Сафарни ҳозирча Кошғарий бобомнинг “Девон”идаги ҳикмат билан якун қиламан: Тагиг оқруқин эгмас, тейизни қайгиқин букмас. Маъноси ажойиб: Тоғ арқон билан эгилмайди, денгиз қайиқ билан бекилмайди...
Бобур ЭЛМУРОДОВ,
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Тошкент-Бухоро-Тошкент.
Жараён
Адабиёт
Санъат
Маънавият
Тарих
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ