Фойдалилиги дунё тадқиқотларида тасдиқланган ўзбек халқ ўгитлари


Сақлаш
11:59 / 08.09.2025 13 0

Колумбиялик ёзувчи Габриэль Гарсиа Маркес Ақл ва донолик бизга зарур бўлмаган ёшда насиб этади, деган. Бу сўзларда чуқур ҳаётий маъно бор. Ёшликда ота-она ёки бобо-бувиларнинг насиҳатларига унча аҳамият бермаслигимиз табиий ҳол. Балки, ўшанда бу гапларда мантиқ топа олмаганмиз, ёки ёшлик шайтони руҳимизни бошқаргандир. Аммо йиллар ўтгани сари, ўша ўгитларнинг ҳақиқат эканини англай бошлаймиз. Масалан, ўзимнинг ҳам болалигимда кўп эшитган насиҳатларимнинг илмий жиҳатдан исботланганини кўрганимда, хаёлимда чақмоқ чаққандек бўлди. Мақолада айни шундай фанда исботланган боболаримиз насиҳатлари ҳақида сўз юритамиз.

 

Қушлар ухлаётганда ётиб, сайраётганда уйғон

Буюк Британияда 88 000 киши иштирок этган тадқиқотга кўра, энг мақбул ухлаш вақти соат 21:00–22:00 оралиғи экан. Худди шундай хулоса Кливленд клиникаси тадқиқотларида ҳам тасдиқланган. Қуёш ботгандан икки соат ўтгач, мияда мелатонин ишлаб чиқарилиши бошланади. У ухлашга тайёрлайдиган гормонлар фаоллашади. Агар инсон 6 соатдан кам ёки 9 соатдан кўп ухласа, уйқу тизими бузилади. Ухлаш организмни қайта юклашдек жараён бўлиб, у миядаги заҳарлар, ўлик ҳужайралардан халос бўлиш ва тана ҳужайраларини янгилашни таъминлайди. Кам ухлаш эса хотира сусайиши, диққат етишмовчилиги, иммунитет пасайиши, гормонал мувозанатнинг бузилиши ва эрта қаришга олиб келиши мумкин.

 

Эрта турган кишини Худо ўнглар ишини

Эрта ухлаб, эрта уйғониш – муваффақият ва соғлом ҳаёт сари ташланган муҳим қадам. Эрта уйғонган инсон соғлом нонушта қилишга улгуради, бу эса кун давомидаги фаолият учун муҳим энергия манбаи ҳисобланади. Нонушта қилмаслик эса ортиқча овқатланиш ва семиришга олиб келиши мумкин.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, эрта турган одамларда депрессия ва руҳий касалликлар кам учрайди. Эрталаб қуёш нури остида бўлиш Д витамини синтезини рағбатлантиради, бу эса организмда кальций сингдирилишини таъминлайди. Тананинг энг кўп Д витамини қабул қиладиган вақти қуёш чиққанидан одам сояси ўз бўйига тенг бўлгунгача бўлган даврдир. Шунингдек, тонгда ақл тиниқроқ ишлайди, инсонда ғайрат ва шижоат юксак бўлади. Эрта турган инсонларда ҳаётга муҳаббат, ўзини қадрлаш ҳисси кучлироқ бўлади. Тадқиқотларга кўра, узоқ умр кўрган инсонларнинг кўпчилиги эрта туришга одатланган.

 

“Иссиқ нонни еб бўлмас – егач танга зеб бўлмас”

Болалигимизда катталар “иссиқ нон ема” деб кўп огоҳлантиришган. Ўша пайтда бу гапни шунчаки “тилингни куйдирма” деган маънода тушунганмиз. Аммо яқинда Россиянинг “Новий очаг” илмий нашрида эълон қилинган мақолада иссиқ ноннинг салбий таъсирлари ҳақида сўз юритилди. Унда таъкидланишича, янги пиширилган нонни ошқозон ҳазм қилмайди, у ичакларда ачиш жараёнини кучайтириб, ортиқча газ ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, иссиқ нон одатда яхши чайналмай ютилади, бу эса ферментлар билан етарли намланмасликка, натижада, ошқозон шиллиқ қаватининг емирилишига сурункали гастрит ва яра касалликларига олиб келиши мумкин. Таъкидлаш жоиз, инсонлар иссиқ нонни юмшоқлиги боис суви қочган нонга нисбатан икки баробар кўпроқ истеъмол қилади. Бу эса ортиқча вазн тўпланишига олиб келади.

 

“Қовун есанг – саҳар е…”

Нега халқимиз қовунни айнан саҳарда ейишни тавсия қилган? Бу фақат анъана эмас илмий асосга ҳам эга. АҚШ Миллий тиббиёт кутубхонасининг маълумотларига кўра, қовун таркибида “бахт гормони” сифатида танилган серотонин моддаси мавжуд. Унинг саҳарда қабул қилиниши кун давомида кайфиятни кўтаришга ёрдам беради. Аюрведа таълимотига кўра ҳам организмни тозалаш учун тонг пайтида қовун истеъмоли тавсия этилади. Европада бу усул “қовун шарбати билан тозалаш” номи билан кенг қўлланилган. Буюк табиб ибн Сино ҳам наҳор пайтида қовун ва унинг уруғини истеъмол қилишни офтоб уришидан сақланишнинг самарали воситаси сифатида тавсия қилган.

 

Қовуннинг таркибида олтин, темир, калий, кремний каби моддалар мавжуд бўлиб, улар камқонлик, юрак-қон томир касалликлари ва ревматизмни даволашда фойдали. Саҳар пайтида қовун ейиш тери, соч ва ичак микрофлорасига ижобий таъсир кўрсатади, организмдан холестеринни чиқариб, инсонни “ёшартириши” ҳам мумкин.

 

“Эрталабки нонуштани ўзинг е, тушликни дўстинг билан бўлиш, кечки овқатни душманингга бер”

Бу машҳур халқ мақоли кўпчиликка таниш. Аммо, афсуски, кўпинча ишга кеч қолиш ёки иштаҳа йўқлиги сабаб эрталабки нонуштани қилмаймиз. Бу эса туш пайтигача кучли очликни келтириб чиқаради ва ортиқча овқат еб қўйишга олиб келади. Кўп ҳолларда эса кечки овқатни тўйиб еймиз ва бу саломатликка жиддий таъсир кўрсатади.

 

АҚШ Миллий тиббиёт кутубхонаси маълумотларига кўра, инсон организмда кун давомида муайян соатларда кўпроқ калория сарфлайди. Шуни исботлаш мақсадида Америка ҳарбийлари ўртасида тажриба ўтказилган: бир хил калорияли овқатни бир гуруҳ эрталаб, иккинчи гуруҳ эса кечқурун истеъмол қилган. Натижада эрталаб овқат еганлар ҳафтасига 1 кг озган, кеч овқатланганлар эса аксинча, вазн тўплаган. Яна бир тадқиқотда иштирокчилар икки гуруҳга бўлинган. Биринчи гуруҳ эрталаб тўйимли, тушликда ўртача, кечқурун енгил овқат билан таъминланган. Иккинчиси эса аксинча — кечки пайтда кўпроқ, эрталаб камроқ овқат олган. Уч ойлик тажриба давомида биринчи гуруҳ 8,5 кг озган бўлса, иккинчи гуруҳ бор-йўғи 3,5 кг вазн йўқотган.

Нега шундай фарқ юзага келган? Чунки тунда юрак уриши секинлашади, тана аъзолари фаолияти пасаяди, овқат ҳазм қилиш сустлашади. Кундузи истеъмол қилинган овқат эса гликогенга айланиб, танани энергия билан таъминлайди.

 

“Дастурхон бошида гаплашма” – қадимий ҳикматми ёки оддий таълим?

Эҳтимол, сиз ҳам болалигингизда катталардан “дастурхон бошида гаплашма” деган таълимни эшитгансиз. Ажабланарлиси шундаки, деярли бутун дунё аҳолиси овқат пайтидаги суҳбатни табиий деб билган бир даврда, нега ўзбек халқ урф-одатларида бу ҳолат маъқулланмайди?

 

Бу саволга фан жавоб беради – инсон сезги аъзоларининг тўлиқ ишлашини таъминлаш учун. Овқатланиш пайтида суҳбатлашиш, телефон ўйнаш ёки телевизор томоша қилиш инсоннинг диққатини таомдан чалғитади. Бу эса таъм ҳиссининг пасайиши, овқатни чала чайнаб ютиш, мия ва ошқозон ўртасидаги тўйинганлик сигнали узилишини келтириб чиқаради. Натижада инсон етарлича овқатланса ҳам, мия уни тўймаган деб қабул қилади ва яна еб қўйишга ундайди. Бу ортиқча калория ва ёғ тўпланишига сабаб бўлади.

 

Бирмингем университети тадқиқотчилари телевизор кўриб овқат еган гуруҳ иккинчи гуруҳга нисбатан икки баробар кўпроқ овқат истеъмол қилганини аниқлашди. American Journal of Clinical Nutrition журналида чоп этилган мақолада эса овқат пайтидаги чалғишлар – тез овқатланиш, хаёл суриш каби ҳолатлар ортиқча овқат истеъмолига сабаб бўлиши қайд этилган. Хулоса шундай: сайр қиляпсизми – диққатингиз сайрда бўлсин; овқатланяпсизми – диққатингиз фақат дастурхонда бўлсин.

 

Чойни нега “қайтарамиз”?

Халқимизда чойни қайтариш одати бор пиёлага уч марта қуйиб, чойнакка шунча соламиз, еттинчи марта пиёлага қуйиб меҳмонга узатилади. Бу одат шунчаки тасодиф эмас. Унинг замирида тозалик, тазарру, меҳмонга ҳурмат каби қадриятлар мужассам. “Сув етти юмаласа, ҳалол” деган мақол ҳам шу маънода айтилади. Илмий нуқтаи назардан олиб қаралганда ҳам, ер ости сувлари қум, тош, минерал қатламлар орқали айнан 7 босқичда тозаланади. Ҳатто ҳозирги замонавий сув тозалаш қурилмалари ҳам 7 босқичли фильтрация тизими асосида ишлайди.

 

Шунингдек, инсон организмида ҳам сув 7 марта “юмалаб” — яъни турли аъзолар орқали фильтрланиб, қонга сингиши аниқланган. Япон олими Масару Эмото сувнинг “хотираси” мавжудлигини исботлаб, у ҳатто инсон эмоциялари ва гапларига реакция билдиришини аниқлаган. Ёмон гаплар билан “таъна қилинган” сув зарарли шаклга кирган, бир неча бор қайта-қайта колбага қуйилиб ўтказилганда эса унинг зарарли таъсири йўқолган. Демак, халқимизнинг “чойни қайтараш”, “сув етти юмаласа ҳалол” каби таълимлари шунчаки анъана эмас, балки илмий асосларга эга ҳаёт меъёрлари бўлгани каби, бошқа “одатий” удумларимиз ортида ҳам фан тасдиқлаган ҳақиқатлар бор, дейиш мумкин. Фақат уларни ўрганиш ва унутмаслик керак.

Абдулла ЧИМИРЗАЕВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:09 / 05.09.2025 0 32
Ёзувчининг аёли





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 20792
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//