Санъат – қурол. Бизга қандай қўшиқлар керак?


Сақлаш
17:25 / 05.09.2025 12 0

“Қаерда сўзлар иш бермаса, мусиқа тилга киради” деган эди даниялик хассос ижодкор Ҳанс Крестен Андерсен. Дарҳақиқат, инсоннинг энг ички ҳислари, ҳатто ўзидан ҳам яширинган, энг тубда ётган асил табиатини куй орқали юзага чиқариш мумкин. Бежиз киносаноатда энг таъсирли лаҳзалар ёки воқеалар ривожини томошабинга ҳис қилдириш учун турли овоз эффектлари ҳамда соундтреклардан фойдаланилмайди. Бунга оддийгина, аммо энг таниш мисоллардан бири – Муроджон Аҳмедовнинг “Ўртар”и. Куйни эшитган кишининг хаёллари бир зум бўлсин Марғилон – Тошкент йўлларига, олис хотиралар туманида ғира-шира милтираб, ширин энтикиш қоришиғида симиллаган оғриқ берувчи ётлашган ёр тасвирига кетади. Асил санъат мана шундай – бир кунлик дофамин эмас, бир умрлик хотирот тўзонини уйғота оладиган кучдир.

 

Санъат – яхши қурол

Санъат одамларни бошқариш ва эргаштириш учун энг яхши воситалардан бир бўла олади. Собиқ иттифоқ даврида ижодкорлар учун махсус имконият-у имтиёзлар ҳам бежиз берилган эмас. Илло, бу орқали ичидан қонга ботган қаттол тузумни авом учун энг бахтли, шонли ҳам қудратли бир давлат эканига ишонтириш, уларни “порлоқ коммунизм сари” ундаб бориш осонроқ кечган. Бунга мисолларни қидирсак, оз эмас. Аммо, эскининг оғриғидан кўра бугунги кунда ҳам бундай маданий тарғиботлар мустақил юрт руҳига мосланиб, унинг тинчликпарвар ғояларига мувофиқ тарзда қайтадан йўлга қўйила олмаётгани оғриқлироқ. Ҳолбуки, буни бошқалар – бировнинг тинчини бузиб, бундан истиҳола этмаётганлар дўндириб эплашяпти. Яқинда ижтимоий тармоқларда кундамликка чиққан қўшиқлардан бири Татяна Куртукова ижросидаги “Матушка” (“Онагинам”)ни ҳам ана шундай асарлардан. Давомийлиги уч дақиқага ҳам етмайдиган ашула 2022-йил 24-март санасида оммага тақдим этилган. Санасига эътибор қилсангиз, Россия томонидан Украина ҳудудига “махсус ҳарбий операция” номи остида олиб борилаётган тажовуз бошланганидан роппа-роса бир ой кейинга тўғри келади. Тасодифни қаранг!.. Матнда ижрочи ўз ватанини шунчаки чиройли таърифлаш билангина чекланиб қолмайди, аксинча, уни босқинчи деётганларга мурожаат ҳам қилади – “Матушка-земля, белая берёзонька. Для меня — Святая Русь, для других — занозонька” (“Она тупроқ, оқ қайин дегани бошқалар учун бир чақиртикандек, аммо мен учун муқаддас Рус бу”) деган нозик, аммо пухта ўйланган ишора бор. Далалар, асалари-ю асал ҳақида қанчалар гапирилмасин, илдиздаги ғоя бутун сўзларга бирдек таъсирини таратаверади. Бу ашулада босқинчиликни оқлаш кайфияти бор. Аммо, шундай бўлса-да улар буни эплашган. Хўш, биз-чи?

 

Жаннат геолокациялари ёхуд биз қандай севамиз Ўзбекистонни?

 

Афсуски, биз бу борада ўзимизни кўпда аъломиз дея олмаймиз. Рост, бизда ҳам Аббос Убайдуллаев ижросидаги “Мутрабо”, Жасур Мирсагатовдан болалик хотираларини ёдга солувчи “Ўзбек боласи”, Юлдуз Усмонова томонидан куйланган “Ўзбекистон”-у, Озодбек Назарбековга бир вақтлар яхшигина олқиш келтирган “Болам дема Ватаним мени” каби бирмунча тошли-юкли қўшиқлар ҳам бор. Бироқ, бугунги кундагидек бутун дунё оёғи осмондан келаётган бир даврда асил ўзликни эсга солувчи, бизнинг бир миллат, халқ эканимизни англатувчи тароналарга эҳтиёжимиз ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ.

 

Мустақиллик ибтидосидан бугунга қадар яратилган қўшиқлар матнига назар соладиган бўлсак, юксак пафос, аммо пуч эътирофлардан иборат ашулалар каттагина қисмни эгаллаши тайин. Масалан, Гулсанам Мамазоитова ижросидаги “Ўзбекистон”ни бир қур назардан ўтказайлик. Иқбол Мирзо қаламига мансуб шеър асосида ижро этилган бу ашула Ўзбекистон ҳақида хорижда туриб фикр билдирувчи “эски олчоқ”ларга мурожаат тарзида бошланиб, катта иддаони – қандай яшашни яхшироқ билиш билан давом этади. Бир томондан бу яхши, дадил қадам – мустақил бир давлатга кейинги қадамларни кимдир ўргатиб, топшириқ бериши, албатта, хато бўларди. Аммо, лекин, бироқ… Унинг кейинги қаторларида ўша давр раҳбарининг “Ўзбекистон келажаги буюк давлат” қабилидаги сўзлари жаранг сочишни бошлайди. Айниқса, нақаротдаги “Агар жаннат кўкда бўлса, остидадир Ўзбекистон, агар жаннат ерда бўлса, устидадур Ўзбекистон” такрорида яширинган аллаловчи мазмун халқнинг қудратига эмас, қаноатига ишлайди.

 

 

Озодбек Назарбеков, Гулсанам Мамазоитова Абдурашид Йўлдошевлар биргаликда куйлаган “Шу азиз Ватан барчамизники”, Юлдуз Усмонова ижросидаги “Халқ билан бўл” ёки Жаҳонгир Позилжонов айтган “Жадидларим” ашулалари ҳам шу мазмундаги ижролар қаторига киритсак бўлади. Умуман олганда, “кўйлаклари гулли” қўшиқлардан кейин юрт, халқ ҳақида сўзлаш бу қадар осон бўлиши эриш туюлади кишига. Зеро, Ватанни севиш ҳам бир ибодат ва ҳеч вақт ибодатга покланмай туриб кириб бўлмайди

 

Йўқ эмас, бор

 

Гарчи юқорида халқимиз учун севимли бўлган айрим санъаткорлар ва ашулалар ҳақида кескинроқ фикр билдирган бўлсак-да, бу – ижод, ижод эркинлиги эса ҳар ижодкорнинг ўз танлови билан боғланади. Шунга қарамай, ўзбек мусиқий фондида қатор асил ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар яратилган ва яратиб келинмоқда. Бундай тароналар сафига юқорида саналганлардан ташқари Сетора гуруҳининг “Аждодлар руҳи”, Юлдуз Усмонованинг “Ўзбекистон”и, Севара Назархоннинг “Ватаним” таронаси, Шохрух ижросидаги “Ўзбегим”, Озодбек Назарбековнинг “Мендирман” каби қўшиқларини киритиш мумкин. Умид ва таскин берувчи жиҳат шуки, бундай намуналар яратилиши давом этмоқда. Айни дамда маданият вазири сифатида фаолият олиб бораётган Озодбек Назарбеков томонидан премера қилинган “Уйғон, ўғлим” таронаси ўз номи билан миллатни уйғотишга, илдизларини топишга ундовчи оҳанги билан ана шундай қўшиқлардан бўла олгани кишини қувонтиради.

 

Бундан ташқари, сўнгги вақтларда жонланиб бораётган Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган “Ватан” қўшиқлар тўплами ҳам фонотекани бойитиш учун хизмат қилади. Жами 6 ашуладан таркиб топган тўплам, ғоя муаллифларига кўра, ҳали биринчи қисм ва бу давомли бўлади. Ҳозир эса шу тўпламдаги қўшиқлар мазмунига бироз тўхталиш ўринли деб билдим.

 

Плейлистдаги “Ўзбекистон тақдирим” (“Сетора” гуруҳи) ва “Олға, Ўзбекистон”, (“Сетора” гуруҳи, Женисбек Пиязов, Шаҳноз, Фарруҳ Фазел ва хор жамоаси) қўшиқлари айни кунлардаги замонавий эстрада йўлида яратилган бўлиб, Ватанни севишга ошкора ундаши билан тўпламдаги бошқа ашулалардан фарқланади. Тақдимотда шипшитилган сўзларга қулоқ оссак, “Олға, Ўзбекистон” футбол бўйича миллий терма жамоамизнинг мундиалга чиққани учун махсус яратилган экан. Яхши, аммо бир нарсани унутмаслик керак – айни мавсумий мавзуларга бағишланган қўшиқлар кейинчалик урфдан қолиши мумкин. Ва балки аксинча, футболимиз мадҳиясига айланиб ҳам кетар. Буни вақт кўрсатади, албатта. Айтганча, ашулаларнинг бастакори ва сўз муаллифи Шаҳноз. Балки айни шу нарса – сўзларни бастакорнинг ўзи ёзгани сифатга, мазмунга таъсир қилгандир. Чунки тўпламдаги бошқа қўшиқларни яратишда лойиҳа ташкилотчилари сўз эгалари – шоирлар, ижодкорлар билан ишлаган.

 

 

Масалан, Давлатшох томонидан ижро қилинган “Миллатим” таронаси эса нисбатан баландроқ, ёш шоир Нурмуҳаммад Зоирга тегишли сўзлар туркий илдизлар, кучли тарих ва халқнинг уйғоқ фарзандлари оғриқларининг қоришиқ ифодаси билан кишини ўзига жалб этиб, хос кайфият уйғота олади.

 

Миршод Элов ва Ўктам Ҳакимбек муаллифлигидаги “Ботир Тангриқут”ни кишини тарихнинг энг қадим қатларига тортиб кета оладиган, ҳам миллий оҳанг, ҳам замонавий овозни бирлаштира олган ажойиб мусиқий асар дейиш мумкин. Баёнчилик шаклида айтилувчи мазкур қўшиқ ўз тингловчиси учун тинчлик учун нималар берилади-ю, эл-у эр шаъни қандай ҳимоя қилиниши кераклигини эслатади. Якунига томон мусиқий суръатнинг тезлашиши ва қадим турк халқларигагина хос урҳо садолари физиологик таъсир ҳам кўрсатади – тингловчи оҳанг таъсирига осонроқ тушиб, асил мақсадни ҳис қила олади. Бунинг учун бастакор Ўктам Ҳакимов ва шеър муаллифи Фаррух Жабборбекка ҳам миннатдорчилик билдириш ўринли бўлар эди.

 

 

“Ватан” қўшиқлар тўплами

 

Ва ниҳоят, яна бир шундай тарона Қосим Муинзода ва Ҳайринисо жуфтлигида яратилган “Она ерим” ҳисобланади. Шеър муаллифи сифатида жалб қилинган ёш шоир Муҳаммад Сиддиқ ҳам ўз вазифасини уддалаган. Қўшиқ муваффақиятларидан бири – ҳам ижрочилардан бири, ҳам бастакор бўлган Муинзоданинг қардош қозоқлар билан ишлаш тажрибаси эканлигида дейиш мумкин. Тан олиш лозим, қўшни эл миллий оҳангларни замонавий руҳда қайта ишлаш борасида анчайин илгарилаган. Уларга шунчаки четдан ҳавас қилиб қолмасдан, бўйлашиш борасида катта қадамлардан бири бўлган бу тарона Ватан, миллат, халқ руҳ-у кайфиятини сақлаш, оламга ёйиш истагида бўлган ҳар бир миллатпарварнинг мусиқалар рўйхатида бўлиши аниқ.

 

 

Умид қиламизки, ташкилотчилар лойиҳани давом эттиришади, кейинги сафар ҳам синалган, севилган муаллифлар билан ишлаб, Ватан ҳақида асил куй-қўшиқлар яралашига сабабчи бўлишади. Хулоса қилганда, ҳар бир ўзбек ижодкорининг жавони асил санъат асарлари билан бойиб бориши керак. Санъаткор фаолиятини ким молиялаштиришидан қатъи назар, у халқники, модомики, халқ уларни тинглаётган экан, масъулиятни бир зум бўлсин унутишга ҳақлари йўқ.

 

Камолиддин АЗЗАМ,

журналист

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:09 / 05.09.2025 0 12
Ёзувчининг аёли





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 20668
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//