
ХV аср охирида Муҳаммад Шайбонийхон Дашти Қипчоқда ҳокимиятни қўлга олиш учун қозоқ хонларига қарши шиддатли кураш олиб борди. Бу курашларда Муҳаммад Шайбонийхоннинг асосий рақиби қозоқ хони Бурундуқхон ва унинг укаси Қосим султон эди. Шайбонийхон ХВ асрнинг 90 йилларида Дашти Қипчоқнинг жанубида жойлашган Арқуқ, Сиғноқ, Ўтрор, Саброн каби қалъаларни эгалласада, Даштда тўлиқ ҳокимиятни эгаллай олмайди.
1498 йилда Шайбонийхон темурийлар қўл остида бўлган Туркистонни эгаллаш мақсадида турли ерларга тарқалиб кетган бобоси Абулхайрхон авлодлари ва амирларини ўз қўл остида бирлашишга чорлайди. Шундан сўнг Шайбонийхон дастлаб, Бухоро ва Самарқандни, сўнгра, Қарши, Ўратепа, Тошкент, Фарғона ва Хоразмни забт этади.
Амударёнинг шимолидаги ҳудудларни эгаллагач, Шайбонийхон кейинги ҳарбий ҳаракатларни Амударёнинг жанубига қаратади. Хусусан, 1506 йилда Балх, 1507 йилда эса Ҳирот, Машҳад, Нишопур каби Хуросоннинг йирик шаҳарлари Муҳаммад Шайбонийхон тасарруфига киради.
Муҳаммад Шайбонийхоннинг Туронни бирлаштириш йўлида олиб борган курашларида укаси Маҳмуд Султон ва жияни Убайдулла султон катта роль ўйнайди. Убайдулла султоннинг дастлабки ҳарбий ҳаракатларда иштироки, 1504 йилда Шайбонийхоннинг Аҳмад Танбал назорати остида бўлган Фарғонага юришидан бошланади. Аҳмад Танбалга Амир Хусравшоҳдан келиши мумкин бўлган ҳарбий ёрдамни тўхтатиш мақсадида Шайбонийхон укаси Маҳмуд Султонни Кешга юборади. Шу сабабли Убайдулла султон отаси ўрнига Бухоро қўшинига бош бўлиб, Фарғона юришида қатнашади.
Убайдуллоҳ султон Шайбонийхоннинг Хуросонни юришида ҳам фаоллик кўрсатади. У шайбонийларнинг энг номдор саркардаларидан бири эди. Ҳатто Хуросоннинг баъзи вилоятларини эгаллашда ва шайбонийларга қарши бош кўтарган темурийзодалар исёнини бостиришда Муҳаммад Шайбонийхон Убайдулла султонга алоҳида ишонч билдиради.
Хусусан, Шайбонийхон томонидан Бадиуззамон мирзо ва Музаффар Ҳусайн мирзолар мағлубиятга учратилиб, Ҳирот шаҳри эгаллангач, хон ўғли Темур султон ва Убайдулла султонни Машҳадни эгаллаш учун юборади. Машҳад яқинида бўлган жангда Ҳусайн Бойқаронинг ўғиллари Абулҳасан мирзо ва Кепак мирзо номи билан машҳур бўлган Муҳаммад Муҳсин мирзолар енгилиб, асир олинади ва Убайдулла султон томонидан қатл этилади.
Шундан сўнг улар ҳаракат байроғини Сабзавор томонга қаратади. Бу пайтда Сабзаворда Ҳусайн Бойқаронинг бошқа ўғли – Ибн Ҳусайн мирзо ҳокимлик қиларди. Темурий шаҳзода ўзбекларни Сабзаворнинг Якдар мавзесида кутиб олади. Икки тараф ўртасида қаттиқ жанг бошланади. Ибн Ҳусайн мирзо шайбонийлар қўшинининг майсара ва маймана қанотларига қаттиқ зарба бериб, уларни чекинишга мажбур қилади.
Убайдулла султон чекинаётган ўзбек қўшини йўлини тўсиб уларга: «Эй мардлар, қочманглар! Номусингиз ва шарафингиз этагини шармандалик чангига беламанг! Муҳаммад Шайбонийхон сизни ҳусну рағбат ва илтифотлар билан сийласин» дейди.
Убайдулла султон овозини эшитган ўзбек жангчилари ортга қочишдан тўхтаб, Ибн Ҳусайн мирзо қўшинининг марказига шиддат билан ҳужум қилади. Бу ҳужум натижасида Ибн Ҳусайн мирзонинг қўшини саросимага тушиб, чекина бошлайди. Ушбу жангда Убайдулла султон улкан жасорат кўрсатади. Ҳатто 16 марта жароҳат олади. Ибн Ҳусайн мирзо мағлубиятга учраб, жон сақлаш мақсадида Шоҳ Исмоил саройига қочиб кетади.
1507-1508 йилнинг қиш фаслида Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Муҳаммад Қосим мирзо қўшин тўплаб, Машҳад сари юради. Машҳад ҳокими Саййид Ҳодихожа Машҳаддан Марвга қочиб келади. Бу хабар Шайбонийхон қулоғига етгач, хон фармони билан Убайдулла султон Бухородан чиқиб, Муҳаммад Қосим мирзони даф қилиш мақсадида Машҳад сари юради. Убайдулла султон Марвга етгач, Марв ҳокими Қанбарбий ва Ҳодихожалар Убайдуллоҳ султон лашкарига қўшилиб, биргаликда Муҳаммад Қосим мирзога қарши уруш учун Машҳад томон йўл олади. Машҳадда бўлган жангда Убайдулла султон ғалаба қозониб, Муҳаммад Қосим мирзо асир олинади ва қатл этилади.
Шайбонийхоннинг Туркистон ва Хуросон минтақаларидаги ҳарбий муваффаққиятлари қозоқ хон ва султонларини қўрқувга солади. Улар Шайбонийхон жанубда барча рақибларини енггач, Дашти-Қипчоқни ҳам эгаллашидан қўрқиб Шайбонийхон Хуросондалигидан фойдаланиб, Бухоро ва Самарқанд атрофларига 3 маротаба талон-тарож мақсадида юришлар уюштиради. Бундан кўзланган мақсад Муҳаммад Шайбонийхоннинг ҳарбий қудрати ортиб кетишига тўсқинлик қилиш эди. Чунки ҳам шимолда, ҳам жанубда кураш олиб бориш Муҳаммад Шайбонийхонинг ҳарбий қудратини заифлаштирарди.
Қозоқларнинг шимолдан қилган юришлари Шайбонийхоннинг сафавийларга қарши юришларига тўғаноқ бўлади. Хон шимолдаги хавфни бартараф қилмай туриб, жанубга юриш қила олмасди. Шайбонийхон шу боисдан кўчманчи қозоқ қабилаларига қарши мураккаб ва оғир ҳарбий юриш қилишга мажбур бўлади.
Қозоқ қабилалари Дашти Қипчоқ чўлу даштларида кўчманчи турмуш тарзида ҳаёт кечирганлиги сабабли уларни фақат қиш фаслида, яъни қозоқлар қишлаш мақсадида бир жойга тўпланган вақтда тўлиқ мағлубиятга учратиш мумкин эди. Бундан ташқари қиш фаслида бутун Дашти Қипчоқ ҳудудини қалин қор қоплаб, ҳаво ҳарорати кескин совиб кетар, бундай шароитда душманнинг катта қўшин билан келаётганини билиш ҳам қийин бўларди. Қозоқ хон ва султонлари қиш фаслида катта қўшин ҳаракатланиши қийинлиги, даштнинг қаттиқ совуғи қўшин ҳамда унинг таркибидаги от ва туяларнинг қириб юбориши хавфи юқорилиги сабаб Муҳаммад Шайбонийхоннинг қиш фаслида уларнинг устига юриш қилишига ишонмаган.
Хуросон тўлиқ эгаллангач 1508 йил декабрь ойида Шайбонийхон Марв орқали Бухорога қайтади ва 1509 йил январь ойида Бухорода барча шайбоний султонларни, туронлик ва хуросонлик йирик дин уламоларини тўплаб, катта йиғин ўтказишга фармон беради. Бу йиғинда номдор шайбоний султонлардан Муҳаммад Шайбонийхоннинг тўнғич ўғли Муҳаммад Темур султон, Туркистон вилояти ҳокими Кўчим султон, Тошкент ва унинг атрофидаги ҳудудлар ҳокими Суюнхўжа султон, Ҳисори-Шодмон ва Чағониён вилояти ҳокимлари Ҳамза султон ва Маҳдий султон, Муҳаммад Шайбонийхоннинг Хонзодабегимдан туғилган ўғли Балх ҳокими Хуррамшоҳ султон, Фарғона водийси ҳокими Жонибек султон, Муҳаммад Темур султоннинг ўғли Хоразм ҳокими Пўлат султонлар иштирок этди. Хуросонлик уламолар орасида «Меҳмонномайи Бухоро» асарининг муаллифи бўлган Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон ҳам бор бўлиб, у бу асарини Шайбонийхоннинг қозоқларга қарши юришларига бағишлаган.
Шайбонийхон Бухорода Хуросонда эришилган ғалабаларга бағишлаб бир неча кун катта тантаналар уюштиради. Тантаналар давомида султонлар ва уламолар иштирокида илмий мунозаралар бўлиб ўтади. Байрам кунлари ниҳоясига етгач, Шайбонийхон олий насаб султонлар билан туркийча жонки деб аталган кенгаш ўтказади. Бу кенгашда қозоқларга қарши ҳарбий ҳаракат масаласи муҳокама қилинади. Қозоқлар Бухоро ва Самарқанд каби шаҳарларни талон-тарож қилиб, бу шаҳарларда истиқомат қилган одамларни ўлдиргани, уларнинг маълум бир қисмини эса қулга айлантириб ислом динининг аҳкомларини бузгани кенгашда кўтарилади (1507 йилда қозоқлар Бухорога юриш қилган вақтда 246 нафар мусулмонни қул қилиб олиб кетади).
Бундан ташқари, Муҳаммад алайҳиссаломнинг «Мендан кейин бир-бирини ўлдирадиган кофирларга айланманглар» деган ҳадиси ва қозоқларнинг бут-санамларга эътиқод қилиши ҳам рўкач қилиниб, уламолар қозоқларни кофир ва уларга қарши юришларни муқаддас бурч яъни фарз деб фатво чиқаради.
Шайбонийхон қозоқларнинг шимолдан келадиган хавфига бутунлай чек қўйиш мақсадида 1509 йил 27 январда қозоқларга қарши юришга отланади. Аммо бу юриш Муҳаммад Шайбоний қўшинига жиддий зарар етказади.
«Меҳмонномайи Бухоро» асарида қозоқлар ерларидаги совуқ қуйидагича тасвирланади: «….. Совуқ шунчалик қаттиқ эдики, ҳеч кимнинг қўлини енгидан чиқаришга ёки енгини шимариб олишга мажоли етмасди. Мўйнали этик ва ипак ўрамдаги оёқлар шу қадар музлаб кетганки, гўё мўйна ва наматга бир парча муз ўралгандай эди. Юзлар совуқдан шундай музлагандики, худди наматдан чиқарилган пўлат кўзгуга ўхшарди. Қировсимон узлуксиз томчилар ва буғлар билан қопланган ҳар бир соч толи баҳор гуллаган новдага ёки бошдан-оёқ оқ атиргул ва ясмин гуллари билан безанган пальмага ўхшаб кетарди. Кўзлар совуқ ва қаттиқ оғриқдан қондек қизарган, киприклар эса ўша қон кўли атрофига санчилган қуруқ тиканлардек эди. Қўл ва оёқ бармоқлари гўё олтинга ўхшарди, уларни эритиш учун қозонда узоқ вақт қиздириш керакдай. Тирноқлар совуқдан кўкариб, худди узукдаги ложувард тошга ўхшарди, гўё бу узук оёқ-қўлларга сокинлик ва ҳаракатсизлик муҳрини босгандай.
….. Аёз шу қадар кучли эдики, ўзбеклар ва туркистонликларнинг энг навқирон ва жўшқин йигитларидан биронтаси ҳам пўстин ва кийимидан қўлини чиқариб, отининг айлини тортолмас эди.»
1509 йил март ойи бошларида машаққатли сафардан сўнг ўзбеклар қўшини Қора-Абдол ҳудудига етиб келади. Бу жой қозоқларнинг қишлов марказларидан бири эди. Бу ерларнинг ҳукмдори Жониш султоннинг Аҳмад султон исмли ўғли бор эди. У катта қўшин билан Бухорога юриш қилган ва аввал айтилганидек, Бухоро ҳамда Бухорога туташ ҳудудларни талон-тарож қилганди.
Шайбонийхон қозоқларга қарши Убайдулла, Суюнхўжа ва Кўчум султон(Кўчкунчихон) бошчилигида қўшин юборади. Убайдула султон энг сара жангчилар билан қўшиннинг илғор (қўшиндан бир неча километр олдинда юрувчи айғоқчи қисм) қисмида боради. Жониш султон ўзбек қўшини яқинлашганидан хабар топгач, қўшин тўплашга киришади. Қозоқлар ҳам қуролларини қўлига олиб, ўз оилаларини ҳимоя қилиш учун жангга отланади. Уларнинг сони тахминан 100 мингга яқин эди.
Қозоқ халқининг урф-одати шундай: ҳар доим уларга ҳужум қилинганда, бир улусни ташкил этувчи барча уруғлар ва бир жойда турганлар ўз оилалари ва мол-мулкларини ҳимоя қилиш учун қурол-яроғлари билан тўпланади ҳамда ғайрат ва шижоат билан қиличларини ишга солади.
Қор ва муз билан қопланган майдонда ўзбеклар ва қозоқлар ўртасида қаттиқ жанг бошланади. Бу даҳшатли ва шиддатли жангда ўзбекларнинг ғалабаси аломатлари сезилгач, ўзбек аскарлари жанг тугамасданоқ талон-тарож қилиш ва ўлжани қўлга киритиш учун қозоқларнинг уй-жойлари ва мол-мулклари сари югурди.
Ўзбек жангчиларининг ўлжа йиғиш мақсадида тарқалиб кетиб, жанговар сафлари бузилганини кўрган Жониш султон мудофаа мақсадида сақлаб қолган моҳир жангчиларидан иборат қўшин билан тор сўқмоқлар ҳамда қамишзорлар орасидан ўтиб, орқа томондан ҳужум қилади. Жониш султон кўп сонли қўшин билан пистирмадан чиққач, унинг қаршисида Убайдулла султон пайдо бўлади. Қаттиқ жанг алангаланиб кетади ва душманлар Убайдуллоҳ султонни отдан ағдариб туширади.
Душман сони ортиб бориб, Убайдулла султонни ҳар томондан ўраб олса ҳам, Убайдулла султон чекинишни ҳаёлига келтирмай мардларча жанг қилади. Жангнинг энг оғир пайтида, яъни ўзбекларнинг мағлубияти деярли аниқ бўлган вақт Муҳаммад Темур султон бошчилигида Шайбонийхоннинг «чуҳралар» деб аталган хос навкарлари жанг майдонига кириб келади.
Шайбонийхон асосий қўшин қозоқларнинг Қора-Абдол мавзейига юришга отлангандан бир неча кун ўтиб, ўзининг хос навкарларини олдига тўплайди ва уларга ўғли Муҳаммад Темур султонни сардор қилиб, асосий қўшин ортидан юборади. 40 йилдан бери юзлаб жангларни кўрган Муҳаммад Шайбонийхон катта ҳарбий тажриба тўплаган, душманнинг ҳийласи ва навкарларнинг ўлжа йиғиш мақсадида ҳар томонга сочилиб кетиши жанг тақдирини ҳал қилганини кўп бора кўрганди.
Шу сабабли Шайбонийхон хос навкарларига Муҳаммад Темур султон буйруғидан асло чиқмасликни ва ўлжа йиғишга берилмасликни қаттиқ тайинлайди. Жангда қўлга киритилган барча ўлжалардан уларга тенг миқдорда берилишини билдириб, бутун эътиборини душманни тўлиқ мағлубиятга учратишга қаратишни буюради.
Янги кучларнинг қўшилиши ўзбекларнинг руҳини кўтариб юборади. Қозоқ аскарларининг сафлари бузилиб, ортга чекинишни бошлайди. Жониш султон қозоқларнинг олий хони бўлган Бурундуқхон юрти сари қочади. Отасининг жанг майдонидан қочганини эшитган Аҳмад султон ҳам отаси ортидан қочишни бошлайди. Аммо у ўзбек аскарлари томонидан асир олиниб, шайбоний султонлар олдига олиб келинади.
ХV аср 80 йиллари бошида Саброн шаҳри яқинида Жониш султоннинг ўғли Эренжихон Шайбонийхонга қарши юриш қилган вақтда Ҳамза Султоннинг акаси Алайка султонни ўлдирганди. Шу боис хун олиш мақсадида Аҳмад султон Ҳамза султонга топширилади. Ва у Ҳамза султон томонидан қатл этилиб, унинг боши қозоқлар устидан қозонилган ғалаба хушхабари сифатида Шайбонийхонга юборилади.
Хулоса қилиб айтганда, тарихда юз берган жангларнинг тақдири одатда лашкарбоши ва саркардаларга боғлиқ бўлган. Ўзбекнинг жасур, қўрқмас, моҳир ва уддабурон саркардаси бўлган Убайдулла султоннинг жангларда кўрсатган жасоратлари Шайбонийхон томонидан Туркистоннинг бирлаштирилишида муҳим роль ўйнаган. Убайдулла султоннинг фаолияти тарихини ўрганиш ўзбек ҳарб тарихи олдида турган долзарб муаммолардан биридир.
Абдуллоҳ Усмонов
ФА Тарих институти таянч докторанти
Санъат
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ