Ёзувчининг аёли


Сақлаш
12:09 / 05.09.2025 12 0

Дуода эслайдиган одамларим кўпайиб боряпти. Ўн, йигирма, ўттиз, қирқ... Кўпайиб, кўпайиб, охири ўзимиз ҳам дуода эсланадиган одамга айланиб қоламиз. Насиб қилганга қилади бу ҳам...

 

...Телефонлашганимизга кўп бўлгани йўқ эди. Таниш рақамдан қўнғироқ бўлди – “Носир Фозил” деб сақлаганман. Оқсоқол дунёдан ўтганига етти йилдан ошди, аммо аёли – Муборак ая ҳалигача ўша рақамдан алоқага чиқиб турарди.

– Устозингизга тегишли нима бўлса, ҳаммасини телеграмдан ташлаб беринг, – деди салом-аликдан сўнг.

 

Ҳали компьютер отлиққа орзу пайтлар эди, бир куни Носир Фозилов телефонда мени уйига чорлади. Аниқроқ айтсам, Муборак янга аввал ҳол-аҳволлашиб, кейин “Устозингиз гаплашмоқчилар”, дея боғлаб берди. Кўпинча шундай қиларди, энди эсласам. Бордим. Яп-янги ноутбук. Америкадан олдирибдилар. Энди уни ишга тушириш, хотирасига жамики материалларни жамлаш керак экан...

 

Оқсоқол бир умр замон билан ҳамқадам яшади. Янгиликларни мунтазам кузатиб борарди. Шунданми мия тиниқ ишларди. Тўқсонга кириб ҳам алжиб қолганини кўрмаганмиз. Ўқланган милтиқдек аскияга шай турарди. Лекин гапнинг обдовига қизиқиб, бачкана ва ҳаёсиз сўзбозликка ўтиб кетмасди. Ёзганида ҳам, айтганида ҳам ҳикмат бор эди. Шунчаки кулгили латифа эмас.

Носир оғадан сўнг “Дўрмон” ижод уйининг файзи йўқолгандек (балки бизга шундай туюлар). Ҳар йили кўкламдан кузга қадар янга иккиси қўш кабутардек боғни кезар, ўтгандан-қайтгандан гурунг бериб, устозлар меросини ёшларга етказар эди. Улар билан тенгдош яна бир ижодкор бўлар, ҳамма Носир оғанинг атрофида айланишидан ғашланар эди. Айб кимда? Сен ўзингдан заҳар таратсанг, асалариларнинг нодонлигидан қайғурмоқ жоизми? Бахт олишда эмас, беришда...

 

 

Ўтган йили Дўрмоннинг ишкомли йўлагидан борар эканман, катта арча тагидаги ўриндиқ ёғочлари янгиланганига узоқдан кўзим тушди. Доим шу ерда Носир оға ва Муборак ая тин олиб ўтирганини кўрар эдик. Таомдан сўнг сайрга чиқиб, дарахт соясида оёқ илардилар. Иккиланиш ичра қолдим. Жиҳозлар янгилангани яхши, замонавийлик ва қулайликка интилиш керак. Чириб ётган ёғочлар раҳбариятга обрў келтирмаслиги аниқ. Бироқ хотира, тарих деган тушунчалар бор. Биз тенгилар бу ўриндиқни Носир Фозилов билан боғлаб эслаймиз. Бошқа улуғларимиз ҳам дам олган, гурунг қилган бўлиши табиий. Ижод уйи адабий хотиралари билан қадрли эмасми? Акс ҳолда, шунчаки санаторийдан қандай фарқи қолади...

 

Хаёлан ўзим билан ўзим курашиб арчага яқинлашиб борардим. Харрак суянчиғига нимадир деб ёзиб қўйишибди. Одатда ўмариб кетилмаслиги учун эн солинади, кимга тегишли экани ўчмайдиган қилиб битилади. Шунақа бўлса керак. Анча яқинлашиб қолгач, ёзувни ўқиб кўнглим ёришди: “Устоз Носир Фозил ўриндиғи”. Бўлар экан-ку! Шу ишни қилганларнинг отасига раҳмат! Кунига ишкомли йўлакдан неча-неча киши ўтади. Бири эмас, бирининг нигоҳи ёзувга тушади. Носир Фозиловни, у киши орқали бошқа устозларни эслайди, ҳаққига дуо қилади. Адабий хотиралар уйғонади, адабиёт оламига кириб борилади.  

 

...Янги ноутбук деб чақирилганимда қизиқ воқеа бўлган. Янга қават-қават ўралган бир нимани қўлимга тутди. Флешка экан. Ўрам-ўрам елим халтани, сўнг қоғоз қутини, яна... Ортиқча эҳтиёткорлик боисини сўрадим. “Бу ўлгургаям вирус тушармиш-у...” Беихтиёр кулвордим. Тўғри, лекин одамга юқадиган вирусга ўхшамайди, дея тушунтирган бўлдим. Оқсоқол қаҳ-қаҳ уриб кулди. Ҳозир ғалати туюлади-ю, ўша пайти нуроний кампир тугул, навқирон жувонларнинг кўпи билмасди буни.

 

Олис хотираларни ёзяпман-у, ўйлаб қоламан: Муборак янга бир умр эрини қандай парваришлагани, қоғозга ўралган қанддек асраганининг рамзи экан флешка. Оқсоқол жуда ораста кийинарди. Кўзлари хира тортган пайтлари ҳам соч-соқоли кузалган, таралган бўларди. Бир қарашдаёқ қаров яхшилиги сезиларди. Ҳаммаси янганинг хизмати, албатта.

 

“Қозоқ солдати”ни ағдариб ташлаган ўзбек адабиёти солдати Носир Фозилов

 

Яна бир воқеа. Туркистон шаҳрида Миртемирнинг 100 йиллиги нишонланади. Тошкентдан Носир Фозилов рафиқаси билан боради. Адибнинг шимига чангми, лойми теккан экан, аёли машинадан тушаётиб буни пайқаб қолади ва рўмолчасини олиб, дарров артишга тушади. Фахрий меҳмонларни кузатиб турган икки қозоқ қардошимиз “Носир оғам Тошкентдан ўзи билан чангюткичини ҳам олиб келибдими”, дея ҳазил қилади... Нуфузли ташрифлар чоғи юксак мартабали жуфтликларнинг хатти-ҳаракатини томоша қилар эканман, ҳокисор янгани тез-тез эслайман. Ҳар гал оқсоқол ўша воқеани ҳикоя қилиб берса, яшнаб кетарди. Ўтган умридан розилик, умр йўлдошидан миннатдорлик, чин эркакка хос озгина худбинлик ҳам бор бунда. Муборак ая ҳам жилмайиб тинглар, аллақандай фахр туярди. Заррача оғриниш йўқ. Эри оламдан ўтгач, ёзган бир мақоласига киритди ҳам. Аёлнинг бахти севимли эркагига хизмат қилишида: аввал отасига, кейин эрига, сўнг ўғлига. Бунақа фалсафани айтсанг, ҳозиргилар дунёни бошига кўтаради. Чунки муҳаббат деб билганлари шунчаки ҳавас, биологик эҳтиёж... нари борса, тенг манфаатли келишув. Ўздан кечиб на севадилар, на севиладилар.

 

Яна йигирма йилча бурунга қайтаман. Носир Фозиловнинг навбатдаги китоби ворд файли устида ишладик. Матннинг баҳсли жойини, муҳаррирлик одатига кўра, сариқ рангга белгилаб қўйдим. “Ёшлар ёмон, – деди адиб, менга пишак дўқ қилиб. – Шу ерда ҳам сариқлигимни юзимга солади-я”. Устознинг аскияларда эсланадиган лақабига беихтиёр тегишиб қўйган эканман (Саид Аҳмад йўл патрул ходимини Носир Фозиловнинг сариқ касалга чалинганини айтиб “эритган”ини эшитган чиқарсиз).

 

...Оқсоқол 2018 йили оламдан ўтди. Шумхабар менга ёмон таъсир қилди. Чунки бир ҳафтача олдин гурунглашган эдик-да. “Ўлмайдиган одам” деган фиқра ёзиб, “ХХI asr” газетасига бердим. Бироқ ўша саволларга ҳамон жавоб топганимча йўқ:

“Ҳаёт ва ўлим, чегара қаерда? Жон нима? Руҳ-чи? Куни кеча сен билан фикрлашган одам бугун гапларинг­га қулоқ қоқмай жим ётади. Нима ўзгарди?.. Адоқсиз саволлар… Минг марта, миллион марта сўралгандир. Лекин бунга жавобан айтилган гаплар инсонни ҳеч қачон қониқтирмаган. Айниқса, кўз ўнгингдаги тирик жон қаро тупроқ мулкига айланганида… ҳар қандай фалсафий мулоҳазалар ҳам ўз аҳамиятини йўқотади. Ўзбек адабиётининг азим чинорларидан бири, салкам бир асрлик тарихимиз гувоҳи, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемирлар нафасини бугунги авлодларгача етказган улуғ зот Носир Фозилов вафоти ва бу машъум воқеадан бир неча кун олдинги гурунгимизни ўйласам, тириклик моҳияти тўғрисидаги уч-қуйруқсиз саволлар ёғилиб келаверади.

 

Ўладиган одам қанақа бўлади?! Наҳотки танамиздан “пуф” этиб учган бир нафас билан ҳаммамиз шунчаки лошга айлансак?! Бир қоп гўштга айлансак?! Ўладиган одам ­бугун бутун мамлакатни қамраган ҳаётбахш ислоҳотларнинг эртанги самараларидан тўлиб-тошиб гапириши мумкинми? Эҳтимол, беш-ўн йилда, балки чорак аср ё ундан ҳам нарида рўёбга чиқажак орзулар, мақсадлар хусусида тўлқинланиб сўзлаши-чи? Ўлимни бўйнига олган одам шулар ҳақида ўйлайдими? Ўлимни бўйнига олмаган одамни эса ўлдириб бўладими?! Унинг қаршисида ажал ҳам ожиз қолмайдими?! Оқсоқол ўз танасини кемираётган дарддан асло қайғурмас, қадим Туркистоннинг очиқ яраларига боғланган малҳамлардан қувонарди. Умри қардош халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида ўтган устоз адиб ва таниқли журналист Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Ҳуррият” газетасида айни шу мавзуда эълон қилинган суҳбати жамоатчилик орасида тилга тушганини эсладик. Устознинг бир парча қораламасигача авайлаб йиғиб юрадиган, ҳам котибаси, ҳам муҳаррири ­– умр йўлдоши Муборак ая шифохонадаёқ чўнтагидан флешка чиқариб қўлимизга тутқазди. Суҳбатнинг тўлиқ электрон нусхаси борлигини айтди.

 

Туркистоннинг чўнг ва чин ўғлонини янги йилнинг 14 январида тупроққа қўйиб келиб, ўша тарихий гурунгга яна бир бор кўз ташладим. Инсонни ўлдириш мумкин, аммо енгиб бўлмайди, дейилганда унинг моҳиятини ташкил этадиган ­– меҳр, муҳаббат, орзу, мақсад сингари туйғу ва тушунчалар завол билмаслиги назарда тутилган бўлса, ажаб эмас. Умрбоқий ғоялар билан яшаган зотнинг ўз умри ҳам боқийлигига ишонгинг келади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, Давлат мукофоти, “Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун” халқаро мукофоти (Қозоғис­тон) совриндори Носир Фозилов матбуотда ҳозиргача эълон қилинган энг сўнг­ги суҳбатида асосан беш масалага эътибор қаратган, жўяли таклифларини билдирган”.

 

Мақолага бош муҳаррир Норқобил Жалил “Беш бармоқ тугилса мушт бўлур” дея сарлавҳа қўйган эди. Бунда Марказий Осиё бирлиги назарда тутилган. Носир Фозилов кўзи тириклигида қардош халқлар ўртасидаги алоқаларнинг қайта тикланганини кўрганидан қувониб, бу жараён нафақат сиёсий, балки маънавий-руҳий эҳтиёжлигини, “халқ дипломатияси” расмий сиёсатдан ҳам кучли таъсирга эгалигини таъкидлаган. Туркистон давлатлари орасида ягона пул бирлиги (эҳтимол, “Осиё” деб аталар) ва ўртоқ алифбо масаласини кўтарган. Умумий тарихни ўқитиш ташаббусини илгари сурган, минтақа давлатларда “Турон тарихи” фанини жорий этишни таклиф қилган. Ҳар бир миллатнинг ўтмиши нафақат ўзига, балки бошқаларга ҳам тегишли эканини англатиш лозим. Чет элдаги ўзбеклар ҳақида қайғуриш давлат сиёсатига айланиши кераклигини уқтирган. Ўтган давр мобайнида бу эзгу ғояларнинг рўёби йўлида жиддий қадамлар ташланди.

 

Миртемирнинг машъум кунлари, 25 йил яширилган сир – Носир Фозилов хотиралари

 

Оқсоқолдан сўнг оила бошига оғир кунлар келганини ҳам қисқача айтиб ўтмасам бўлмас. Пандемия Фозиловлар хонадонини пароканда қилиб юборди. Ўғли Хондамир аканинг қирчиллама ёшда бевақт ўлими, кекса она ва болаларнинг уйсиз қолиши. Муборак ая бир муддат қариндошининг балконида жон сақлади. Келин эса фарзандларини олиб, отасиникидан паноҳ топди. Йил эмас, ой эмас, бир неча кунгина шундай яшашни тасаввур этиш қийин. Яхшиямки, яхши инсонлар бор. Уларнинг аралашуви билан давлат томонидан икки хонали уй совға қилинди. Носир Фозиловнинг тирикликда йиққат савоблари ўлимидан сўнг ҳам авлодларига асқатди. Муборак янга оилани танг вазиятдан олиб чиқмасдан, умр йўлдошининг ижодий меросини саранжомламасдан дунёни тарк этишни истамас эди. Тўшакка михланиб қолганида ҳам шу ҳақда қайғурди. Адибнинг кутубхонасини шогирдларига бўлишиб берди (энг муҳим китобларни набираларига қолдирди, албатта). Мавриди келганда, каминага ҳам муборак дастхатли манбалар насиб этганини мақтаниб қўяй. Ёзувчининг ҳаёти ва ижодига доир ҳужжатлар, қўзлёзмаларни музейга топширди, асарларини қайта-қайта чоп эттирди...

 

Шу август ойида Муборак ая билан бир-икки телефонлашдик. Мақола аввалида айтганимдек, Носир Фозиловга тегишли электрон материалларни телеграм орқали юборишни сўради. Ўзларида сақланган ва менинг ноутбукимда бор барча матн, сурат, аудио ва видео лавҳаларни икки йилча бурун учта флешкага уч нусхада ёзиб, олиб бориб берган эдим. Шуни эслатдим. Барибир юбораверинг, деди янга. Очиғи, беҳафсала бўлдим. Ишхоналар ўзгарган, компьютерлар алмашган. Қайси ҳард дискка ёзилгани аниқ эмас... хуллас, баҳона кўп. Мақола ёзиш асносида материалларни топиб, зиплаб, контактларимда “Носир Фозилов” деб сақланган, Муборак Фозилова расми турган аккаунтга юбордим. Кеч бўлса-да...

 

Жаноза пайти “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Нурилла Чори айтиб қолди. Муборак ая яқинда бир мақола ёзган, Абдулла Айизов эса матнини копмьютерга тушириб берган экан (барака топсин, отасига раҳмат!). Нима ҳақида, деб сўрадим. Сарлавҳаси зўр, деди ҳамроҳим: “Биз яхши яшадик”. Умр поёнида ҳар кимга ҳам насиб этмайдиган саодат, шу жумлани айтиш! Гўзал якун! Ҳар эркак хотинидан эшитишни истайдиган эътироф! Муборак ая охирги ойларда шифтга тикилиб ётаркан, Носир оға билан хаёлан узун-узун, ширин-ширин суҳбатлар қурганига ишонаман. Қуруқшоқ лабларида бир жумлани такрор-такрор айтган: “Биз яхши яшадик!” Елдай кечган йиллардан ризолик, шукроналик ифодаси, мазмундор ҳаёт хулосаси!

 

Фаррух ЖАББОРБЕК

 XXI аср газетаси, 35-сон

“Биз яхши яшадик...” мақоласи

 

Биз яхши яшадик

 

Мен таниқли ёзувчи, моҳир таржимон, улуғ инсон Носир Фозилов билан кечирган ёруғ, шодумон ва маҳзун кунларимни меҳр ва соғинч билан эслайман.

“Мен эсимни таниб, қўлимга қалам олганимдан бери улуғ устозларимнинг, ёру дўстларимнинг меҳру оқибатларини туйиб яшадим, мен уларни суюб яшадим. Ўзимдан кичикларни эса бошларини силаб яшадим. Уларга соғлом ижод тилаб яшадим. Ҳукуматимизнинг, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбариятининг елкамга қўйилган кафти ҳароратини ҳар лаҳзада, ҳар дақиқада, ҳар соатда сезиб яшадим. Кўнглимнинг арзон бахт ваъда этгувчи имо-ишораларига парво қилмай, нафсимнинг қинғир кўчаларига кирмай яшадим. Агар Яратган Эгам умр берса, бундан кейин ҳам шу зайл шукроналик билан яшаяжакман...”

 

Ушбу иқрорга бирорта ноўрин сўз, ноўрин фикр йўқ. Умр йўлдошим худди шундай шукроналик билан яшадилар. У киши учун ҳамма дўст, ҳамма биродар эди. Бир шогирди ўзи гувоҳ бўлган воқеани шундай хотирлайди:

“Носир аканинг уйи доим дўстлари, шогирдлари билан гавжум бўларди. Биз ҳаммамиз борардик. Бир гал борганимизда биз ёқтирмайдиган одам ўтирган экан. Шунда Носир акам нима қилади шу одамни чақириб, деб норози бўлган эдик. Энди ўйлаб қарасам, у киши учун ҳамма бирдек, одамларни яхши-ёмонга ажратмас экан. Шунинг учун у кишининг душмани йўқ экан”.

 

Ҳа, шундай. Уйимиз доим гавжум эди. Қозоғистондан, Қорақалпоғистондан, вилоятлардан келадиган ижодкор меҳмонларнинг кети узилмасди. Тошкентдаги шоир, ёзувчи укалари тез-тез бизникига йиғилишиб, адабий мунозаралар, мушоиралар ўтказишарди.

 

Ойбек домла, Ғафур Ғулом, Уйғун домла, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир домла билан ота-бола, Саид Аҳмад ака, Одил ака Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Ўлмас Умарбеков, Шукур Холмирзаев билан ака-ука бўлиб кетишганди. Бизникига келмаган шоир-ёзувчи қолмаган, десам муболаға бўлмас.

 

Носир аканинг ота-оналари ҳам, жойлари жаннатда бўлсин, бағри кенг, кўнгли тоза, меҳмондўст, меҳрибон одамлар эди. Қайнона ойимдан кўп нарсаларни ўргандим: одамгарчиликни, меҳмон кутишни, пазандаликни, айниқса, хамир овқатларни... Қайин синглим Зебинисо опа, қайин укам Суннатилло ака, овсиним Насибахон ҳам олижаноб инсонлар эди. Шунча йил бирга яшаб, бир-биримизга ҳамиша иззатда, ҳурматда бўлдик. Қўлимдан келганча хизматларини қилдим. Қариндошлар жуда меҳр-оқибатли эди. Тез-тез келиб туришарди. Мен шундай оилада яшаганимга Аллоҳга шукроналар айтаман.

 

Ҳамиша умр йўлдошимнинг ардоғида бўлдим. Ҳаётимиздаги хурсандчиликларни баҳам кўрдик. Қийинчиликларни биргаликда енгдик. Ижодда бир-биримизга кўмакдош бўлдик.

 

Носир ака устозлардан сабоқ олиб, баҳоли қудрат ижод билан шуғулландилар. Адабиётга, халқлар дўстлигига сидқидил хизмат қилдилар. Одамларга яхшилик улашдилар. Мен доим ёнларида бўлдим.

Ҳаётимдан розиман...

 

Муборак ФОЗИЛОВА,

адиба ва таржимон

 

 



Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 20668
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//