ХХ аср бошида юзага келган жадидчилик ҳаракати Туркистон халқларининг маърифатпарварлик ҳаракати ҳисобланиб, миллий-озодлик, мустақиллик учун дастлаб Россия империяси, сўнгра совет мустамлакачилигига қарши курашда муҳим ўрин тутади.
Дастлаб, Бухоро амирлигидаги маърифатпарварлик ҳаракатини таҳлил қиладиган бўлсак, Бухоро амирлигидаги жадидлар партияси (фирқаси), дастлаб “Тарбияи атфол” (“Болалар тарбияси”) махфий жамияти шаклида тузилган. Унга тараққийпарвар зиёлилар, савдогарлар ва шаҳар камбағаллари вакиллари кирган. Улар бошида мавжуд амирлик тузуми доирасида демократик ислоҳотлар ўтказиш, конституциявий монархия ўрнатиш орқали амирнинг мутлақ ҳокимлигини чеклаб қўйиш тарафдори бўлган. Аблулвоҳид Бурхонов, Мукаммил Бурхонов, Садриддин Айний, Усмонхўжа Пўлатхўжаев (Усмон Хўжа), Отаулла Хўжаев, Акмалжон Ҳамдий (Абусаидов), Ҳомидхўжа Меҳрий, Муса Саиджонов, Мирзо Сирож Ҳаким Ёш бухороликларнинг дастлабки ташкилотчилари эди. Кейинчалик унинг фаолиятида Фитрат, Файзулла Хўжаев ва Муҳиддин Мансуров катта роль ўйнашди.
Бухоро амирлиги ҳудудида дастлабки “усули савтия” – усули жадид мактабларинииг очилиши Садриддин Айний ва Мирза Абдулвоҳид Мунзим номлари билан боғлиқ. Садриддин Айний маълумотларига кўра, Бухорода татар муаллимлари очган усули жадид мактаблари мавжуд эди. Айний ва Мунзим ушбу татар мактабларидаги ўқитиш усулларини ўрганадилар ва ўз мактабларига татбиқ қиладилар: “Шундай қилиб, 1326 йил ҳижрийда шаввол ойининг ўнида (1908 йилниг октябрида) Бухоро шаҳрининг ичида Дарбозаи Саллоҳхона гузарида Мирза Абдулвоҳид уйида биринчи мартаба бухороликларга махсус усули жадида мактаби очдик. Бу мактабда икки ой мудлатид ўқувчиларнинг адади 12 га етишди. Лекин таълим тартиби ниҳоят даражада бузуқ ва бизнинг барчамиз усул ва қавоиддан (янгича ўқитиш қоидаларидан) хабарсиз эдик. Ичимиз таълим ва ислоҳ ўти билан ёнмоқда эди” (Радий Фиш, Рахим Хашим. Глазами совети. – М.: 1980. – С.134).
Бухоро жадидларининг, “Тарбияи атфол” жамиятининг ўз олдига қўйган улуғ мақсадларидан яна бири ўз матбуот органига эга бўлиши эди. Туркистон жадидлари “Тараққий”, “Хуршид”, “Шуҳрат”, “Тужжор”, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона” каби қатор газеталар нашр қилдилар. Улар Бухоро мутафаккирларига ҳам кучли таъсир кўрсатган эди. Жамиятнинг саъй-ҳаракати билан 1912 йил 11 мартдан тожик тилида “Бухоройи шариф”, 1912 йил 14 июлдан ўзбек тилида “Турон” номли газета нашр қилина бошланди. Бу икки газета нафақат Бухорода, балки бутун Туркистон ўлкасида ҳам катта эътибор қозонди. Мактаб ва мадрасалар ислоҳоти, “усули савтия” мактабларини тарғиб-ташвиқ қилувчи ўнлаб мақолалар эълон қилинди. 1912 йил сентябрдан “Турон” газетаси муҳарририяти Истанбул дорулфунунини битириб келган Ғиёс маҳзум Ҳусайний қўлига ўтди. Газета энди ҳафтада 3 марта мунтазам чиқиб турди. Уларнинг муштарийлари кун сайин бутун Туркистон ўлкасида ҳам кўпайиб борган. Бу ҳол мустамлакачи маъмурларга маъқул эмас эди, газеталарни ёпиш учун эса сабаб топа олмас эди. Бундай вазиятларда улар маҳаллий ҳукумат номидан иш кўрар эдилар. 1913 йил 2 январда Бухородаги рус элчихонасидан учинчи даражали амалдор Петров имзоси билан шундай фармойиш келди: “Бухоро амири жаноби олийнинг хоҳишлари билан ушбу кундан эътиборан “Бухоройи шариф” ва “Турон” газеталари нашри тўхтатилди” (Шарипов Р., Муҳиддинова Ф. Ўзбекистон халқлари сиёсий-ҳуқуқий таълимотлари тарихи. – Т.: “ТДЮИ”, 2004. – Б. 75).
Аммо шунга қарамасдан, жадид мутафаккирлари илм-маърифат йўлида қанчалик саъй-ҳаракат қилмасинлар, уларнинг фаолияти Бухоро шароитида шунчалик қаттиқ қаршиликларга учради, ҳатто улар азиз ҳаётларини хавф остига қўйиб ислоҳот ишларини амалга оширдилар. Жадидчилик ҳаракатининг ашаддий душманларидан бўлмиш Бурҳониддин Бухоро қозикалони мансабини эгаллагач, дастлабки ҳаракати “усули жадид” мактабларини ёпиш бўлди. “Усули жадид” мактабларининг биринчи бор 1909 йилда ёпилишида ва бу мактабларнинг бунёдкорлари Садриддин Айний ва Мирзо Абдулвоҳид Мунзимнинг Бухородан қувғин қилинишида ҳам шу Бурҳониддин бош-қош бўлган эди.
1914 йил 4 июлда Бурҳониддин қозикалон жадид мактабларини бадном қилувчи ва бу мактабларни тезда ёпишга қаратилган қуйидаги мазмунда Амир Олимхонга ариза ёзади: “Амир марҳум (амир Абдулаҳад кўзда тутилмоқда) даврларида уламонинг фатволари билан усули жадид мактабининг ҳаром ва бидъатлиги собит бўлиб, жаноби олийнинг амрлари билан ёпилган эди. Бир неча вақтдан бери яна муфсид жадидлар бош кўтариб, шаҳарнинг ҳар тарафида мактаблар очиб, халқнинг болаларини бузиб, фитна ва фасод қўзғатиб юрибдурлар. Агар жаноби олийнинг амрлари билан ушбу мактаблар тезлик билан боғланмаса, муллабаччалар бу бидъатни барҳам бермоқ учун ўзлари қўзғалишлари аниқдир. У ҳолда мамлакатда фитна ва фасодлар кўпайиб, давлати олийга зарар етиши эҳтимолдир” (Айний Садриддин. Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар. Асарлар. 8 томлик, 1-том. – Т.: 1963. – 252-253 бетлар).
1917 йил Февраль инқилобидан кейин Бухоро амирлиги ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун бирмунча ислоҳотга розилик билдиргандек ҳаракат қилди. Шу муносабат билан 1917 йил 7 апрель куни “Арки олий”да амирнинг олий фармони эълон қилинди. Фармони олийга бағишланган катта йиғинда Самарқанддан бухороликларни муборакбод қилиб, Туркистон жадидчилик ҳаракатининг карвонбошиси Маҳмудхўжа Беҳбудий маъруза қилди. Эртаси куни Бухоро жадидчилик ҳаракати намояндалари ислоҳотчилар қамоққа олиндилар. С.Айний ва Мулла Назрулло Лутфий 75 таёқ жазосига ҳукм қилиндилар. Мулла Назрулло Лутфий ушбу жазо туфайли ҳалок бўлди. Бу машъум воқеа муносабати билан ҳамдардлик изҳор қилган ёру биродарларга С.Айний “Вақт” газетаси орқали миннатдорчилик билдирган эди: “Бухоронинг маълум ҳодисалари вақтида Бухоро ҳукумати тарафидин 75 таёқ билан урилиб, ўлим ҳолинда Когон ҳастахонасига келтирилуб ўрунлаштирилишум муносабати ила ҳар тарафдин таниш-билиш, дўст-ошноларим мактуб ила иёдат қилдилар. Бу муҳтарам зодларнинг қайғусина хусусий жавоб ёзишга иқтидорим эришмаганлиги учун самимий ташаккурларимни арз қилурға мазкур газетангизнинг воситаси бўлувин ўтинаман. Эҳтиром ила мударрис С.Айний. Янги Бухоро, ҳастахона” (“Вақт” газетаси,1917 йил 10 май).
Жадидчилик ҳаракати Бухорода шиддат билан ривожланди, ҳатто унинг сиёсий босқичга кўтарилиши Туркистон жадидларига нисбатан олдинроқ кечди. Бу жараёнда айниқса, Абдурауф Фитрат, Файзулла Хўжаев ва бошқа маърифатпарварлар катта фаолият кўрсатдилар. Уларнинг бу ҳаракатлари ёшлари бағрикенглик ғояларини ривожланишига катта ёрдам берди.
Акмал САЛОХОВ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ