Тикланишини кутаётган тарих – Варахшага сафар


Сақлаш
17:16 / 26.08.2025 130 0

Бойчечакни тутдилар,

Тут ёғочга осдилар.

Қилич билан чопдилар,

Бахмал билан ёпдилар.

Қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак,

Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак.

Халқ қўшиғидаги бойчечакнинг ўрнига аввал Бухорони, кейин Варахшани қўйиб ўқидим. Бирда мунгли, бирда ўлмас ва ҳашамдор тарих гавдаланди кўз олдимда... Уларнинг изтироби, кўрган-кечирганлари бир бўлиб кўринди...

 

 

Мозий қаъридан ҳайқирдим – Бухоро...

 

Бу нуроний маскан VI-VIII асрларда Бухорхудотларга бошкент бўлди. Сўнгра Араб халифалигига, усмонийларга, қорахонийларга тобе бўлди, қонли жангларда янчилиб, мўғуллар измига ўтди. Вақт ўтиб, Темурийлар байроғи остида гуркиради, XVI аср бошларида Шайбонийлар тасарруфида яшади. Бухоро хонлик (амирлик)ка қаради, сўнг шўролар томонидан босиб олинди. Бухоро чиндан бойчечак кунини кўрди. Бугун эса у замбараклар тўпидан, ёнғину бузғунлардан ҳориб тин олаётган гўша... Хуллас, Муқимий домлага йўлида – “Бухорога қилдим юруш...”

 

Қўнимсиз Варахша

Илк борар манзилимиз йўлларига энтикиб кўз тикдик. Тонг саҳардан таниқли адиб ва журналист, устоз Жаҳонгир Исмоилов ҳамроҳлигида шаҳардан 40 чақирим олисдаги Бухородан-да мўйсафидроқ Варахша харобалари сари отландик. Йўл-йўл гурунгларимиз, зиёрату қўноқларимиз бир-бирига уланди. “Варахшанинг йўли ёмон, анча чўллашиб қоласиз” дейишларига қарамадик. Уловда бошда равон, сўнгра йўл териб юрдик. Бора-бора ернинг борлигига шукр ҳам қилдик. Телефон харитасидан Варахшанинг қўними (локация)ни излайман. Ҳар ҳолда кўз тиккан манзил чиқмади. Машина ойнасидан аҳён-аҳёнда учраган кишидан йўл сўраймиз. Ном-нишонсиз манзилни қандай тушунтириш мумкин: шу йўлдан кетаверасизлар, кетаверасизлар. Уёғини яна сўрайсизлар-да. Ўзи ойнадек йўлда бу масофа “ғув” этиб босиб ўтгулик. Аммо қуёш тиғидаги 40 чақиримли Варахша йўли...

 

Кетавердик, кетавердик. Атроф тап-тақир чўл, иссиқ ҳовур янтоқлар ғарамини юмалатиб-юмалатиб ўйнайди. Борган сари ёввойи қушлар, қулоққа нотаниш сайроқларга яқин бўлдик. Юракка оғир ботгани шу бўлди: Варахша шаҳар четидагина эмас, маънавий дунёмиз, ўзлигимиздан-да панароқда – қаровсиз ва ташландиқ ҳолда қолибди.

 

Машинани тўхтатдик. Сўнгсиз йўл адоғи, ўнқир-чўнқирликлар уловимизни тўлқиндаги кемадай чайқатгани-чайқатган. Устоз жилмайиб сўз қотди: “Сайр ҳам сайр, саргардонлик ҳам сайр”. Кайфиятни кўтаринг, Бобур ака (“Ака” дейиш устознинг эҳтироми эди). Ўзимга ўзим савол бераман. Нега афсонавий Варахша шу аҳволга келиб қолди? Манбаларда милоддан аввалги III аср ва милодий I-II асрларда бу шаҳар гуллаб-яшнагани айтилади. Улуғвор қўрғон бир-бирига туташган истеҳкомли қишлоқлар тарзида қад кўтарган. III-IV асрларда эса таназзулга учрай бошлаган. V асрда Варахша яна тикланиб, Бухоронинг қадимги ҳукмдорлари – бухорхудотларнинг қароргоҳига айланган.

 

Демак, вайрон бўлган шаҳар бир неча марта қайта тикланган. Ҳукмдорлар уни мустаҳкам ва қалин девор билан ўратган. Наршахийнинг ёзишича, йил охирида Варахшада оломон билан гавжум бозор йигирма кун қайнаган. Уни деҳқонларнинг Наврўзи, Янги йил деб аташган. Йил ҳисоби шу кундан бошланган.

 

 

***

Варахша ҳақида аввал Наршахийнинг “Бухоро тарихи”дан ўқидим. “Варахша катта қишлоқлар жумласидан бўлиб, Бухоро сингари эди. Айрим манбаларда Ражфандун деб ёзганлар. У Бухоро шаҳридан қадимийроқдир, у подшоҳлар турадиган жой бўлиб, мустаҳкам ҳисорга эга бўлган, чунки подшоҳлар уни бир неча марта мустаҳкамлаганлар. Унинг Бухоро шаҳрининг девори сингари девори ҳам бўлган. Ражфандун ёки Варахшанинг ўн иккита ариғи бор. Бу қишлоқ Бухоро деворининг ичкарисида жойлашган. Унда обод бир қаср бўлган, шундайки, гўзалликда уни намуна қилиб кўрсатар эдилар. Уни Бухорхудот бино қилган бўлиб, қурилганига минг йилдан ортиқроқ вақт ўтган. Бу қаср кўп йиллардан бери вайрон ва қаровсиз қолиб кетган эди. Хунукхудот уни қайтадан тузатди: яна вайрон бўлган эди Бунёт ибн Тағшода ибн Бухорхудот исломият даврида янгидан қуриб, ўзи учун тураржой қилиб олди ва ниҳоят, у шу жойда ўлдирилди...”

 

Кейин В.А. Шишкинга дуч келдим. У 1938–1939 йилларда Варахшадада археологик тадқиқотлар олиб бориб, 3 қисмдан иборат “Варахша”ни ёзган. Ҳарчанд қидирмай, китобнинг ўзбекча ўгирмасини тополмадим. Эҳтимол йўқдир. Унинг таржимаи ҳолига боқдим. “Бухоро воҳасининг қадимий маданияти масаласи”да номзодлик, “Варахша. Тарихий-археологик ўрганиш тажрибаси” мавзусида докторликни ёқлаган экан. Зарафшон, Термиз, Пойканд, Афросиёб меъморий ёдгорликларида ҳам унинг муҳим иштироки бор. Амир Темур мақбарасини очишда, Жарқўрғон минорасини текширишда ҳам жонбозлик кўрсатган. Улуғбек расадхонаси қазилмаларида, ҳатто “Тошкент маҳаллалари”да ҳам у бор.

 

Ўқиб билдимки, бир пайтлар бу шаҳарни намуна қилиб кўрсатишар экан. Бугун эса Гулханийнинг “Зарбулмасал”идаги бойқуш яшайдиган хароба қадар. Пахса деворлар устида узоқ туриб қолдим. 100 гектар чамаси чўзилган майдондаги улкан шаҳарни хаёлан тикламоқчи бўламан. Беихтиёр чор атрофдаги 20 чоғли ғишт заводи гўё салтанатга бостириб келаётган Чингиз лашкарларидай ёпирилишга тараддудланади. Девор ёнбошидаги трактор баллони изларидан аёнки, бу ерга оғир техникаларнинг қадами етган.

 

 

Кўнгил маъюс тортди. Шаҳарсозликнинг бебаҳо намунаси бора-бора қай бир тадбиркорнинг ғишт қозонида қайнамаса гўрга эди. Чунки сал наридаги тепаликлар аллақачон ковланган, тележка-тележка тупроқ завод тегирмонини юргизиб турибди. Шу кезда хаёлимдан ғалати ўйлар ўтганини ҳозир ҳам эслайман. Ўшанда негадир Варахшани бунёд этган Бухорхудотлар ҳақида эмас, бу култепаликка қайта ҳаёт ато эта оладиган замондошлар ҳақида ўйладим. Шаҳар ичида қуриб битган 12 канал ҳақида эмас, бир ариқ сув бошлаб кела оладиган фарҳодларни хаёл қилдим.

 

Хароба деворлар узра тепамда сор бургут қулоч ёзиб учади. Бу кенгликларда хоҳлаганча “сити” қурса, боғ-роғ яратса бўлади. Бирор тезюрар транспорт қатновини йўлга қўйиш ҳам мумкиндир. Тунда Варахша осмони юлдузларга тўлади. Шу осмон остида ястаниб ётган хазинани кўриш учун ҳам дунёдан сайёҳлар ёғилади... Мингйиллик девор оша ҳайқиргим келади: шу жойни обод қиладиган мард борми? Аслида бу кўҳна хитоб сомонийлар даврида ҳам янграган. Вайрон бўлган Варахшага келган Исмоил Сомоний қишлоқ аҳолисини тўплаб, шундай деган экан:

“Мен йигирма минг дирҳам (пул) ва ёғоч бераман, тузатинг! Харажатини ўз устимга оламан, унинг баъзи қисмлари ҳали ўз жойида, сизлар бу қасрни масжиди жоме қилиб олинглар!”

Афсуски, табиат ва руҳларга сиғинувчи халқ “масжиди жоме бизнинг қишлоққа тўғри келмайди, жоиз эмас”, дедилар.

 

 

Варахша деворидаги расмлар

Ҳозирда ўтмиши ҳашамдор бу қалъа деворларида бирорта ҳам тасвирий санъат намуналари қолмаган. Томи равоқсимон гумбаз шаклидаги хоналардан нураб бораётган пахса деворлар мерос. Наршахий ёзган навкархона ва дарвозахона ҳам йўқ. Варахша ҳукмдорининг саройи аллақачон кимсасиз қумтепага айланган. Бухорхудотларнинг “Шарқий зал”, “Қизил зал” деб номланган хоналаридаги маҳобатли деворий суратлар, филлар устидаги суворийларнинг афсонавий йиртқичлар билан курашиши манзарасини энди фақат тарихий манбалардан ўқиймиз, музейдаги деворий суратларда кўрамиз. Варахша деворларида фил устидаги шаҳзода, чокарларнинг қоплонлар билан олишуви, от минганча орқасига қайрилиб, камондан ўқ узаётган чавандоз тасвирлари бор. Яна бир суратда чавандоз чап елкасини юқори кўтарганча ортига тисарилиб ўқ узяпти. В. Шишкин назарида бу ов тасвири. Бизнинг олимлар эса буни Сиёвушнинг тангани нишонга олишига ўхшатади. Худди Алпомишнинг минг чақиримдан танга пулни ургани каби.

 

Дарвоқе, чопаётган от устидан орқасига ўгирилиб, камондан ўқ узаётган жангчи ҳақида икки оғиз сўз. Биласиз, Бухоро арабларнинг фатҳида эди. Айнан шу суратга монанд ўша даврнинг тирик гувоҳи, араб олими Абу Усмон Амр ибн Баҳр Жоҳизнинг “Фазоил ал-атрок” (“Туркий халқларнинг фазилатлари”) асарига юзлашамиз:

Туронликнинг орқага чекиниши ўлдургучи заҳар кабидир, чунки олдинга қандай аниқ маҳорат билан ўқ отса, орқага ҳам худди шундай ўқ ота олади”.

Араблар орасида туронликнинг тўртта кўзи бор, иккиси бошининг олдида, қолган иккитаси эса бўйнининг орқасида, деган ибораларида ҳам айни ҳақиқат бор.

Жанг тасвирларининг бўрттириброқ чизилгани ҳам гўё мантиқли. Жоҳиз тили билан айтганда: “Хорижий бир ўқни отгунча, туронлик ўнта ўқни нишонига уради...”

 

 

Бухоро ана шундай моҳир камончиларга эга эди. Тарихчи Табарий ҳам моҳир икки минг камончи ҳақида ёзади:

“Муҳаммад ибн Ҳафс менга шуларни сўзлаб берди: “Мен Убайдуллоҳ ибн Зайддан кўра жасурроқ кишини учратмаганман. Хуросонда бизни турк лашкари кутиб олди ва унинг қандай жанг қилишини ўз кўзим билан кўриб турдим. Убайдуллоҳ уларга ҳужум қилар, сафларни ёриб ўтар, кейин кўздан йўқолиб, бирдан яна қон томиб турган байроғини кўтариб чиқар эди. Убайдуллоҳ ибн Зиёд Басрага бошлаб келган бухорий камончилар икки мингдан ортиқ эди, улар ёғоч камонлар билан қуролланган энг аъло ўқчилар эди...”

Наршахий ва Шишкин тасвирларини ўзимча умумлаштираман. Варахша атрофи ташқи душмандан ҳимоя учун хандақлар билан ўралиб, сувга тўлдирилган 20 метрча баландликдаги арк. Шаҳристон деворлари эса 10 метрдан ошади.