
Бугун адабий майдонда китоб туркумлари чоп этилиши урфга кирди. Классик китоблардан замонавий адабий жараён вакилларига қадар бу анъана фаол қўлланяпти. Хусусан, ёшлар ижоди бўйича «Излам», «Акс», «Қанот», «Чиғаноқ» каби лойиҳалар ўқувчилар қўлига етиб борди. Шоира Кумуш Абдусаломованинг «Қанот» лойиҳаси доирасида чоп этилган «Чалғима» китоби мутолаасидан сўнг унинг ижоди, шу аснода бугунги адабий жараён ва ундаги хотин-қизлар шеъриятининг ўрни ҳақида айрим фикрлар пайдо бўлди.
Халқоналикка халқ оналик қилади
Кумуш Абдусаломова илк шеърлариданоқ халқона йўлдаги оҳанглари билан танилган. Адабиётимизга бундай усулни илк бор Усмон Азим ўзининг «Бахшиёна» туркуми билан олиб кириб, такомилга етказди. Шоир бахшиёнани алоҳида поэтик услуб даражасига олиб чиқа олган. Ундан кейин ёзилган шу йўлдаги барча шеърлар шу услубнинг турли даражадаги такрори бўлди холос.
Аммо Кумушнинг халқона термалари бахшиёна эмас. У халқ қўшиқларига поэтик ишлов беради, ўз туйғуларини ўша оҳангларга синтез қилади ва ижодий эксперимент натижасида янгича оҳанглар топади. Масалан, «Суст хотин» шеъри ёмғир чақириш маросимида айтиладиган терма йўлида ёзилган. Аввал заминга ёмғир сўраб қўшиқ куйлаган хотинлар энди йиғилиб, ғийбат бошлаб бир қизнинг кўзига ёмғир – кўзёш чақиради. Аммо тайёр лирик шаклга ўз фикрини жойлаш жараёнида шеърдаги ҳиссиёт, сезимлар ифодаси оддийлашиб қолади. Буни сезган муаллиф шеърда мўртлашган лирик оҳанг ўрнини ўйноқи қофиялар билан тўлдиришга уринади.
«Гул сайли» шеъри ҳам 5 бандлик шаклда ёзилган. Самимий лирик кайфиятдаги лирик қаҳрамонни ногоҳ оғир ўйлар қуршай бошлайди. Бирдан ер шарининг икки ярим шаридаги хавотирли воқеалар ҳақида ўйлаб кетади. Муаллиф ўқувчига бир воқеадан иккинчисига ўтишнинг сабабини кўрсатмайди, икки мавзуни боғловчи ташбеҳ, сатр, фикрларни келтирмайди. Бобдан ўрин олган «Қиз қўшиғи», «Ташқарида», «Ҳут келди», «Йўлларингга», «Кўнглимга» номли шеърларда ҳам шундай ҳол кузатилади. Мумтоз адабиётда ғазалнинг турли структуралари бор. Якпора мусалсал, воқебанд ва пароканда ғазал шундай турлардан. Ғазал мустақил байтлардан тузилган бўлса, унга пароканда ғазал дейилади. Кумушнинг халқона термалари ғазалнинг шу турига ўхшаб кетади. Бу ижодий ҳолатми ёки камчиликми, аниқ айтолмайман.
Шеърда биринчи банддан сўнгги сатргача ўзаро боғлайдиган тизгин бўлмоғи зарур. Кумуш бир оҳангни танлайди, бу халқ қўшиғидан сатр, бирор достондан парча бўлар, эҳтимол. Ўша оҳанг, сатр, парча, лирик қаҳрамоннинг турли-туман ўйларини боғловчи шероза (китоб варақларини бирлаштириб турувчи ип) вазифасини бажаради. Бу – шоиранинг ўзи танлаган йўл. Баъзан бу услуб ўзини тўла оқламаслигини таъкидлаш адолатдан бўлади. Лекин мазкур усул ўзини оқлаган ўринлар ҳам борки, уларга ҳам ўз баҳосини бериш адолат посангисини мувозанатга келтиради. «Кўнглимга» ва «Чалғима» шеърлари бунга мисол. Бу икки шеърда достонлардан улгу бўлган оҳанг ва сартлар бор, лекин ундан ташқари муаллифнинг ўз фикрий тизгини ҳам мавжуд. Бундан шундай хулоса қилиш мумкин: оҳанг, шакл шеърнинг муҳим компоненти, лекин унинг бадиий пишиқлиги ҳар доим ундаги фикрий изчилликка боғлиқ.
«Кўнглимга» шеъри Алпомиш достонидан олинган «Саманнинг сарига туш, ё олапоча тўрига туш, шапақнинг зўрига туш…» парчаси асосида дунёга келган:
Гулга туш, гиёҳга туш.
Товушлар кўп – оҳга туш.
Ёр ётган у чоҳга туш.
Бунча баланд кетибсан
Ёзил энди, оққа туш!
Алпомиш арқонни от бўйинига солиш учун отиб, қайга тушишини тусмоллар экан, шоира шу жараённи шеърнинг асосига айлантиради. Агар шоирнинг бадиий нияти фақат шу «тушиш» жараёнини тасвирлашдан иборат бўлганида бу шеър эмас, қофиялар уюмига айланиб қоларди. Лекин Кумуш аввалги шаклий экспериментлардан етарли хулоса олган, ўз услубини такомилга етказиш жараёнида. У шеърда «Кўнглим – манинг чилвирим» дейди. Демак, Алпомиш от бўйнига арқон отган бўлса, Кумуш ўз кўнглини оламга отяпти. Энди бу шеър Алпомишдан алоҳида, бу лирик кайфият Кумуш Абдусаломовага мансуб:
Самангамас, сарга туш!
Кўзга – шашқаторга туш.
Барига қўл силта ва
Бирга туш-эй, Борга туш!
Менинг ингичка кўнглим,
Менинг ингичка кўнглим!
Шеърда сир бўлиши керак. «Кўнглимда» арқоннинг аслида кўнгил экани сир эди. Шу сир шеърни шеър қилган.
«Чалғима» шеъри эса Гўрўғли достони сюжети асосида ёзилган. Гўрўғлининг онаси Ҳилолой ўғлига насиҳат қилади. Шоира уни шеърга солади:
Ер усти бойлиги кўзингникимас,
Ер ости бойлиги ўзингникимас,
Мозороти ер ости бойлигингдир,
Қабртошлар ер усти бойлигингдир.
Тилларидан шаккар етса, чалғима.
Шеърда шоира том маънода онага айланади, миллат фарзандларига қараб дуо қилади. Энди шеърда Гўрўғли йўқ. Унда миллатнинг ер усти ва ер ости бойликлари ҳақидаги фикрлар янграй бошлайди. Шунда бирдан шоира яна шеър сирини беркитиб қўяди. Мозорот – ер ости бойлиги, қабртошлар – ер усти бойлиги экан, қаранга. Боланинг оти Гўрўғли бўлгандан кейин унинг юрти мозор бўладида. Бу аччиқ истеҳзо, киноя ортида кўп гап бор, кўп гап.
Ёлғиз отсан, лекин дунё чангиди.
Гўрўғлима, уфқ дилим рангидир,
Озодмиз деб бунда кўплар чалғиди,
Озодмиз деб бунда кўплар чалғиди,
Сен бўйнингга ханжар етса, чалғима.
Шеър сўнгида улкан сир ўзини кўрсата бошлайди. Бу чангиб ётган дунёга ёлғиз отнинг қисмати 37 миллионлик ўзбек нуфусига оид экани аён бўлади. «Озодмиз» деб ўзини овутиб яшаш энди бизга тўғри келмаслигини шоир дадил айтади. Бу кайфият Кумуш Абдусаломова ва шу авлодга мансуб бошқа тенгдошларимиз ижодидаги муҳим жиҳат. Шоирлар озодликнинг ўзи етарли эмаслигини англаган жойида ХХИ асрдаги янги ўзбек шеърияти бошланди. «Озодмиз деб бунда кўплар чалғиди» деб айта оладиган авлод келаётгани адабиётшуносларимиз учун сигнал, назаримда. Энди ёшлар шеъриятига жиддий ёндашув керак. Шу кунга қадар адабиётимизда охирги сўзни 70 йиллар авлоди айтиб келди. Мустақиллик учун курашиб унга эришган шеърият энди нима ҳақда ёзишни, нима учун курашишни билмай қолди. Улар ёппасига кўнгилга беркинишни бошлашди. Шеърият ижтимоий фикр айтиш ваколатидан маҳрум бўлди. Ўзбек адабиётида мустақиллик йилларидаги ижтимоий-лирик кайфият 90 йиллардаги кайфиятга бўйлаша олмайди. Аслида тескариси бўлиши керак эмасми?!
Сўнгги йилларда юз берган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар баҳонасида адабий авлодлар яна миллатни уйғотувчи сўзлар айтишга жазм қила бошлади. Биз англаб қолдикки, озодмиз деб юраверсак, дунёда ёлғиз отдек чангда қолишимиз тайин. Ҳа, энди бизнинг авлод шоирлари мустақилликка шукр қилишдан чарчади, энди миллатнинг дунёга бўйлашини орзулаймиз. Дунёга мигрант етказиб берувчи мамлакатда яшаш шоирни изтиробга солади. Озодлик конституциядан, мустақиллик декларациясидан аввал руҳониятда акс этиши керак, тафаккур озод бўлмоғи зарур. Бугун адабиётимизда ана шу ҳақиқатни баралла айта олаётган Кумушлар бор. Бу ҳақиқатларни айта олиш учун шоир шахсияти баланд бўлиши керак. Ахир кўриб турибмиз, ижодининг бош мавзуси унвон олиш, уй-жой солиш, бирор каттаконнинг назарига тушиш илинжида қалам қитирлатиб юрган «эжодкор»ларни ҳам. Айрим шоирларимизнинг ёзганларини кўриб, уятдан юзимиз қизаряпти. Шоир қавми шу даражада обрўсизлантирилдики, бугун «шоир» деган сўз масхараомуз маъно ташиб келяпти. «Қуёш панели қурайлик», «инвестиция киритайлик» деган алжираб юрган кимсалар интернет оламида шоир сифатида тақдим этилмоқда. Буюк Рауф Парфининг:
Рўбарў келгандек гўё ўт ва сув,
Рўбарў келади шоир ва замон… деган ҳақиқати қайдаю, бу кимсалар қайда? Шоирлик мақоми шундай аҳволда экан, Кумуш Абдусаломова каби тенгдошларимиз ижодини кўриб кўнгил ўсади. Бу авлод яратадиган адабиёт бошқача бўлади, ишонинг, дейсан беихтиёр!
Адабиёт хонимлари ва шеъриятдаги аёл сиймоси
Ўзбек адабиёти тарихида аёл шоиралар авлоди шаклланишида Қўқон адабий муҳитининг алоҳида ўрни бор. Малика Нодирабегим шафелигида яратилган шоиралар давраси мумтоз адабиётимизда алоҳида гул боғчасидек гуркираб турибди. Лекин кўпчилик эътибор бермаган бир жиҳат бор: бу даврда ижод қилган шоираларнинг деярли барчаси ижтимоий муаммоларни дадил қаламга олган демократик адабиёт вакиллари эди. Увайсий, Анбар Отин, Дилшод Барно, Макнуна, ҳатто Нодирайи даврон ижодида исёнкор руҳ балқиб туради.
Замонавий адабиётда эса шеъриятимизнинг икки Ҳалимасига беллашадиган шахсият ҳали майдонга келмади. Аммо бугун буюк эналарнинг ортидан дадил майдонга чиқаётган Башорат Отажонова, Наргиза Одинаева, Кумуш Ўсарова, Мажнуна, Тилланисо, Гулрух Худоёрова, Мадина Норчаева, Меҳриноз Аббосова, Кумуш Абдусаломова, Шоҳсанам Нишонова, Феруза Хайруллаева, Нозима Ҳабибуллаева, Зулхумор Орифжонова, Гулҳаё Анорова, Нилуфар Эргашева каби кўплаб опа-сингилларимиз борлиги кишини қувонтиради. Улар шеъриятда аёл шахсиятини алоҳида адабий муаммо сифатида ўртага қўйишмоқда. Кўпчилик «шоирларни эркак-аёл деб айирмаслик керак, адабиётда жинс ажратилмайди» деб матал ўқишади. Бекор гап. Аёл ва эркак яралиш фитратига кўра бир-биридан буткул фарқ қилади. Ана шу фитратдаги айрилик лирик қаҳрамон қиёфасига бевосита таъсир қилади. Аёл киши ҳис қиладиган кечинмаларни эркаклар ёза олмаганидек, шоиралар ҳам ўз фитратидан узоқ тушмайди. Кумушнинг шеърларидаги лирик қаҳрамоннинг бир неча қиёфаси бор: фарзанд, она, опа, ёр, ижтимоий шахс ва ҳоказо. Ва уларнинг ҳаммаси бирлашиб, шоиранинг лирик қаҳрамони анча ижтимоийлашган, жамиятнинг юзига тик қарай оладиган аёл кўринишида намоён бўлади.
«Ўзимнинг достоним» шеърий туркумида шоира ўзининг севимли халқона терма услубида достонларимиздаги аёл образларига назар солади. Холбека, Зулхумор, Ойбарчин образлари билан боғлиқ достон эпизодларини шундай танлайдики, уларда маликалар ўзларининг ғурури, иззат-нафси, шарафини ҳимоя қилаётган ҳолати тасвирланади.
«Пичан ғарами ҳақида» номли шеър эса воқебанд характерга эга. Отаси бозорга кетаётган қиз мактабдан қолиб укасига қараб туриши керак бўлади. Лекин қизалоқ мактабдан қолишга кўнгли бўлмай, укасини қўшнининг боласи билан қолдириб, мактабга жўнайди. Шум болалар эса отанинг йил бўйи тўплаган пичанларини ёқиб юборади. Шоира эса бундан кутилмаган бадиий хулоса олади:
Дада, бола эдим, маъзур тутасиз.
Ярамни тирнадим, мана қонади.
Ўша воқеадан олган хулосам:
Қизлар мактаб борса, пичан ёнади!
Бу хулоса билан шеърни якунлаш мумкин эди. Лекин шоиранинг ҳаётга, одамларга берадиган саволлари бор эди. Бу саволлар шеърнинг яна бир поғона юқори даражага олиб чиқади:
Дада, қанча қиз бор – нурдан бебаҳра.
Аён – илм эмас ҳўплаганлари.
Қизлар илм олса, оталарининг
Ёниб битадими тўплаганлари?
«Улжой Туркон оғо» шеъри эса ўзбекюртдаги аёл сиймосининг кечмиши ва бугуни ҳақида сўзлайди. «Темур тузуклари»дан илҳомланиб ёзилган асарда саргардонликда юрган Темурбек ёнидаги бир неча шериги билан кетиб бораркан, ўзининг отига жуфти ҳалоли Улжой Туркон оғони миндириб олгани айтилади:
Бу жойнинг эрлари ҳеч қачон
Ёлғондан қасамлар ичишмас.
Ўлдирса, ўлдириб кетару
Ёрини қолдириб кетишмас –
Бу жой Турон, оғо!
Лекин тарих эврилди. Аёллар чимматини ташлади, эркаклар билан бир сафда меҳнат қила бошлади. Ўзининг зулматли тунлари тонгга эврилишини кутаётган ўзбек аёли ёруғлик кўрдими?
Аёллар қўллари қабарган.
Ўхшамас муҳтарам, мўътабарга.
Елкалар устида хуржунлар
Эрлари отланган сафарга.
Улжой Туркон оғо!
Дилда бир ибора ётибди.
Айтмасам кўнгилга ботибди.
Эрлар ёвдан эмас,
Душмандан эмас,
Йўқчиликдан қочиб бораётибди.
Бу жой Турон, оғо.
Мана бугуннинг ҳақиқий манзараси. Қанчалик аччиқ бўлмасин, қанчалик фожиали бўлмасин, бир замонлар эрига совут бўлган аёллар бугун елкасига тирикчилик, рўзғор юкини олишга мажбур бўлмоқда. Бугунги фожиа ва Соҳибқироннинг аёлига кўрсатган эҳтироми ўртасидаги контраст шеърнинг асосини ташкил қилган.
Янгиланиш эҳтиёжи
Адабиётнинг янгиланиши ҳақида сўз кетганда, яна Рауф Парфига мурожаат қиламиз. Донишманд шоир «адабиётимизни туркчилик руҳи янгилайди», дея башорат қилганди. Бугун Турон ҳақида шеър ёзмаган шоир қолмади, ҳатто бу сўзнинг шеърларда андак сийқаси чиқа бошлаганидан менда аллақандай қизғаниш ҳам пайдо бўляпти. Чунки уларнинг аксарияти популистларча чақириқ тўнига ўралгани сезилиб турибди. Кумушнинг туркона руҳдаги шеърларида эса халқона оҳанг ва ижтимоий-сиёсий ва лирик кайфият омихта бўлиб кетади:
Маликайи Турондодим,
Эртакдан чиқ,
Бўй-бастингни
Бир кўриб қўйсинлар токи.
Эртакдан чиқ,
Энди бу халқ
Эртакларга ишонмайди.
Кумуш ижодида миллат мавзусининг сарҳадлари анча кенг. Инглиз тилидаги “To be”, яъни “бўлмоқ” феъли ҳақидаги шеърида “To be ” ни “тобе” деб талаффуз қиладиган, бунинг ортидан устозидан дакки эшитадиган, лекин шу тилни ўрганмаса, ўқишга кира олмаслигини ўйлаб сиқилиб юрган абитуриент қизнинг кечинмаларини баён қилади:
Мен ўзи шундоғам тобеман.
Мендан она тилим, ранжима.
Дунёда нима гап бўляпти –
Ҳаммаси таржима!
Мен ўзи шундоғам тобеман.
Ўзимнинг тилимга монеман.
Дунёнинг иқлими уларга боғлиқ.
Мен эса шунчаки сомеман.
Яна бир жиҳат борки, «Чалғима» китобини варақлаш орқали Кумуш Абдусаломованинг кутубхонасига кириб борасиз, унинг мутолаа доираси шеърлардаги мавзу кўламидан яққол кўриниб туради. Ўрхун-Энасой битиклари, «Хамса», «Бобурнома», «Темур тузуклари», жаҳон адабиёти класциклари ва халқ достонларининг улкан хазинаси… Муаллиф уларни шунчаки мутолаа қилмайди, ҳар бир маънавий обидадан биттадан шеър билан қайтиб чиқади. Ҳайратларини поэтик тафаккур чиғириғидан ўтказиб, ўқувчига тақдим этади.
Суҳроб ЗИЁ
Санъат
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ