
Тарих
Дисней болалик тасаввурларимизга ажралмас образлар берган: улкан қалъалар, ранг-баранг либослар, сеҳрли мавжудотлар ва деярли ҳар доим бахтли якун. Аммо бу ёрқин манзаралар ортида кўпинча эътибордан четда қоладиган, бироқ сюжетни ҳаракатга келтирадиган яширин куч туради – қўрқув. Эртаклардаги қўрқув кўпинча ёвуз сеҳргар, аждарҳо ёки маккор рақиб қиёфасида намоён бўлади. Бироқ улар аслида ички хавотир, шубҳа ва ўзимизга бўлган ишончсизлик каби жуда таниш ҳис-туйғуларни акс эттиради. Ушбу мақолада биз Дисней қаҳрамонларининг қўрқувларини таҳлил қилиб, уларнинг ҳикояларидан кундалик ҳаётимизга мос келадиган ғояларни излаб топамиз.
Кўпчилик эртаклардаги қўрқув унсурини шунчаки драматик таъсир воситаси деб ҳисоблайди. Аслида эса бу инсон тажрибасининг марказий қисмидир. Дисней қаҳрамонлари дуч келадиган қўрқувлар биз ҳаётимизда учратадиган, аммо кўпинча ифодалашга қийналадиган ҳолатларнинг бадиий кўриниши ҳисобланади: жамият кутаётган ролларга мос келмаслик, яқин инсонни йўқотиш, ўз овозини топа олмаслик ёки ўтмишдаги хатолардан қочиш.
Психолог Карл Юнг таъкидлаган «Соя» тушунчаси бунга жуда мос келади. Инсоннинг тан олмайдиган ёки яширишга уринадиган томонлари мавжуд. Дисней қаҳрамонларининг қўрқувлари кўпинча ана шу сояни акс эттиради. Ҳикоялар эса бизга шуни эслатади: ҳақиқий ўсиш йўли аввало ички сояни тан олиш ва унга юзланишдан бошланади.
Қаҳрамонлар ва уларнинг яширин қўрқувлари
Ариэл учун овоз шунчаки қўшиқ айтиш воситаси эмас, балки ўз фикрини баён этиш ва кимлигини намоён қилиш йўлидир. У севгиси йўлида овозидан воз кечади, бу эса ўзини ифода этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш демакдир. Ҳаётда ҳам кўпчилик муносабатлар ёки вазиятлар туфайли ички овозини «сўндиради», бироқ ҳақиқий эркинлик уни асраб қолишдан бошланади.
Мулан оила шаънини ҳимоя қилиш билан жамият кутаётган «аёл» қиёфасига мос келиш танлови ўртасида иккиланиб қолади. Эркаклар сафида жанг қилиш бу – ўзини исботлаш йўли. Унинг ҳикояси, ҳақиқий жасорат бошқаларнинг тасдиғини олишдан кўра, ўз тамойилларингга содиқ қолиш эканини уқтиради томошабинга.
Элза кучини бошқара олмаслигидан ва яқинларига зарар етказиб қўйишидан қўрқади. Шу сабабдан у ёлғиз яшашни афзал кўради, аммо кучни яшириш муаммони ҳал қилмайди. Ҳаётда ҳам кўпчилик «агар ўзгача қобилиятимни намоён қилсам, атрофдагилар билан муносабатларим ўзгариб кетади» деб хавотирга тушади. Аслида эса, ўз кучини бошқаришни ўрганиш – шахсий ривожланишнинг бир қисми ҳисобланади.
Белл кичкина шаҳарнинг тор доирасидан чиқишни истайди. Унинг энг катта қўрқуви – қулай ҳаёт ёки «жамият шундай дейди» деган баҳоналар билан ўзи хоҳламаган одамга турмушга чиқиб, орзу-истаклари ва эркинлигидан воз кечишдир. Бу вазият бизга таниш: катта орзуларни жамият босими ва урф-одатлар исканжасида йўқотиб қўймаслик лозим.
Рапунзел бутун умрини минорада ўтказсада, ташқарига чиқишни истамайди, ташқи дунё унга ваҳимали туюлади. У хавфсиз жойда қолиш ёки эркинлик йўлида хатар-хавфга дуч келиш орасида танлов қилиши керак. Аслида, ўзликни англаш йўли кўпинча хавфсизлик чегарасидан ташқарида бошланади.
Питер Пен учун катта бўлиш эркинликнинг йўқолиши демакдир. Бироқ, эртак бизга шуни кўрсатадики, улғайиш бу — янги имкониятлар ва бошқача турдаги эркинликка йўл очади. Бу, айниқса, болаликдан катталикка ўтиш даврида жуда муҳим аҳамиятга эга.
Симба ўз хатоларини тан олишдан қочади, чунки бу оғриқли жараён. Бироқ, жавобгарликни ўз зиммамизга олмасдан, етукликка эришиб бўлмайди. Биз ҳам ўтмишдаги хатоларимиздан қочишга ҳаракат қиламиз, аммо уларни тан олиш – шифо топиш ва шахсий ривожланишнинг бошланиши ҳисобланади.
Пиноккио ёлғонлари туфайли «ҳақиқий» болага айланиш имкониятидан маҳрум қолади. Унинг йўли – ҳалоллик орқали эркинликка эришиш эди. Чунки кўпинча ҳақиқат ваҳимали туюлсада, у ҳақиқий озодликнинг ягона калитидир.
Қадимий эртаклардаги аждарҳо бугунги талқинда кўпинча ички қўрқувнинг рамзига айланган. У овозингизни тортиб олиши (Ариэл), эркинлик эшигини беркитиши (Рапунзел) ёки ўтмишдан қочишга мажбур қилиши (Симба) мумкин. Ҳар бир қаҳрамоннинг саргузашти бизга шуни ўргатади: аждарҳони енгиш учун уни аввало тан олиш керак. Уни кўрмаслик ёки инкор этиш уни йўқотмайди — аксинча, кучини оширади. Фақат юзма-юз келгандагина қўрқув ўз қудратини йўқотади.
Дисней қаҳрамонлари бизга қўрқувни йўқ қилиш шарт эмаслигини, балки уни ўсиш учун куч манбаига айлантириш кераклигини айтади. Ариэл овозсиз бўлса ҳам ўзини ифода эта олди, Рапунзел минорадан чиқиб дунёни кашф этди, Симба ўтмишидан қочишни тўхтатди, Элса эса совуқни илиқликка айлантирди. Қўрқув душман эмас, йўлдошдир. У бизни орқага тортиши ҳам, олдинга етаклаши ҳам мумкин. Гап биз уни қандай қабул қилишимизда. Ҳар сафар қўрқувга қарамасдан бир қадам олдинга қўйганимизда, ичимиздаги аждаҳо кичраяди, биз эса улғайиб борамиз.
Самандар ЭРКИНЖОНОВ
Тарих
Адабиёт
Тарих
Жараён
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ