Фурқат нега Фурқат?


Сақлаш
16:59 / 07.01.2022 2204 0

Фурқатшуносликда шу пайтгача яратилган деярли барча тадқиқотларда шоир тахаллуси бир хил – Ватандан айрилиқ маъносида изоҳланган. Бу ҳам тўғри. Лекин, мазкур тадқиқотларда шоир ушбу тахаллусни она-юртдан йироқда яшашга мажбур бўлганлиги учун танлаган, деган қараш устуворлиги сезилади. Яъни, тахаллуснинг фақат биргина маъносига алоҳида урғу берилади. Савол туғилади: ахир Фурқат Ватанда эканлигидаёқ мазкур тахаллусни танлаган эди-ку, бунинг бошқа сабаблари йўқмикан?

 

Шоир “Аҳволот”да бу ҳақда шундай ёзади: “Жаноби асолатдастгоҳ Шарифхўжа эшонким, Тошканд вилоятининг аълам ул-уламоcидурлар ва нечанд йил қазо маснадида жулус этмишлари ўзга мамлакатларға ҳам маълум ва машҳурдур, ул шариф ул-вужуднинг суҳбати файзбахшлариға мушарраф ўлуб, насойиҳи пурфавоидлари дурри лаолийсидин кўнгул ҳуққаси мамлу бўлди... Чун табъимда шеърдин асар кўруб, ҳатто бир-икки ғазал манзурлари ўлуб, тахаллусимдин бирмунча сўз арога тушти. Фурқат иборатиким, маъниси жудолиғдур, хосият боисидин марғуб кўрунмомиш. Бу аснода дигар тахаллус илтимос айладим, эрса, “қоф” бори гаронини Фурқат белидин олиб, ҳурмат юзидин ҳарфи “ҳо” доҳил айлаб, Фарҳатға табдил қилдилар. Фақир бу тахаллусни ҳумоюн кўруб, фол қилдим. Алҳамдулиллаҳким, муборак натижалар ҳосил бўлди. Баъдазон бу лақаб тоза ва жадид абётлар била иштиҳор топти” (“Туркистон вилоятининг газети”, 1891 йил 22 январь, № 3).

 

Демак, Фурқат Тошкентга келганидан кейин маърифатпарвар дўсти, “Тошканд вилоятининг аълам ул-уламоси” Шарифхўжа қози таклифи билан тахаллусини ўзгартирганлигини таъкидламоқда. Шоирнинг Фурқат тахаллуси билан ёзган айрим шеърлари аниқланган бўлса-да, шундан кейин ҳам у ўз асарларида асосан Фурқат тахаллусини қўллади.

Бизнингча, у Шарифхўжа қозининг таклифини унинг ҳурмати учунгина қабул қилган. Аълам ул-уламога бўлган эҳтироми тақозоси ўлароқ маълум муддат Фарҳат тахаллусида шеърлар ҳам ёзган. Лекин, ўзи танлаган тахаллусдан бутунлай воз кечмаган.

 

Шоирнинг ўз тахаллусига бунчалик садоқатини қандай изоҳлаш мумкин? Нима учун у она-юртда эканлигидаёқ, дастлабки шеърлариданоқ Фурқат тахаллусини танлади? Бунинг бош сабаби нимада? Фикримизча, масаланинг илдизини шоирнинг эътиқодидан, дунёқарашидан ахтариш зарур.

 

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Фурқат тариқат аҳлидан бўлган. Саккиз ёшиданоқ Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”ини аслиятда мутолаа қилган, тасаввуф таълимотининг инсон камолотида тутган муҳим аҳамиятини болалигиданоқ англаган. “Аҳволот”да шоирнинг ўзи бу ҳақда шундай ёзади: “...вақтим хомаси ҳаётим юзидин саккиз рақамни чекти, зеҳним тайри “Мантиқ ут-тайр” китобиға нотиқ бўлди. Олти ой болупар уруб қушлар ҳикоятини хотима ошёнасиға қўндурдум” (“Туркистон вилоятининг газети”, 1891 йил 12 март, № 10).

 

Кўриниб турибдики, шоир “Мантиқ ут-тайр”ни шунчаки мутолаа қилган эмас. “Олти ой қушлар билан болупар урган”. Ҳазрат Навоийнинг “Мантиқ ут-тайр”ни болаликданоқ ёд олганлиги эътиборга олинса, бу асарнинг ёш истеъдод фикратига, дунёқарашига қанчалик кучли таъсир этганлигини ҳис этиш мумкин.

 

Кейинчалик Фурқат тасаввуф илмига оид илмий рисолаларни мутолаа қилади. Тасаввуф ҳаётини амалда яшайди. Шоир “Аҳволот”да ўз ғазалларининг “Фарғона музофотиға ва дигар мамлакатларға мунташир” бўлганлигини, “...шўрангез ашъоридин хонақоҳ ҳофизлари ўқуб, сафо хайли ҳалқасига ҳаловатлар бағишлаган”лигини алоҳида таъкидлайди (“Туркистон вилоятининг газети”, 1891 йил 12 март, № 15).

 

“Хонақоҳ ҳофизлари” – сўфиёна ғазалларни “сафо хайли” – тариқат аҳли ҳалқасида қироат билан ўқийдиган ҳофизлар. Хослар – аҳли Хақлар даврасида ўқилиб, улар “ҳалқасига ҳаловатлар бағишлаганлиги” Фурқат ғазалларининг ўз давридаёқ нечоғлик юксак даражада қадрланганлиги далилидир.

 

Афсуски, ҳозирча шоирнинг пири муршиди ким бўлганлиги ҳақида аниқ маълумотга эга эмасмиз. Шоир ўзининг “Уммати саргаштаман, ё Мустафо, айланг мадад” мисраси билан бошланувчи ғазалида пирининг Наманган шаҳрида “фано бўлган”лигига ишора қилади:

 

Ё ғуломи шайхи Ғавси Қодирия, раҳбарим,

Бўлдингиз шаҳри Намангонда фано, айланг мадад.

 

Адабиётшунос О.Жўрабоев шоирнинг “Бўлдингиз шаҳри Намангонда фано...” сўзларига асосланиб, Фурқат бу орқали Мажзуби Намангонийни (вафоти 1273/1856-1857) назарда тутган, деган тахминни билдиради (Адабиётшунос А.Мадаминов шахсий кутубхонасида сақланаётган қўлёзма баёз, 43-бет). Мажзуб Намангонийнинг қодирия тариқати муршиди бўлганлиги, айни ўша даврда Фарғона водийсида бу тариқат анча кенг тарқалгани ҳисобга олинса, бу фикрда муайян асос борлиги аён бўлади. Маълумки, Ҳазиний ҳам худди шу тариқат вакили бўлган. Фурқатнинг “Қилмасам бўлмас” радифли Ҳазиний ғазалига битган мухаммаси мазмуни ҳам улар қарашларидаги уйғунликка далолат қилади. Мана ўша мухаммаснинг ушбу фикрни тасдиқловчи бандларидан бири:

 

Ҳабибин уммати қилди мани ул пок Яздоним,

Яна берди қўлумға нақд миллат бирла исломим,

Кетар вақтимда манга рўзи қилсун нури иймоним,

Сулукимқодирия, раҳбаримдур пири пийроним,

Саҳарлар ҳифзи иллоллоҳни одат қилмасам бўлмас.

 

Лекин Фурқатнинг муршиди ким бўлганлиги ҳақида сўнгги хулосага келиш учун масалани янада чуқурроқ ўрганиш тақозо этилади. Қуйидаги байти ҳам Фурқатнинг қодирия тариқатида бўлганлигини тасдиқлайди:

 

Илоҳо, ташлама Фурқатни ўтга,

Муриди ҳазрати Жийлон, қулунгман.

 

Мазкур байт ҳам Фурқатнинг қодирия тариқати асосчиси, тасаввуф илмида улкан мактаб яратган Шайх Абдулқодир Жийлонийни ўзига пир деб билганлигини кўрсатади. Бунга шоирнинг бошқа шеърларида ҳам ишоралар мавжуд. “Айланг мадад” радифли ғазалининг мақтаъи ҳам бунга далил бўла олади:

 

Фурқатий йўлларда қолди, Ғавси Аъзам дастгир,

Қўл тутарға йўқ эрур бир раҳнамо, айланг мадад.

 

Маълумки, “Ғавс ул-Аъзам” – Абдулқодир Жийлонийнинг нисбалари. Мазкур байтда Фурқат талмеҳ санъати воситасида улуғ шайхга бўлган ихлос ва муҳаббатини ифода этган.

 

Фурқатнинг шу пайтга қадар фақат ватанжудолик изтироблари ифодаси сифатида талқин этиб келинган “Адашганман” радифли мухаммаси (Фурқатнинг 1959 йили нашр этилган икки жилдлик “Танланган асарлар”и ИИ жилдида “Адашганман” радифли икки мухаммас берилган. Улардан биринчиси – “Киши ҳолимни билмас меҳрибонидин адашганман” деб бошланувчи мухаммас Фурқатники эмас. Ўзбекистон ФА ШИ қўлёзмалар фондидаги 5666 рақамли қўлёзманинг 233а-234б, шунингдек, 11517 рақамли қўлёзманинг 167а-168б-саҳифаларида ушбу мухаммас “Мухаммаси Хилватий бар ғазали Фурқат” сарлавҳаси билан берилган. Қўлёзма манбаларга таянилмаганлиги учун айрим тадқиқотларда ҳам ушбу мухаммас Фурқатга нисбатан бериб келинган. Маълум бўладики, бу Фурқат ғазалига Хилватий томонидан ёзилган мухаммасдир. Дастлаб академик А.Қаюмов бу мухаммаснинг Фурқатники эканлигига шубҳа билдирган эди. Бу тахмин энди аниқ ҳужжатлар воситасида тасдиқланди)нинг мавзу кўлами аслида анча кенг. Асарда шоирнинг эътиқоди, дунёқараши, хусусан, Шайх Абдулқодир Жийлонийга бўлган ихлоси изҳори юксак санъаткорлик билан акс этган, ушбу тахаллусни танлаши сабаби ифодаланган мисралар ҳам мавжуд. Ҳазажи мусаммани солим (мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун) вазнида ёзилган мазкур мухаммаснинг биринчи банди қуйидагича:

 

Манам шўрида булбул бўстонидин адашганман,

Юзи гул, қомати сарви равонидин адашганман,

Дилим ҳажри-ла қондур дилситонидин адашганман,

Ғариби кўйи ғурбат хонумонидин адашганман,

Ва ё бир мурғи ваҳший ошёнидин адашганман.

 

Фурқат бадиий маҳоратининг ёрқин намунаси бўлган ушбу мухаммас биринчи бандининг ҳар бир мисрасида биттадан, иккинчи мисрада эса икки бадиий санъат қўлланган. Жумладан, биринчи мисрада таносиб (булбул, бўстон), иккинчи мисрада ташбиҳи мафруқ (юзи гул, қомати сарви равон) ва истиора (дилим ҳажрида қондур), учинчи ва тўртинчи мисраларда иштиқоқ (дил-дилситон, ғариб-ғурбат) санъатлари воситасида шоир кечинмалари таъсирчан ифодаланган. Бешинчи мисрада қўлланган истиора лирик қаҳрамон кечирган фожианинг кўлами нечоғлик катта эканлигини кўрсатади. Ўз ҳолини “ошёнидин адашган мурғи ваҳший”га қиёслагани шундан далолат беради.

 

Нетонгким, лаъли ёди ғунчадек бағримни қон айлар,

Хаёли наргиси андоқ наҳифу нотавон айлар,

Ниҳони куйдуруб ҳажр ўти пўсту устухон айлар,

Тирикман зоҳир, аммо халқ бир одам гумон айлар,

Ва гар на маҳз сурат, танда жонидин адашганман.

 

Биринчи мисрада бир пайтнинг ўзида уч бадиий санъат қўлланган. Улардан энг яққол кўриниб тургани – ташбиҳ. “Лаъли” – мушаббиҳ, “ғунча” – мушаббиҳун биҳ, “дек” – воситаи ташбиҳ. Важҳи шабиҳ иштирок этмаётгани боис бу – ташбиҳ санъатининг ташбиҳи мужмал турига киради. Иккинчи – истиора (“бағримни қон айлар”) санъати. Мисра яхлит ҳолда ҳусни таълил санъатининг бетакрор намунасидир (шоир бағри қон бўлишининг сабаби ёрнинг лаъли лабини ёд этиши).

 

Шоир аҳволи руҳиясини ифодалашда истиора мақбул кўрилган шекилли, иккинчи (“наргис”) ва учинчи (“ҳажр ўти”) мисраларда яна ушбу санъатга мурожаат қилади. Тўртинчи ва бешинчи мисралар мутолааси натижасида лирик қаҳрамон изтироби тазод (тирикман – танда жонидин адашганман) ҳамда таносиб (халқ-одам, тан-жон) санъатлари воситасида ўқувчи қалбига кўчади.

 

Мухаммасда банддан бандга ўтган сари тасвир қуюқлаша боради. Лирик қаҳрамоннинг “адашиш” сабаблари тобора “ойдинлашади”:

 

Бошимда ҳуш йўқ, ҳайронлиғимнинг боиси шулдур,

Кетиб ақлу хирад, нодонлиғимнинг боиси шулдур,

Етим қўзи каби нолонлиғимнинг боиси шулдур,

Харобу, бесару сомонлиғимнинг боиси шулдур,

Ки бир соҳибкаромат остонидин адашганман.

 

Ушбу бандда шоир радиф (“боиси шулдур”) ва ҳожиб (“ҳайронлиғимнинг”, “нодонлиғимнинг”, “нолонлиғимнинг”, “бесару сомонлиғимнинг”) имкониятларидан унумли фойдаланади. Унинг таъкидлашича, бу ҳолнинг боиси унинг “ ...бир соҳибкаромат остонидин адашган”лигидир. У соҳибкаромат ким? Маълумки, соҳибкаромат – валийуллоҳларга бериладиган нисбат. Демак, бу орқали пири комил назарда тутилган.

 

Мухаммаснинг қуйидаги бандида шоир “тариқат мулкини шоҳи, ҳақиқат сиррин огоҳи” деганда қодирия тариқати раҳнамоси Абдулқодир Жийлонийни назарда тутади:

 

Сиёдат чархини меҳри, асолат авжини моҳи,

Шоҳи мулки фано, курсию шамсу арш хиргоҳи,

Етмушмас хоки кўйиға Сикандар ҳашамати, жоҳи,

Тариқат мулкини шоҳи, ҳақиқат сиррин огоҳи,

Ўшандоқ пири комил хонадонидин адашганман.

 

 

Ушбу мазмунни ифодалашда шоир истиора (“сиёдат чархи”, “асолат авжи”, “мулки фано”, “тариқат мулки”), тансиқу-с-сифат (пири комил таърифи), иғроқ фи-с-сифат (“курсию шамсу арш хиргоҳи”) санъатларидан унумли фойдаланган.

 

Маълумки, тасаввуф таълимоти бўйича, инсон токи бу фоний дунёда экан, Ҳақ таоло висолидан айрилиқда, фироқда яшайди. Аҳли Ҳақларнинг ҳаётдаги бош мақсади – Оллоҳ таолонинг жамолини кўриш. Унинг дийдорига восил бўлиш. Табиийки, қодирия тариқатининг вакили сифатида Фурқат ҳам худди шу мақсад-муддао билан яшаган. Демак, Фурқат тахаллуси худди шундай эътиқод, дунёқарашдан келиб чиқиб танланган ва Ҳақ таоло васлидан айрилиқ маъносини ифодалайди. “Адашганман” мухаммасининг сўнгги банди ҳам ушбу фикрни қувватлайди:

 

Қадимни хам кўргонлар ишқ бори меҳнати дерлар,

Танимда нотавонлиғ боиси ғам касрати дерлар,

Қаёнда бўлса бир ғурбаткашида улфати дерлар,

Замон аҳли тахаллус бу сабабдин Фурқатий дерлар,

Неча йилдурки ошуби замонидин адашганман.

 

Қадди ишқ меҳнатидан ҳам, вужуди ададсиз ғамдан нотавон, улфати ғариблар бўлганлиги боис замон аҳли шоирни Фурқат тахаллуси билан атайди. Мазкур мухаммасдаги ушбу мисралар моҳияти ҳам шоир тахаллусининг қай асосда танланганлигига ёрқин ишорадир.

 

Нурбой ЖАББОРОВ,

филология фанлари доктори, профессор

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10337
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//