«Бухороликлар аслида хиваликлардан кам бўлмаган даражада Россияни ёқтирмайди». Бухорога келган Россия элчиси қайдлари


Сақлаш
12:05 / 20.08.2025 6 0

 

Россия империяси ўзбек хонликлари билан дипломатик муносабатлар олиб бориш жараёнида элчиларга ўз вазифаларидан ташқари бир қатор қўшимча махсус топшириқлар ҳам берган. Жумладан, элчи, ўзи борган давлатнинг ички сиёсий аҳволи ҳамда қўшни давлатлар билан муносабатлари хусусида маълумотлар йиғиши лозим бўлган. Рус элчи, сайёҳ ёки жосуслари томонидан йиғилган бундай маълумотлар ҳисобот шаклида ҳукуматга топширилган ва кейинчалик айримлари нашр ҳам қилинган.

 

Таъкидлаш жоизки, ушбу маълумотлар Ўзбекистон тарихини ўрганишда қандайдир даражада аҳамиятли ҳам ҳисобланади. Зеро, мазкур маълумотларда юртимиз тарихининг маълум бир босқичида юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий жараёнлар ёритилган. Албатта, бошқа бир давлатдан махсус вазифа билан келиб, бошқа бир ҳудуддаги воқеа-ҳодисалар ҳақида ахборот бераётган шахснинг барча қарашларини мутлақо ҳақиқат сифатида тушуниш асло тўғри эмас. Шундай бўлсада, унинг фикрларидан ўша давр руҳиятини англаш мумкин.

 

ХIХ асрда Россия империяси ўзбек хонликлари билан алоқа юритиш ишларини Оренбург ҳарбий губернатори орқали амалга оширган. Шу боис мазкур губернаторлик Марказий Осиёга келаётган карвонларга ўз вакилларини қўшиб, юбориб турган. Шундай хуфиёна жўнатилган элчилардан бири Бухоро амирлигига келиб, ўз сафари ҳақида батафсил ҳисобот ёзган шарқшунос Пётр Иванович Демезон ҳисобланади.

 

Шу ўринда П.И. Демезон хусусида қисқача тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. У 1807 йили Сардиния қироллигидаги Шамбери шаҳрида шифокор оиласида туғилган. Дастлаб, Қозон императорлик университетига ўқишга қабул қилинган. Кейин Санкт-Петербургда шарқшунос Г.М. Влангали раҳбарлиги остида шарқ тилларини ўрганган. 1829 йили шарқ тиллари бўйича тилшунослик номзодлигини ҳимоя қилган. 1829-1831 йилларда Қозон университетида талабаларга дарс берган. Демезон 1831 йилнинг февралида Оренбургга келади ва Н.И. Неплюев ҳарбий билим юртида шарқ тиллари катта ўқитувчиси ҳамда Оренбург чегара комиссияси таржимони вазифасида ишлайди.

 

У 1833–1834 йилларда Оренбург ҳарбий губернатори В.А. Перовский топшириғи билан Демезон Бухорога йўл олади. У амирликка Жаъфар исмли татар мулласи қиёфасида кириб келади. Демезонга Перовскийнинг мактубини шахсан Бухоро амирлиги қўшбегисига топшириш вазифаси юклатилади. Ушбу мактуб орқали Демезон Бухоро қўшбегиси билан учрашиш имкониятига эга бўлади.

 

Перовский томонидан Демезонга Бухоро амирлигидаги «саёҳати» давомида амал қилиши лозим бўлган, 25 та бўлимдан иборат расмий кўрсатма берилган. Ушбу кўрсатмаларнинг бажарилиши ва қўлга киритилган маълумотлар Перовскийга француз тилида ёзилган ҳисобот тарзида юбориб турилади. Ушбу ҳисоботлар ва қайдлар кейинчалик тарихчи Н.А. Халфин муҳаррирлиги остида 1983 йил Москвада «Записки о Бухарском ханстве (Отчеты П.И. Демезона и И.В. Виткевича)» номи билан нашр қилинган бўлиб, айтиб ўтиш жоизки, мазкур манба ҳозирга қадар ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилмаган.

 

Қуйида Демезон қайдларидаги Бухоро амирлигининг ташқи сиёсати ва минтақа сиёсий муносабатларидаги ўрни ҳақидаги маълумотлар хусусида тўхталиб ўтилади.

 

 

П.И. Демезон Бухоронинг қўшни хонликлар билан муносабатлари ҳақида тўхталар экан қуйидагиларни баён қилади:

 

Бухоро ўз қўшнилари билан зиддиятга эга: Қўқон, Шаҳрисабз, Қундуз ва Хива қўшбегининг муносабатларни тиклашга уринишларига қарамасдан, кўп йиллардан бери Бухоро билан келишмовчиликда.

 

Демезон сўзида давом этиб, Шаҳрисабз ҳокимининг Хива ва Қўқон хонликлари билан Бухорога қарши иттифоқи хусусида бир қатор мулоҳазаларни илгари суради.

 

«У (қўшбеги) бир неча бор узоқ ва қонли бўлиши мумкин бўлган уруш ўчоқларини ўчиришга муваффақ бўлган. Бухоро хони томонидан Шаҳрисабзга уюштирилган экспедиция тамомила барбод бўлади. У бор йўғи икки-уч қалъани эгаллаш жараёнида 1000 га яқин одамни йўқотади. Шу баҳорда Қўқон хони талабига кўра яъни, унинг уруш очиш таҳдиди остида шармандали тарзда бу қалъаларни яна қайтариб берди. Қўшбеги раҳбарлигидаги кенгаш хонга Қўқон, Хива ва Шаҳрисабз ҳукмдорларининг унга қарши тузган иттифоқига қаршилик кўрсатиш имконсизлигини исботлади ва у ён берди».

 

Шунингдек, Хива хонлиги ва Қўқон хонликларининг Россия нисбатан муносабати ҳақида қуйидагича баён қилинади.

 

Хиваликлар Россияга нисбатан душманларча муносабатда бўлади ва ҳатто буни яширишга ҳаракат ҳам қилмайди. Улар бизнинг ҳукуматимизга зиён етказиш учун бутун кучларини ишга солади. Уларга асир тушган ёки улар томонидан қирғиз ва татарлардан сотиб олинган рус асирларига Хивада тасаввур қилиш қийин даражада шафқатсиз муносабатда бўлинади. Улар Қўқоннинг Россияга нисбатан душманлик кайфиятидалигини билади ва Қўқон билан ҳар қачонгиданда яхшироқ дўстона муносабатларни йўлга қўйишга уринмоқда.

 

Айғоқчи Бухоронинг Россияга нисбатан сиёсий кайфияти ҳақида ҳисоботнинг кейинги ўринларида айтиб ўтган. У Бухоронинг Хива ва Қўқон хонликлари билан муносабатларида Россиянинг муҳим ўрин тутиши мумкинлигини, агар Россия Хива ва Қўқонга қарши ҳаракатлар олиб борса Бухоронинг ишончли ҳамкори бўлишини таъкидлаган.

 

Демезон Бухоро амирлигининг Хива, Қўқон ва Шаҳрисабз иттифоқи юзага келишига халақит бериш хусусида амалга оширган ишлари ҳақида қуйидагича маълумотлар тақдим этади:

 

«Хивага келган даҳшатли очарчилик кўплаб аҳолини шаҳарни тарк этиши ва Бухоронинг турли шаҳарларига ўрнашишига мажбур этди. Бу Хива ҳукуматини деярли тўлиқ заифлаштирди. Хиванинг бундай аҳволи Бухоро ҳукуматини бутунлай қаноатлантирарди. Бухоро ўз истакларининг бажарилиши учун Хивани бир мунча миқдорда дон билан таъминлади. Улар Хивага қарши қаратилган Россия ва Форс экспедицияси ҳақида турли гап-сўзларни тарқатиб Хивани доимий таҳдид остида ушлаб туради. Ушбу гап-сўзларга менинг Бухорога келишим кўпсонли важлар берди. Ушбу йилнинг қишида Бухорода бўлган Хива элчисига менинг миссиям мақсадини ЪХуросондаги Аббос Мирзо қўшини билан биргаликда фаолият юритаётган рус корпусининг ҳаракатларини аниқлаштириш, шунингдек, Хивага қарши ҳаракатланаётган рус экспедициясига нисбатан Бухоро ҳукуматининг муносабатини аниқлашʼ деб хабар беришган. Бу гап-сўзлар катта эҳтимол билан қўшбегининг буйруғи билан тарқатилган ҳамда Хива, Қўқон ва Шаҳрисабзнинг Бухорога қарши тузиши мумкин бўлган иттифоқидан хавотирланиши натижасида юз берган. Ҳатто майнинг охирида менинг Бухородан кетиш вақтимгача ҳам, бу шаҳардагилар Россия юриши ҳақида яъни, шу йил бизнинг ҳукуматимиз Каспий денгизининг шарқий қирғоқларига кирганлиги ҳақида ҳеч нимани билмас эди.

 

Демезон Бухоро амирлиги ҳукуматининг Россия империясига нисбатан муносабати ҳақида қуйидаги фикрларни ёзиб қолдирган: «Бухороликлар аслида хиваликлардан кам бўлмаган даражада Россияни ёқтирмайди. Аммо ўз манфаатлари йўлида буни яширишга уринади. Буни ҳукуматларимиз ўртасидаги бир қарашда дўстона хусусиятга эга бўлган муносабатларни сақлаб қолиш учун қилади».

 

Элчи Россия империясининг қозоқ жузлари устидан ҳукмронлиги ошиб боришига Бухоро амирлигининг муносабати қандай бўлгани ҳақида ҳам маълумот тақдим этган: «Бир тарафдан ўз мутаассибликлари сабабли рус ҳукуматига нафрат билан қарайдилар, бошқа тарафдан эса – Россиянинг қирғизлар (қозоқлар) устидан ҳукмронлиги ошиб бораётганидан ҳадиксираб турадилар, чунки улар бу ердаги даромадли савдодан маҳрум бўлишдан қўрқади. Бухороликлар Россия ва ҳар қандай қарамликка қарши бўлган қирғизларни уриштириб қўйишга ҳаракат қилади».

 

Ушбу ҳолат Демезон нигоҳида Бухоро амирлигининг ўзаро савдо муносабатлари ҳамда минтақадаги сиёсий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадларини намоён этади. Зеро, ХИХ асрнинг 30 йилларида Бухоро амирлиги минтақадаги қўшнилари Хива ва Қўқон хонликлари билан рақобатлашиш жараёнида ўзига Марказий Осиё ташқарисидан ҳамкор излашга мажбур эди. Шу билан бир вақтда Россия империяси тимсолида пайдо бўлган ҳамкорнинг агрессив сиёсати Бухоро амирлиги ҳукмрон доираларини эҳтиёткорликка чорларди.

 

Демезон Бухоро учун Россия империяси билан савдо алоқаларининг аҳамияти ҳақида шундай ёзади: «Ваҳоланки, бир томондан бухороликлар Россия билан савдо алоқаларидан манфаатдор, чунки бу уларнинг ҳалокат ёқасида бўлган ҳукуматини қўллаб-қувватлаб туради яъни, бизнинг қалъалар уларнинг карвонлари учун ёпилса уларнинг молиявий аҳволи оғирлашади. Иккинчи тарафдан эса – Бухорони исталган пайтда ҳужум уюштириши мумкин бўлган қўшнилари қаршисида доимий хавфда яшайди ва бу Бухоро Россия билан иттифоқ тузишига туртки беради. Биз билан узилиш рўй берса улар ташқи ёрдамдан маҳрум бўлади. Шуларни инобатга олган ҳолда Туркистондаги давлатлар ичида Россия билан дўстона алоқаларини олиб борадиган ва бизнинг ҳукуматимиз режаларига энг кам қаршилик қиладигани бу Бухородир дейиш мумкин».

 

Ушбу фикрлар юзасидан айтиш мумкинки, Демезон Бухоро амирлигининг ҳарбий салоҳиятини паст баҳолаб, Россия империяси билан ўзаро муносабатларда иқтисодий ва ҳарбий қарамлик хусусида баъзи муболағали фикрларни илгари сурган. Амир Насруллохон ҳукмронлиги даврида Бухоро ҳарбий жиҳатдан Туркистоннинг бошқа хонликларидан устун бўлган. Буни кейинги тарихий жараёнлар – 1837 йилда мунтазам қўшиннинг жорий этилиши ва кейинчалик 1842 йилда Қўқон хонлигининг босиб олиниши тасдиқлайди.

 

Демезоннинг қўшбеги билан учрашувида ўзаро савдо алоқаларини ривожлантириш ҳамда савдо йўлининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Сирдарё бўйида қалъа қуриш масаласи муҳокама қилинади. Шунингдек, Бухоро амирлиги карвонларни икки тарафдан қўриқлаб бориш лозим бўлган чегарани аниқ белгилаб олишни таклиф қилади.

 

«Бухоро ҳукуматини Қўқон, Хива ва қирғизлар барча тарафдан сиқиб қўйиб, унга савдода тўсқинлик қилмоқда. Улар Россия Сирдарё қирғоқларига силжиб, хиваликлар ва қирғизларни қўрқитиш учун истеҳком қуришини, маъқуллайди.

 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, истеҳком қуриш масаласи иккала давлат ўртасида олдинги элчилар доирасида ҳам муҳокама қилинган. Аммо, Россия империяси ушбу истеҳкомни бошқа мақсадни кўзлаб қургани кейинроқ маълум бўлади.

 

Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, ушбу қайдлар Бухоро-Россия дипломатик муносабатларида катта аҳамият касб этувчи Бухоронинг ички сиёсий аҳволи, қўшни хонликлар билан муносабатларига боғлиқ бўлган тарихий жараёнларни ўрганишда муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Мазкур даврдаги Бухоро амирлигининг Туркистондаги қўшнилари Хива ва Қўқон хонликлари билан сиёсий алоқаларидан ташқари, Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон, Шарқий Туркистондаги сиёсий вазият ҳақида ҳам муҳим маълумотлар беради.

 

Демезон қайдлари Бухоро амирлигининг табиий географик жойлашуви, унинг маъмурий ва сиёсий бошқаруви, шаҳарнинг бинолари, қўшин ҳолати, ички ва ташқи савдоси, давлатнинг иқтисодий салоҳияти, ғазнаси ва бошқа бир қатор муҳим маълумотларни тақдим қилади. Ушбу манбанинг маълумотларини бошқа тарихий манбалар ҳамда архив ҳужжатлари билан қиёсий ўрганиш Бухоронинг ўз қўшнилари ва Россия билан дипломатик алоқалар тарихини ёритишда учраб турадиган тарихий чалкашликлар натижасида нотўғри хулосалар келиб чиқишига асос қолдирмайди.

 

Ҳамраев Суннатилло

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 20213
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//