
Анчадан буён ўйлантириб юрган баъзи илмий мулоҳазалар, саволлар ечимини топиш мақсадида илмий жамоатчиликда ўз ўрнига эга, аллақачон устоз мақомига чиққан камтарин инсон, етук олим Жаббор Эшонқулов билан суҳбатлашиш вақти айни устознинг 60 йиллик юбилей кунларига насиб этган экан.
Устоз, агар вақтни орқага қайтариш имкони бўлганида, қайси даврга қайтар эдингиз?
– Ҳеч иккиланмасдан болаликка, деб жавоб берган бўлардим. Бу шунчаки баландпарвоз гаплар эмас. Мен ҳозир ҳам баъзан ўзимни боладек ҳис қиламан. Катталарнинг ичига адашиб тушиб қолгандек туйиламан гоҳо ўзимга. Жисмимда иккита «мен» яшайдигандек. Бири ҳозирги, иккинчиси болаликда қолиб кетган «Мен». Болаликда қолиб кетган «Мен» тўғрисўз, самимий, ҳамма вақт бор гапни шартта юзга айтиб ташлайди. Қониқмаган нарсадан қониқмадим, дейди, жаҳли чиқиши ҳам, кулгиси ҳам самимий. Бугунги «Мен»да эса сохталик кўпдек, вазиятга, одамларга қараб тусланади, мавжуд рамкалардан ташқари чиқмаслик керак, оқимга қарши сузиш керак эмас, деб ўйлайди. Хуллас, болаликдаги «Мен»нинг тамомила тескариси. Ўзининг ҳузур-ҳаловатини кўпроқ ўйлайдиганлардан бири. Шу сабабми, одамнинг болалик пайтга қайтгиси келаверади. Болалик беғубор, самимияти ҳам, арази, дўқ ва душманлиги ҳам самимий бўлади, назаримда. Одам ёлғонни, иккиюзламачиликни, хуллас, жамики риёкорликни улғайгандан кейин ўрганади.
Биз умр бўйи нимадир излаймиз, нимагадир интиламиз. Аслида, шу умр бўйи излаган, интилган нарсамиз болалик хотираларимиз, болаликдаги меҳр-оқибат, самимият ва беғуборлик эканини вақтида англаб етавермаймиз. Ота-онамизнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир даккиси кейинчалик юзлаб китобларни варақлаб тополмайдиган ҳикмат бўлганини кеч тушунамиз.
Отам мулло, бугунги тил билан айтадиган бўлсак, саводхон зиёли бўлган. Ўша пайтлари зиёли бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермаган. Саноқли одамларгина шу номни кўтариб юришга муносиб эди, назаримда. Отам араб, форс тилидан хабардор, кечки пайтлари доим Қуръони Каримни тиловат қиларди, бошқа қўлёзма китобларни ўқирди. Акам иккаламизни мактабга бормасимиздан ўзи устозлик қилиб «Ҳафтияк»ка солган, хат-саводни ўргатганди. Афсус, биз бу илмни кейин давом эттирмадик, бефарқ бўлдик. Ўзимизча «дунёвий» билимнинг изидан қувдик. Бироқ, энди биляпманки, бизда озгина илмга ҳавас уйғонган бўлса, бирор нарсани англаган бўлсак, бу ота-онамнинг, кекса момомнинг ўша пайти бизга берган сабоқлари натижасидир.
Момони биз эна дердик. Энам ўзига тўқ хонадон қизи бўлган. Шўродан олдин отхонасида ишлаган отбоқарлар шўродан сўнг ҳукумат одамига айланишган. Назар акамнинг «Шамолни тутиб бўлмайди» ҳикояси, «Уруш одамлари»даги Бийди ва Байна момолар осмондан олиб ёзилмаган. Бу образлар бадиий тўқима маҳсули, бироқ хамиртуруши – ҳаётий бўлган. Юз етти ёшида вафот этган энам дунёнинг энг донишманд аёли эди. Мен шундай, деб ўйлайман. Агар болалигим қайтиб келганда, энамнинг ҳар бир сўзини қоғозга муҳрлаган, ота-онамнинг чизган чизиғидан чиқмаган, дунёни кезиб, китобларни титкилаб топмоқчи бўлган ҳамма нарсамиз аслида уларнинг сўзи, кўзи, меҳрида эканини, буни ҳеч бир нарсага алмаштириб бўлмаслигини англаган, бу муҳитни, бу даврани ҳеч қачон тарк этмаган бўлардим.
Тоғда, Терсотада яшаган пайтимиз ёз келганда ўтов тикиб, қирга чиқардик. Ёздан то куз бошига қадар шу ўтовда яшардик. Ўтовнинг чонғороғидан тортиб, увуқлари, белдовларигача ҳар лаҳза, ҳар дақиқа сенинг кимлигингни, миллий қадрият ва анъаналарни сенга эслатиб турадиган, атроф-олам ва коинот билан боғлаб турадиган макон бўлганини энди-энди тушуняпман. Бугун Оврупода ақлли уй жуда урфга кирган. Аслида бундай уйларни аждодларимиз қадим замонларда яратиб, фарзандларини шу ерда тарбия қилган. Ўтов – ўтмишнинг ҳам, келажакнинг ҳам ақлли уйидир. Ундан мукаммалини, табиийсини топиш мушкул. Ўтовда ҳамма нарса ҳисобга олинган. Энг муҳими, одам табиатнинг бир бўлаги, коинотнинг бир зарраси эканини, ким эдингу, ким бўлишинг кераклигини ҳар бир буюм ёдингга солиб туради. Болалик ана шундай ширин хотираларга тўла. Қандай қилиб у дамларни қўмсамаслик мумкин?! Биз кўпинча оёғимиз мустаҳкам турган заминни назарга илмай, жуда ҳам олисларга кўз тикамиз, муродни узоқлардан излаймиз. Аслида, биз излаган макон, орзулар ушаладиган Ватан киндик қони тўкилган тупроқ эканини ёшимиз ўтгандан сўнггина англаймиз.
Сизнингча, ўзбек фольклоршунослиги тарихининг мундарижаси қай тарзда бўлиши керак?
– Ҳеч муболағасиз, биз ҳеч бир мамлакатда бўлмаган улкан ва бой меросга эгамиз. Ҳақиқатда, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори, Шарқшунослик, Санъатшунослик институтлари, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи фондларида сақланаётган қўлёзма ва овозли қайдлар тенги йўқ мерос ҳисобланади. Яна бир муҳим жиҳат – қадим анъаналарнинг ҳозиргача жонли ижрода яшаб келаётгани. Чунки, қадим анъаналарнинг, айниқса, достончилик санъатининг моҳиятини англашда бу жуда ҳам аҳамиятли бўлиб, бир вақтнинг ўзида ҳам ғурур бағишлайди, ҳам жуда катта масъулият юклайди.
Сиз айтган масалага келадиган бўлсак, фақат бизда эмас, қардош ўлкаларда, ҳатто бутун дунёда фольклоршуносликнинг асл масалаларидан оғиш бордек таассурот уйғотади менда. Фольклор материалларни тадқиқ этиш бўйича кўплаб методларга суяниб иш кўриляпти. Бу бир тарафдан жуда ҳам яхши. Чунки ҳар қандай фольклор манбаси турлича қараш ва методлар орқали тадқиқ этилиши зарур. Қайси метод ёки ёндашув материал мазмунини очиб бера олса, шуларнинг барчасига суяниб иш кўриш лозим бўлади. Фақат, биз бир нарсани – фольклор манбаларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик керак. Ҳар бир манбага ёндашаётганда шу мезондан келиб чиқиб ёндашиш зарур. Бу борада устоз Ҳоди Зарифов ва Тўра Мирзаевлар белгилаб берган йўл, йўналиш энг тўғри ва мақбулдир. Улар ҳар бир масалага фольклорнинг асл ўзаги, моҳиятидан келиб чиқиб ёндашган. Қай бир жанр тадқиқ этилмасин ана шу ўзига хослик масаласи, яъни, фольклор материалининг фақат ва фақат ўзигагина хос бўлган хусусиятлардан ташқарига чиқмаслигимиз керак.
Ҳоди Зариф ва Тўра Мирзаевлар тажрибаси шуни кўрсатадики, кабинетда ўтириб, назарий адабиётни титкилаб, қанча уринманг фольклоршунос бўла олмайсиз. Эҳтимол, бошқа соҳада олим бўлиб етишиш мумкиндир. Бироқ, фольклоршунос бўлиш учун назариянинг ўзи камлик қилади. Фольклоршунос ўзи амалий жараёнларни бошдан ўтказмагунча, олим бўла олмайди. Фольклоршуносликнинг мураккаблиги ҳам шунда.
Фольклоршуносликда асарнинг олис тарихи, адабий манбаларга кўчиши, ёзма адабиётга таъсири, айни пайтда ёзма адабиётнинг акс таъсири, ўтган асрнинг бошларидан то бугунги кунгача бўлган жараёнлар яхлитликда олиб қаралишини тақозо этади. Бирор бир манбанинг битта вариантига қараб хулоса чиқариб бўлмайди. Унинг кўплаб вариант ва версияларига, тарихий, адабий манба, археологик топилмаларга қиёслаб ўргангандан сўнггина маълум бир хулосаларга келиш мумкин.
Бугун фанлар кесимида деган йўналиш урфга кирмоқда. Бу фольклоршуносликда Ҳоди Зарифдан бошланган, «Чўлоқ бўри» эртаги мисолида фольклор материалини археологик, тарихий ва бошқа манбаларга қиёслаб, қандай назарий хулосаларга келиш мумкинлиги таҳлил қилиб берилган. Олим биргина от образи таҳлили мисолида фольклоршунос масалага қандай ёндашиши кераклиги ҳақида «маҳорат дарси»ни ўтиб кетган. Тўра Мирзаевнинг бахши санъати, унинг тарихи, устоз шогирдлик анъаналари, «Алпомиш», «Гўрўғли» достонлари тадқиқи, вариант ва версиялари бўйича олиб борган тадқиқотлари ҳам биз учун ибрат мактабидир.
Тўғри, фольклоршуносликдаги кўпгина назарий масалаларни фольклорнинг бугунги ҳолатидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш керак. Фақат фольклордаги тур ва жанрлар, ҳар бир жанрнинг ўзига хос ҳамда локал хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда. Бу янги қарашлар, назарий хулосалар фақат ва фақат фольклор намуналарининг жонли ижро ҳолати, овозли ёхуд қоғозга туширилган матнига асосланиши керак.
Бугун дунё бўйича олиб борилаётган тадқиқотларда фольклорнинг соф назарий масалаларидан узоқлашиш бордек. Бугунги фольклоршуносликда ҳамма нарса бор: турли методлар, турлича қараш, турлича ёндашувлар. Бироқ, энг муҳим хусусият – фольклорнинг ўзига хослиги, унинг ёзма адабиётдан фарқли яратилиш қонунияти мавжудлиги унутиб қўйилаётгандек. Шу нарса хавотирга солади одамни. Бошқача айтганда, бугунги дунё бўйича яратилаётган тадқиқотларда ҳамма нарса бор, фақат фольклор йўқ бўлиб қолаётгандек. Фольклоршунослик мундарижаси белгиланаётганда фольклорнинг умуминсоний миқёси билан, миллий, ўзигагина хос бўлган яратилиш қонунияти мавжудлигини, буни бошқа санъатлардан, ёзма адабиётдан фарқланишини эсдан чиқармаслигимиз зарур.
Фольклоршунослигимизда ҳозиргача ҳам «Алпомиш» кўп ўрганилади. Нима дейсиз, ҳали ҳам достоннинг жаҳон фольклоршунослигидаги ўрни, мифологик асослари, бадиий қатламлари такрор ўрганилишни талаб этадими?
– Тўғри айтяпсиз, «Алпомиш» достони кўп ўрганилди. Бу борада ҳам Ҳоди Зарифов, Тўра Мирзаев каби устоз фольклоршунос олимларимизнинг тадқиқотларини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Уларнинг тадқиқотлари юртимизда эмас, қардош ҳамда дунё халқлари фольклоршунослигида аллақачон ўз эътирофини олган ва бу жараён давом этмоқда. Бир мисол айтай: россиялик машҳур олим Борис Путилов ўзининг «Бахши» номли 300 саҳифалик китобининг 200 дан ошиқ ўрнида Ҳоди Зарифов ва Тўра Мирзаев тадқиқотларига ҳавола беради. Бу нимадан дарак беради? Ўзбек олимларининг «Алпомиш» достони умуман бахшичилик санъати борасидаги изланишларининг илмий қиммати баланд эканидан.
Германиялик машҳур олим Карл Райхл, туркиялик Фикрат Турман, Селами Фидакор, кореялик Инг Ёнг О ва қозоғистонлик, қирғизистонлик олимлар ҳам устозларнинг «Алпомиш» борасидаги изланишларини ниҳоятда қадрлашади. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бироқ, «Алпомиш» шундай достонки, уни ҳар ўқиганингда янгидан янги қирраларини кашф этаверасан. Бундан ўн йилча олдин унинг 40 дан ошиқ варианти бор дейилган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони элликдан ошди.
Бугун ҳам «Алпомиш»ни Тўра Мирзаев каби барча вариантларини қиёслаб ўрганиш эҳтиёжи бор. Масалан, нима учун достоннинг Фозил Йўлдош ўғли варианти бугунги кунгача энг мукаммал вариант бўлиб қолмоқда? Фақат вариантлар ичидагина эмас, унинг барча версиялари ичида ҳам айнан Фозил Йўлдош ўғлиники ҳар жиҳатдан мукаммаллиги билан ажралиб туради. Бу ўрганилиши ва асослаб берилиши керак бўлган мавзулардан бири. Бу ўринда Шомирза Турдимовнинг достонни янгича талқин қилиш борасидаги изланишларини ҳам алоҳида урғулаб ўтиш лозим. Бундай изланишлар кўпайиши керак.
Мен достоннинг Фозил Йўлдош ўғли вариантини ҳар гал ўқиганимда ҳайратга тушаман ва ҳар гал ўзим учун бир янгиликни кашф этаман. Яна бир нарса, айрим бахшилар фақат бир, нари борса, икки ёхуд уч достонни зўр ижро этган бўлади. Бироқ, Фозил Йўлдош ўғлининг барча достонлари мукаммал, деб айта оламиз. Бу унинг чечанлигидан, юксак ижодкорлиги, тенги йўқ бадиҳагўйлигидан далолат беради. «Алпомиш» достони булар ичида айрича аҳамиятга эга. Достон мифологик қатламнинг қадимийлиги, структура, сюжет, образ ва мотивлар талқини, руҳий психологик ҳолатларнинг берилиши нуқтаи назаридан жуда мукаммал. Уни истаган дунё эпосининг нодир намуналари билан бемалол қиёслаш мумкин. Шу маънода бугун «Алпомиш» достонини «Маҳобҳорат», «Рамаяна», «Одиссея» достонларига, ёзма адабиёт намуналарига қиёслаб ўрганиш зарурати мавжуд. Менинг назаримда, «Алпомишшунослик» деган фаннинг юзага келиш вақти етиб келди.
Ҳоди Зарифов достонларни таснифлаганда беш турга бўлади. Сиз достонларни таснифлашда неча турга бўлар эдингиз?
– Устозларнинг ўзбек достонларини беш гуруҳга ажратган ҳолда тасниф қилиши ўз даври учун тўғри бўлган, деб ўйлайман. Уларнинг қўлидаги мавжуд материаллар шундай хулосага келиш имконини берган. Бироқ, бугунги ҳолатдан келиб чиқиб, достонларни беш гуруҳга эмас, уч гуруҳга ажратиб тасниф этиш тўғри бўларди, деб ўйлайман. Чунки ўзбек достонларининг матн тадқиқи уларни шундай гуруҳлаштириш мумкинлигини кўрсатади. Булар: қаҳрамонлик, романик ва китобий достонлар. Эътибор қилсак, жанг саҳналари қаҳрамонлик ва айрим романик достонларимизда жангнома достонларига қараганда кўпроқ берилган. Шундай экан, фақат жангу жадал воқеалари тасвирлангани учунгина жангнома деб алоҳида туркумликка ажратишга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.
Эпосда тарихийлик масаласига келсак, у барча достонларга хос. Бирор бир достон йўқки, у халқнинг тарихи, тушунча ва тасаввурлари билан боғлиқ бўлмасин. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш керак, фольклор тарихий воқеликни тўғридан тўғри акс эттирмайди. Тарихий воқеалар, жараёнлар билан боғлиқ тушунча ва тасаввурларни бадиий етказади. Шунинг учун фольклор намуналари халқнинг бадиий тарихи ҳисобланади. Шундай экан, тарихий шахс ёхуд тарихий воқелик акс этган достонларни алоҳида туркумликка эмас, мавзуси, акс этган воқеликка муносабатига қараб ё романик ёки китобий достонлар гуруҳига киритиш мумкин.
Олдимизда турган масалалардан бири, достонлар таснифини бугунги мавжуд материаллар, жаҳон фольклоршунослигидаги етакчи тамойиллар асосида, бироқ, юқорида таъкидлаганимиздек, фольклорнинг ўзига хос хусусиятлари, матндан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқишмиз зарур бўлади. Биз жаҳон тажрибасига суянишимиз зарур. Бироқ, устозлар сабоғи шуни урғулайдики, хорижда яратилган исталган қарашни шундай олиб, миллий фольклоримизга татбиқ эта олмаймиз. Гарчанд жаҳон тажрибаси, кўпгина мамлакатларда эътироф этилган бўлса ҳам. Мисол учун, америкалик олим Алберт Лорд китобий достонлар мавжудлигини инкор этади. Гарчанд А.Лорднинг илмий назарий қарашларини қаттиқ ҳурмат қилсамда, унинг ҳамма фикрларини ҳам қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблайман. Жумладан, китобий достонлар борасидаги қарашларини. Назаримда, М.Перри ва А.Лордларга қўлидаги мавжуд материаллар шундай хулосага келиш имконини берган. Бошқача айтганда, китобий достонлар билан боғлиқ биздаги мавжуд материаллар уларнинг қўлида бўлмаган. Бўлганда, тамомила бошқа хулосаларга келган бўларди. Фозил Йўлдош ўғли куйлаган «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» достонлари мумтоз адабиёт таъсирида юзага келган, бироқ оғзаки ижод қонунияти асосида яратилган достонлар ҳисобланади. Хуллас, достонлар борасидаги ҳал этилиши лозим бўлган назарий масалалар ҳали талайгина.
Ҳозирги кунда ҳаётингизни фольклорсиз тасаввур эта оласизми?
– Тасаввур эта олмайман десам, баландпарвоз гап бўлади. Бироқ, биз шу миллатнинг вакили эканмиз, гарчанд ўзимизни фольклорга алоқаси йўқ деб ҳисобласакда, бу анъана ва қадриятлар бизнинг қонимизда, генимизда, руҳиятимизда яшайди. Инсон туғилган чоғидан то ҳаётининг сўнгги дамигача шу қадриятлар ичида яшайди. Шундай экан, ҳаётимиз фольклордан ташқарида дея айта оламизми? Менимча, йўқ. Бизни қуршаб турган муҳитнинг ҳамма томони фольклор. Фақат биз ўзимиз буни англашимиз, шу англам орқали бу меросга лойиқ муносабатда бўлишимиз керак деб ўйлайман. Ҳали ёзув кашф қилинмасдан олдин аждодларимиз бошидан ўтказган буюк тарихни, ҳаётий тажриба, билим, кўникма, ўгитларини муқаддас сўзга муҳрлаган. Бу сўзлар асрлар оша аждодлардан авлодларга жонли ҳолда, оғзаки тарзда етиб келган, миллатнинг кўнглини тарбиялаган, руҳиятини улуғлаган. Қисқача қилиб айтганда, фольклор халқнинг ўзидай қадим, теран ва буюк бир мерос. Бу мерос кейинги авлодларга ҳам бус-бутун ҳолда етиб бориши керак. Бунга биз ҳаммамиз масъулмиз.
Номзодлик ва докторлик диссертация мавзуларингизни ўзгача дейиш мумкин: «Ўзбек фольклорида дев...», «Ўзбек фольклорида туш...». Мавзуларни танлашда сизга нима туртки бўлган?
– Журналистика факультетини битираётганимда устоз Нажмиддин Комилов раҳбарлигидаги диплом ишим Габриэл Гарциа Маркес ижоди бўйича, яна ҳам аниқроғи, мифологик талқини ҳақида эди. Фольклор бўлими аспирантурасига қабул қилинганимда устоз Тўра Мирзаев олдига келиб, мифология бўйича ишлайман, деганимда, кулиб юборгандилар. Чунки устоз кўпларга мифологияни мавзу қилиб берган, улар эса бу даргоҳга қайтиб келмаган экан. Ўзбек фольклорида мифологик образлардан бири – дев образини ўрганиш таклифи устоздан чиққан ва менга ҳам маъқул бўлганди. Кейинги мавзу туш мотиви билан боғлиқ. Бу иккала мавзулар аслида бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Иккаласи ҳам аждодларимизнинг мифологик тасаввурларига бориб тақалади. Талабалик пайтимда З.Фрейд, К.Юнг ва Э.Фроммнинг тадқиқотлари мен учун тамомила бир янги олам эди. Кейинчалик билдимки, бу олимлар тадқиқотларидаги айтилган фикрлар, фактлар ўзимизнинг эртак ва достонларимизда мукаммал равишда баён қилинган экан. Ўзбек эртак ва достонлари матни, «Ирқ битиги» «Таъбирнома», мумтоз адабиёт намуналари, Ғаззолий, Ибн Халдун асарлари, Ҳоди Зариф, Тўра Мирзаев, Комилжон Имомов, Иброҳим Ҳаққул, Боқижон Тўхлиев, Асқар Мусақулов, Маматқул Жўраев, Насимхон Раҳмонов, Шомирза Турдимов каби олимларнинг изланишлари бу фикрларимни янада мустаҳкамлаган.
Нега ўхшаш тушлар кўрамиз? Карл Юнгнинг архетиплари
З.Фрейд одамларнинг туши орқали уларнинг касалига ташхис қўйган. Шу орқали фанда янги кашфиётлар қилган. Унинг бу изланишларини дунё тан олган. Ваҳоланки, З.Фрейддан саккиз аср муқаддам Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билиг» асарида кўрилган тушга қараб одам қандай касал бўлиши мумкинлиги айтади. Иккала мавзу ҳам халқимизнинг мифологик тасаввурлари ва унинг бадиий ифодаси билан боғлиқ. Фақат докторлик мавзуси тасдиқланаётганда айрим олимлар томонидан эътирозлар бўлган. Кенгашга раислик қилаётган Иззат Султонинг қатъияти ва жасорати туфайли бу мавзу тасдиқланган. Мен устозлар ишончини қанчалик оқлай олдим, буни билмайман.
Сўнгги пайтларда ёзма адабиёт тадқиқига доир мақолалар эълон қиляпсиз. Бунда, албатта, урғуни фольклорнинг ёзма адабиётга таъсири масаласига қаратяпсиз. Фольклор ва ёзма адабиёт муносабати борасидаги қарашларингиз қизиқ?
– Фольклорнинг ёзма адабиётга таъсири масалалари алоҳида ўрганилиши керак бўлган мавзулардан бири, назаримда. Туркий халқларнинг фольклори намуналарини жаҳон адабиётининг энг нодир дурдоналари билан қиёсий ўрганиш пайти етиб келди. Мисол учун Ж.Г.Байрон ижодига туркий халқлар фольклори намуналари қанчалик таъсир кўрсатган? Лотин Америкалик ёзувчи Х.Л.Борхес ижодигачи? «Алпомиш» достони ва Гомернинг «Одиссея» ҳамда Ж.Жойснинг «Улисс» романларини қиёсий тадқиқ этиш фурсатику аллақачон етиб келган. Бу асарларнинг қиёсий ўрганилиши фольклоршунослик учунгина эмас, адабиётшунослик, адабиёт назарияси учун муҳим назарий хулосаларни бера олади. Фақат биз қулочни кенгроқ олишимиз, назарий масалада теранлигимизни чуқурлаштиришимиз керак.
Инсон ҳаёти давомида кўп синовларга дуч келади, адашади, алданади, шундай пайтда яшаб ўтган умрига назар солади. Сиз умрнинг қиймати нимада деб ўйлайсиз?
– Ўзини, инсонлигини асраб қололганида. Ибтидодан то бугунга қадар одамзод биргина саволга жавоб излайди: Мен кимман? Бу дунёга нега келдим? Умрнинг мазмуни шу саволга тўғри жавоб топишда. Достон ва эртакларимизда бирор бир жасорати туфайли қаҳрамонга иккинчи исм берилади. Бу қадим мифологик тасаввурлар билан боғланади. Бугунги тилга ўгирадиган бўлсак, инсон ўзининг дунёга келганини, исмига лойиқ эканини исботлаб кетиши керак. Аслида, ҳаётнинг ҳар бир куни инсон учун бир синов, бир тузоқ. Адашишлар, изтироб ва синовлар ҳамманинг тақдирида бор. Умрнинг мазмуни шу синовлардан қандай омон чиқиш, одамийликни қандай сақлаб қолишда.
Барно МИРЗАЕВА суҳбатлашди.
Тарих
Таълим-тарбия
Адабиёт
Жараён
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ