Аскар хатосида “кейинги сафар” бўлмайди. Унинг ортида ВАТАН деган манзил бор


Сақлаш
18:04 / 06.01.2022 1188 0

Эссе

Воқеа инсон инсонни илк дафъа ерга қўйган малъун кундан бошланган…

 

***

Халилуллоҳни ўтда куйдирганлар, Исо масиҳни хочга михлаганлар, Сарвари Оламни тошбўрон қилган жоҳилият авлоди ҳамон ер юзида ёвузлик уруғларини сочаётган экан, уларнинг инсон жисму руҳини зоҳирий ва ботиний крематорияларда таҳқирловчи мурватлари иш бераётган экан – АСКАР керак!

 

Ер аталмиш кўҳна полигонда кечган шунча урушлар, вайронагарчиликлар: беватанлар, бевалар, етимлар ва майиб-мажруҳларнинг асрий авлоди камми? Инсоният тақдири маълум “тугмача”ларга боғлиқ бўлиб қолган таҳликали учинчи мингйиллик аввалида ҳам аскар керакми? Эйнштейннинг учинчиси номаълум-у, тўртинчиси аниқ ўқ-ёй билан кечадиган жаҳон урушлари ҳақидаги истеҳзоли фарази, дейлик ўз ҳаётий исботини топган тақдирда ҳам, барибир – аскар зарур! Гарчи бу башоратнинг ўзида ҳам рамзийлик пинҳон. Яъни, ўқ-ёй билан курашиш деганда машҳур аллома, қуролсиз, онг ва онг ости оқимларида рўй берадиган руҳий қирғинбаротларни назарда тутгандек туюлади менга. Зотан, руҳий сезимларимизда кечажак урушлардан бизни ҳимоя этиш учун ҳам аскар керак!

 

“Бошқалар тарафиндан ҳуқуқингнинг топталмови, четларга маҳкум, мазлум бўлмаслик, чет миллатларга ўз товушингни эшитдуриб эшитмоққа мажбур этувға шубҳа йўқким, қўлингдаги қуролингға, аскарий кучингга қараб бўлур”. (Абдулла Қодирий. “Бизда аскарлик масаласи”. “Иштирокиюн” газетаси, 1919 й, 4 ноябр, 211-сон.)

 

***

Ўзбекистонда ичида олови қайнаб турган минглаб ўн саккиз-ўн тўққиз яшар йигитни бир том остида, бир сафда, бир ошхонаю ювиниш хонасида, бир хил кун тартибида – ҳақ-ҳуқуқ ва инсоний қадр-қимматлар доирасида ҳеч қандай интизомсизлигу ўзаро келишмовчиликларсиз жамлаб турадиган ягона тартиб маскани бор. Бу – АРМИЯ!

 

Саф майдонида бир-бирининг белидаги камарларидан ушлаб, бирваракайига қадам босаётган, юртимизнинг турли гўшаларидан келган бўз йигитлар ҳали яқиндан танишиб ҳам улгуришмаган. Улар ҳарбий дунёга эндигина келишди. Табиатнинг эса шундай азалий қонуниятлари бор: дунёга келдингми, юришни, гапиришни, сени ўраб турган муҳитнинг иссиқ-совуғига мослашишни ўрган! Дунёга келувчи онгли-онгсиз мавжудоднинг бари шу қонуният чизиғида оёқланади.

 

“Тиззангни букмай, қадам ташлайсан, ҳар бир қадаминг етмиш, пошнанг билан асфалтнинг ораси эса ўн беш-йигирма сантиметр бўлсин! Чап оёғингни кўтарганингда, чап қўлинг ортга чўзилади, ўнг қўлинг эса мана бундай букилиб, муштинг ошқозонинг устида туради; ўнг оёғингни кўтарсанг – аксинча бўлади!”, “қараб туринглар, ўнгга, чапга, ортга бурилишни кўрсатаман!”, “юриб, ҳарбийча салом беришни ўрганамиз!”, “саф ичида, бош кийимсиз ва елкангда қурол бўлса, “чест” берилмайди!”...

 

Бу йигитлар худди бир кунда дунёга келган кўплаб эгиз қўзиларга ўхшайди. Уларнинг қулоғига ўзаро жанжаллашмаслик, муштлашмаслик, бир-бирини камситмаслик қоидалари илк кунларданоқ қўрғошиндай қуйилади; бир оила эканлиги, ўзбеклар оиласида ака-укалар сену менга бормаслиги уқтирилади. “Батальон, сафлан! Оралиқ масофалар олинсин! Колонна, шеренга тўғрилансин! Дистанция, интервал олинсин! Қадам бос! ...Қолдирилсин! Ё, тавба! Бу қанақа юриш бўлди?! Худди аравага боғланган отга ўхшаб қадам босяпсизлар! Қасамёд куни ҳам шундай юрсаларинг ота-оналарингга кулги бўлмайсизларми?! Армия кўрган акаларинг оғзини ушлаб кулмайди?! Бошқатдан бошланглар!”...

 

“Ошхона эшигидан бир колонна бўлиб кирамиз. Ҳеч ким шошилмайди, жой талашмайди. Вилоят-вилоят бўлиб ўтириб олманглар! Эшик бўсағасида бош кийимлар ечилади (ҳаво совуқ бўлгани учун)”...

 

Бўз йигитлар тўрт кишилик аскар столи атрофида “ўтирилсин!” буйруғини кутишади. Буйруқ берилгач, тапир-тупир ўтиришади. “Қолдирилсин! Бу қанақа ўтириш бўлди?! Шунча одам бирданига стулни ерга ишқалаб тортса, биласизларми қанақа овоз чиқади? Ташқаридан ўтган одам ошхона ўпирилди, деб ўйлайди. Стул тортилмайди, кўтариб, секин қўйилади... Сен нега бош кийимингни ечмадинг? Тушунарлими?”. “Худди шундай!”. “Батальон, ташқарига сафлан!”...

 

Бўз йигитлар бир неча кун ўтиб, армияда аскар учун энг кўп ишлатиладиган савол “тушунарлими?” эканлигини англай бошлайдилар.

 

“Ҳамма “маънавий-маърифий тайёргарлик хонаси”га кирсин! Ҳарбий қасамёднинг матнини, “Гарнизон ва қоровуллик хизматлари низоми” моддаларини ёд оламиз... “Ҳамма “казарма”га сафлансин! Тўшакларни тузатишни, адёллар ҳошиясини тўғрилашни ўрганамиз!”... “То, “батальон, уйқуга!” буйруғи берилмагунча ҳеч ким ўрнини бузмайди, тўшак устига ўтирмайди! Ана, ўтираман, десанг стулча бор”... “Ҳеч ким жўмракдан совуқ сув ичмайди, посбонлар самоварда иссиқ чой келтиришган, шуни ичинглар! Чой тугаса, айтинглар, яна келтиришади!”... “Ҳеч ким сафда гаплашмайди, тупурмайди, бир-бирининг оёғини босиб олмайди! Чунки, са-а-ф? Ҳа, яшанглар!”

 

Кечки тана кўрикларида, бадантарбия машғулотларида, тановул маҳалларида, умумий ювиниш хоналарида, плаш чодирларнинг устида отиш назарияси машқларида, мажбуриятларни ёд олаётганда, шахсий вақт чоғларида, “курилка”ларда – бу бўз йигитлар мактабда ўн бир йил бирга ўқиган жўраларидан-да яқин, бир-бирини тушунадиган ва ёрдам қўлини чўзишга тайёр бўлиб ўсадилар, улғаядилар.

 

“Ўртоқ капитан, оддий аскар Асқаров ўқ отишга тайёр!” “Жангга!”... ўлимдай совуқ қўндоқ кифт суякларига маҳкам тақалади. Сақлагични туширасан. Кўз олдинг бир зум тиниб кетади. Тепкини боссанг, ўқ худди... юрагингдан отилиб чиқадигандек чатнашини ҳис этасан... қулоғинг шанғиллаб қолади. Димоғингга порохнинг ҳиди урилади. Бу ҳид гўё сенинг чин ўғлон бўлиб етилганингга шаҳодат бераётгандек. Ҳаммаси – шанғиллаш лаҳзаларида кечади...

 

Бўз йигитлар саноқли кунлар ичида армиянинг алифбосини ўргана бошлайди. Ўнлаб янги маълумотларни қабул қилиш учун навқирон шуур, албатта зўриқиш сезади. Аммо шу тахлит улар аскар деган номга тобора муносиб бўлиб, худди найсондан сўнг ерни ёриб чиққан адл гиёҳлардай тез бўй чўзадилар. Шу сабабданми, ота-оналари, дўст-ёрлари тантанали ҳарбий қасамёд куни жигарбандларини кўриб, унинг ўзгарганини, шундай қисқа фурсат ичида улғайиб қолганини туйқус пайқайдилар. Оталар зимдан севинади, оналар севинч ёшларини бекитишга уринмайдилар.

 

– Оддий аскар Асқаров!

 

– Мен!

 

– Ҳарбий қасамёд қабул қилиш учун олдимга!

 

– Хўп бўлади! – Аскар қурол дастасини тутиб турган қўли билан биринчи шеренгада турган сафдошининг елкасидан тутади. Сафдош сафдан чиқиб, унга йўл беради. Худди сержантлар ўргатган каби тартибда шаҳдам қадамлар билан саф ўртасига етиб келади ва бу ҳақда командирга билдиради.

 

– Ҳарбий қасамёд қабул қилишга киришилсин!

 

– Хўп бўлади! Мен, оддий аскар Асқаров...” Ана шу кундан бошлаб, ҳарбий қисмда чақирилувчи, дея қараладиган бўз йигитга аскар деган ном, масъулият ва шараф берилади.

 

Сержантларнинг меҳнати зое кетмади. Энди улар “қолдирилсин!” буйруғини камдан кам ҳолларда берадиган бўлишади.

 

***

Аскар оиласи ҳақида, рўзғоридаги баланд-паст, нуқсонли-нуқсонсиз гапларни, қалбини ўртаётган мушкулотларни, шу кунга қадар ҳеч кимга айтишга журъат этмаган сирларини сафдошига айтади. Севган қизининг суратини унга кўрсатади. Ҳуснихатли қуролдошларидан унга атаб хатлар, шеърлар ёзишини сўрайди... туғилган кунида жондошларидан ҳарбийча табрик эшитади, совғалар олади...

 

Шу аснода бир ажойиб тартибот вужудга келганини барча аскарлар кутилмаганда сезиб қолишади. Бу – ёши бир-биридан фарқ қилмайдиган, бари бирдек навқирон “аскарлар оиласи”дир. Аскар  аскарлар оиласининг жонкуяр аъзосига айланади: суткалик наряд ўтаётган дўстининг тўшак чойшабларини алмаштиради; қисқа муддатли таътилга чиққанида у тайинлаган нарсани, албатта, олиб қайтади; дўсти айтмасликни илтимос қилса ҳам, кечки тана кўриги пайтида дўстининг фалон ери оғриётгани ҳақида фелдшерга билдиради; посбонлик пайтлари усти очиқ қуролдошининг адёлини тортиб қўяди; дўстининг кителини, панамасини ўзининг кирларига қўшиб ювади; дўсти санчиқ бўлса, унинг куракларини уқалайди; ҳарбий дўкондан харид қилган ширинликданми, шарбатданми дўстига ҳам илинади, усиз томоғидан ўтмайди... аскар дўстига суянч бўла олаётганидан, мустақил ҳаётга тўғри йўлдан бораётганидан севинади.

 

Аскар ҳарбий шаҳарчанинг фуқаросига айлангинини қалбдан кечириб ҳис этгач, туғилган уйини гўё... унутади. Ва бу шаҳарчада худди ўз уйида юргандай яшай бошлайди. Баъзан аскарликка чақирилаётган кунда бир нечта чин дўстларигина вокзалга кузатишга чиқишганини эслайди. Энди қарасаки, ўнлаб ана шундай дўстлари бор! Қандай яхши. Бирор сафдошининг жони оғриса, уйидан нохуш хат-хабар келган бўлса, унга қўшилиб баб-баравар изтироб чекади. Кечалари дўстининг қошида мунғаяди. Қўлу тилидан келганча уни юпатади. Унинг руҳини кўтаришга, чалғитишга тиришади. Энди, қадрдон, бу ишларни ким ҳам қилади, дейсиз? Етти ухлаб тушингга кирмаган, умрингда бирор марта кўрмаган, ҳатто бир ўлканинг икки буржида дунёга келган ғирт бегона йигитлар бир-бирига ана шундай қадрдон бўлиб кетишади. Бу меҳр чодирини ким, қандай қудратли қўл уларнинг боши узра тутмиш? Ҳамма гап шунда!

 

Аскар бўлиш, беш-ўн кунга тоғ бағрида сайрга бориб-келиш эмас, албатта. Аскар ҳамма заҳматни бўйинга олиб, ўз ҳарбий қисмининг йўналишидан келиб чиқиб, командирнинг буйруғига бўйсунган ҳолда, дейлик, “Жангга!” деган мудҳиш, аммо рўй бериши мумкин бўлган хабарга-да тайёр туриш дегани. Аскар ортидаги дарвозадан тўп ўтиб кетса, кейинги сафар хатомни тўғирлайман, деб бош эгиб турган футболчи эмас. Унинг хатосида “кейинги сафар” бўлмайди. Унинг ортида ВАТАН деган манзил бор. Зил-замбил ҳарбий халта – “мешок”ни елкага ортмоқлаганча ерга туширмай, илк бор тик тепаликка бир неча бор югуриб чиқиш ва тушиш асносида туғилганларингга ҳам пушаймон бўласан. Аммо бу елкангдаги қум тўла қоп эмас, сенинг осуда юртингнинг азиз тупроғи эканини туйганинг, буни тушунганинг сари қалбингдаги алам ўрнини фахр ва шараф ҳисси эгаллай боради. Аскарни ана шу каби кўплаб синовлар тоблаб боради. Аскар оғир ёки енгил ўтаётган “ўтиш даври”даёқ бир-бирини танийди. Қалбан, руҳан, инсоний жиҳатлари билан қўшиб танийди. Кимгадир меҳри ортади, кимгадир нафрати. Кимдир кўзи очроқ, суқатойроқ бўлса, кимдир мағрур ва ҳалол... Аскарнинг меҳри ҳам шунга монанд мустаҳкам, қаҳри ҳам ёвга тикилган бургутдек қатъий, қурч.

 

Ким ким эканлиги билинар синовлардан жондай дўстининг алплардай ўктам ўтиб келаётганидан беҳад шодланади. Сафдошининг этигини чўткалашга пойабзал креми тугаганини, дастрўмоли, тароғи, ойначаси, пули, ручка-дафтари, шампуни, соати йўқлигини сезса, киши билмас унинг чўнтагига қўл солади – камини тўлдиради! Сочини олиб қўяди, унинг хизматини оғринмай қилади. Дўсти ҳақида кимдир хунук гап айтса, ёмонотлиққа чиқарса ёки мазах қилса ғазабланади. Дўстининг камситилишига чидаб туролмайди! Керак бўлса кўкрак кериб ўртага чиқади...

 

***

Эҳ-э, тарошланаётган тошми, кетмон дастами, хулқ-атворми, тартибсизлигу калондимоғликми – барибир! Тарошланаётганга осон бўлмайди. Аскар бу манзилда шу ҳақиқатни теран идрок этади. Чунки бу ўз бошига тушаётир. Уйида эрталаблари ғудраниб, “яна бироз ётай” дея тағин кўрпага ўранадиган эркаликлар бунда кетмайди. Тағин кўп нарсаларни бу ердаги интизом инкор қилади.

 

***

Армияда қадам чап оёқда ташланади. Одамлар томонидан тўғри, деб ҳисобланган ҳаёт кўникмаларидан фарқли ўлароқ, бари мутлақо тескари йўсинда кечади. Армияда тўртбурчак тош думалайди, думалоқ тош кўтарилади! Бунинг аҳмоқона формула эканини исботлашга ҳарчанд уринманг – абас! Армия – фақат ўз формулаларини тан олади!

 

Армия оламининг ўз қонун-қоидалари, ҳикматлари бор. Янги келган аскарга: “Аскар, армияда уч тоифа бўлма: ўғри, очкўз, чақимчи!” – дейишади кўпни кўрган сержантлар. Ёки қўлига қурол олиб, илк бор постга чиқаётган аскарнинг қулоғига: “Аскар, автоматнинг сақлагичини ўйнама! Шундай вазиятлар бўлади, сақлагични қандай туширганингни билмай қоласан, яна шундай вазиятлар бўладики, сақлагични туширолмай қоласан!”. “Аскар, армияда ёғоч ҳам бир йилда бир марта отади!”, “Аскар, унутма! Сени оила аъзоларинг, севган ёринг кутмоқда!”, “Қуролнинг вазифаси битта – душманни гумдон қилиш!..” шу каби ҳикматлар сингдириб борилади.

 

Яна бир жиддий ундалма борки, уни кулгига олиб ҳам, тескари айтиб ҳам бўлмайди: “Аскар! Постда ухлаб қолма!”

 

Ўзбекистонда жанговар қуролдан вазиятдан келиб чиқиб, ўз қарорига кўра ўқ узиш ҳуқуқи фақат соқчига берилган! Соқчи – мутлақо дахлсиз! У давлати ишониб топширган постни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш жараёнида жанговар вазифани бажаради. Бу жиддий масъулиятни адо этишига соқчига халал беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ...

 

Ҳали тонг отишига бироз бор. Аскар постда найза пичоқ ўрнатилган автоматини исталган пайтда отишга чоғлаб, киприк қоқмай, ютинмай хизмат ўтайди. Иссиқ ойларда қора чигирткаларнинг чириллаши, ойнинг тажалли шуълалари остида... совуқ ойларда ғаддор пойабзали сақич лойдан безор, изғирин шамол ўпкасини “рентген” қилиб кетса-да, қор учқунлари тинмай азиз бошидан савалаб ёғса-да, у қаерда ва нима учун тураётганини унутмайди!

 

Ҳали тонг отишига бироз бор. Эл бомдодга қўзғалмасдан аввал, аскар постда туриб, элга тинчлик-сиҳатлик, яқинларига умр тилайди. Аскар учқур замону макон аталмиш келажак манзилларга ошиқаётган уловдан тушиб қолган йўловчига ўхшайди. Аскар постда туриб ўзини-ўзи томоша қилади! Чин сарҳисоб – доим бешафқат. Аскар бехосдан вужудини кўриб қолади. Руҳи – йўқ! Аммо у ҳозиргина шу ерда эди-ку! Қани у?! Аскар руҳини пайпаслайди... унинг кўнгли баайни шоҳ сатрини битган шоир кўнглидек туйқус юксалади. Аскар... онасини соғинади. Соғинчлар, изтироблар кўнгилни ўстиради... Аскар шу кунгача онаси учун ҳеч нарса қилолмаганига ачинади. Волидасининг дилини оғритган чоғларини хотирлайди. Кўз ўнгида меҳрибон сурат намоён бўлади. Кўнгли бузилади.

 

***

Энг тўғри йўл – қийноқ йўли! Тун. Казарма. Тўғри йўл измида тобланаётган бу бадан ва лаҳза сайин тозараётган руҳ айни дамда соғинч тақозоси – онг остида жунбушга келган ва ахийри уфқ узра чизги берган камалакдек рангин туш оғушида. Лазиз туш... Қадрдон анҳор бўйи. Ана, ёмғир сув оқимига ўқ каби отилмоқда. Баҳор. Ана, унинг суюклиги – буғдойранг, бодомқовоқли қиз. Шу он аскарнинг бедор ҳислари тугмадай ечилади, лаҳзалик эпкин кўнглини кўтаради. У юлдуздай жимирлаётган ҳаёт зийнатини суйганининг мушфиқ кўзларида кўради. Бу туш – ҳушдан ортиқ, ҳаётдан қиммат! Изҳори ёмғирпўш остига чекинади. Ажиб салқинлик бронежилетнинг зўридан санчиқ бўлган кифтига малҳамдек босилади...

 

Недир шовқин ила бари изга қайтади. Тамом бўлади! Гўё бор-будини растага қўйиб, кўз-кўз қилаётган тужжор мисол онг ости ўз қаъридаги ганжиналарини аллақандай қичқириқдан саросимага тушган янглиғ дарҳол йиғиштириб олади.

 

...О, қўшиқ! Кечиргин, юрак қонмади.

...Посбон қичқиради: “Взвод, Тревога!!!”

Уйғонишдан бошқа чорам қолмади...

 

Посбон “Тревога” билан аскарни уйғотади. У дақиқа ўтмай кийинади. Бу одатдагидай ҳаётчанлик билан эгнига либос тортиш эмас, балки эловраб, нима қилаётганини ўзи ҳам билмай, кўзлари қизариб, шартли рефлексга айланган бемаза юмушни бажариш... аммо кўникиш шарт! Аскар юк халта ва қуролларини олади. “Жанговар ҳисоб” бўйича ўз позициясини эгаллайди... унинг жанговар шайлиги шу тариқа сайқалланиб боради.

 

***

Кечки йўқлама – аскар кун тартибининг муҳим қисми. Уруш даврида тонготарда жангга кирган аскарлардан оқшом ким қайтди, ким… қолди – кечки йўқламада аён бўлади. Исм-шарифи ўқилганда “МЕН” деб жавоб бермаган ўғлон номи шараф билан ёд этилади…

 

Янги аср арафасида Сариосиёда кечган жангларда миллат ўнлаб Қаҳрамонлари, Эломонлари, Бобур йигитлари мустақиллик ҳимояси йўлида жон таслим этган…

 

Тинчлик даври. Бахмал туманидаги ҳарбий қисмнинг “Кечки йўқлама дафтари”да ана шу ўғлонлар номи ҳануз қайд этилади. Кечки йўқлама бошланади:

 

“Катта лейтенант Маҳмуджон Жалилов!”

 

– Ватан ҳимояси йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган!

 

“Лейтенант Бобуржон Ғаниев!”

 

– Ватан ҳимояси йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган!

 

“Лейтенант Сайёр Садинов!”

 

– Ватан ҳимояси йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган!

 

“Катта сержант Эломон Отажонов!”

 

– Ватан ҳимояси йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган!

 

“Сержант Қаҳрамонжон Мадалимов!”

 

– Ватан ҳимояси йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган!..

 

Рўйхат яна давом этади. Ёш аскарлар акаси ўлган боладай донг қотади. Улар кимнинг, нима учун ҳалок бўлганини суяк-суягидан ўтказиб сеза бошлайди. Муштларини маҳкам тугади. Қирғий қароғларида ёш айланади... Батальон бўйича навбатчи рўйхатни давом эттиради... ўз номини эшитган аскар “МЕН!”, дейди... этлар бир жунжикади. Рўйхат давом этади. Аскарлар шаҳд ва алам билан бирма-бир борлигини тасдиқлайди... “МЕН! МЕН! МЕН!..”.

 

***

Аскарнинг кўзи ўтмаслашмайди. Аскарнинг билагидан куч кетмайди. Аскар чарчамайди. Аскар – ҳарбий либос ичидаги соғинч! Аскар – қурол тутиб турган Ватан! Уни мудом оналар дуоси, дунёдан шаҳид кетган ҳарбийлар руҳи қўллаб юради. Аскар бир куни уйига қайтади, қайтганда ҳам Алпомишдай бўлиб қайтади. Аскар муштини тугса, душманнинг, ёвузликнинг жон томири узилиб кетади. Аскар яраланиб йиқилса ҳам, унинг ўктам сиймоси акс этган сурат деворлардан, пештоқлардан ёниқ боқиб туради. Аскар – ўлмайди!

 

Аскар ҳар доим номини эшитган он шаҳд билан борлигини тасдиқлайди:

 

“МЕН!” 

 

Алибек АНВАРИЙ 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10337
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//