
Бир дона самолёт яратиш учун ўртача 120 мингдан ортиқ катта-кичик деталь ишлатилади. Нари-бери ўн олти кило соф олтин симлардан двигателнинг муҳим тўк ўтказувчиси ўлароқ фойдаланилади…
***
Ўтган асрнинг 70 йилларидан бери шоир-ёзувчилар ичида энг сермаҳсул ижод қилиб келаётган Усмон Азим шеърияти асосини «кўз ёш билан ёзилган», ҳаётий, ҳиссий, идрокий, теран фалсафий қонуниятларга асосланган хулосалар, шубҳасиз, поэтик ҳодиса ҳисобланадиган катта шеърлар ташкил этадики, уларнинг асосий қисми – «соф олтин сим»дан ўтган юқори энергия ҳосиласидир.
Кузатишларимизга кўра, шоир шу кунга қадар мингга яқин шеър битган бўлиб, улар «Инсонни тушуниш» (1978)дан «Танланган асарлар» (2016-2023)гача бўлган ўнлаб шеърий китобларда акс этган. Сон жиҳатдан кишини ҳайрон қолдирадиган бу шеърларнинг аксарияти мазмун-моҳият ва бадиий қийматига кўра жаҳон шеърияти талабларига жавоб бера оладиган, рост туйғуларнигина тараннум этган поэтик ҳодисалардир. Адабиёт яралибдики, ҳақиқат унинг ядроси бўлиб келган. Ҳақиқий туйғуларнинг юксак бадиий ифодаси эса ҳеч қачон инсонларни бефарқ қолдирмаган, аксинча, ҳаётни севишга, ҳаёт ҳақиқатларини идрок этишга, эстетик завқланишга, ҳис-туйғуларининг тўғри камол топишига ва адабиётнинг бош мақсади – эзгуликдан руҳланишига хизмат қилади. Усмон Азимнинг шеърияти худди шундай барқарор асослар устида яратилганки, буни кўплаб синчи-адабиётшунослар эътироф этиб келмоқда. Ушбу хулосалар Усмон Азим шеъриятида ҳис-туйғуларни телепортацион табиатига кўра текшириш: тушуниш ва тушунтиришга бағишланган тадқиқотларимизда янада мустаҳкамланди.
Шу ўринда изоҳ бериб ўтсак, бадиий телепортация бу – шоир субъектив ҳис-туйғуларининг поэтик воситалар орқали дастлаб матнга, сўнгра китобхон қалбу шуурига кўчиш ва асар қолдириш ҳодисаси. Бадиий телепортация ҳодисаси ҳис-туйғу ва фикр оламининг узлуксиз ҳаракатини таъминлаб турувчи ҳал қилувчи системадир. Сўз санъати яралибдики, бадиий телепортация инсоннинг ботиний оламига, ҳис-туйғулари орқали тасаввурига муайян таъсир қилиб келмоқда.
Усмон Азим шеъриятида ҳис-туйғуни «кўчириш»га қаратилган жиҳатлар, қуйидагилар:
ҳис қилиш: ҳаётни, воқеа-ҳодисани, фожиани теран пайқаш, ҳис этиш қобилиятининг, санъаткорона назар ва интуициянинг юксаклиги;
аниқ тасвир: метафора, рамзлар; руҳий ҳолат, кайфиятни таъсирли ифода этиш орқали;
оҳанг: шеърда сўзларнинг (қофияли/қофиясиз қатъи назар) бадиий-композицион мутаносиблиги – савқи табиий, истеъдод маҳсули сифатида автоматик тарзда тўғри танланиши, шеърнинг фавқулодда юқумлилиги;
услуб: жаҳон шеъриятининг қатор юксак ютуқларини ўзлаштирган ва айни замонда ўзига хос, ҳеч кимга ўхшамайдиган бетакрор услуб – «қандай ёзиш» борасида аниқ тўхтамларга келгани;
тематика: қаламга олинган мавзунинг (хоҳ субъектив, хоҳ объектив бўлсин) юксаклиги, умуминсоний ўта муҳим мавзулар ҳақидаги, поэтик тафаккур чиғириғидан ўтган, аниқ бадиий аломатлар ва оқибатлар, натижалар ва хулосаларнинг узил-кесил, ҳаққоний акс эттирилгани;
бадиий ният: адабиётнинг бош вазифаларига хизмат қилувчи умуминсоний эзгу ғояларга асосланиши: ёруғлик, оқлик, поклик, эзгулик, ҳақиқат, кураш, озодлик, ҳаётга муҳаббат, ишонч, ватанпарварлик, муҳаббат, садоқат каби юксак ва ўлмас бирликларнинг янги талқинда тараннум этилгани;
шеърий санъатлар: жаҳон ва миллий шеъриятнинг авангард намуналари, муваффақиятли экспериментал йўналишларининг ўзбекча бадиий тафаккурда синтезлашган муқобилларидан кенг фойдалана билиш имконияти баробарида янги назмий шаклий-структур, ҳиссий-психологик «синов»ларни шеъриятда муваффақиятли қўллаши;
сўз танлаши, ишлатиши: «олий навли» сўзлар ва «1-, 2-, 3-навли» сўзларнинг битта шеър ёки сатрда қўллашдаги интуитив аниқликка эришгани, сўзнинг муқобиллари, альтернативлари ҳамда таъсир этиш динамикасига биноан бехато истифода этилиши (бизнингча, бу хусусият бевосита бадиий дид билан боғлиқ бўлиб, жараён шеърда савқи табиий тарзда кечади ва воқеа-ҳодиса акс эттирилади. Катта шоирларга хос, адабиётдаги профессионализмни, гениализмни белгилаб берадиган ушбу истеъдодга мансуб яратиқлар ҳамма қалам аҳлида ҳам учрамайди. Масалан, Рауф Парфининг: «Она тилим, сен руҳимнинг қаноти», Абдулла Ориповнинг: «Нега тилкалайсан бағримни, оҳанг», Шавкат Раҳмоннинг: «Ҳар бир сўз юз сўзнинг ўрнини босар – // Ватан, Халқ, Жасорат, Кураш, Озодлик», Усмон Азимнинг: «Тоғлар, виқорингиз қалбимда мангу» каби сатрларида сўзларнинг олий навларидан маҳорат билан фойдаланилган. Бундай маҳорат Ғафур Ғуломнинг аксарият шеърларида комбинацион характерда гавдаланади: «Сизларни келди, деб эшитган куни («1-нав») / Ўзинг тўқиб кетган катта саватда («2-нав») // Тўлатиб шафтоли узиб чиқаман, («3-нав») // Ғалаба кунлари яқин, албатта» («Олий нав») – «Соғиниш» шеърининг ушбу бандидаги дастлабки уч сатрдаги сўзлар «олий навли» эмас, аксинча, «1-, 2-, 3-навли сўзлар бўлиб, улар тўртинчи «Олий навли» сўзлардан иборат сатрнинг таъсирчанлигини янада оширишга хизмат қилади (Аксарият ҳолатда муаллиф бундай сатрларни атайлаб битмайди). Бу ҳолат худди рассомнинг гўзаллик (космос) акс этган картинасини мутлақо кескин даражадаги тубанлик (хаос) ифодаланган бошқа картинаси билан атай ёнма-ён қўйиб, тасвир ва таъсирнинг контрастини зидлаштиришга ўхшайди).
темперамент: шахс сифатида характери, феъл-атвори, темпераменти ва ўзига хос фикрлаш тарзини бадиий ижодда юксак даражада татбиқ эта олиши, бошқача айтганда, ўзининг қиёфасини, «имзо»сини қолдириши.
Шеър камдан-кам ҳолатда яхлит ҳолда ҳис-туйғунинг телепортацион табиатини яққол акс эттиради. Ҳатто, баъзида бир ёки бир неча сатр мустақил тарзда бу функцияни бажариши ҳам мумкин. «Ким осмонни кетди пичоқлаб?»; «Майсалар, товоним сизни соғинар, / Тоғлар, виқорингиз қалбимда мангу»; «Майса, раҳмат, ўсишни эслатиб турдинг»; «Сенга айтадиган сўзим қолмади, / Сенга айтадиган жимликларим – кўп»; «Юлдузларни кўп кўрганман ҳаётимда, / Денгиздаги юлдузларни келди қучгим»... каби «ўз тақдирини ўзи ҳал этишга қодир бўлган» сатрлар фикримизга ёрқин мисол.
Муайян бир воқеа-ҳодисани ҳамма кўриши мумкин, аммо ундан ҳар ким турлича маъно чиқаради. Фақат катта истеъдодларгина барча учун бирдек кўринадиган панорама ортидаги моҳиятни: ибтидо ва интиҳо, ҳаёт ва мазмун, ўлим ва умрбоқийлик, инсон ва илоҳиёт муносабатларини, дунёнинг қурилишида ўрнатилган, жами ҳаракатдаги жонли ва жонсиз мавжудотлар учун бирдек ишловчи абсолют қонуниятлар мурватларининг айланиш тарзини англаб туради. Усмон Азим ҳам ана шундай билгир санъаткорлардан. Деразада боғ шовуллайди. Тўшакка михланиб, умри оз қолганини сезиб ётган чол ўйлайди: «Менсиз қуриб кетади. Мен ўлсам, қуриб кетади, ким қарайди, бу дарахтларга? Ким сувлайди? Ким тагини чопар? Ким меҳр беради?»... Деразада дарахтлар шовуллайди: «Бизсиз ўлиб кетади бу чол, – шивирлайди дарахтлар. Қаридик – илдизимиз сув ичишдан ҳам қолган, аммо чидаш керак, қуримаслигимиз лозим, ахир, бизсиз ўлиб кетади бу чол...». Оддий сезги билан кўриб бўлмайдиган, барча сезимлар табиат ва илоҳиёт измига кўчаёзган паллаларда кечадиган бу «шовуллашлар» орқали шоир фано ва бақо оралиғидаги тақдирнинг ҳал бўлиш палласини ёрқин тасвирлайди. Б.Пастернакнинг «Касалхонада» номли шеърида (У.Азим таржимаси. – А.О.) ўлимига саноқли дақиқалар қолган беморнинг кўз ўнгидаги қоришиқ дунё: «Парвардигор, қандай мукаммал, Сенинг коринг, – ўйлайди бемор, Ўрин-тўшак, одамлар, ажал, Тунги шаҳар, девор, тўрт девор»– сатрларида берилган образ ва мотив-деталларда («Ўрин-тўшак, одамлар, ажал, тунги шаҳар, девор») ёки Абдулла Ориповнинг «Дўстларим...» номли тўртлигидаги: «– Нега қаддинг эгик, нега бошинг хам, Нега нигоҳингни тортади тупроқ? – Менинг ер устида танишларим кам, Менинг ер остида дўстларим кўпроқ» – тарзидаги инсоннинг ўзига, сезгиларига боғлиқ бўлмаган рамзий хатти-ҳаракат ва ифодалар («Нега нигоҳингни тортади тупроқ?») баробарида У.Азимнинг мазкур шеърида ҳам икки олам кесишувидаги кечинмалар акс эттирилган. Шеърнинг якунида муаллифнинг фалсафаси бўй кўрсатади:
«Чол ўлади.
Дарахтлар қурийди.
Фақат шу меҳр қолади бу дунёда –
янги инсонлар ва янги дарахтларнинг
кўнглини яратгани».
Суҳбатларнинг бирида устоз Усмон Азим 1995 йил чиққан машҳур «Сайланма»сидан ўрин олган бир шеърни эсларкан: «Шу шеър негадир кам ўқилди», деган эди. Донишманд шоир ўша шеърни ўқиб берди. Мутаассир бўлдик. Сўнг камина айнан шу «негадир кам ўқилган» шеърни синов тариқасида адабий қурларда ўқиб, унинг ҳиссий таъсири – бадиий телепортацион имкониятини текширди. Аксар респондентлар шеърни юқори баҳолади. Ҳамишагидек, шеърни тушунмаганлар ҳам топилди...
Ушбу шеърда шоир табиат ҳодисаси орқали инсон ҳаётидаги турфа муҳим паллаларни синтез қилади: турмуш қийинчиликларидан толган инсоннинг зада қалби, ҳеч қачон қайтмайдиган ёшлик ва ўтган йилларнинг армонини қорнинг ёғиши (равиш, фасллар алмашинуви, вақт, умр ўтиши) орқали баён этади:
«Яшамоқдан қийналди одам.
У ўйлади – кун кўрди бекор.
Ташқарида оқ эди олам,
Ташқарида ёғар эди қор.
У ўйлади – енгди қишу куз,
Ёлворса ҳам қайтмайди баҳор.
Ташқарида оқ либос нуфуз,
Ташқарида ёғар эди қор».
Инсон моҳиятан умум ичида ҳам ёлғиз бўлиши, унинг қалби, ҳислари фақат ўзи истаган ва талпинган нарсалар, кишилар билангина равнақ топиши, аксинча ҳолатларда таназзулга юз тутиши ҳаққоний тасвирланади:
«Ёлғизликнинг чексизлигида
Рўзғорини кўрдиким – афгор.
Нисбат топмай тенгсизлигига,
Ташқарида ёғар эди қор.
Одам маъюс чиқди ҳовлига...
Ёруғ олам хонасидан тор.
Хуш ҳавони босиб боврига,
Ташқарида ёғар эди қор.
Ўрламоқда кўкка тутуни –
Бу уйларнинг нима дарди бор?
Бутун жисми билан тўкилиб,
Ташқарида ёғар эди қор».
Ушбу шеърнинг оҳанги юқумли, уни ўқиганда китобхон гўё бир инсон умрининг маълум даврларини акс эттирувчи фотоальбомни томоша қилаётгандай бўлади. Ташқаридаги қорнинг равиши, шиддати, тизгинсиз ва беаёв ёғиши – гўё «ичкарида» – инсон ҳаётида, турмушида содир бўлаётган каби таассурот уйғотаркан, ҳар бир бандда тасвирланган ҳолат билан баробарлашади:
«Бош уриб уй деворларига
Этдимикан шўрликни безор?
Кечиб дунё ғуборларидан,
Ғуборларга ёғар эди қор...»
Шеърнинг визуаллик хусусияти сатрдан сатрга кучайиб боради. Тақрибан учинчи банддан сўнг шеърнинг оҳанги ўқувчининг кайфиятига кўчиб ўтади. Субъектив ҳис-туйғу аниқ тасвир орқали телепортация бўлади. Чироқ ёнгач деразалардан тушган нур (тун), турфа тақдирларнинг бахтли-бахтсиз ҳаёти, тарзи тасаввурда аралашиб кетади: Поезд каби жўнаган уйлар – тезлик, хаёл тезлиги (вақт тезлиги) ўқувчи кўз ўнгидан ўтади:
«Чироқ ёнди деразаларда,
Эшитилди ғаройиб куйлар.
Поезд каби аллақайларга
Қатор бўлиб жўнади уйлар.
Кетар эди суюмли ёри –
Қарашида мунглиғ истиғфор.
Майдаланиб, негадир қариб,
Ўйнамасдан ёғар эди қор».
Кўнгилнинг энг олис тубларида беркинган, соғинчдан, армонлардан ҳосил бўлган нозик туйғулар, муқаррар айрилиқлар, узоқлашишлар, тарк этишлар, дафъатан, кишини маъюс қилади.
«Деразадан силкитмасди қўл,
Йиғламасди фарзанди ошкор.
Кетгунича оппоқ эди йўл,
Ҳамма йўлга ёғар эди қор».
Инсонга берилган неъматлар, бирма-бир қайтариб олинади, инсон гўдакликдан кексаликка қадар минг хил тусга киради, ўзгаради. Аммо табиат, Яратганнинг тартиб-қоидаси, вақт ва дунёнинг бир томонга тўхтовсиз оғиб бориши, аждод-авлод алмашинуви ҳодисаси давом этаверади: ташқарида қор ёғаверади... галма-гал, онадан, дўстлардан, ҳислардан, ҳафсаладан айрилавериш кишини ажиб ҳолатга тушириб қўяди:
«Кетар эди онаизори –
Манглайини муштлаб устивор.
Туманларнинг бағрини ёриб,
Туманларга ёғар эди қор.
«Хайр» дейди дўсти ҳамкори –
Сабру тоқат қолмоғи душвор.
Ҳавонинг тош бағрини ёриб,
Дўстликка ҳам ёғар эди қор».
Бу шафқатсиз жараён «одам»нинг ёлғизгина ўзига эмас, уни ўраб турган бутун бошли борлиққа, атроф-муҳитга ҳам тааллуқлидек туюлади. Иккинчи томондан олиб қараганда, вақтнинг ҳукмига ҳавола этилажак борлиқ эврилишларга, ўзгаришларга дучор бўлиши, табиий.
«Чопди уйлар ортидан одам,
Улгурмади – талпинди бекор.
Теваракда оқ эди олам,
Теваракда ёғар эди қор».
Аллоҳнинг қадари табиат воситасида инсонни «ҳаммаси»га кўндиради. Куни кеча бари жамулжам бўлган неъматлар «бир зумда» йўқ! На ёшлик, на куч-қувват, на ҳусну тароват, на дўсту ёр, на ота-она, на ҳузур-ҳаловат, на завқу шавқ... Вақт алдаб-алдаб, алдаб-алдаб, алдаб-алдаб одам кўндиради. Одам кўнади. Бу савдолар гўё уни савдойи янглиғ «ўз-ўзидан кулиб юборишга» мажбур қилсада, барибир у мукаррам. Одам сезадики, эндиги кетиш навбати унинг ўзига келган.
«Одам қолди – кўзида ёши,
Ўз-ўзидан кулди телбавор.
Оқарарди одамнинг боши –
Бошларига ёғар эди қор».
Мазкур шеърдаги образли ифодалар ўқувчи руҳиятини ўзи билган инсонлар (онаизор, ёр, фарзандлар, дўстлар), мотивлар («ташқари», қор, дераза, поезд, дарахт), тасаввурида муҳрланиб қолган ўрин-жой (уйлар, кўча, йўл), табиат ҳодисалари (қор, туман, довул, шамол)ни хотирасида «тиклайди» ва муаллифнинг қоғозга «кўчган» ҳис-туйғусини айнан мана шу тасаввурларига «таяниб» теранроқ ҳис этади.
***
Бир дона самолёт яратиш учун ўртача 120 мингдан ортиқ катта-кичик деталь ишлатилади. Нари-бери ўн олти кило соф олтин симлардан двигателнинг муҳим тўк ўтказувчиси ўлароқ фойдаланилади. Назаримда, шоир ҳам ана шу соф олтин симга ўхшайди. Шоир – воситачи («ўтказгич»). Аллоҳ ато этган сўзни ўзидан қоғозга «ўтказиб юборади» ва бадиий матнда камида санъат даражасидаги ганжина зуҳур бўлади. Аксинча ҳолатдаги битикларда эса ёки «тўк» бўлмайди, ёки «соф олтин сим»…
Алибек ОМОНТУРДИЕВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Адабиёт
Таълим-тарбия
Адабиёт
Жараён
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ